

Улар орасида "Пахтакор" академияси тарбияланувчиси, ўша пайтда "Бухоро" шарафини ҳимоя қилаётган иқтидорли ярим ҳимоячи Достон Ибрагимов ҳам бор эди.
Аслида футбол жамоатчилиги Ибрагимов номини илк бор 2016 йили Баҳрайн мезбонлик қилган U-19 Осиё чемпионатида эшитган. Ўша турнирнинг гуруҳ босқичида Достон яшил қитъа вакили — Австралия дарвозасини икки бор ишғол қилиб, катта саҳнага чиққанди. Суҳбатимизни ўша тарихий хотиралар ва бой берилган имкониятлар ҳақида бошладик.
— 2016 йилги Баҳрайн мусобақаси хотираси ҳалигача оғриқли, — дея гап бошлади Достон Ибрагимов. — Таркибимизда жуда иқтидорли йигитлар кўп эди. Агар ўша даврга қайтиш имкони бўлганида, йўл қўйган хатоларимни асло такрорламасдим. Масалан, Саиджамол Давлатжонов ҳам ўз хатолари сабаб кўринмай қолди. Таркибдаги "Пахтакор" тарбияланувчилари кўп эди. Ҳатто ўшанда бизга устозлик қилган жуда кучли мутахассис ҳам ҳозир Суперлигада эмас. Ваҳоланки, унга Суперлигада имконият берилса, ўзини кўрсата оладиган яхши мураббий.
Ўша турнирда чиройли ва мазмунли ўйин кўрсатгандик, аммо Жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳал бўладиган чорак финалда Эронга ютқазиб қўйганмиз. Рақиб бор-йўғи иккита ҳужум ташкил қилиб, иккита гол уриб кетганди. Футбол мана шуниси билан шафқатсиз.

"Машғулотларга кеч қолардим..."
2017 йилда "Пахтакор" бошқарувига грузиялик машҳур мутахассис Шота Арвеладзе келди ва клубда янги давр бошланди. У дастлабки кунларданоқ таркибни кескин тозалаб юбормади, балки ҳар бир футболчини машғулотларда синчиклаб кузатди. Бироқ Достон Ибрагимов «шерлар» лагерида узоқ қололмади.
— Шота Арвеладзе “Пахтакор”га ҳақиқий янгилик олиб кирганди. Ўйин темпи, техник ва тактик машқлар — хулоса қилиб айтганда, у билан машғулот ўтаб, худди Европада юргандек ҳис қилганман ўзимни. Аслида ўша жамоада ўйнашим керак эди. Аммо ёшлик қилдим, интизомни буздим, машғулотларга кеч қоладиган одатим бор эди. Буни очиқ тан оламан. "Пахтакор" ҳеч қачон тайёр иқтидорни шунчаки қўйиб юбормайди, бунга футболчининг ўзи сабабчи бўлади.
Барқарорлик, Купернинг ишончи ва "Қизилқум"га урилган шедевр гол
2019 йилда Достон "Бухоро" жамоасига кўчиб ўтди. Унинг "Қизилқум" дарвозасига урган суперголи ҳалигача турли видеороликларни безаб туради ва ўша ойнинг энг чиройли голига даъвогар бўлганди. Мана шу ўйин унга катта йўл очди.
— "Қизилқум"га урган голимдан сўнг ўзимга бўлган ишонч қайтди ва Суперлигада барқарор ўйнай бошладим. Ўша пайтда жамоани бошқарган Бахтиёр ака Ашурматов футболчиларга нисбатан жуда талабчан ва қаттиққўл эдилар. Бу интизом менга фақат фойда келтирди, — дейди футболчи.
Суперлигадаги ишончли ўйинлар эса беиз кетмади. Миллий терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер Ибрагимовни бош жамоа йиғинига таклиф қилди.
— Купер қўл остида бир нечта йиғинларда қатнашдим. У кўпроқ ҳимоявий, тактик тартибга асосланган футболни талаб қиларди. Шу билан бирга, ёш иқтидорларни пайқаш ва уларга имкон берарди. Терма жамоа либосини кийиш бахт эди, аммо тақдиримизга кейинчалик бошқача синовлар ёзилган экан.

"Футболдан кўнглим қолганди" — 4 йиллик йўқотилган йил
Муваффақиятли мавсумдан сўнг футболчининг фаолиятида кескин пасайиш ва туб бурилиш юз берди. Аввалига оғир жароҳат, кейин эса шахсий ҳаётдаги муаммолар сабаб Достон Ибрагимов катта футбол радарларидан деярли 4 йилга ғойиб бўлди. Ўша пайтлари "Қизилқум" бош мураббийи Ҳамиджон Актамов ОАВга берган интервьюсида: "Ибрагимов йўқолиб қолди, қидирувга берганмиз", — деб баёнот берган ва бу гап катта шов-шувга сабаб бўлганди.
— Мен "Қизилқум"дан йўқолиб қолмагандим. Шунчаки гап топа олмай соқит қилишган бўлса керак. Ўша пайтда Навоийда, клуб базасида юрардим, буни ҳамма биларди.
Жароҳат масаласига келсак, бу футболда ҳаммада бўладиган ҳолат. Тез тикланиш мумкин эди. Аммо ҳаётимда жиддий ички, ҳаётий муаммолар пайдо бўлди. Руҳан синдим, ҳатто футболдан кўнглим ҳам қолиб кетди. Шу тариқа 3-4 йилни бой бердим. Лекин бизнин ҳаётимиз ҳам футбол билан боғлиқ. Хатоларни тушуниб, яна ортга қайтдим. Ортда қолган йиллар менга йўқотилган вақтни қадрлашни ўргатди. Ёшликда вақтни беҳуда сарфламаслик керак экан, у ҳеч қачон ортга қайтмайди. Катта бўлганим сари буни чуқур ҳис қиляпман.

"Мақсадим — яна миллий терма жамоага қайтиш!"
Ўтган мавсумда Ибрагимов Биринчи лига орқали футболга қайта бошлади. Айни пайтда у "Каттақўрғон" жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда ва унинг режалари ҳали ҳам улкан.
— Ёш футболчиларга бир маслаҳат берган бўлардим: биз ёшликда характер кўрсатишни яхши кўрардик. Баъзан мураббийга яхши футболчи бўлсанг ҳам характеринг ёқмаслиги мумкин. Шундай пайтда футболчи аразлаб, ўзини ўзи синдириб қўймаслиги керак. Характерни машғулотда ва майдонда кўрсатиб, ишлашда давом этиш лозим. Кўпчилик шу ерда синиб, йўқолиб кетади. Менда ҳам айни шу хато ўтган.
Менинг ҳозирги бош мақсадим — яна миллий терма жамоага қайтиш. Қайси лига ёки қайси жамоада ўйнашимнинг аҳамияти йўқ. Пролигами, Суперлигами — майдонда ўзимни кўрсатсам, барибир эътибор қаратишади, деб ўйлайман. Фақат ишонч билдиришса бўлди. Бизда ўзбекчиликда: агар 3-4 йил кўринмай кетсанг, дарров "охирги марта қаерда ўйнадинг?" деб сўрашади. Мураббий футболчининг клуби номига эмас, унинг жисмоний ва тактик ҳолатига қараши керак эмасми? Лекин ўзбекчиликда қаерда ўйнашинг барибир биринчи планга чиқади. Буёғига бор кучим билан ишлаб, яна юқори даражага қайтишга ваъда бераман.



