Ўзбек футболини "Championat.asia" "ўлдиряпти"ми?
03 авг 2020 14:42
Янгиликлар
Келинг, асосан футбол ҳақида эмас, ўзимиз ҳақимизда гаплашамиз. Қуйида ўқийдиганларингизнинг барчаси ўта шахсий фикрлардир. Ўйлайманки, сайт раҳбарияти ва ходимлари тўғри тушунишади.
Биласизми, термамиз нега мундиалга чиқолмайди?; нега Темур Ҳакимов, Аббосбек Махситалиев сингари иқтидорлар йўқолиб қолди?; нега миллий жамоа етакчиси бўлишини кутганимиз Сардор Рашидовнинг ўйинида сўнгги йилларда пасайиш содир бўлди?; нега пандемия бошлангунига қадар голлар уриб турган Шомуродов тўхтади-қўйди?
Барчаси оддий: чунки ўз вақтида пАрлаб чиққан барча юлдузлар ҳақида "Championat.asia" кўпроқ материал тайёрлаб юборган, кейин уНар ўз устида ишламай қўйишган. Ҳа, айнан шундай. Кимларнингдир ёши кичрайтирилгани, кимлар нафсини тия олмагани, кимлар клуб танлашда хатога йўл қўйгани эмас, ОАВнинг ўз ишини тўғри бажараётгани сабаб бўлган. Кулгили эмасми? Шахсан мен учун жуда кулгули. Юқоридаги гапни ёзар эканман, кулгининг кучидан "порлаб", "улар" сингари сўзларни нотўғри ёзиб қўйибман, кечиринг.
Умуман олганда, доимий равишда бу каби сўзларни эштиб келганмиз, биз учун янгилик эмас. Бу материал ёзилмасди, қачонки, собиқ футболчилар, мутахассислар ҳам шу каби фикрларни билдиришмаганида.
Сўнгги кунларда кўпчилик СА ходимлардан ранжиётган экан. Боиси шундаки, биз Жасур Жалолиддинов ҳамда Остон Ўрунов ҳақида кўп гапириб юбораётган эканмиз. Шу туфайли бу футболчилар тез орада ўз ўйинини йўқотиб қўйиши мумкин экан. Жамоамиз билан ўйлаб қолдик, эҳтимол, Абдусаттор аканинг сигири сут бермай қўйганига ҳам биз айбдордирмиз...
Биласизми, Мессини туғилганидан бери "янги Марадона", Неймарни 12 ёшидан буён "янги Пеле" дейишади. Роналду ҳақида 17 йилдан бери бутун дунё матбуоти тинмай бонг уради. Нега улар шу даражага чиқди? Мисол учун, Роналдунинг футбол билан шуғуллана бошлаган ўғли неча ёшида кенг омма назарига тушди? Тасаввур қилинг, "Олтин тўп"нинг 5 карра соҳиби кўзида ёш билан кичик Криштиану ҳақида ёзмасликни сўраб ОАВ вакилларига мурожаат қиляпти. Тасаввур ҳам қилолмаган бўлсангиз керак. Бунақаси фақат бизда бўлиши мумкин. Яхши-да... Лекин нега баъзи ота-оналар, мураббийлар ёш футболчиларда юлдузлик касалига қарши иммунитет ҳосил қилиш, уларнинг психологияси билан ишлаш ўрнига ўз ишини қилаётган ОАВни ҳам ўзларига ўхшатиб қўйишга ҳаракат қилишаркан?
Биринчидан, нашрлар фақат муштарийлари учун ишлашади. Мухлисларни қизиқтирадиган ҳар қандай мавзуни баҳолиқудрат ёритишга ҳаракат қилишади.
Иккинчидан, матбуотнинг ривожи бевосита футболга ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, Жасурбек Жалолиддинов ҳақида "Championat.asia" ходимлари видеолавҳа тайёрлашган эди. Айнан ўша материални бутун дунё кузатиб борадиган "Transfermarkt" портали ҳам ўз саҳифасига жойлаштирди. Жасур ҳақида ёзиладиган миллионлаб заргарона сўзларга нисбатан унинг узоқ масофадан урган биттагина голи кишини кўпроқ маҳлиё қилади. Агар трансляция сифати ортса, Суперлигадаги ҳар бир футболчи ҳақида шундай материаллар тайёрлаш мумкин бўларди. Ўйинчининг чиройли ҳаракатлари тасвирланган лавҳа "YouTube"га жойлаштирилса, фақат фойдага ишласа керак.
"Transfermarkt" порталидаги мақолага ҳавола
Яқинда сайтимиз раҳбари Гайрат ака савол бериб қолдилар: "Мен хориж матбуотини, ижтимоий тармоқлардаги сегментини кузатаман. У ерда аксар фойдаланувчилар юмор билан, ҳазиломус фикрлар билдиришади. Нега бизда мухлислар ҳаётда таниш бўлмаса ҳам, бир-бирига нафрат билан муносабатда бўлади?"
Дарҳақиқат, ҳаммамиз ғалати одамлармиз. 4 ёшимда ўзимча бир китоб ёзгандим, номи — "Катталар". Қуйида болаликдаги беғуборлик намунаси бўлган ўша фикрлардан парча келтирмоқчиман:
"Бугун уйқудан барвақт уйғондим. Йиғлаб уйдагиларгаям уйқу бермадим. Кейин овқатландик, яъни, мени овқатлантириб қўйишди. Қорин тўйгач, ўйинчоқларимни ўйнадим. Тезда зерикиб қолдим. Кейин бувамнинг соатини синдириб қўйдим. Бувам танбеҳ берди: қачон катта бўласан? Ўйлаб қолдим, катталар нега катта бўлишни яхши кўришаркан? Ҳаммаси қизиқ ва ғалати бўлади. Ота-оналар коррупция ҳақида нафрат билан гапиради, қарғайди, лекин 1-август яқинлашавергани сайин такасалтанг арзанда учун ўзлари "танк" қидириб қолишади; бу дунёда адолат йўқ, деб оҳ-воҳ қилишади, аммо навбатда турганда кичикроқ, кучсизроқ, камбағалроқ кишини тепкилаб ўтиб кетишади; акам ўртоқлари билан ҳуқуқ дарсида ёшгина ўқитувчисининг қанақа либосда келганини муҳокама қилади, лекин сайловни ҳалигача мажбурият деб ўйлайди. Афсуски, мен ҳам қачондир улғайиб улар сафига қўшилишга мажбурман...".
Бугун яна бир нарсага амин бўлдим, ҳеч нарса қилмаган одамларга ўз ишини қилаётганлар ёқмайди. Бундан ташқари, керакли пайтда маъқул ишни қилишни билмайдиганларам бор. Масалан, яқинда "Навбаҳор" клуби билан содир бўлган воқеани эсланг. "Championat.asia" Беленков билан боғлиқ вазиятни аниқлаштириб, ҳаммадан олдин матбуотга олиб чиқди. Бу каби материаллардан фақат битта мақсад кўзланади: муаммога тезроқ ечим топиш, футболимиз мукаммалроқ бўлишига озроқ ҳисса қўшиш. Ўзбек футболининг камчиликлардан имкон қадар холи бўлишини ҳаммадан кўпроқ биз хоҳлаймиз.
Лекин клуб нима қилди, раддия ёзди. Афсус, раддиянинг ҳам умри қисқа бўлди. Наманганлик мухлислар нима қилди, ўз вазифасини бажараётган "Championat.asia"га ташланди. Бу ҳам кулгили ҳолат. Ўша вазиятнинг асл айбдорларига эса пул йиғиб беришга киришилди.
Гап футболда эмас, гап менда, сизда — ҳаммамизда. Керак ишни тўғри пайт, маъқул жойда қилолмаяпмиз. Ўз вазифасини бажараётганларни ҳақорат қилиш учун кишининг савияси қай даражада бўлиши керак? Келинг, дунёни ўзгартиришга шошилмайлик. Аввало, ҳар биримиз ўзимизни ислоҳ қилайлик. Ҳуқуқларимизни ўрганайлик, атрофдагиларга ўргатайлик, сиёсий фаолликни оширайлик, талабчан бўлайлик. Эҳтимол, ўзимиз учун кеч бўлгандир, аммо фарзандларимизни тўғри тарбия қилайлик. Улар ҳам биз каби олийгоҳга киришни эмас, "Нобел"ни мақсад қилиб улғайишсин. Ҳаракатни бугун, ҳозир бошлайлик. Зеро, улғайиб келаётган авлод орасида интернетдан фақат порнографик лавҳаларни кўриш учун фойдаланадиган қатламнинг мавжудлиги биз учун жиддий сигнал бўлиши керак.
Фикрлар