Превью. Италия Суперкубоги: "Ювентус" - "Милан" тўқнашуви
23 дек 2016 17:44
Янгиликлар
Превью. Италия Суперкубоги: "Ювентус" - "Милан" тўқнашуви
Италия Суперкубоги учун бўладиган ўйинда Италия чемпиони ва Италия Кубоги соҳиблари ўзаро тўқнаш келишади. Агарда бу иккала мусобақада ҳам битта жамоа ғолиб чиқса, унда регламент бўйича Италия Кубоги финалчиси унга рақиблик қилади.
Италия Суперкубоги ўйинлари 1988-1992, 1994-2001, 2004-2008 ва 2010 йиллари Италия Суперкубоги беллашуви А Серия ғолибининг уйида ўтказилган. 1993, 2003 йилларди АҚШ, 2002 йили Ливанда, 2009, 2011, 2012 йиллари эса Хитойда бўлиб ўтган.
2013 йилда эса Италия Суперкубоги Италия Кубоги ғолибининг майдонида ўтказилган.
Бу йил эса Қатар пойтахти Доҳа Италия Суперкубогига мезбонлик қилмоқда.
Италия Суперкубогида ғолиб чиқиш бўйича рекордчи "Ювентус" саналади. "Бьянконерилар" 7 маротаба ушбу совринни ўз музейларига олиб кетишган.
"Ювентус"нинг навбатдаги суперкубок учун бўладиган баҳсдаги рақиби "Милан" эса бу кўрсаткич бўйича "Юве"дан битта кам, яъни 6 бор ғолибликни қўлга киритган. Монтелла шогирдлари бугун "Ювентус"га етиб олиш учун ажойиб имкониятга эгалар.
Айни пайтда "Ювентус" жамоаси Италия А Сериясида 42 очко жамғарган ҳолда етакчилик қилмоқда. "Милан" эса 33 очко билан 5-поғонани банд этиб турибди. Ушбу жамоалар яқинда чемпионат доирасида "Сан Сиро"да ўзаро дуч келишган эди. Унда Винченцо Монтелла бошқарувидаги "Милан" Локателлининг ажойиб ва аниқ зарбаси билан ғалабани илиб кетишганди.
Монтелла қўл остида "Милан" жамоаси янги мавсумда ўйин жиҳатидан анча ўсишга эришишди. Жамоа ёшарди, таркибда бир қатор иқтидорли ёшлар пайдо бўлди. Монтелла жамоани мунтазам 4-3-3 тактик схемасида ўйнатиб келмоқда.
Гарчи жамоа натижа борасида барқарор кўринмаётган бўлсада, аввалги йилларга қараганда яхшигина ўсиш кузатилмоқда.
Монтелла қўл остида жамоа етакчисига айланаётган Сусодан рақиблар анча ҳайиқиб қолишган. Сусо "Милан"нинг ушбу мавсумдаги энг ёрқин футболчиси саналади. Жамоанинг аксарият голлари айнан Сусо орқали вужудга келади. Футболчи бежизга жамоанинг энг яхши ассистенти бўлиб тургани йўқ. Сусо ушбу мавсумда 5та гол ва 6 голга ассистентлик қилди.
Массимилиано Аллегри эса "Ювентус"да турлича тактик схемадан фойдалана олади. Аллегри Италия А Сериясида "Рома"га қарши ўтган турда 4-3-1-2 тактик схемасини ишлатди. Одатда эса жамоа 3-5-2 схемада ўйнайди. Пайти келганда эса Аллегри 4-4-2дан ҳам фойдаланиб туради.
"Ювентус"нинг ҳозирги таркибидаги асосий қуроли бу Гонсало Игуаин. Жамоанинг энг қиммат трансферини қайд этган Игуаин келганига кўп вақт бўлганига қарамасдан бир қатор муҳим голларни киритишга муваффақ бўлди. "Ювентус" жамоасидаги заргар Пауло Дибала эса жароҳатидан сўнг аста-секин ўз спорт формасини тикламоқда. Унинг бошланғич таркибда майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Аллегри қандай қарор қабул қилиши футболчиларнинг ҳолатига боғлиқ.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
"Милан" ҳамда "Ювентус" жамоалари шу кунга қадар барча мусобақаларда жами 169 маротаба дуч келишган. Устунлик эса "Ювентус" тарафида. Туринликлар ўтказилган 61 баҳсда ғолиб чиқишган. "Милан" ҳисобида эса 49 ғалаба мавжуд. Қолган 59 учрашувда ғолиб номи аниқланмаган.
Италия Суперкубоги.
23 декабрь, жума.
"Ювентус" - "Милан"
Қатар, Доҳа. "Жассим Бин Ҳамад Стэдиум" стадиони.
Бош ҳакам: Антонио Дамато.
Италия Суперкубогидаги чиройли голлар
Сайтимизнинг твиттердаги расмий саҳифаси - twitter.com/championat_asia
Фикрлар