UZ

Сўнгги янгиликлар

22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  5 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  25 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  4 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  28 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1

Неймар билан селфи тушмагани, кийим алмаштириш хонасига киритилмаган Хорватия собиқ президенти, Қатардаги стадионларнинг кейинги тақдири ва Аргентина сўраган қўшимча муз — Алишер Никимбаев билан катта интервью Янгиликлар

Неймар билан селфи тушмагани, кийим алмаштириш хонасига киритилмаган Хорватия собиқ президенти, Қатардаги стадионларнинг кейинги тақдири ва Аргентина сўраган қўшимча муз — Алишер Никимбаев билан катта интервью

Қатардаги Жаҳон чемпионати якунланганига кўп бўлмади.

Ушбу Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитасида ўзбекистонлик мутахассис Алишер Никимбаев ҳам фаолият олиб борганидан хабарингиз бор албатта. Қатарда мундиал баҳслари давом этаётган пайтда биз у киши билан суҳбатлашгандик. Ўша суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.


- Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси 2024 йилги Осиё кубогини ўтказишга ҳам масъул бўладими?
- Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси учун алоҳида структура тузилган ва у Жаҳон чемпионатидан кейин ёпилади. Ҳаттоки Жаҳон чемпионати ажойиб ўтказилган бўлса ҳам бу структура ёпилади ва Осиё Кубоги учун янгиси очилади. Тушунарлики Осиё Кубоги ташкилий қўмитасида Жаҳон чемпионатида ишлаганлардан анчагина кам одам бўлади. ОФК ва ФИФА ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. ОФКнинг битта талаби юқори холос: ОФК ўз ходимларини 5 юлдузли меҳмонхоналарда яшашини талаб қилади. ФИФА эса мундиал вақтида ўз ходимларини оддий хонадонларга ҳам жойлаштирди. ОФК эса бундай қилмайди.

- Осиё Кубоги ўйинлари ҳам ҳам мана шу 8та стадионда бўлиб ўтадими?
- Норасмий хабарларга кўра ОФК 8та стадион сўрайди.

- Демак, бузиб ташланиши кутилаётган "974" стадионининг тақдири ҳозирча номаълум экан-да?
- Гап бунда эмас, агар ЖЧда 64та ўйин 8та стадионда ўтказилган бўлса, Осиё Кубогида 52та ўйин бўлиб ўтади. Барча стадионлар битта шаҳарда-ку. Мундиал вақтида стадионлар барча юкламани кўтара олди ва ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Майдонлар жуда яхши ҳолатда турибди.

- Демак Осиё кубогига 6та стадион етарлими?
- Менимча 6-7та стадион етади. 4та стадион албатта кам. Мусобақа Хитой, Саудия Арабистони ёки Ўзбекистонда бўлса 8та стадион бўлса бошқа гап эди. Сабаби стадионлар бошқа-бошқа шаҳарларда жойлашган бўлади.

- Мундиалдан олдин жамоалар стадион ва меҳмонхоналар билан қанчалик олдин танишишганди?
- Ҳар хил, кимдир қуръагача, кимдир қуръадан кейин. Масалан, Швеция футбол ассоциацияси вакиллари келиб, меҳмонхоналарни кўриб кетишганди. Ҳа, улар Жаҳон чемпионатига чиқа олишмади. Аммо бу профессионаллик.




- Демак, ЎФА вакиллари ҳам мундиалдан олдин Қатарга келса бўлармиди?
- Масалан, ўтган йил Азизбек Ҳайдаров ЎФАда ишлаганида Қатарга келганида учрашув ташкил қилиб бергандик. Унга "Team services" қандай ишлаши ва ФИФА Жаҳон чемпионатига чиққан жамоаларга қандай шароитлар яратиб беришини кўрсатишганди.

- Замонавий технологиялар ҳақида қандай фикрдасиз?
- Футболда технологиялар катта ўринга эга бўлиб бормоқда. ФИФАда футбол технологиялари бўлимида 20 нафар одам ишласа, ОФКда бир нафар япониялик ишлайди холос. ФИФА ҳар бир жамоага стадион трибунасида алоҳида 9та жой ажратган, у ерда таҳлилчилар ва операторлар ўтириши мумкин. Бундан ташқари ФИФА 12та рация беради. Ундан 6тасида тиббиёт ходимлари ўзаро гаплашишади. Қолган 6тасида эса тактик ҳолатлар муҳокама қилинади. Олдин захира ўриндиғида ўтирганларга алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланганди. Ҳозир эса ФИФАнинг ўзи рацияларни бермоқда. Ўйин қоидаларида бу нарса тақиқланмаган. Жаҳон чемпионати вақтида захира ўриндиғида 2тадан планшетлар турганини кўрдингизми? Буни ҳам ФИФА бермоқда, бу планшетлар юқоридаги 9та ўриндаги мониторлар билан боғланган ва осонгина тепадаги таҳлилчилар фойдаланишлари мумкин.

- Стадионлар билан боғлиқ қизиқарли воқеалар борми?
- 974 стадионининг дастлабки номи "Рас-Абу-Абуд" эди. Бу ўша туманнинг номи, стадионга келадиган метро бекатининг ҳам номи "Рас-Абу-Абуд". Тақдимот лего стилида бўлиб ўтганди. Стадион контейнерлардан худди легога ўхшаб ясалгани учун шундай қилинганди.

Яна бир воқеа: "Ал Жануб" стадиони қурилаётганида унинг номи "Вакра" эди. Аммо бошқа "Вакра" стадион ҳам бор. Бу ерда Жаҳон чемпионати вақтида Англия машғулот ўтказди. "Ал Жануб"нинг очилиш маросими 2019 йилги Амир кубоги финал учрашуви эди. Ўша баҳсни янги стадион "Вакра" номи билан бошлаган ва ўйин тугагач "Ал Жануб"га айланди. Сабаби Қатар Амири баҳс тугагач бу стадион номи "Ал Жануб" бўлади деб эълон қилганди. Шундан кейин тушунмовчиликлар жуда кўп бўлганди. Эски "Вакра" стадионга бориш керак бўлса "Ал Жануб"га олиб боришган, бир марта эса тескариси бўлган "Ал Жануб"га бориш керак такси эса уларни эски "Вакра" стадионига олиб борган.

"Education City" стадиони ҳам ўзига хос тарихга эга. Унинг очилиш маросимида 2019 йил Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўйини бўлиши керак эди. Сентябрь ойида "Ливерпуль" вакиллари келган ва стадионни кўришганди. Ҳали қурилиш ишлари давом этаётганди. Мусобақа декабрь ойида ўтиши керак эди. Инглиз клубидагилар эса "Education City" стадиони қуриб битмайди деб ўйлашди, шу боис ташкилий қўмита параллель равишда "Ал Жануб" стадионини тайёрлай бошлади. Бу стадионда 2та кийим алмаштириш хонаси бор эди. Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 4та кийим алмаштириш хонаси бўлиши керак. Декабрь ойида "Education City" стадиони қурилиши битган, аммо хавфсизлик сертификати тайёр бўлмаганди. Яъни қурилиш битган, аммо қоғозбозлик ишлари якунига етмаганди холос. "Ливерпуль" 1989 йилги Хиллсбородаги фожиадан кейин мухлислар хавфсизлиги ва стадион хавфсизлик сертификатларига жуда ҳам эътибор билан муносабатда бўлиб келади. Якунда биз Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўйинлари "Ал Садд" ва "Халифа" стадионларида ўтказгандик, "Ал Жануб"га тегмагандик.

Яна ўша "Education City" стадионида 2020 йил март ойида Швейцария, Португалия, Хорватия ва Бельгия терма жамоалари иштирокида "Qatar Airways" халқаро мусобақаси бўлиб ўтиши керак эди. Аммо коронавирус пандемияси туфайли бу мусобақа бекор қилинди. Кейин май ойида Амир кубоги билан очилиш қилайлик деб режа қилинди. Пандемия тез тугамаганини биласиз. Якунда стадион очилиш маросими июнь ойида томошабинларсиз виртуал тарзда бўлиб ўтганди. Жаҳон чемпионатидаги 8та стадион ичидан фақат биттаси виртуал тарзда очилганди - "Education City".





- "Ал Байт" Қатар терма жамоасининг уй стадионига айланадими?
- Катта эҳтимол билан шундай. "Халифа" шаҳар марказида, тарихий стадион. Аммо терма жамоа кўп ўйинларни "Ал Садд"да ўтказиб келаётганди.

- Қолган стадионлардачи?
- "Ал Тумама" стадионида "Ал Аҳли" ва "Ал Араби" клублари ўйнайди. "Ал Жануб"да "Ал Вакра" ўйнайди. "Ар Райан" стадиони бузиб, ўрнига "Аҳмед Бин Али" стадиони қурилди ва бу стадионда "Ар Райан" клуби ўйнайди.

- "Education City"да қайси клуб ўйнайди?

- Бу стадион Qatar Foundation'га тегишли. Бу талабалар шаҳарчасининг бир бўлаги.

- "Лусайл"?
- "Лусайл" савдо ва кўнгилочар марказига айлантирилади. Шу боис ҳозир бу стадион жамоалар учун ноқулай тарзда қурилган десак ҳам бўлади.

- 2020 йил Қатарда марказлашган ҳолда Осиё чемпионлар лигаси баҳслари ўтказилганида майдон ҳолати билан танишгандим. Ҳозирги билан жуда катта фарқ бор. Ниманинг эвазига?
- Пандемия. Сабаби ўша пайтда чегаралар ёпилганди ва маҳсулот етказиб бериш тўхтаб қолганди. Бу майса сифатига албатта таъсир қилганди. Жаҳон чемпионатидан олдин эса бундай муаммо бўлгани йўқ.

Яна бир нарса бу стадионлардаги вакуумли вентиляция тизими туфайли майса ҳолати ҳозир ажойиб ҳолатда турибди. Бу тизим асосан ёмғир ёғганидан кейин сувни тезроқ ўзига тортиб олишга мўлжалланган. Аммо Жаҳон чемпионати вақтида ёмғир ёғмади. 2020 йилги ОЧЛдан кейин "Ал Жануб" стадиони майдони кавланган, вакуумли вентиляция тизими ўрнатилган ва бошидан майса экилганди.

Ҳеч қайси Жаҳон чемпионатида бундай график бўлмайди. Ҳеч қачон! Масалан, бу мундиалда ўйин бўладиган стадионларда ўйинолди расмий машғулотлар ўтказилмади. Баъзида журналистларга бу қийинчилик туғдирди, чунки дейлик Англия бошқа майдонда, рақиби бошқа майдонда машғулот ўтказди. Матбуот анжумани эса яна бошқа жойда. Лекин бошқа томондан агар сен бош медиа марказда ўтирсанг 8та матбуот анжуманига боришинг мумкин бўларди. 2026 йилги Жаҳон чемпионатида эса қандай бўлади? Битта шаҳарга борасан иккита жамоа стадионда ўйинолди машғулотни ўтказади, матбуот анжумани ҳам шу ерда бўлади ва битта ўйинни стадиондан кўрасан. Бунга икки кун кетади. Қатарда икки кунда нечта ўйинга бориш мумкин бўлди?

- Ҳозиргача тахминан 26тача ўйинга бордим шекилли...
- Кўрдингизми. Яна бир нарсани ҳисобга олиш керак. Агар Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧга чиққанида бунчалик кўп ўйинга бора олмасдингиз. Сабаби асосий эътиборингиз Ўзбекистон терма жамоасида бўларди. Унинг машғулотига, матбуот анжуманига борардингиз, интервьюлар ва бошқалар. Фақат шулардан кейин балки кечки ўйинлардан бирига улгуришингиз мумкин бўларди.




- Бу Жаҳон чемпионати сиз учун қандай аҳамият касб этади?
- Мен ўзим борган мундиаллар орасида энг зўри деб барибир Германиядаги ЖЧни тан оламан. Журналистлар учун шаҳарлараро тезкор олий поездлар бепул тақдим этилганди. Чорак финалда Берлинда Германия - Аргентина ёки Гамбургда Украина - Италия учрашувларидан бирини танлашим керак эди. Берлинда ҳеч қачон бўлмаганман, аммо Украинага мухлислик қилардим. Кельн шаҳрида яшардик, мен Берлинга поездда бордим ва шунчаки шаҳарни сайр қилдим. Вокзалдан Бранденбург дарвозасигача бордим, кейин эса ўйинни кўргани Гамбургга кетдим. ЖАРда эса бундай эмасди. Фақат футбол эди. Йоханнесбург шаҳрида яшардик, бу ерда иккита стадионда ўйинлар бўларди. Ҳар уч кунда ўйинларни стадионлардан кўрардик. Баъзида 50 км узоқдаги Преторияга, баъзида узоқроққа борсак бўларди. Бу ерда эса ўйинлар кўпроқ, Қатардаги мундиал мен учун қадрдор мундиал! "Ал Жануб" стадионига илк бор 2019 йил январь ойида келгандим, бизга май ойида шу ерда ўйин ўтказилади дейишганди. Ўша пайтда қурилиш авжида эди, шунчаки деворлар бор эди. Мен стадионлар қурилишини бошидан кўрдим ва шу сабаб ҳар бир стадион мен учун жуда қадрли ҳисобланади. 2014 йилдаги Бразилиядаги Жаҳон чемпионатига бора олмадим, сабаби ўша пайтда БААда ишлардим.




- Мундиалдан олдин Араб Кубоги ҳам ўтказилди...

- Олдинлари Жаҳон чемпионатидан бир йил олдин Конфедерациялар кубоги ўтказилар ва тест сифатида кўриларди. Бу ерда эса бир йил олдин Араб кубоги ўтказилди. Араб Кубоги менимча Конфедерациялар кубогидан кўра яхшироқ тест бўлди. Сабаби Конфедерациялар кубогида 8та жамоа иштирок этарди ва стадионлар камроқ бўларди. Бундан ташқари Аргентина, Италия, Қатар ва Япония каби терма жамоалар ўйнаса, пандемиядан кейин стадионларда бунчалик кўп мухлис йиға олишмасди. Сабаби бу мухлислар ўша давлатдан Қатарга учиб келиши керак эди. Араб Кубогида эса Қатарда минглаб диаспораси бўлган Миср, Марокаш, Жазоир ва Тунис терма жамоалари иштирок этишди. Араб Кубоги ФИФА байроғи остида ўтгани учун жуда катта савияда ўтказилганди. Уни сақлаб қолиш қийин бўлади, сабаби тақвимда жой топиш керак. Ўшанда ФИФА кунлари эмасди шу сабаб Салаҳ, Маҳрез ва бошқалар Араб кубогига кела олишмади.

- Марказий Осиё кубоги ташкил этилса, ўзбекистонлик мутахассисларга кеинчалик Ўзбекистон Осиё кубогини қабул қилишда ёрдам бўларди деб ўйлайман...

- Шахсий фикримча Ўзбекистон бир ўзи Осиё кубогини қабул қила олмайди. Марказий Осиё бирлашиб ариза топишириши керак деб ўйлайман. Оддий сабаб Ўзбекистонда ОФК талаб қилаётган сиғимга эга стадионлар етарли эмас.

- Жаҳон чемпионатида қанча ўзбекистонликлар ишлашди?

- Хоҳлаганимиздан кўра камроқ албатта. ФИФАда таниш-билиш йўқ. Биринчи босқичда резюме топиширилади, кейин иккита интервьюдан ўтишинг керак бўлади. Баъзилар ҳатто резюме босқичидаёқ имкониятни йўқотишди. Резюмедан ўтганларни иккита интервью ҳам кутиб турарди. Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитасида ўзбекистонлик тўрт нафар инсон ишлади: Мен, ўғлим Равшан Никимбаев, Александр Давиденко ва Азиза Татлимуратова. Бундан ташқари кўнгилли сифатида "Сурхон" клуби оператори ҳам келганини биламан. ФИФА томонидан яна икки ҳамюртимиз ишлади: Фарҳод Абдуллаев ва Аваз Бердиқулов.

- Қатардаги Жаҳон чемпионати ташкилотчилиги юқори савияда ўтказилди. Ҳеч бир жамоадан катта эътирозлар бўлмади. Бунга ниманинг эвазига эришилди?
- Профессионаллик. Ташкилий қўмита хорижий мутахассисларни таклиф этишдан чўчимади. Бундан ташқари менимча стадионларнинг бир-бирига жуда яқинлиги ҳам катта роль ўйнади. Дейлик ФИФАдан стадионга масъул одамлар келганида бир кун ичида биз барча 8та стадионни кўздан кечириб чиқдик. Россияда бунинг иложи йўқ эди, кейинги мундиалда ҳам бундай бўлмайди.

- Ташкилотчиликнинг аъло даражада ўтишига молия ҳам катта таъсир қилган тўғрими? Сабаби бу Жаҳон чемпионати энг қиммати бўлди.
- Энг қиммат Жаҳон чемпионати дейишмоқда, аммо бу фақат стадионлар эмас, бу ҳаммаси: Йўллар, аэропортлар, кўприклар, метролар ва барча-барчаси. Россияда дейлик бунчалик кўп стадион қурилмади. Қатар мамлакати бу пулларни ўзи учун ишлатди, кўприклар ҳеч қаерга кўчиб кетмайди-ку.

- Жаҳон чемпионати ўйинлари сизга ёқдими?
- Тўғрисини айтаман, стадионда бўлсам ҳам ўйинларни кўра олмайман. Ўйин пайтида ишим жудаям кўп бўлади. Айтайлик Роналду Жанубий Корея билан ўйинда майдонни тарк этаётганида кимгадир ёмон қараган дейишмоқда. Мен ўшанда стадионда эдим, аммо кўрмадим. Жаҳон чемпионатидан кейин хотиржам ўйинларни бошидан кўриб чиқмоқчиман.

- Қайси терма жамоа овқатланишда қайсар экан?
- Германия. Улар стадион кийим алмаштириш хонасининг ўзида овқатланишни хоҳлашди. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра стадиондаги ҳар қандай заҳарланиш стадион айбдор бўлади. Охири немислар рози бўлишди. Баъзи жамоалар кийим алмаштириш хонасига пиво олиб келишни сўрашди. Стадионда пиво йўқ эди. Балки кийим алмаштириш хонасига олиб киришгандир ҳам, биз уларни текширмаймиз. Чунки хонага терма жамоанинг биргина расмий шахси кирса бўлди, биз у ерга кира олмаймиз.




- Жамоалар учун стандарт меню қандай? Терма жамоалардан қандайдир ғайриоддий сўровлар ҳам бўлдими?
- Сендвичлар, мевалар, шоколад, чой ва кофе. Спортчиларга мос нарсалар. Пиццалар ўйиндан кейин алоҳида меню ҳисобланади. Масалан, Марокаш пиццага буюртма қилди.

Ғайриоддий сўровларга келсак, ҳар бир жамоага 250 килограммдан муз берамиз, Аргентина қўшимча муз сўради, биз бердик. Бундан ташқари жамоаларга 30та катта ва 30та кичик сочиқ берамиз. Польша бизга 60тадан керак дейишди. Захира бор, аммо учта ўйинга мўлжалланган эди. Австралия келди ва 50та керак деди, биз 40тадан бердик. Бу сочиқларни қайтариб олмаймиз, жамоалар олиб кетишади, олиб кетишмаганини ювиб сувенир сифатида совға қиламиз. Сабаби сочиқларда ЖЧ логотипи бор эди.

Қизиқ ҳолатлардан эса Хорватия собиқ президенти Колинда Грабар Китарович хоним жамоа кийим алмаштириш хонасига кирмоқчи бўлганди. Аммо жамоа бунга рози бўлмади, бу жамоанинг қарори эди. Масалан, Нью-Йорк мери АҚШ кийим алмаштириш хонасига кирди. Ўзимга келсак, Бразилиянинг ўйинидан кейин туннелда ёнимга ногирон бола ёнига Неймар келди, мен унинг ёнгинасида турибман, лекин телефонимни олиб селфи тушмадим. Сабаби туннел ичида бизга расмга тушиш қатъий тақиқланган, менга танишларим ўша ҳолат акс этган видеони юборишди ва нега селфи қилмадинг деб сўраганлар ҳам бўлди. Мумкин эмас эди.

- Бу йилги Жаҳон чемпионати IT технологиялар бўйича энг зўри бўлди...
- Бундан кейин янада кучайиб боради. Юқорида ҳам айтдим, ФИФАнинг ўзи жамоаларга технологияларни бермоқда. Сабаби кўчада 21 аср давом этмоқда, олдин VAR бор эди. Голни аниқлаш тизими, ҳозир чипли тўплар. Ҳар бир футболчилар ўйиндан кейин ўзи ҳақида барча маълумотларни олди. Кейинги мундиалларда қандай бўлади, кўрамиз.

- Сиз учун янги чақирув қандай?
- Билмадим, ҳозир билмайман. Профессионал сифатида кейинги мундиалда ҳам ишлашни истардим. Аммо АҚШ ва Канаданинг миграция сиёсатини ҳисобга олганда имкониятларим жуда кам. Мексикада эса стадионлар ва ўйинлар жуда кам. Агар 2030 йилда Саудия Арабистони мундиални қабул қилса балки шу мен учун янги чақирув бўлар.

- 2030 йилда Уругвай ўтказмоқчи-ку...
- Агар Саудия Арабистони, Миср ва Греция қўшма ариза юборсачи? ФИФА конгрессида дейлик Саудия Арабистони ОФКнинг 47 овозини олади, Мисрга эса Африканинг 54 та мамлакати овоз беради. 101та овозми? Барчасини конгрессдаги овозлар ҳал қилади.



- Сизга ушбу мундиалда нима етишмади?

- Қатарда Жанубий Корея ва Австралия терма жамоалари билан жуда илиқ муносабатлар ўрнатгандик ва мен айнан шу икки жамоанинг узоқроққа боришини хоҳлагандим. Сабаби, уларни орасида яқин танишларим бор эди. Ж.Кореяда ёрдамчи мураббий ҳисобланган Майкл Ким билан 2004 йилдан бери танишмиз. Ўша пайтлар у ОФК комиссари эди, мен эса Ўзбекистон терма жамоаси менежери бўлганман. У билан қатор ўйинларда рўбаро келганмиз ва жуда илиқ алоқалар сақланиб қолган. Деярли шунга ўхшаш ҳолат австралияликлар билан ҳам бор. Биз Қатарда Австралиянинг саралашдаги ўйинларини ўтказдик, Океания қитъасининг ўйинларини ўтказдик. Австралия июнь ойида Қатарда иккита ўйинини ўтказди. БАА ва Перу билан. Ёрдамчи мураббий Рене Меленстен билан илиқ муносабатларимиз бор. У вақтида Сэр Алекс Фергюсонга ёрдамчи бўлган у мен учун ўзгача шахс. Улар билан саломлашдик, илиқ суҳбат қурдик, бир-биримизни бағримизга босдик ва уларни гуруҳдан чиққани билан табрикладим. Мен юқоридаги икки терма жамоани кузатар эканман менга ушбу мундиалда Ўзбекистон терма жамоаси етишмаганини ҳис қилдим. Ўзимизнинг терма жамоани ҳам мана шундай кутиб олишни, улар билан суҳбатлашишни хоҳлардим. Гарчи, ҳозирги таркибни ярмини танимасам, улар ҳам мени танимасада.



Гайрат Хасбиуллин ва Толибжон Қосимов суҳбатлашди

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика