UZ

Сўнгги янгиликлар

16:53"Пахтакор" фахрийлари 11 август куни Минскда "Динамо"га қарши ўйнайди  5 16:11Ўзбекистон терма жамоаси амалдаги Жаҳон чемпионига қарши ўйнайди  7 15:29Расман: "Навбаҳор" ёзда 7 футболчини ўз сафига қўшиб олди  15 14:57"Мен ҳамон МЮ билан АПЛ ва ЕЧЛни ютишни орзу қиламан"  4 14:32Англия терма жамоаси футболчиси тез орада "Атлетико"га ўтади  1 13:33Гвардиола: "Улар бизга муаммо туғдиришди"  2 13:04"Челси" яна бир дарвозабонга пул сарфлади, энди уларда 7 нафар посбон бор  4 12:27Суперлига. Андижондаги марказий ўйинни ким бошқаради? 14-турнинг дастлабки 3 ўйини ҳакамлари маълум  5 11:59ОЧЛ тугатилди, энди янги мусобақа кўрамиз  25 11:26Ўзбекистон делегациясига Футзал Жаҳон чемпионати-2024 кубогини топшириш маросими бўлиб ўтди  4 10:56"Локомотив" эртага янги ўйинчиларни таништиради  1 10:45«Барселона» узоқ вақт қизиққан футболчисининг трансферидан воз кечди  3 10:11«Фулҳэм» «Арсенал» футболчиси учун рекорд миқдорда пул тўлайди  4 09:43«Ал Садд» «Монако» футболчисини сотиб олди  2 09:15Sofascore. Кечаги учрашув учун Ўзбекистон ОТЖ футболчилари қандай баҳоларга лойиқ кўрилди?  15

Нодирхўжа Юлдашев билан Тошкент шаҳар футболидаги муаммолар бўйича очиқ суҳбат Янгиликлар

Нодирхўжа Юлдашев билан Тошкент шаҳар футболидаги муаммолар бўйича очиқ суҳбат

Тошкент шаҳар чемпионати шу пайтгача учта чемпионатни ўтказиб келган. Булар - шаҳар 2-лигаси, 4та ёш тоифасидаги ўсмирлар чемпионати ва фахрийлар лигаси.

Олган маълумотларимизга кўра, Тошкент шаҳар футбол федерацияси (ТФФ) 2018 йилги футбол мавсумига катта тайёргарлик кўряпти. 2018 йилдан мусобақалар рўйхати ошади. Болалар ва ўсмирлар ўртасидаги чемпионатлар куз-баҳор тизимига ўтади. Бунга аввало Ўзбекистондаги об-ҳаво сабаб. Ундан ташқари, ёзги таътилда интернат ва спорт коллежи ёпилиши натижасида кўплаб ўйинлар номаълум муддатларга қолдирилиб келинган. Ҳакамлар етишмовчилиги ҳам мавжуд. Куз ва баҳор тизимига ўтиш орқали 4та ёш тоифасидаги жамоалар марказлашган чемпионатни ўтказиш имкониятига эга бўладилар.

"Бир неча йиллардан бери жаҳон амалиёти аллақачон воз кечган тизим Тошкент шаҳар чемпионатида ҳамон қўлланиб келинарди. Яъни, 4та ёш тоифасидаги жамоаларнинг якуний очкоси йиғиндиси натижасида жамоа кучлилар сафига қўшилган ёки тарк этган. Бу эса росмана кучли жамоаларнинг юқорига чиқишига тўсиқ бўлиб келган. Масалан, ИБЎСМ ва "Локомотив-2" жамоалари 2003 ва 2004 йиллар чемпионатда доимий равишда биринчиликнинг кучли жамоаси бўлган. Аммо қолган 3та ёш тоифасининг кучсизлиги эвазига улар олий лигага чиқа олишмаган. Худди шу тарзда, қолган иккита жамоасининг кучлилиги туфайли кучсиз бўлган иккита ёш тоифаси олий лигага чиқиб борган. Бу тизим аввало футболимизга зиён бўлиб, чемпион боланинг руҳиятига жиддий таъсир қилиб келган. Шу боисдан 2018 йилдан эътиборан барча ёш тоифаси ўзи учун ўзи жавоб беради", - дейди Тошкент шаҳар футбол федерациясининг Вице-президенти Нодирхўжа Юлдашев.



Яна Сизда қолган учта ёш тоифангиз бўлмаса то у йиғилмагунча чемпионатга қўшила олмагансиз. Натижада жамоалар бўла туриб ўзга клубларнинг номидан чиқиб юрган. Бу эса футболчининг паспортидаги бир неча камчиликларни юзага чиқарган. Бундан буён Тошкент шаҳар чемпионатида истаган клуб истаган ёшида қатнаша олади, фақат улар бу ишни 1-лигадан бошлашлари керак бўлади.

Тошкент шаҳар чемпионати 4та ёш тоифасида очколик тизимини жорий қилган, бу жаҳон амалиёти. 2018 йил учун булар U-16 (2002), U-15 (2003), U-14 (2004) ва U-13 (2005) бўлади.

"2-лига ва 17 ёшли футболчи ўртасида тафовут катта бўлиб, аксар БЎСМ ва клублар 16 ёшдан кейин жамоаларни тарқатиб юборганлар. Чунки уларга монанд чемпионат мавжуд бўлмаган. Шу камчиликни бартараф этиш мақсадида 2018 йил 10та жамоадан иборат U-17 ва U-19 чемпионатлари фаолият бошлайди. U-17 чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига номзод футболчилар беллашадилар. Бу 2001 йилда таваллуд топган футболчилар. 2019 йилга келиб улар учун U-19 лигаси учун хизмат қилади. Айнан шу лигаларнинг мавжуд эмаслиги туфайли барча жамоалар ўзларини 2-лигага уриб келганлар. У ердаги савия эса йилдан-йилга тушиб борган”.


2018 йилдан эътиборан барча ёш тоифаси ўзи учун ўзи жавоб беради


“U-17 ва U-19 лигасини тузиш орқали Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасига катта фойдамиз теккан бўлади. Бугунги кунда барча ҳам пойтахт клубларининг ўринбосарлари сафига қўшила олмайди. У ерда ҳам етарлича футболчи бор, ҳеч қачон клуб 60 нафар футболчини қайд эта олмайди. Юқоридаги иккита лига эса 19 ёшгача рақобатни ушлаб туради ҳамда кейинчалик ўйини очилиб кетадиган футболчилар учун трамплин вазифасини бажаради", - дейди Нодирхўжа Юлдашев.

- Шаҳар чемпионати қандай кўринишга ўтади?
- Болалар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақалар янгича кўриниш олаётгани боис, 2018 йилнинг март-май ойларида биз олий лига ва биринчи лига жамоаларини аниқлаб оламиз. Ҳозир олий лигада сифатсиз клублар кўп, аксинча, юқори лигани кучайтириши мумкин бўлган жамоалар биринчи лигада. Уч ой давомида бир давралик мусобақа орқали биз иккита лигани ажратиб оламиз кейин куз ойидан янги мавсумга киришамиз. Куз-баҳор тизими фақат 4 тоифа вакиллари учун амалда қўлланилади. Баъзан ёзнинг иссиғида бўлиб ўтадиган ўсмирлар чемпионатини кўриб ачиниб кетасиз. Иссиқ билан бир қаторда, сунъий майдонда бўладиган ўйинлар футболчининг соғлиғига жиддий зарар етказади.



- Энди Тошкент шаҳар чемпионатида иштирок этадиган ўсмир футболчилар фуқаролик паспорти (киндер)га эга бўлишлари лозим бўлади деган гап эшитдик?
- Яна бир маълумотни таъкидлаб ўтаман. 2005 йилда таваллуд топган ва ундан катта футболчилар энди фуқаролик паспорти билан рўйхатдан ўтказилади. Тошкент шаҳар чемпионатида фуқаролик паспорти билан рўйхатдан ўтган футболчини, қайси вилоятдан бўлишидан қатъий назар ёши кичрайтирилмаганини билиш учун маълумот тўплаймиз. Йиллар давомида ўзимизни алдаганимиз етар. Энди ёши кичрайтирилган футболчи учун пойтахт клубининг мураббийи жавобгар бўлади. Менга тайёр келган эди қабилидаги баҳона ўтмайди. Бир футболчини бир йил ичида текшириб олиш муаммо эмас. Ёши катта футболчиларнинг келиши натижасида, ўз ёшидаги ўсмир захирада ўтириб, кейинчалик футболдан кетяпти. 5-6 йил ўтгач, ҳақиқий эркакча футбол бошлангач ёши катта футболчи ҳам фаолиятини тугатяпти. Натижада йиллар давомида давлат ажратаётган бюджет пули ҳавога совуриляпти. Бу тизимни нафақат Тошкентда, балки ЎФФ билан ҳамкорликда Республикада ҳам қўллайдиган бўлиб турибмиз.


Энди ёши кичрайтирилган футболчи учун пойтахт клубининг мураббийи жавобгар бўлади.


- Тошкент шаҳар чемпионатининг иккинчи лигасида ҳам етарли муаммолар мавжуд. Чемпионат тугамаган бўлса-да, аксар жамоалар ундан чиқиб кетадилар. Ғолибга тузукроқ эътибор ҳам йўқ. Бу нафақат пойтахтда, балки бутун Республикада...
- Айни ҳақиқат. Чунки 2-лигада сўнгги ўринни қўлга киритдинг нима, иккинчи бўлдинг нима? Ҳеч нимага эга чиқмайсан, ҳеч нима йўқотмайсан ҳам. Келаси йили бадал пулини тўлаб ўйнаб кетаверасан. Карвонсаройнинг ўзгинаси. Энди 2-лигада бор-йўғи 12та (балки 14) жамоа қолади. Қолгани учун 3-лига ташкил қилинади. 2-лигада сўнгги иккинчи ўринни қўлга киритган клублар қуйи лигага тушадилар. Ўз навбатида 2-лигага чиқиш шараф бўлсин, сабаби бу ТФФнинг бош мусобақаси. Ҳозир уни биров менсимайди, ОАВда бу ҳақда билишмайди ҳам. 2-лига ғолибига бериладиган ягона совға, бу 1-лига йўлланмасининг "пулька"си. Тошкент шаҳридан 1-лигага чиқиш истагида бўлган жамоалар кўп. Лекин олий лига ва 1-лигадаги пойтахт клубларининг иштироки бизнинг юзимиз бўлиши керак. Шунинг учун энди 1-лигага чиқадиган жамоани аввал биз пойтахтнинг ўзида профессионал ҳолатга келтиришимиз керак. Ўзбекистонда қуйи лигага ҳам профессионал мақоми берилди. Демак, биздан қуйи лигага чиқадиган жамоа шунга тайёр бўлиб бориши керак. 2-лигамиз эса шунга пойдевор бўлади. Айнан шу критерияларга жавоб берадиган клублар 2018 йилда 2-лигада ўйнайдилар. Энг иккинчи лига иштирокчиларининг барчаси ўз футбол мактабига эга бўлишлари керак бўлади. Буни бир деганда амалга ошириб бўлмайди, барчаси молияга бориб тақалади. Лекин 2018-19 йил асосий эътиборни шунга қаратамиз.



- "Олтин водий" лойиҳасини пойтахт ва Тошкент вилояти билан ҳамкорликда амалга оширса бўлмайдими?
- ЎФФ Президентининг топшириғи билан "Олтин водий" лойиҳасини ишлаб чиққандим. Бу лойиҳани аслида анча бўлганди тайёрлаб қўйганимга. Аммо водийдаги айрим кишиларни деб амалга ошмай қолди. Тақдир экан, барибир бу лойиҳа ишга тушадиган бўлди. Уни аввалига Одил Аҳмедов билан тузган эдик. Бутун водий 2005 йилда таваллуд топган жамоалар ўртасидаги водий лигасига тайёргарлик кўраётган эдилар. Афсуски, ишимиз ўхшамади. 2018 йил мазкур лойиҳа кўпроқ ишларни ўз ичига олади ва менимча бундан фақат Ўзбекистон ўсмирлар ҳамда ёшлар терма жамоалари ютади.


2-лигага чиқиш шараф бўлсин, сабаби бу ТФФнинг бош мусобақаси. Ҳозир уни биров менсимайди, ОАВда бу ҳақда билишмайди ҳам.


Айнан шу лойиҳа яна 4та ҳудудда амалга оширилиши керак. Лекин буларнинг барига вақт зарур. Ҳозир ЎФФга шунга оид лойиҳани ишлаб берганмиз. Агар биз ПФЛнинг Про-лигаси ва шаҳар чемпионатлари ўртасида битта лига яратсак, бунинг кони фойда бўларди. Унинг механизмини ишлаб қўйганмиз. Шунда ҳудудий лига иштирокчилари тўғридан-тўғри "пулька"сиз Про-лигага йўл оладилар. Бу билан биз шаҳар чемпионатларини ҳам қизитиб борамиз. Ҳозиргидек шаҳарда иккинчи ўринни қўлга киритган жамоа ҳеч нарсага эмас, ҳудудий лигага йўл олади ва улар битта эмас, 5тагача бўлади. Бунинг фойдаси катта.

- Етакчи жамоалар БЎСМ тарбияланувчиларини олиб кетиб қолишига қандай қарайсиз?
- Ҳурмат сақлаган ҳолда бир нарсани айтаман, бизда етакчи клубларнинг аксар мураббийлари дангаса бўлиб қолган. Бирон ўйинда ёқиб қолган футболчининг ота-онасига тоғдек ваъда қилиб ўз жамоасига қўшиб олади. У футболчи 2 ой ўтиб ўйини чиқмаса, бошқа футболчини тортади. Кўксидаги "логотип"ни ишга солади. Натижада қанчадан-қанча болалар эрта футбол билан хайрлашяптилар. Хор қилинган нарсага, бир кун зор бўласан. Масалан, Мосвкадаги ҳолатни кўриб, афсуски бизда бундай эмас-да деб қўйгандим. Футбол жамоаси мураббийининг олдида шундай катта рақобат мавжуд-ки, биргина футболчини пешонасига суртади. 9-10 ёшли болакай олдида Хоккей ёки футбол, басскетбол ёки гандбол деган спорт турлари туради. Бизда ўрганиб қолганмиз, айланиб-айланиб футболга ҳамма боласини олиб келаверади. Мураббий ўз устида ишлаб ўтириши шарт эмас, унда танлаш имконияти кўп. Европада ҳам шу аҳвол. Яқинда Италияда бўлиб гувоҳи бўлдим. 12 ёшгача бола очки тақадими, ориқми, семизми фарқи йўқ. Ҳар бир бола билан бирдек ишланади.

БЎСМлардан бола кетиб қолавергач, қаердан улар ғалаба қозонсин? Шунинг учун мен 2018 йилда БЎСМларга катта эътибор қаратмоқчиман. Ота-оналар у шохдан-бу шохга сакраб юришлари нотўғри экани бўйича тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак. Яна бир маълумот, ФИФАнинг қонуни мавжуд бўлиб, 12 ёшдан кейин кетиб қоладиган ёки олиб қўйиладиган бола учун маълум миқдорда маблағ берилиши керак. Бизда буни биров билмайди. Бу қонунни ишлатиш орқали бир нарсага эришамиз. Футболчи учун клуб пул тўлайди тўғрими, клуб пул тўлаганидан кейин ўша футболчидан унум олмаса мураббий дакки эшитадими? Натижада мураббий бир футболчини олишдан олдин энди ўйлайди. Уни битта ўйинда кўриб олиш бошқа, мунтазам кузатиб бориш бошқа. Қисқаси, бу осон иш эмас, ҳали муаммолар кўп чиқади, нима қиламиз, чидаймиз ва курашамиз.


Ота-оналар у шохдан-бу шохга сакраб юришлари нотўғри экани бўйича тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак.



- Болалар футболидаги стадионлар ҳолати ҳам яхши эмас...
- Тўғри. ТФФ тўғридан-тўғри Тошкент шаҳар ҳокимиятига боғлиқ. Майдон муаммосини ҳокимият орқали ҳал қиламиз. Ҳокимият учун дастур ишлаб чиқиляпти. Ўзбекистонда давлат томонидан қуриб битказилган барча стадион ва заллардан нега фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайлик? Уни ясатиб қўйиш учун ёки кўчадаги мижоз учун қурилмаган-ку? Ёшлар Иттифоқи билан ҳам режаларимиз катта. Тошкентдаги барча футбол мактабларида футбол жамоаларини тузиш орқали туман чемпионатларини йўлга қўйсак бўлади. Ҳозирда кўплаб мактабларда замонавий майдонлар бор. Германиянинг ютуғи айнан шунда бўлди. Кейин бу ишни Бельгия қўллади. Ҳар бир мактабга футболни олиб кириш орқали, жисмоний тарбия мураббийларини селекционер қилиб олдилар. Натижада биронта овулда истеъдод пайқалса, у ҳақда жисмоний тарбия мураббийи ҳудудий федерацияларга хабар бера бошлади. Шунда Германия тушуниб етди-ки, пайқалмаган истеъдодлар, саралаб олинган футболчилардан бир неча баробар кўп экан. Агар биз истеъдодларни ҳеч бўлмаса 15% саралаб олайлик, Жанубий Корея ва Япониядан ўзиб кетамиз. Нимага? Ҳозир кўча футболи йўқолиб боряпти. Машиналар кўпайиб кетган. Олдингига ўхшаб иккита ғиштни қўйиб маҳалла ўртасида дарвоза ясаб футбол ўйнаш камайиб кетди, тўғрими? Лекин шунда ҳам кўча футболи қанчадир миқдорда бор ва у Япониядан анча кўп. Японияда аввало бола ўз эътиборини мактабга қаратиши керак. У ерда 99% ўқувчи дарсликларни қониқарли тарзда бажаради ва график асосидагина спорт билан шуғулланади. Мутахассисларнинг кучлилиги эвазига улар футболчи етиштириб чиқаришяпти. Европада ҳам шу муаммо. Агар Франция ва Бельгияга қочқинлар кириб келмаганида, маҳаллий аҳолиси билан бу натижага эриша олмасди. Италиядаги муаммо шунда. У ерда четдан келганларни футболда кўп ҳам хуш кўрмайдилар. Испанлар миллатида бир неча элат вакилларининг қони бор. Германия терма жамоаси эса польяк ва турклар эвазига ривожланиб борди. Бизда ҳам худди шундай, турли миллат вакиллари мавжуд юртимизда. Фақат мутахассислар сифатини тўғирлаб олсак бўлгани. Энг муҳими "материал" бор. Ундан бино қуришни ўрганиб олсак бўлгани. Вилоятлардаги кўча футболи ҳали-бери йўқ бўлмайди. Керак бўлса, Европа мамлакатлари билан тенгма-тенг ўйнай олишимиз мумкин бўлади. Одам қилган ишни одам қилади фақат бунинг ортида жуда катта меҳнат ётибди ва бунинг натижаси 15 йил ичида берилади. Битта иш бошлаб ундан эртагаёқ натижа кутсак ҳеч нима ўзгармайди.


Агар биз истеъдодларни ҳеч бўлмаса 15% саралаб олайлик, Жанубий Корея ва Япониядан ўзиб кетамиз.



- Тошкент шаҳар чемпионатига яна нима етишмаяпти?
- Халқаро мусобақалар. Яқинда шу масалада ЎФФга таклифимни билдирдим ва халқаро мусобақалар ўтказиш учун рухсат олдим. 2018 йил Қозоғистонда "Ўзбекистон йили" эълон қилинди. Нега шуни футбол билан боғламайлик? МТЖ доирасида эмас, шаҳар номидан болалар ва ўсмирлар ўртасида бу ишни амалга оширса бўлади. Бугунги кунда "Қайрат" академияси ривожланиб боряпти. "Астана" гарчи легионерлар ёрдамида бўлса-да, Евролигаларда тобланмоқда. Қўшнилар билан ҳамкорликда зўр мусобақалар ўтказсак бўлади. Авваллари бўлган бундай ишлар, энди яна ривожлантиришимиз керак.

Кечагина Боян Миладинович билан гаплашдим. Алоқага ўзим чиқдим. Ҳозир ўзи тарбия топган "Напредак" жамоасининг сардори. Унга Сербия ва Ўзбекистон футболи ўртасида кўприк бўлишини илтимос қилдим. Хурсанд бўлди. Сўнгги 3 йилдан бери Италия, Испания, Германия ва Франция давлатларига бораман, обдон ўрганяпман. Тушуниб етдим-ки, тўғридан-тўғри олий лигада бу лигаларга футболчимизни юбориш жуда қийин. Пуллик мактаблар менга қизиқ эмас. Улар бизнинг ўйинчилардан ёшлигидаги пулини олмасин, истеъдод сифатида қарашсин. Италияга бориб Европа методикасини кўриб келдим. Буни энди Ўзбекистонда қўллайман, мураббийлар бепул амалиёт ўташлари керак. Сербия нега керак унда дейсизми? Сербия, Австрия, Хорватия каби давлатлар бизга трамплин бўла олади. У ерда жуда кўплаб мусобақалар ўтказилади. Европанинг топ жамоалари аксар ўйинчиларни ўша ердан танлаб олишади. Шунинг учун менга бу давлатлар билан бўладиган ҳамкорлик жуда керак. Яқинда "СА"да бир ўқувчи серблардан нима фойда деб ёзибди? Сербия терма жамоасидаги номларни бир қаранг... Нега унда натижаси йўқ дейсиз, тўғри. Буни Деян Журжевич чиройли тушунтириб берганди, худди сизлардаги айрим легионерлар каби Сербияда ҳам МТЖдан клубини устун қўядиган юлдузлар кўп. Биз ҳозир шундай "чуқур"дамиз-ки, ундан чиқиб олиш бир вақтни олса, ундаги лойқани супуриб ташлаш бир вақтни олади.


Яқинда "СА"да бир ўқувчи серблардан нима фойда деб ёзибди? Сербия терма жамоасидаги номларни бир қаранг...



- Истеъдодларни пайқаш борасида нима қилинади?
- 9 ёшдан бошлаб Тошкент шаҳар терма жамоаларини шакллантирамиз. Масалан 9-12 ёшли футболчилар терма жамоаси 20 нафардан бўлмайди. Бу ёшда яхши футболчилар кўп, бемалол 3-4та таркиб тузса бўлади. Йил сайин камайиб ўсмирлар терма жамоаси учун оптимал ҳолатга келиб боради. Бу режамизнинг сифатли кўринишини 6 йилдан кейин кўра оламиз. 2-4 йил ичида ўртача ҳолатда. Кейин режамизга кўра, ҳар ой 3 кун давомида ҳар бир ёш тоифасидаги терма жамоага номзод футболчиларни бир ерга тўплаб, уларни 3 кун давомида Европа методикаси асосида шуғуллантирамиз ва бу ерда уларнинг мураббийлари томошабин сифатида қатнашадилар ҳамда ўрганганларини қолган футболчилар билан биргаликда қўллайдилар. Шунда ҳар бир жамоада кенгайтирилган терма жамоага кириш истагида футболчилар ўз устиларида ишлай бошайдилар. Айнан шу терма жамоалар учун халқаро мусобақаларни ташкил қиламиз ёки ўзимиз хорижга чиқамиз. Фақат пули борнинг фарзанди хорижга чиқади деган гапларни унутишимиз керак. Яна ҳар бир ёш учун Тошкент шаҳар терма жамоаларининг мураббийлари тайинланади. Йиғинларни ўтказишда "Пахтакор", "Локомотив", "Бунёдкор" жамоаларининг ёрдами керак бўлади, уларнинг стадионларидан фойдаланамиз.

Республика мусобақаларига ҳам энди айнан бир клуб болалари эмас, Тошкент шаҳар терма жамоаси боради. Буни амалда қўллашга улгурдик. Яқинда, Бухорода бўлиб ўтган 2000 йилларда таваллуд топган футболчилар чемпионатида Тошкент терма жамоаси бориб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Терма жамоани шакллантиришдан аввал "Локомотив", "Бунёдкор" ва "Пахтакор"нинг шу ёшдаги жамоалари мураббийларини чақирдим ва терма жамоа тузиш кераклигини таъкидладим. Шунда Алишер Бозоров, Мурод Отажонов ва Темур Олимхўжаевлар адолатли таркиб туздилар. Шу ўринда терма жамоани Бухорога бориб келишида ўзининг моддий ёрдамини аямаган Тўлабек Акрамов ("Локомотив"), Дмитрий Адисман ("Пахтакор") ва Мурод Алиевга ("Бунёдкор") шаҳар федерацияси номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.


Кейин ота-оналар вилоятдан фарзандини Тошкентга юборади. РОЗСК, интернат, "Бунёдкор" академияси ва ҳоказо.



- Пойтахтдаги футбол интернатига нима дейсиз?

- Яқинда айланиб келдим. 2002 йил тарбияланувчилари 4-ўринни қўлга киритганини инобатга олмасангиз, қолган 3та таркибнинг аҳволига маймунлар йиғлайди. Давлатнинг миллионлари эвазига фаолият кўрсатаётган интернатда ётоқ мавжуд, овқат билан таъминлайди. Бир синфда 50 нафаргача футболчи ўқийди. Лекин уларнинг савияси жуда паст. Аксар ота-оналар интернатга болалар уйи сифатида қарайдилар. Бу фақат пойтахтдаги муаммо эмас. Республикада 26та футбол интернати мавжуд. Биронтасида сифат йўқ, билганларими орасида Андижонда "ЎзДонгЖу" билан ҳамкорликда ишлайдиган интернатнинг натижалари чакки эмас. Жами интернатларни қўшиб ҳисобласангиз минглаб болалар у ерда тарбия топяпти. Лекин битта футбол интернати сўнгги маротаба 2000 йилларнинг бошида бизга Одил Аҳмедовни берганини айтиши мумкин холос. Одил ҳам 7-синфдан пойтахтга кетганди. Шу-шу, бизга улар бир нафар бўлса-да юлдуз футболчини бермади. Бу орада 20 мингдн ортиқ футболчи у ерни битирди. Ҳозир интернат ишини такомиллаштириш ҳақида ўйлаяпти. Биттада барча муаммони бартараф этиб бўлмайди, шунчаки буни маълумот сифатида айтиб ўтдим. Кейин ота-оналар вилоятдан фарзандини Тошкентга юборади. РОЗСК, интернат, "Бунёдкор" академияси ва ҳоказо. Уларнинг тарбияси билан ким шуғулланяпти? Қизлар билан юряптими, ичмаяптими, чекмаяптими, вақтида ухлаб, вақтида туряптими? Телефони хотирасида нималар бор? Буни вилоятдан туриб текшириб бўларканми. Ёки ижарага 3-4 нафар бола уй олиб ит ётиш мирза туриш қабилида футболга қатнаяпти. Ундан футболчи чиқмаса, жамиятда қандай инсон бўлиб тарбия топади? Камдан-кам одамгина синглиси ёки акасининг фарзандига пойтахтда ўз фарзандидек қарайди. Меҳмонга бориши бор, уйда ташлаб кетадими қуда томонга борса? Ўзи билан олади, бегона жой. Қуда томон, шу ерга ҳам етаклаб келибди деб, ўша бир коса овқатини ҳам оғриниб беради. Шунинг учун Европада 16 ёшгача ота-онасиз футболчини қабул қилмайди. Биз аввало футболчи эмас, жамият учун керакли шахсларни тарбиялашимиз керак. Айниқса 14-16 ёшда болада ўтиш босқичи бўлади, бу ёшда ота-она тарбияси жуда муҳим.


- Ҳакамлик масаласи-чи?
- Бу энг оғриқли нуқтамиз. Яқинда шу масалада Равшан Эрматов билан анча гаплашдим. Аксар ёш ҳакамлар учун болалар футболида ишлаш эриш туюлади. Бундайларга Тошкент шаҳрида ўрин бўлмайди, ким бўлишидан қатъий назар! Ҳаттоки, Равшан Эрматов пайтида ёшлар лигаларида бепул ишлаб юрган. Ҳозиргиларга ўйинга бор десангиз, қанча берасиз дейди. Пул берамиз, тўғри бермаймиз эмас. Лекин энди критерия асосида бўлади. 2-лига, 3-лига, ва очколик чемпионатларда иштирок этувчи ҳакамлар ўз ҳақларини оладилар. Фестиваллар эса бепул бўлади. Ёш ҳакам аввало ўзи учун мақсад қўйсин, пул ёки карьера. Бу борада Равшан Эрматов ва Валентин Коваленко каби устозлар бизга ас қотадилар. Кейин ёшлар чемпионатида биргина ҳакам ишлайди. Шунинг учун бизникилар катта футболга ўтгач, офсайдда кўп адашади. Ёшликдан бу ишни ўргатмасак, топ футболчиларимиз камайиб бораверади. Яна шу-ки, элит ҳакамларимиз билан ёшлар ўртасида семинарлар ҳам ўтказиб турамиз.


Равшан Эрматов пайтида ёшлар лигаларида бепул ишлаб юрган. Ҳозиргиларга ўйинга бор десангиз, қанча берасиз дейди.



- Ота-оналарга яна нима деган бўлардингиз?
- 7 ёшли футболчидан Месси ёки Роналдунинг ўйинини талаб қилиб, ўз билганингизча машғулот қилдирманг дердим. Ҳатто шу ёшда оғир тошларни, менинг фарзандим кучли бўлади бошқалардан деб кўтартирадиган ота-оналар бор. Ҳаммасининг ўз дастури бор, боланинг ўзига қўйиб бериш керак, боланинг болалигини ўғирламайлик.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +16   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика