

Championat.asia сайти талқинига кўра 12-турнинг энг яхши дарвозабони – Абдумавлон Абдужалилов ("Бунёдкор")
"Бунёдкор" бу тур ўз уйида "Пахтакор"ни меҳмон қилиб, муроса кўчасини танлади (1:1). Ушбу қиймати баланд 1 очко қўлга киритилишида "қалдирғочлар" дарвозабони Абдумавлон Абдужалиловнинг ҳиссаси катта бўлди. У "шерлар" билан тўқнашув мобайнида бир қатор вазиятларда ўзини кўрсатиб, жамоасини голлардан қутқарди. 30 ёшли посбон баҳсда 4 та эсда қоларли сэйв намойиш этди. Шу тариқа у Championat.asia талқинида 12-турнинг энг яхши дарвозабони деб топилди.

Championat.asia сайти талқинига кўра 12-турнинг энг яхши мураббийи – Асрор Алиқулов ("Машъал")
"Машъал" Қўқонга сафар уюштириб, нақд 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бунга албатта жамоа бош мураббийи Асрор Алиқуловнинг ўйин учун режаси ҳар тарафлама иш бергани сабаб бўлди деб бемалол айта оламиз, чунки муборакликлар ўша куни рақиб дарвозасига жавобсиз 4 та тўп йўллашни уддаладилар. Шу тариқа Асрор Алиқулов сўзсиз 12-турнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.

Championat.asia сайти талқинига кўра 12-турнинг энг яхши футболчиси – Ҳумоюн Муртозаев ("Машъал")
"Машъал" ортда қолган турда меҳмонда "Қўқон-1912" билан рўбарў келиб, 4:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувда Ҳумоюн Муртозаев илк дақиқадаёқ ҳисобни очган бўлса, 75-дақиқага келиб, ҳисобни йириклаштиришга эришди. Тажрибали форвард ўз дубли орқали жамоа ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Шундай қилиб, Муртозаев Championat.asia ижодкорлари томонидан 12-турнинг энг яхши футболчиси дея қайд қилинди.

Championat.asia сайти талқинига кўра 12-турнинг энг чиройли голи муаллифи – Шаҳбоз Жўрабеков ("Бухоро")
"Бухоро" ушбу турда "Андижон" билан тўқнаш келиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. 67-дақиқада бухороликлар ҳимоячиси олис масофадан жарима зарбаси орқали дарвозани тўғридан-тўғри нишонга олди ва тўп дарвоза тўридан жой олди. Шу тариқа бу мавсум анча сермаҳсул ҳаракат қилаётган Жўрабеков Championat.asia сайти талқинида турнинг энг чиройли гол муаллифи деб топилди.




