UZ

Сўнгги янгиликлар

13:51Дембеле нечи ёшида фаолиятини якунламоқчи эканлигини айтди  1 13:30МЮ мураббийлар штабига "Спортинг"дан мураббийлар келди  0 13:02"Истиқлол" - "Пахтакор" учрашуви қаерда бўлиши эълон қилинди  1 12:46"Ливерпуль"дан 4, "Челси"дан 2 футболчи. АПЛнинг дастлабки 11 тур рамзий термаси тузилди  0 12:20Горецка АПЛ томон йўл олиши мумкин  0 11:55Халқаро майдонда фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик мутахассислар сони ортди  0 11:36Кубо учун топ-клублар курашади  1 11:12"Байер" футболчиси "Барселона" ёки "Бавария"га ўтади  2 10:53ХХI асрнинг энг яхши африкалик футболчилар рейтинги тузиб чиқилди  8 10:20«Adidas» Аргентина терма жамоаси билан ҳамкорликнинг 50 йиллиги шарафига махсус форма тақдим этди  1 09:47«Барселона» афсонаси Месси нима сабабдан Роналдудан кучли эканлигини тушунтириб берди  39 09:11Косово футболчилари Руминия билан ўйиндан сўнг кийиниш хонасига бир уюм чиқинди ташлаб кетишди  12 08:30Салоҳ ёшлигида кимга ўхшашни орзу қилганини айтди  0 07:56Родри «Ман Сити»ни тарк этса, қайси жамоага бориши маълум  7 02:54Миллатлар лигаси. Германиядан 7:0, Нидерландиядан 4:0 ва бошқа натижалар  0

Ўзбек футболида янги уйғонаётган гранд — АГМК Янгиликлар

Ўзбек футболида янги уйғонаётган гранд — АГМК

Олмалиқнинг АГМК клуби янги мавсумга, хусусан ОЧЛга қанчалик тайёр ва жамоада қандай ўзгаришларга қўл урилгани ҳақида батафсил тўхталамиз.

Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф доирасидаги учрашувларга тараддуд кўраётган жамоаларимиз АГМК ва "Пахтакор" навбати билан БАА йиғинидан Тошкентга қайтишди.

Аввалига АГМК Дубайдаги ўқув-машғулот йиғинини якунлади, кейинчалик "Пахтакор" Абу-Дабида йиғинни тамомлаб, Тошкентга қайтди.

БААдан қайтгач АГМК жамоаси футболчиларига 2 кун дам берилди ва олмалиқликлар 7 февраль куни машғулотларга қайтишди. "Пахтакор" эса 6 февраль куни кечаси Тошкентга қайтиб келиб, 8 февралдан машғулотларни тиклади.

Ижодий гуруҳимиз навбати билан ОЧЛ плей-офф доирасидаги ўйинларга тайёргарлик кўраётган жамоаларимиз - АГМК ва "Пахтакор" машғулотларига ташриф буюрди.

Миржалол Қосимов қўл остидаги АГМК 12 февраль куни бўладиган "Истиқлол" жамоасига қарши баҳсга тўлиқ таркибда жиддий тараддуд кўрмоқда. Фақатгина жамоанинг янги ҳужумчиси Шаҳзод Нурматов эндигина жароҳатидан фориғ бўлгани учун якка тартибда индивидуал машғулотларни ўтамоқда.

АГМК бошқарувига Миржалол Қосимов келгач жамоа таркиби тубдан ўзгарди. Чунки ўтган мавсум якунларига кўра АГМКни бир қатор футболчилар тарк этишга улгуришганди. Мураббий эса имкон қадар мавжуд танловлар ичидан ўзи ишонган ва билган футболчиларни жамоага чорлади. Ўтган йилги мавсумда ўйнаган футболчилардан фақатгина 7 нафари - Роман Абдулов, Ойбек Қосимов, ҒуломҲайдар Ғуломов, Жасур Ҳасанов, Зоҳир Пиримов, Зафар Полвонов ва Шоҳназар Норбеков жамоада қолишди.

Янги келган футболчиларга эътибор берадиган бўлсак, маҳаллий ўйинчилардан ҳимоячилар - Бобур Йўлдошев, Сардор Раҳмонов, Сайдулло Раҳматов, Акмал Шораҳмедов, Мирғиёз Сулаймонов. Ярим ҳимоя чизиғига Мурод Тошматов, Миржамол Қосимов, Санъат Шихов, Дилшод Жўраев сингари футболчилар келди. Ҳужумда эса Шаҳзод Нурматов ва Жасур Ҳакимов хизматига мурожаат қилинди.

АГМКда яққол юлдуз футболчилар йўқ. Қосимов мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда яхши савиядаги футболчиларни тўплаб, қисқа муддат ичида рақобатбардош жамоа тузиши талаб этилади. Тенг даражадаги футболчилар атрофида қурилаётган жамоада ҳар бир позицияда қаттиқ рақобат вужудга келди. Муҳими, янги мавсумга қадар мураббий жамоа ичида ажойиб муҳит яратган ҳолда аҳил коллективни йиғиши керак. Қосимов эса бу ишни барча жойда яхши уддалаган. Бу борада муаммо туғилмайди.

АГМК сафида ОЧЛ ҳавосидан бохабар бўлган тажрибали футболчилар: Жасур Ҳасанов, Акмал Шораҳмедов ҳамда "Насаф" таркибида мазкур мусобақада ўйнаш таъмини татиб кўрган Сайдулло Раҳматов мавжуд. Шунингдек, Қосимов иккита легионер хизматига мурожаат қилди - Миролюб Костич ва Марко Зочевич.

Костич таянч ярим ҳимоячи саналади. Марко Зочевич эса ҳужумкор ярим ҳимоячи. Марко керак пайтдда "инсайд", яъни ҳужумчи ортида ва қанот ҳужуми, яъни вингер сифатида ҳаракатланиши мумкин.

БААдаги йиғин давомида АГМК тўртта назорат беллашувида майдонга тушди ва барчасида ғалабани тантана қилди. Қайд этиш керакки, назорат учрашувларида АГМКнинг рақиблари анойи жамоалар бўлгани йўқ. АГМК "Шабаб Ал Аҳли" (1:0), "Ал Дафра" (4:1), "Шаржа" (1:0) ҳамда "Ал Ҳамрияҳ" (3:2) каби жамоалардан устун келди.


АГМКнинг "Истиқлол" жамоасига қарши ўйинга тараддуд кўраётган футболчилар рўйхати:

Дарвозабон: Роман Абдулов, Суҳробжон Султонов, Акбар Тўраев

Ҳимоячилар
: Азамат Исроилов, Мирғиёс Сулаймонов, Сайдулло Раҳматов, Сардор Раҳмонов, Шерзод Файзиев, Бобурбек Йўлдошев, Акмал Шораҳмедов.

Ярим ҳимоячилар
: Миржамол Қосимов, Дилшод Жўраев, Марко Зочевич, Ойбек Қиличев, Санъат Шихов, Зоҳир Пиримов, Мурод Тошматов, Жасур Ҳасанов, Ғулом Ҳайдар Ғуломов, Миролюб Костич, Шаҳбоз Умаров

Ҳужумчилар
: Зафар Полвонов, Шохназар Норбеков, Жасур Ҳакимов, Шаҳзод Нурматов.


Тошкентда давом этаётган машғулотлар кўтаринки кайфиятда ўтмоқда.

Жамоа таркибига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир чизиқ ва нуқтага камида иккитадан футболчилар тақсимотини кўрамиз. Дарвозабонлар борасида ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Тенг кучли киперлар "трио"сидан ким кўпроқ тайёр ва спорт формасида бўлса, мураббий ўшанга ишонч билдиради. Айниқса Қосимов ротацияни амалга оширишни ва барчага имкониятни тақдим этишни қойиллатадиган мураббийлар сирасига киради. Масалан ўнг қанотда Акмал Шораҳмедовга Мирғиёс Сулаймонов рақобат туғдиришга уриниб кўради. Чапда эса Санъат Шихов ва Сайдулло Раҳматов бошланғич таркиб учун курашади. Ҳимоя марказида Шерзод Файзиев, Бобур Йўлдошев ва Сардор Раҳмонов рақобатга киришишади.

Марказда, яъни таянч нуқтасида Миролюб Костич ва Дилшод Жўраев номзодлари мавжуд. Марказий ярим ҳимояда Миржамол Қосимов, Ойбек Қиличев, Санъат Шихов ва керак пайтда Марко Зочевич рақобатга киришиши мумкин. Қайд этиш керакки, аслида Шихов фаолиятини ҳужумкор футболчи сифатида бошлаганди. Кейинчалик футболчи қанот ҳимоясида, яъни чапда ўйнади. Деярли барча нуқта билан танишиб чиққан Шиховга Қосимов майдон марказидан жой топиб бериши мумкин. Ҳар ҳолда футболчи мазкур нуқтада кўриниш бериши эҳтимоли мавжуд.

Қанот вингерлари ролида Мурод Тошматов, Жасур Ҳасанов, Зоҳир Пиримов, ҒуломҲайдар Ғуломов ёки легионер футболчи Зочевични кўришимиз мумкин. Вазият тақозо этса Шихов исталган пайт бу нуқтада ҳаракатлана олади.

Ҳужумчилар борасида Полвоновга Ҳакимов, Нурматов ва Норбеков рақобат туғдириши мумкин.

Шунингдек, жамоа сафида универсал мақомга эга кўплаб номлар мавжуд: Дилшод Жўраев, ҒуломҲайдар Ғуломов, Санъат Шихов, Мурод Тошматов, Шоҳназар Норбеков, Азамат Исроилов ёки Марко Зочевични кўрсатиш мумкин. Мазкур футболчилар вазият тақозо этса бемалол ўз позицияларини ўзгартирган ҳолда бошқа нуқтани ҳам ёпишлари мумкин. Айнан санаб ўтилган футболчилар фаолиятлари давомида турли нуқталарда ўйнашга улгуришган. Бу ҳам мураббийга қўшимча қулайлик тақдим этадиган жиҳатлардан бири.

Тўғри, АГМКда айни пайтда катта номларга кўз тушмайди. Шораҳмедов ва Ҳасановдан ташқари айни порлаётган футболчиларни топиш мушкулроқ вазифа. Қосимов Шораҳмедов ва Ҳасановнинг тажрибасига суянган ҳолда қўл остидаги футболчиларнинг яширин потенциалини юзага чиқаришга уриниб кўради. Бу эса мураббийнинг қўлидан келадиган юмуш. Қайд этиш керакки, ўтган мавсумда "Бунёдкор"да Қосимов бу ишни уддалаганди.

АГМК янги мавсумда алоҳида номлар орқали кучли кўринмасада, жамоавий йўлга қўйилаётган ўйин эвазига исталган рақибга етарлича бош оғриқ тақдим этиш салоҳиятига эга. Мураббийнинг қўли ва жамоа ўйинига бераётган чизгиси муҳим аҳамиятга эга.

Қосимов АГМКда нималарни ўзгартира олиши мумкин? Аввало жамоа менталитети. Буёғига АГМК гоҳ ОЧЛ ёки ички чемпионатда ўйнасин, жамоага аутсайдер мақоми остида қарайдиганлар сони кескин пасаяди. Чунки рулда ғолибликка ўрганган мутахассис ўтирди. Шуни ўзиёқ жамоа имижини кўтариб, статусидаги ўзгаришини ҳам амалга оширди. АГМКда бундан буёғига ғолиблик руҳи янада сингдирилади. Ўзбекистон Кубогидаги муваффақият ва жамоага Қосимовнинг келиши АГМКни нафақат ўзига бўлган муносабатини, балки рақиблар тарафидан бўладиган муомулани ҳам ўзгарришига олиб келади.

Шунингдек, жамоа ўйин услуби тубдан ўзгаради. Ўтган мавсумдаги каби узун паслар, тўпсиз ўйин ва стандарт вазиятларига таяниб ўйнайдиган жамоа ўрнига тўпни хуш кўрадиган, уни назорат қилишга уринадиган ҳамда пас ўйнаш орқали комбинацион ва позицион ҳужумларга таяниб ўйнайдиган АГМК билан танишамиз. Агрессивлик қўшилади. Марказни кучайтириш орқали ўйин тизгинини назоратда ушлаб туришга катта урғу берилади.

Миржалол Қосимов катта эҳтимол АГМКда ҳам аввалги тактик услубидан воз кечмайди: 4-3-3. Бу дегани жамоа икки марказий ва қанот ҳимоячиларига эга бўлади. Ўртада яққол таянч зонасини ёпадиган ярим ҳимоячи ва нисбатан ҳужумга яқинроқ жойлашадиган марказий хавбеклар. Қанотда эса иккита ҳужумкор вингер жавлон уради. Ўртада яққол ҳужумчи ўйнайди.

"Истиқлол"га қарши ўйинда катта эҳтимол АГМКнинг тахминий таркиби шундай кўриниш олади:

Акбар Тўраев - Акмал Шораҳмедов, Шерзод Файзиев, Бобур Йўлдошев, Сайдулло Раҳматов - Костич, Санъат Шихов, Марко Зочевич - Жасур Ҳасанов, Зафар Полвонов, Мурод Тошматов.



Қайд этиб ўтиш керакки, мазкур баҳсда АГМКга Ойбек Қиличев ёрдам беролмайди. Сабаби, футболчи "Пахтакор" сафида ОЧЛ ўйинида дисквалификацияга учраган ва мазкур баҳсни ўтказиб юборади.

Дастлабки рақиб ном жиҳатдан жиддий кўринмасада, аммо янги қурилаётган ва ҳали умуман расмий учрашув ўтказмаган АГМК учун ҳақиқий бош оғриққа айланиши мумкин. Айни пайтда тубдан янгиланган жамоа учун дастлабки стартни муваффақиятли бошлаб олиш жуда муҳим. Илк беллашув эса исталган рақибга қарши жиддий ва ниҳоятда қийин кечади. Бироқ Қосимовнинг бой тажрибаси ҳамда алоҳида учрашувга ҳам махсус режа ва тактик тарафлама пухта ёндошиши эътибори билан АГМКнинг имкониятларини нисбатан яхшироқ баҳолашимиз мумкин. Агарда "Истиқлол" тўсиғидан ўтилса, кейинги рақиб янада жиддийроқ. Бироқ ҳозир "Ал Наср" ҳақида бош қотирадиган палла эмас. АГМКнинг бутун мураббийлар штаби ва клуб маъмуриятининг бор эътибори 12 февраль санасидаги тарихий ўйинга қаратилган.

Нафақат АГМК клуби тарихи, балки Олмалиқ шаҳри учун ҳам алоҳида қийматга эга баҳс. Жамоа рулига афсонавий Қосимовнинг келиши, ОЧЛ мадҳияси садолари остида майдонга тушиб келадиган жамоалар ва халқаро мусобақадаги дастлабки ўйин. Рақиб эса учрашувга янада зеб ва интрига қўшадиган, баҳсни дербига айлантириб юборадиган қўшниларимиз, Тожикистоннинг "Истиқлол" жамоаси.

Қисқаси, бутун Олмалиқ шаҳри халқи ва футбол ишқибозларини 12 февраль куни АГМК стадионида кутамиз. Тарихий ўйинда ўзбек футболида янги уйғонаётган гранд — АГМКни ёлғизлатиб қўймасликларига ишонамиз. 

Ўтган мавсум қисқа давр жамоада ишлаган Бахтиёр Ашурматов клуб тарихида ўз изини қолдиришга муваффақ бўлди. Энди эса янада жиддийроқ вазифаларни бажариш орқали Қосимов жамоа тарихидаги янги саҳифаларни очиши талаб этилади.

12 февраль куни ОЧЛ доирасида майдонга тушадиган яна бир жамоамиз - "Пахтакор" ҳақида сал кейинроқ батафсил тўхталаман. Жамоаларимизга ОМАД!


Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: +31   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика