

Бироқ халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган "Нефтчи", "Пахтакор" ва "Насаф" клубларининг ҳеч бири ярим финалга қадар етиб кела олмагач, Лига шундоқ ҳам декабрнинг иккинчи декадасига қараб бораётган мавсумдаги кунларни бироз қисқартириш мақсадида ярим финал учрашувларини ноябрь ойидаёқ ўтказиш бўйича қарор қабул қилди. Шунга қарамай, финал ўтказиладиган сана тўлиқ аниқ эмас.
Бунга асосий сабаб сифатида ярим финалчилар орасида "Андижон" клубининг Суперлига плей-офф ўйинларига қолиб кетиш мумкинлигини кўрсатиш мумкин. Яқинлашиб келаётган 29-турга қадар андижонликлар хавфли зонадан узоқлаша олмади. Шундан келиб чиқиб, "Андижон" клуби финал чиптасига эга чиқса, ҳал қилувчи беллашув санаси ишчи режада 16 декабрь сифатида белгилаб олинган. Мазкур сана Ислом Аҳмедов шогирдларининг плей-офф босқичида иштирок этиши ва унинг қайси раундида тўп суриши билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолади. "Андижон" финалга чиқа олмаса ёки чиқиб, кейинчалик клуб Суперлига мавсуми якунига қадар хавфли зонадан узоқлаша олса, у ҳолда финал ўйинини 10 декабрда ўтказиш имконияти пайдо бўлади.




