UZ

Сўнгги янгиликлар

01:56U-23 Осиё кубоги. Даҳшат! Индонезия Жанубий Кореяни енгиб, ярим финалга йўл олди. Жамоалар 12 тадан пенальти тепишди  28 00:28Швейцария Суперлигасида ўйин олдидан қорли стадионни мухлислар тозалашди  0 00:11U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши ўйинолди машғулоти ўтказди  2 23:54АПЛда ўйнайдиган икки нафар футболчи зўравонликда гумонланиб, ҳибсга олинди  6 23:37Франция президенти Дрогба ва Азар билан бир жамоада футбол ўйнаб, пенальтидан гол урди  3 23:10Ҳожимат Эркинов: "Учрашувнинг асосий вақтида ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз"  10 22:46Ямал тепган тўп дарвозага кирганмиди? Лунин жавоб берди  21 22:08U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши ўйинолди машғулоти ўтказди  13 21:51U-23 Осиё кубоги. Мезбон Қатар Олимпиада йўлланмасидан маҳрум бўлди, Япония ярим финалда!  22 21:39Эрон футзал термаси бош мураббийи: "Ўзбекистонга қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз"  6 21:14Биласизми? Роналду кунига беш маҳал ухлайди  16 20:48U-16 Ривожланиш кубоги. Ўзбекистон Озарбайжонни мағлуб этди  3 20:20“Ордабаси” машғулотига номаълум шахслар ташриф буюриб, клубга ким хўжайин эканлигини кўрсатмоқчи бўлишди  13 20:01Карло Анчелотти Куртуа "Кадис"га қарши майдонга тушиши мумкинлигини тасдиқлади  2 19:39"Арсенал" кўрикка МЛСдан дарвозабонни таклиф қилди  0

Одил Аҳмедов Купер ва Абрамов, "Ал Ҳилол" таклифини рад этгани, Саудия Арабистонига нега ютқазганимиз ва болалар футболидаги коррупция ҳақида (матнли) Янгиликлар

Одил Аҳмедов Купер ва Абрамов, "Ал Ҳилол" таклифини рад этгани, Саудия Арабистонига нега ютқазганимиз ва болалар футболидаги коррупция ҳақида (матнли)

Мамлакатимизда футбол мавсуми аллақачон якунига етган.

Хатто, клубларимиз янги мавсумга тайёргарлик жараёнини ҳам бошлаб юборишди.

Юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва Хитойнинг "Шанхай СИПГ" клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовни "Championat.asia" офисига таклиф қилдик. Сардоримиз билан ўтказилган суҳбатнинг видео вариантини сайтимизнинг "Youtube"даги саҳифаси орқали томоша қилишга улгурган бўлсангиз керак. Биз эса ўқувчиларимизнинг илтимосларини инобатга олган ҳолда, интервьюнинг ёзма вариантини ҳам эътиборингизга ҳавола этамиз.




- Келинг, суҳбатимизни жорий йил терма жамоадаги фаолиятингиз ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.
- Йил бошида озгина нимадирлар қовушмади, терма жамоанинг йил охиригача бўлган ўйинларини аъло даражада дея олмайман. Чунки, орада мағлубиятлар бўлди. Айниқса, Саудия Арабистони билан учрашувдаги аламли мағлубият... Шунга қарамай чиройли ғалабаларни ҳам қўлга киритдик. Умумий қилиб ўртача баҳо берган бўлардим. Қачон аъло баҳо бериш мумкин? Қачон-ки, терма жамоа кейинги босқич масаласини ҳал қилсагина. Шу сабаб, терма жамоадаги ўйинларга бу йил ўртача баҳо бераман.

- Йил давомида терма жамоада мураббийлар алмашинуви кузатилди. Купернинг кетиши бизга нима берди-ю, нимадан маҳрум қилди? Ўз навбатида Абрамовнинг келиши нима берди-ю, нимадан маҳрум қилди?
- Ҳар бир терма жамоага мураббий олиб келишдан олдин ўша жамоанинг қандай футбол ўйнашини ҳисобга олинади. Ҳимоявийми ёки ҳужумкор футболни устун қўядиган жамоами. Шунга қараб мураббий олиб келинади. Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоявий футболга мослашган жамоа эмас. Эктор Купер бизни ҳимояланиб ўйнатишга ҳаракат қилди. Лекин, бизда 90 дақиқа фақат ҳимояда туриб берадиган ҳимоячилар ёки ярим ҳимоячилар йўқ. Биз кўпроқ ҳужумкор футбол ўйнаймиз, ҳимоячиларимиз ҳам ҳужумга кўп қўшилишади. Куперни келиши нотўғри қарор бўлди демаган бўлардим. Шунчаки, бу паллада тактикага мос мураббий олиб келинмади.

Вадим Абрамов терма жамоада олдин ҳам ишлаган. 2011 йилда яхши натижаларга эришган, уни қандай футбол талаб қилишини ҳамма яхши билади. Шу сабаб, Абрамов қўл остида ўтказган охирги ўйинларимиздан мухлислар ҳам мамнун бўлишди деб ўйлайман. Хатто, Саудия Арабистонига ютқазган бўлсак ҳам, ҳужумкор футбол кўрсатдик. Яман, Сингапур ва Фаластинни чиройли ўйин билан енгдик. Боя айтганимдек, қандай мураббий келишидан қатъи-назар биринчи навбатда натижа яхши бўлиши керак. Кўзланган мақсадга эришилганда мураббийнинг тўғри иш қилганига баҳо бериш мумкин.


- Абрамов келганидан сўнг, дастлабки 2 расмий ўйинда ғалаба (Яман устидан Тошкентда 5:0 ва Сингапур устидан сафарда 3:1) қозондик. Аммо, ноябрь ойида Саудия Арабистонига қарши ўйин учун жамоа деярли икки ҳафта тайёрланди, Суперлига охирги турлари кўчирилди, мураббийларга барча шароитлар яратиб берилди. Аммо, биз йилнинг энг муҳим учрашувларидан бирини бой бердик. Ўша баҳсда мураббий сизни марказий ҳимояга қўйди, хатто биз марказни рақибга бой бериб қўйганимизда ҳам сиз марказий ярим ҳимояга ўтмадингиз ва якунда аламли мағлубият...
- Футбол миллионлар ўйини. Агар ўша куни биз саудияликларни мағлуб этганимизда, бизни ҳамма ишларимизга тўғри баҳо берилган бўларди. Икки ҳақталик йиғин ҳам, мени марказий ҳимояда тушганим ҳам тўғри бўлиб чиқарди. Футбол хатолар билан қизиқ. Кимдир охирида гол қўйиб юборади, кимдир охирида ғалабани илиб кетади.

Ўша уни мураббий ҳам бундай бўлишини кутмаган, агар билганида балки охирида 6 ёки 5 нафар ҳимоячини туширган бўларди. Бу муҳокама қилиш жуда ҳам қийин бўлган нарса. Агар ютганимизда ҳаммаси тўғри бўлиб чиқарди, афсуски ютқазганимиздан кейин кимдир мураббийга айланиб кетади, кимдир тактикани хато бўлди, яна кимдир ўзгаришлар хато бўлди дейди. Бу футбол ва унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Мен мураббий ишини ҳеч қачон қораламайман, чунки бу жуда ҳам қийин иш. Зарур пайтда тўғри қарор қабул қилиш керак, хуллас оғир касб.

- Вадим Абрамов охирги иккита беллашувда сизни марказий ҳимоя ва таянч ярим ҳимояга қўйди. Ваҳоланки, ўзингизни марказий ярим ҳимояда эркинроқ ҳис қиласиз. Терма жамоада бу икки позитицияда ўйнаётганингиз сизга қанчалик маъқул келмоқда?
- Профессионал футболга ярим ҳимоячи бўлиб кириб келганман. Менга кўпроқ ярим ҳимояда ўйнаш ёқади, ҳимояда ўйнаш учун камида 3-4та учрашувда ҳаракат қилиш ва кўникиб олиш зарур бўлади. Чунки, ярим ҳимояда ўйнаб-ўйнаб ҳимояга ўтказилсангиз, ҳаёл марказга кетиб қолаверади. Ўшанда мураббий менга марказий ҳимояда ўйнамасам бўлмаслигини тушунтирди. Шу сабаб, ҳимояда ўйнашга мажбур бўлдим.

- Абрамов терма жамоадаги олдинги фаолиятида ҳам сизни марказий ҳимояда ўйнатган. Лекин, ўшанда таянч ярим ҳимояда Азиз Ҳайдаров, марказий ярим ҳимояда эса Тимур Кападзе ҳамда Сервер Жепаров тўп тепган. Яъни, ўшанда ярим ҳимоямизда 3 нафар топ ўйинчи борлиги Аҳмедовнинг йўқлигини билдирмаган. Саудияга қарши баҳсда эса марказимиздаги футболчиларнинг топ даражада эмаслиги Аҳмедовнинг йўқлигини билдириб қўйди. Бу фикрга қўшиласизми?
- Айтяпман-ку, агар ўша куни ғалаба қозонганимизда бошқача фикрлар бўлиши мумкин эди. Яхши ҳам Аҳмедов йўқ экан, ўртада тўлиқ устунлик қилдик ва ғалаба қозондик дейиларди. Ютқазганимиз учун ҳам кимдадир шундай фикр бор. Ўртада бу ўйинчилар ҳам яхши, лекин катта жамоаларга қарши ўйнаганда тажриба ўз сўзини айтади. Саудия билан ўйинда эътибор берган бўлсангиз, улар ютқазаётган бўлса ҳам орқада туриб пас ўйнаяпти. Бизникилар нисбатан тажрибасизроқ бўлгани учун ҳам ҳисобда олдинда бўлсак ҳам олдинга боришга ва агрессив футбол намойиш этишга ҳаракат қилишди. Бундай катта ўйинларда қўл келадиган нарса бу - тажриба.

Ҳисобда олдинда бораётган пайтимизда тўпни ўртаа ушлаб туришимиз керак эди. Биз эса фақат ҳужум ва ҳужум қилавердик. Улар эса охирида бундан унумли фойдаланди ва бизга дарс бўладиган ўйин кўрсатиб кетишди. Ҳозирги йигитларни ҳам ёмон демайман, лекин 2011 йилдаги ўйинчилар билан солиштирганда тарози палласини эски авлод босади. Ўша пайтдаги ярим ҳимоячиларимиз кучли бўлиш билан бирга, жуда ҳам тажрибали эдилар. Шу сабаб, кўп тўқнашувларда тажриба эвазига ҳам ғалабани ўз томонимизга оғдириб кетардик.



- Олдинда бизни Саудияда жуда ҳам иссиқ об-ҳаво шароитида ўтадиган қийин ўйин кутмоқда. Ўз майдонимизда имкониятни бой берган жамоани сафарда ютиб келишимизга ишонасизми? Балки, меҳмонда иккинчи рақам бўлиб ҳаракатланишимиз бизнинг фойдамизга ишлар.
- Бу футбол. Агар вазият тескари бўлганда ва биз меҳмонда ғалаба қозонган бўлганимизда сиз уйда ҳам хотиржам ютамиз деган бўлардингиз. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳозирдан меҳмонда иккинчи ёки биринчи рақамда ўйнашимизни билмаймиз. Ўша кунга келибгина тактика танланади. Чунки, айнан ўйин куни ким қандай ҳолатда бўлишига боғлиқ ҳаммаси. Балки, унгача биз кейинги босқич масаласини ҳал қилармиз, балки саудияликлар ютқазиб қўйишар. Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ, шу жумладан Саудияни ютиш ҳам имконсиз нарса эмас. Ўша куни футболчилар ўзини қандай ҳис қилади, иссиқ ҳавода ўйнашга тайёр бўладими, ёки бўлмаса терма жамоа лидерлари қанақа формада бўлиши ҳам муҳим. Етакчиларни яхши формада бўлиши ҳам катта рол ўйнайди. Сафарга бориб ютиб келиш қўлимиздан келади. Бу ютиб бўлмайдиган Саудия Арабистони эмас.

- Терма жамоа етакчилари ҳақида гап очдингиз. Бу йил порлаб чиққан янги етакчимиз Элдор Шомуродов ҳақида фикрларингиз.

- Элдор учун жуда ҳам хурсандман. Россияга кетишидан олдин ҳам кўп гаплашганмиз, у ерда яхши ўйнаб ўзини кўрсатса катта ютуқ бўлишини айтганман. Ўйлайман-ки, у шу темпда кетадиган бўлса Ўзбекистонда Максим Шацких даражасидаги топ-ҳужумчига эга бўламиз. Келажакдаги фаолиятига омад тилайман. Энг муҳими, яхши футболчи бўлиш билан бирга жуда яхши инсон ҳам. Инсонийлигини сақлаб қолиб ўз устида ишласа уни топ-5 чемпионатларда кўришимиз мумкин. Расман аниқ шартнома таклиф қилишса, Элдор Германия ёки Испания чемпионати даражасида ўйнай олади.


Шундан сўнг суҳбатимизни клуб доирасидаги савол-жавоблар билан давом эттирдик.

- "Шанхай СИПГ" билан олдинги шартномангиз 2019 йилда ниҳоясига етиши керак эди ва сиз шундан сўнг ватанимга қайтаман, фарзандларим Ўзбекистонда таҳсил олишларини хоҳлайман дегандингиз. Лекин, бу йил Хитой клуби билан келишувни 2021 йилгача узайтирдингиз. Сабаб?
- Бу мен учун хушхабар бўлди. Чунки, менга мавсумнинг ўртасида янги шартнома таклиф қилишди. Ҳозирги пайтда Хитой чемпионатида легионер сифатида ўйнаш кўп футболчилар учун орзуга айланиб боряпти. Ота-онам, оила аъзоларим ва яқинларим билан маслаҳатлашган ҳолда шанхайликлар билан шартномамни 2021 йилгача узайтиришга қарор қилдим. Бу ўзим учун ҳам, яқинларим учун ҳам тўғри қарор деб ўйлайман.

- Сизга ОЧЛ ғолиби Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" клубидан таклиф тушган экан. Нима учун бу таклифни рад этдингиз?
- Саудия Арабистони, БАА клублари ва яна бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўляпти. Лекин, Шанхайга кўникдим, у ерда йигитларни яхши биламан, шароитни биламан. Ўйнаб турган жойимдан бошқа клубга ўтсам, у ерда менталитет қандай, шароитлар қай даражада аниқ билмайман, балки улар билан чиқишиб кетолмасман. Иккита бир хил жамоа турганда ўрганган жамоангизни ташлаб кетолмайсиз.

- Бу танловингизда моддият қай даражада ўрин тутди? Балки, "Шанхай" "Ал Ҳилол"дан кўпроқ маош ваъда қилгандир.
- Иккала жамоа ҳам бир хил маош билан чиқишди, шу сабаб "Шанхай СИПГ"да қолдим.



Аҳмедов билан суҳбатимизнинг сўнгги қисмида "Odil Junior" академияси ва болалар футболи ҳақида гаплашдик.

Ҳозир 1-2 млн сўм ишлайман деб, келажакдаги 1-2 млн долларни йўқ қилаяпти.


- "Odil Junior" академиясини очиш фикри кимдан чиққан ва уни юритишда кимлар билан бирга ишлаяпсиз?
- Футбол ривожи учун энг катта ишни болалар футболидан бошлаш керак. Чунки, пойдевор қўймасдан туриб томни ёпиш бефойда. Бизда кўпчилик буни тушиниб етмаяпти. Бизда ёшлар футболидаги коррупцияни йўқ қилиш керак. Ёшлар ўртасида бирор турнир ўтказсангиз, ўша мусобақада биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни олган мураббийлар (у хоҳ коллежда ишласин, хоҳ академияда)нинг маоши автоматик тарзда кўтарилади. Шунинг учун улар учталикка кириш мақсадида ҳар нарсага тайёр. Биринчи ўринни олиш учун керак бўлса ҳакам билан гаплашади ёки рақиб жамоа мураббийи билан гаплашади. Ҳозир 1-2 млн сўм ишлайман деб, келажакдаги 1-2 млн долларни йўқ қилаяпти. Мисол учун, Шомуродов ва Машариповга ўхшаган ёш футболчилар кўп. Фақат юқоридаги иллатларни йўқотиш кераклигини ҳаммамиз тушуниб етсакгина, биздан ҳам кўплаб жуда кучли ўйинчилар етишиб чиқади.

Бевосита "Odil Junior"ни очилишига келадиган бўлсак, Нодирхўжа Юлдашевни таклифи билан ишга киришганмиз. Мен, Нодирхўжа ва Содиқ исмли дўстим биргаликда ҳаракат қилаяпмиз. Мақсадимиз - болалар футболига эътибор бериш ва у ердан ўзбек футболи учун яхши ўйинчиларни чиқариб бериш. Фаолиятни эндигина бошладик, ҳали олдинда қилиниши зарур бўлган ишлар кўп. Баъзида бизга боғлиқ бўлмаган муаммолар ҳам бўлади, агар давлат томонидан ҳам озгина қўллаб-қувватлов бўлса, кучли футболчиларни етиштириб берамиз.



- Наманган шаҳрида "Odil Junior" академияси расман очилди. Бино, ётоқхона, майдон, хуллас барча шароитлари бор академия. Мана шундай махсус бинони бошқа вилоятлар ёки пойтахтда ҳам қуриш ниятларингиз борми?

- Намангандаги ишимизни Тошкентда ҳам қилиш режамиз бор. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига Тошкентда болалар учун барча шароитларга эга стадион қуриш борасида ҳужжат топширганмиз. Агар ҳаммаси ижобий якун топса, Тошкентда ҳам худди Намангандаги каби комплекс қурмоқчимиз.

- Буни комплексни қуриш қачонга мўлжалланган?
- Насиб қилса 2020 йилда қурмоқчимиз. Лекин, бизга боғлиқ бўлмаган жиҳатлар ҳам бор. Шундай томонлари бор-ки, биз ҳар қанча ҳаракат қилмайлик вазирликнинг кўмагисиз ечиб бўлмайдиган муаммолар бор. Агар вазирлик ҳал қилиб берса, моддий томонларини ўзим ҳал қилиб яхши комплекс қурамиз.

- "Odil Junior" академиясига асосан Италиядан болалар мураббийлари келиб мастер класслар ўтиб кетишмоқда. Бу Одил Аҳмедов академия тарбияланувчиларига италянча футболни сингдирмоқчи деганими?
- Болалар футболида мураббийлар Италиядан келадими ёки Англияданми, муҳими ишни тўғри йўлга қўйиш. Бизда мураббийлар мактаби йўқ, кучли болалар мураббийлари ҳам бармоқ билан санарли. Вилоятларга бориб болаларни қандай шуғуллантиришларини кузатиб кўринг. Баъзида кўзим тушиб қолади, 90-йиллардаги машқларни ҳалигача ёш болаларга ўтишади. Ҳозир замон ўзгараяпти, футбол ривожланяпти, машғулотлар, мураббийлар ривожланяпти. Футболда ҳар куни ўз устизда ишламасангиз, ўқимасангиз орқада қолиб кетаверасиз. Италиядан мураббийлар олиб келишимиздан мақсад - Италия, умуман Европада болалар футболи қандай ўсаётгани, мураббийлар қандай ишлаётгани тажрибасини ўзбек мураббийларига бериш. Мураббийларимиз бизда ва Европада машғулотлар қандай олиб боришаётганини кўриб, таққослаб, ўзларига хулоса чиқариб олишлари керак ва ёш болакайларимизга европача футболни ўргатиш зарур.

- Юқорида болалар мураббийлари ҳозир 1-2 млн сўм ишлаб олиш учун келажакдаги 1-2 млн долларни йўқ қилаётгани ҳақида гапирдингиз. Бу англатади-ки, ёшлар мураббийлари жуда кам маош олишади. "Odil Junior" мураббийлари маош тарафлама яхши таъминланганми? Улар ҳам қачондир шундай қилмасликларига ишонасизми?
- Бу ерда ҳамма гап катта ёки кичик маошда ҳам эмас. Пойдевор турибдими, мураббий келажакда шунинг ортидан яхши бўлиб кетишим мумкин деган фикрга келиши керак. Яъни, фикрни ўзгартириш керак. Ўзимдан мисол қилиб оладиган бўлсам, менга тарбия берган устозларимдан ҳалигача хабар олиб тураман, қўлимдан келганча ёрдам бериб тураман. Ҳеч қайси футболчи унга устозлик қилган мураббийларини унутмайди.

- Инстаграмда шахсий саҳифангиз йўқ, фақат фанпейж бор. Нима учун инстаграмда аккаунт очиб юритмайсиз?
- Бу нарсани ўзим ва оилам учун нотўғри деб ҳисоблайман. У ерда икки киши яхши гап ёзса, уч киши ёмон гап ёзади. Баъзида жуда оғир гапларни ҳам ёзиб юбораверишади. Шу сабаб ижтимоий тармоқларда саҳифам йўқ, аёлимга ҳам рухсат бермаганман. Буни оила мустаҳкамлиги учун нотўғри нарса деб биламан.



Толибжон Қосимов суҳбатлашди



Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +47   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика