Ўзбекистон ва Озарбайжон мезбонлик қиладиган U-20 Жаҳон чемпионати ҳақида нималарни биламиз?
06 окт 13:35
Янгиликлар


Ўзбекистон ва Озарбайжон мезбонлик қиладиган U-20 Жаҳон чемпионати ҳақида нималарни биламиз?
U-20 Жаҳон чемпионати катта мусобақа ҳисобланади. Айтиш мумкинки, бу нуфузи бўйича эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан кейин иккинчи ўринда туради. Биласиз, U-23 Жаҳон чемпионати йўқ, бу ёшдагилар ўзларини Олимпия ўйинларида синаб кўрадилар. Шу боис ФИФА мундиалдан сўнг U-20 Жаҳон чемпионатига асосий эътиборни қаратади. Албатта, мезбонлик биз билан Озарбайжонга топширилгач, мусобақага бўлган қизиқиш, турнир ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш ортиши табиий. Шу боис бугун U-20 Жаҳон чемпионатида ҳақида фикр юритамиз.
Маълумот ўрнида
U-20 Жаҳон чемпионати ФИФАнинг 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги халқаро мусобақаси бўлиб, ҳар икки йилда бир марта (тоқ йиллари) ташкил этилади. Ушбу кичик мундиал илк бор 1977 йил ўтказилган бўлиб, дастлабки Жаҳон чемпионатига Тунис мезбонлик қилган. Яна бир маълумот шуки, U-20 Жаҳон чемпионати 1977 йилдан то 2005 йилга қадар Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати деб номланган, сўнг 2007 йилдан эътиборан ФИФА U-20 Жаҳон чемпионати дея аталмоқда.
Кўпчилик бу мусобақани "Эртанги кун юлдузлари турнири" деб атайди ва буни ФИФА ҳам тан олади. Зеро ушбу мусобақа орқали кўплаб ёш юлдузлар мухлисларга танилган. Ўз пайтида Диего Марадона, кейинчалик Месси, Погба, Хааланд каби футболчилар шулар жумласидан. Мусобақанинг амалдаги ғолиби Уругвай бўлиб, 2023 йил Аргентинада ўтказилган кичик мундиалда бу жамоа олтин медалларни қўлга киритганди.
Тарихга назар
Биласизми, шу пайтгача U-20 Жаҳон чемпионати 23 марта ўтказилган бўлиб, юқорида айтиб ўтганимиздек, илк кичик мундиал 1977 йилга тўғри келади. Мана шу 23 та мусобақани 12 та жамоа ютган. Энг кўп зафар қучган жамоа Аргентина U-20 термаси ҳисобланади: 6 марта. Кейинги ўринда 5 та кубок билан Бразилия турибди. Қуйида барча мезбон мамлакатлар ҳамда чемпионлар рўйхатини келтириб ўтамиз.
1977 й. Мезбон - Тунис. Чемпион - Собиқ Иттифоқ
1979 й. Мезбон - Япония. Чемпион - Аргентина
1981 й. Мезбон - Австралия. Чемпион - Ғарбий Германия
1983 й. Мезбон - Мексика. Чемпион - Бразилия
1985 й. Мезбон - Собиқ Иттифоқ. Чемпион - Бразилия
1987 й. Мезбон - Чили. Чемпион - Югославия
1989 й. Мезбон - Саудия Арабистони. Чемпион - Португалия
1991 й. Мезбон - Португалия. Чемпион - Португалия
1993 й. Мезбон - Австралия. Чемпион - Бразилия
1995 й. Мезбон - Қатар. Чемпион - Аргентина
1997 й. Мезбон - Малайзия. Чемпион - Аргентина
1999 й. Мезбон - Нигерия. Чемпион - Испания
2001 й. Мезбон - Аргентина. Чемпион - Аргентина
2003 й. Мезбон - БАА. Чемпион - Бразилия
2005 й. Мезбон - Нидерландия. Чемпион - Аргентина
2007 й. Мезбон - Канада. Чемпион - Аргентина
2009 й. Мезбон - Миср. Чемпион - Гана
2011 й. Мезбон - Колумбия. Чемпион - Бразилия
2013 й. Мезбон - Туркия. Чемпион - Франция
2015 й. Мезбон - Янги Зеландия. Чемпион - Сербия
2017 й. Мезбон - Жанубий Корея. Чемпион - Англия
2019 й. Мезбон - Польша. Чемпион - Украина
2023 й. Мезбон - Аргентина. Чемпион - Уругвай
2025 й. Мезбон - Чили. Чемпион - ???
2027 й. Мезбон - ЎЗбекистон ва Озарбайжон. Чемпион - ???
Юқорида мезбон давлатлар ва чемпионликни қўлга киритган жамоалар билан танишиб олдик. Шуни қўшимча қилиш мумкин, COVID-19 сабаб 2021 йилги кичик мундиал ўтказилмаган. Осиё қитъасидан шу пайтгача (Австралияни ҳисобга олмаймиз) 6та давлат - Япония, Малайзия, Саудия Арабистони, Қатар, БАА ва Жанубий Корея ФИФА U-20 Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган.
Ҳозирги мусобақа қаерда бўляпти ва формати қанақа?
U-20 Жаҳон чемпионати 24та терма жамоа иштирокида ўтказиб келинади. Ҳозирги мусобақага Чили мезбонлик қилмоқда. Кичик мундиал 27 сентябрь куни старт олган бўлиб, 19 октябргача давом этади. Мусобақа шифори - "Афсоналар ишлаб чиқаришда" деб номланади. Маълумки, ФИФА ҳар бир ёшдаги мундиал пайти катта конгресс ташкил этади ва йиғилиш пайти навбатдаги мезбонни маълум қилади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Чилидаги мусобақа старт олгач, орадан
беш кун ўтиб ФИФА 2027 йилги U-20 Жаҳон чемпионати Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтишини эълон қилди. Дарвоқе бу тарихда бир пайтнинг ўзида икки мамлакатда ташкил этилган биринчи кичик мундиал бўлади.
Чилида давом этаётган мусобақада 24та терма жамоа қатнашяпти ва жамоалар 4тадан 6 гуруҳга бўлинган. Ўйинлар тўртта шаҳарда - Сантьяго, Ранкагуа, Валпарайсо ва Талькада бўлиб ўтмоқда. Ўз-ўзидан стадионлар ҳам тўртта: "Эстадио Насьонал" (сиғими 46,190), "Эстадио Элисас" (сиғими 20,575), "Эстадио Фискал" (сиғими 16,070), "Эстадио Эл Тениенте" (сиғими 12,476).
Ҳозир мусобақанинг гуруҳ босқич охирги тур учрашувлари давом этяпти ва 1/8 финалга чиққан аксар жамоалар маълум. Турнир форматига кўра, 1-2 ўринни эгаллаган жамоалар (жами 12та) ва тўртта энг яхши учинчи ўрин эгалари кейинги босқичга чиқади. 1/8 финал 7-8-9 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Ушбу мундиалда Осиёдан тўртта жамоа борган: Австралия, Япония, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони. Япония ва Жанубий Корея гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалади. Австралия билан Саудия Арабистони эса гуруҳда қолиб кетди.
Қандай совринлар берилади?
Албатта, мусобақани ютган жамоага нималар берилиши ҳамда индивидуал совринлар кўпчиликни қизиқтиради. U-20 Жаҳон чемпионатини ютган жамоага олтин медаллар билан биргаликда бош соврин кубок топширилади. Иккинчи ва учинчи ўрин эгаларига эса мос равишда кумуш, бронза медаллар тақдим этилади.
Бундан ташқари ФИФА расмийлари томонидан топшириладиган Golden Ball (энг яхши футболчи учун), Golden Boot (энг яхши тўпурар учун), Golden Glove (энг яхши дарвозабон учун) ҳамда FIFA Fair Play Trophy (фейр плей соҳиби) каби алоҳида совринлар ҳам бор.
Шу пайтгача "Мусобақанинг энг яхши футболчиси" деб топилганлар орасида Диего Марадона (1979), Роберт Просинечки (1987), Сейду Кейта (1999), Хавьер Савиола (2001), Лионель Месси (2005), Серхио Агуэро (2007), Поль Погба (2013), Адама Траоре (2015), Доминик Соланке (2017) каби машҳурлар бор. Бундан ташқари Осиёдан фақат икки нафар футболчи энг яхши деб топилган: 2003 йил Исмоил Матар ҳамда 2019 йил Ли Канг Ин ушбу совринга лойиқ кўрилган.
Ўзбекистон нечта гуруҳни қабул қилади?
U-20 Жаҳон чемпионатида 24 та жамоа иштирок этишини ва жамоалар 6 гуруҳга бўлинишини айтиб ўтдик. Бу дегани қайсидир гуруҳни биз қабул қиламиз. Қайсидир гуруҳ ўйинлари Озарбайжонда бўлиб ўтади.
Албатта, нечта гуруҳ қайси давлатда ўйнашини ФИФА тақсимлайди, шу боис ҳозирдан нимадир дея олмаймиз. Фақат катта эҳтимол билан Ўзбекистон 4та гуруҳни олиши мумкин. Гуруҳ ўйинлари-ку майли, плей-офф учрашувлари ва энг асосийси ФИНАЛ қаерда бўлади? Кўпчиликни шу савол қизиқтириши турган гап.
Хайрулла Холиқов
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар