Олтита мамлакатда ўйнаган, футболни танлашига Асқар Толибжонов сабабчи бўлган Азиз Ибрагимов бугун 33 ёшга тўлди
21 июл 2019 22:10
Янгиликлар
Олтита мамлакатда ўйнаган, футболни танлашига Асқар Толибжонов сабабчи бўлган Азиз Ибрагимов бугун 33 ёшга тўлди
Кечроқ бўлса-да, бугун 33 ёшини қарши олган Ибрагимовни сайтимиз ижодкорлари ҳамда ўқувчилари номидан муборакбод этамиз. Азиз ўз вақтида Словакия, Чехия, Хитой, Эрон ва Латвия чемпионатларида ўйнаган. Юрмаланинг “Спартак” клуби таркибида Латвия чемпиони ҳам бўлган.
Азиз Ибрагимов - 1986 йилнинг 21 июль куни Тошкент шаҳрида туғилган. Фаолияти давомида “Трактор” (Тошкент), “Шўртан” (Ғузор), “Андижон” (Андижон), “Динамо” (Самарқанд), “Бухоро” (Бухоро), “Навбаҳор” Словакиянинг “Слован” (Братислава), Чехиянинг “Богемианс - 1905”, “Баник”, “Богемианс”, Хитойнинг “Циндао”, Эроннинг “Машин Сози”, Латвиянинг “Спартак” (Юрмала) клубларида тўп тепган. У 2007-2011 йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 17 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урган.
Азиз Ибрагимов: - 8-9 ёшимда футбол билан шуғуллана бошлаганман. Аслида футболчи бўламан деб сира ўйламагандим. Каратэ ва таэквондо спорт турларига қизиқишим баланд эди. Кўпинча Брюс Ли, Жан Клод Ван Дам каби жанг усталари иштирок этган фильмларни севиб томоша қилганман. Футболга кириб келишимга асосий сабабчи Асқар Толибжонов ҳисобланади. Кейинчалик эса тақдир тақозоси билан Бахтиёр Нуралиев жамоасида миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганишни давом эттирганман.
Футбол мен учун ҳамма нарса. 18 ёшимда тиббий кўрикдан ўтганимда, юрагим билан боғлиқ муаммо чиққан. Аниқроғи, шифокорлар юрагим бошқаларнинг юрагига нисбатан каттароқ экани айтишган ва менга бошқа футбол ўйнаш мумкин эмаслигини уқтиришганида дунё кўзимга қоронғу кўринган. Футболчи бўла олмаслигимни хатто тасаввур ҳам қила олмаганман. Бу худди бир қизни яхши кўриб қолсангизу, оила азоларингиз йўқ дейишганидек гап эди. Шукрки, шунча йилдан буён футбол ўйнаб келаяпман, юрагим ҳеч қандай муаммо чиққани йўқ. Лекин ҳар сафар тиббий кўрикдан ўтганимда юрагим катта эканини доим айтишади.
Терма жамоадаги энг ёқимли, энг ёмон ва энг чиройли ўйиним... Адашмасам, энг ёқимли ўйин Сингапурга қарши сафардаги баҳс. Ўшанда 7:3 ҳисобида зафар қучгандик. Иккинчи бўлимда майдонга тушиб гол ургандим. Энг чиройли баҳс 2007 йилги Осиё Кубоги доирасида Малайзияни 5:0 ҳисобида ютганимиз бўлган. Бу учрашувда ҳам гол ургандим. Энг ёмон ўйиним эса Ироққа қарши Жанубий Кореядаги ўртоқлик ўйини бўлган. Ўша баҳснинг бошида қўполлигим учун ҳакам менга дарҳол қизил карточка кўрсатганди.
Муаллиф номидан: Азиз Ибрагимовни деярли 15 йилдан бери биламан. Касбимиз тақозоси билан бир неча маротаба интервью қилганмиз. Телевидения, радио, газета, сайт учун уюштирилган суҳбатлар ҳар сафар худди илк интервью сингари ўтарди. Ҳаётда ўта хушчақчақ, кўнгли очиқ йигит. Чехия ва Словакия чемпионатларида бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ ўйнагани учун чех тилини мукаммал билади. Прага шаҳрида уйи ҳам бор. Ўзи пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги кўп йилик тарихга эга "Ракат" маҳалласида истиқомат қилади. Айнан шу ерда у туғилиб ўсган. Юқорида таъкидлаганимиздек, бироз кечроқ бўлса-да, бугун ўз таваллуд айёмини нишонлаётган Азиз Ибрагимовни яна бир бор муборакбод этамиз!
Фикрлар