UZ

Сўнгги янгиликлар

08:05Флик: "У сафга қайтса, албатта, хурсанд бўламан"  0 07:44"Лацио" ўз уйида "Кальяри"ни таслим этди. Меҳмонлар ўйинни 9 футболчи бўлиб якунлашига тўғри келди  0 07:21Неймарга иккита ўйин етарли бўлди  1 01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  2 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  8 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  8 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  6 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1

Олмалиқда янги спорт мажмуаси Янгиликлар

Олмалиқда янги спорт мажмуаси

Мамлакатимизда футболни янада ривожлантириш, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир истеъдодли спортчиларни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 19 январда қабул қилинган “2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда янги стадионлар барпо этилди, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Болалар ва ўсмирлар футбол мактабларини замонавий спорт инвентарлари билан таъминлаш, малакали мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлаш ишларини яхшилашга эътибор янада кучайди.

Тошкент вилоятида бу борада муайян ишлар бажарилмоқда. Ўтган йили вилоятда йигирмадан зиёд кичик футбол майдонлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бир нечта стадион таъмирланди, янгилари барпо этилди.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” очиқ акциядорлик жамиятига қарашли қурилиш-таъмирлаш корхона ва ташкилотлари томонидан бунёд этилган “Олмалиқ” футбол клубининг янги стадиони – спорт мажмуаси бунга ёрқин мисолдир.

Сўнгги пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилаётган мазкур мажмуа қурилишида ишлатилган материалларнинг асосий қисми юртимизда ишлаб чиқарилган.

Олмалиқ шаҳри чиройига-чирой қўшган ушбу спорт иншоотига кираверишдаги фаввора, янги ташкил этилган боғдаги гуллар, арча ва бошқа манзарали дарахтлар бу ерга келган кишининг кайфияти ва руҳиятини кўтариб юборади.Ўн икки минг ўринли стадионнинг маъмурий биносида клуб раҳбарияти, мураббийлар, футбол маъмурлари, ҳакамлар ва спортчилар учун барча зарур шароитлар яратилган.Журналистлар ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида хоналар мавжуд. Бинонинг биринчи қаватига туташ иккита манежда футзал, волейбол, қўл тўпи, бокс, кураш каби спорт турлари билан шуғулланиш мумкин.

Маъмурий бино ва асосий футбол стадионидан ташқари, учта теннис корти, битта баскетбол, машғулотлар ва назорат ўйинлари ўтказиладиган футбол майдонларини ўз ичига олган мажмуа теннис, баскетбол ва бошқа спорт турларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Стадионда ўйинни сифатли тасвирга олиш учун зарур шароитлар муҳайё этилган. Бу ердаги видео-табло мухлисларга футбол учрашувини ҳар томонлама кўриш имкониятини яратади. Ёритиш ускуналари ФИФА талабларига тўла мос келади. Автомобиллар учун махсус тўхташ жойлари мавжуд.

Асосий футбол майдонининг етмиш фоизи табиий ўт, қолган қисми сунъий қопламадан иборат. Мутахассисларнинг айтишича, бундай стадионда футбол ўйнаш ҳар жиҳатдан қулай, унинг нормал ҳолатини сақлаш кўп меҳнат ва харажат талаб этмайди.

– Янги стадионимизда томошабинлар, футболчи ва мураббийлар учун яратилган шароитлар бугунги кун талаблари даражасида, – дейди “Олмалиқ” футбол клуби бош мураббийи Игорь Шквирин. – Бундай замонавий ва қулай шароит яратиб берган давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз. Мақсадимиз миллий чемпионатимизда тезкор ва чиройли ўйин кўрсатиш, юқори натижаларга эришиш, мухлисларни хурсанд қилиш, қитъа ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш ҳамда ўзбек футболи ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.

2008 йилдан буён олий лигада тўп суриб келаётган “Олмалиқ” футбол жамоасининг миллий чемпионатимизда эришаётган натижалари йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. 2011 йили клуб чемпионатимизда ўн биринчи, 2012 йили саккизинчи, ўтган йили эса бешинчи ўринни банд этгани фикримизни тасдиқлайди.

Клуб қошида фаолият олиб бораётган футбол мактабида айни кунда 7-16 ёшли икки юз эллик нафарга яқин бола шуғулланмоқда. Уларга тажрибали, профессионал мураббийлар “миллионлар ўйини” сир-асрорларини ўргатаётир.

Назарий ва амалий машғулотларнинг бошланғич, тайёрлов ва такомиллашув каби босқичларида чиниқаётган, тажриба ва маҳоратини ошириб бораётган ўсмирлар вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда фаол иштирок этмоқда. Ўтган йили мактабнинг 1998-2000 йилларда туғилган болалардан таркиб топган жамоалари вилоятда биринчи, республикада учинчи ўринни эгаллади.

– Машғулотларда мураббийларимиз жисмоний, техник ва тактик тайёргарликка алоҳида эътибор бераётгани учун ҳам ана шундай ютуқларга эришмоқдамиз, – дейди ҳимоячи Шароф Убайдуллаев. – Ниятим, келажакда кучли футболчи бўлиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишдир.

Мактабда юртимизнинг таниқли спорт усталари иштирокида кўргазмали маҳорат сабоқлари ташкил этилаётгани болаларнинг спортга қизиқишини оширишда муҳим омил бўлаётир. Жумладан, миллий терма жамоамизнинг етакчи вакилларидан бири, 2013 йилнинг энг яхши футболчиси Виталий Денисовнинг маҳорат сабоқлари ёшларда катта таассурот қолдирди.

Бу ерда футбол билан шуғулланаётган болаларнинг қирқ беш нафарини қизлар ташкил этади. 15 ёшли Комила Зарипова улардан бири.

– Аёллар ўртасида бир неча марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган “Севинч” футбол клуби қизларига ҳавас қилиб, шу ерга келганимга ҳам бир йилдан ошди, – дейди Комила. – Бу ерда мени катта мураббий ёрдамчиси Навбаҳор Қосимова кутиб олди, машғулотларни бошладим. Тўп билан кўпроқ ишлашга киришдим. Бекобод қизлар футбол жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида илк маротаба майдонга тушганим, оҳангаронлик қизлар жамоаси дарвозасига тўп киритганим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ана шу мусобақалар, машғулотларнинг ўзгача олиб борилиши футболга бўлган муносабатимни, қизиқиш ва интилишимни янада оширди. Ниятим – юртимизнинг энг кучли аёллар футбол клубларида, миллий терма жамоамиз сафида тўп суришдир.

“Олмалиқ” футбол клуби қошидаги мактабда яратилган кенг имкониятлар, машғулотларнинг юқори савияда, энг илғор усуллар асосида олиб борилиши ёш футболчиларнинг ўз кучи ва салоҳиятига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Спорт – болаларни соғлом, жисмонан ва маънан баркамол инсонлар этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганининг замирида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар мужассамдир.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика