Саудиялик футболчининг Ўзбекистонга қарши ўйинда четлатилиши тўғрими? Ҳакамлик эксперти вазиятга баҳо берди

17 ноя 2026, 23:37
Иорданиялик ҳакамлик эксперти Аҳмад Абу Хадижа Ўзбекистон – Саудия Арабистони (2:1) ўртоқлик учрашувида Али Лажамининг майдондан четлатилишига муносабат билдирди.

Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби ҳимоячиси танаффусда Абдулилоҳ ал-Амрий ўрнига майдонга тушган, аммо 50-дақиқада ўзбекистонлик футболчига нисбатан қўпол ҳаракати учун тўғридан-тўғри қизил карточка олган эди.

Саудиялик футболчилар ҳакамнинг қарорига кескин эътироз билдиришди. Бироқ бош ҳакам VAR ёрдамида вазиятни қайта кўриб чиққач, ўз қарорини ўзгартирмади.

Иорданиялик ҳакамлик эксперти Аҳмад Абу Хадижа “Ал-Майдон” нашрига берган интервьюсида ушбу қарор тўғри бўлганини таъкидлади.

“Али Лажамининг Ўзбекистонга қарши ўйинда четлатилиши тўғри қарор. Чунки у рақибига нисбатан ҳаддан ташқари куч ишлатди”, – деди эксперт.

Kooora нашрининг ёзишича, бу Лажамининг Саудия Арабистони миллий терма жамоаси сафидаги 27-учрашувида олган илк қизил карточкаси бўлди.

Қайд этиш жоиз, футболчи клуб миқёсида аввал ҳам уч марта майдондан четлатилган. У “Ан-Наср” сафида икки марта, “Ал-Халиж”да эса бир марта қизил карточка олган.

Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрь куни Доҳада ўтказилган ўртоқлик учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: Kooora