Плэйлистимизда "Despacito" қўшиғи ёхуд Купернинг илк йиғини таҳлили
12 сен 2018 16:13
Янгиликлар
Плэйлистимизда "Despacito" қўшиғи ёхуд Купернинг илк йиғини таҳлили
Купер терма жамоани 22 август куни Тошкентдаги "City Palace" меҳмонхонасида йиғди. Дастлабки кун машғулотларини легионерлар ва Акмал Шораҳмедов ўтказиб юборди. Кейинги куни эса Акмал Шораҳмедов (23 август) йиғинга қўшилди, Шерзод Аъзамов (23 август) эса жароҳати туфайли лагерни тарк этди. Шундан сўнг аста-секинлик билан легионерлар таркибга келиб қўшилишди. Дастлаб (2 сентябрь) Отабек Шукуров, кейинчалик Элдор Шомуродов (3 сентябрь) етиб келишди. Ундан кейин эса Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов (4 сентябрь) Купер ихтиёрига келди. Легионерлардан охирги бўлиб Санжар Турсунов ва Шоҳруҳ Гадоев Сурияга қарши ўйиннинг эртасига (7 сентябрь) терма жамоа лагерига келишди.
Айтиш керакки, машғулотлар ҳар доим ҳар хил майдон ва стадионда ўтказилди. Дастлаб "Жар" стадионининг асосий майдонида ёпиқ эшиклар остида шуғулланган терма жамоа машғулоти келаси куни захира майдонига кўчди. Ўртада эса "Пахтакор" ва ТТМИ стадионларида ҳам машғулот ўтказди. Эронга қарши ўйинолди расмий машғулот эса "Бунёдкор"да ўтказилди. Купер бошчилигидаги терма жамоамизнинг илк йиғини 21 кун давом этди. Йиғин доирасида Сурия (1:1) ва Эронга (0:1) қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик.
Купер ҳозирча терма жамоамиз билан ғалабага эришгани йўқ. Дуранг билан бошланган иш, иккинчи баҳсда мағлубиятга айланди. Шуни айтиш керакки, ўртоқлик ўйинларидаги натижа аҳамият жиҳатидан энг охирги ўринда туради. Ўртоқлик учрашувларида натижа фақат бир жиҳат бўйича керак. Яъни ФИФА рейтингидаги очколар ва ўрнимиз. Ўртоқлик ўйинларидаги қолган барча жиҳатлар мураббийлар учун хизмат қилувчи аслида. Муҳими, Купер ўтказилган ўйинлардан тўғри хулоса чиқармоғи лозим.
Купернинг услуби ҳақида ўтган мақоламда батафсилроқ тўхталгандим. Ҳозир буни такрорламоқчи эмасман. Шунчаки бир нарсани эътиборга олиш лозим. Купер тажрибали ва аввалги топ мураббийлар элитасига мансуб мутахассис. Ҳозирги замонавий футболда кузатилаётган тактик ранг-баранглик, ҳужумкор ёки тўп назоратига асосланган футбол унга бегона.
Купер ҳозирги замон футболига эскича қараш билан ёндошади. Унинг ўз тактикаси ва услуби бор. Купер футболчиларга қараб тактика тузадиган мутахассис эмас, аксинча, ўз тактикаси ва услубидан келиб чиқиб футболчиларни танлайдиган мураббий. Купердан услубини ёки жамоа тактикасини ўзгартиришни сўрашдан маъно йўқ. Чунки Купер бу ишга қўл урмайди. Бу худди Моуриньюдан Гвардиола қўллаётган услубни талаб қилиш ёки аксинча, Пепдан Жозе каби "автобус" услубидан фойдаланишни кутишдек гап.
Мен Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоядан ўйинни қуриши керак, деган фикрни илгари суришдан йироқман. Аммо Купернинг услуби ва тактикасидан келиб чиқиб, ундан айнан шу услубни такомиллаштиришни ва жамоавий ўйинни шакллантиришни кутаман. Купернинг ўйин фалсафаси мудофаа чизиғини эҳтиёт қилиш.
Энг яхши ҳимоя - ҳужум, деган иборани Купер хушламайди. Жаноб Эктор Купер учун ҳужумни ҳимоядан бошлаш маъқул вариант. Мураббийдан услубни ёки тактикани ўзгартиришни талаб қилиш ноўрин, менимча. Ҳамма ўз билганича ва ўзи тўғри дея ҳисоблаган йўлдан юради. Журналист, мухлислар ва раҳбарият мураббийдан фақат натижани талаб қилишга ҳақли. Жамоани қандай, қай кўринишда ўйнатиш эса Купернинг истаги ва хохишига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинида баланс, яъни мувозанат тикланишини кутамиз. Ҳимоя ҳамда ҳужум ўртасида баланс вужудга келсагина, Купер ўйлаётган ўйин ва бу орқали натижага эришиш мумкин. Аввал ёзганимдек, кўп нарса Купер буни қанчалик уддалаши ва ўз қарашларини футболчиларга қай тариқа тушунтира олишига боғлиқ. Бу эса энди жаноб Купернинг муаммоси. Муҳими, Купер хоҳлаётган метин ҳимоя қуришни уддалашимизга биз ёки мураббий эмас, аввало футболчилар ишонишлари лозим. Мураббий ва футболчилар ўртасидаги катта ишонч ҳамда ҳамжиҳатлик бўлсагина - Купер услуби муваффақият келтириши мумкин.
Эктор Куперга ҳақиқий баҳони эса қишда берамиз. Айнан қишда бўладиган Осиё Кубогида кўп нарса маълум бўлади. Чунки Купер истаётган ва қўллаётган тактика натижа келтириши учун йиллар керак эмас. Чунки натижага эришишнинг энг осон йўли, бу ҳимоядан ўйин қуриш. Ҳимоядан ўйнаш - натижани ўйлашни англатади. Купер аввало хавфсизликни ўйламоқдами, демак Осиё кубогида натижа кўрсатмоқчи. Бу бизга тўғри келадими ёки йўқ, ҳаммасига БААда ўтадиган Осиё кубоги яхшигина жавоб бериши лозим.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, Купернинг дастлабки йиғинига жалб этилган футболчиларни аргентиналик мураббий танламаган, аксинча ЎФА ходимларининг тавсия ва терма жамоанинг охирги йиллардаги йиғинларига жалб этилган футболчилар рўйхатидан келиб чиқиб тузилган шорт-лист. Очиғини тан олиш керак, Купер бизнинг футболчиларни яқиндан танимайди. Терма жамоа йиғинига келган футболчилар билан шахсан танишиб, уларни билиб олган бўлиши мумкин. Аммо уларни футболчи сифатида нималарга қодирлиги ҳақида тасаввурга эга эмас. Терма жамоага футболчи жалб этиш бу шунчаки қандайдир бўлим ёки Ўзбекистон чемпионати ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлмаган мутахассислар қўлига қолмаслиги лозим. Куперга аввало Ўзбекистон чемпионатида иштирок этаётган футболчилар ҳақида батафсил ва кенг маълумот берадиган мутахассисни топшириш керак. Ҳамма ишни ўзининг мутахассиси қилгани маъқул.
Кўпчилик терма жамоамизда авлодлар алмашувини ўтказишни, бош жамоамизни қишда ёшлар терма жамоаси сафида қитъа чемпиони бўлган футболчилар билан тўлдиришни, масъулиятни уларга юклашни исташмоқда. Гуёки улар билан Купер ҳужумкор футбол намойиш этадигандек. Куперни тактикаси ва услубида қитъада чемпион бўлган ёшларимиз бошқача ўйнашларини кутиш ғалати. Чунки футболчилар Купернинг кўрсатмаси ва талаби билан тактикага қатъи амал қилишмоқда. Купер қисқа ва лўнда қилиб тушунтирди, терма жамоада унинг критериясига жавоб берадиган исталган футболчи ўйнаши мумкин. Унинг ёши ёки тажрибаси катта аҳамият касб этмайди. Муҳими, ўша пайтдаги оптимал спорт формаси ва жисмоний ҳолатига кўп нарса боғлиқ.
Бу дегани Купер терма жамоамизни янгилашни ёки жамоани қайтадан ёшлар орқали тузмоқчи эмаслигини англатади. Албатта, ёшлар терма жамоамизда ўйнаган баъзи футболчилар терма жамоага даражасига тортади. Аммо ҳаммаси ҳам бу даражада ўйнаб кетишига кафолат йўқ. Турли ёшдаги мусобақалар ва миллий терма жамоа ўртасидаги фарқ ва даража умуман бошқа-бошқа. Ёшлар терма жамоамиздан ҳам Купер тактикасига мос тушувчи футболчиларгина Осиё кубогига боришади.
Шу боисдан ҳам янгисини катта майдонда кўрмасдан турибоқ эскисига кескин фикрларни билдириш ёки якуний баҳони бермаслик лозим.
Буёғига Купер айтганидек, қишгача сабр қилиб "Despacito" қўшиғини тинглаб турамиз...
Фикрлар