"Насаф" ёзги трансфер ойнасини қандай ўтказди? Скаут мулоҳазаси
01 авг 11:08
Янгиликлар


"Насаф" ёзги трансфер ойнасини қандай ўтказди? Скаут мулоҳазаси
Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси ёпилди. Ҳар бир клуб Суперлигадаги танаффус давомида у ёки бу тарзда ўз сафини кучайтирмоқчи бўлди. Турнир жадвалининг юқори қисмида жойлашган клубларнинг трансферлари катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатнинг амалдаги чемпиони "Насаф" ёзги трансфер ҳаракатини турлича ўтказди.
Муаммоли позициялар
Аввало, қайси позициялар кучайтиришни талаб қилганини аниқлаб олайлик.
Акмал Мозговой кетганидан сўнг, "Насаф" ярим ҳимоячига жуда муҳтож бўлиб қолди, айниқса ҳимоя ва ҳужумни боғлайдиган "жангчи" типидаги ўйинчига. Мозговой рақиб дарвозаси олдида етарлича самарали эди – ҳеч бўлмаганда ўтган йили "Насаф"га чемпионликни келтирган чалқанча услубдаги голини эслаш кифоя. Умуман олганда, Акмал бир ярим йил ичида (2024 йилги мавсум ва 2025 йилги мавсумнинг ярми) Суперлигадаги 38 та ўйинда 5 та гол урган ва 4 та голли узатма амалга оширган – ярим ҳимоячи учун яхши кўрсаткич.
Қишда "Насаф" ўзини оқламаган ва охир-оқибат клубни тарк этган Рубин Хебай билан шартнома имзолади. Шу тариқа, қаршиликларга иккинчи ҳужумчи керак эди – ҳозирда жамоада фақат Норчаев ва Черан қолди (Черан кўпроқ орқароқда, "эркин ижодкор" сифатида ўйнайди).
Қолган барча позицияларда, у ёки бу тарзда, яхши рақобат кузатилади ва ҳар бир позицияга камида иккита ўйинчи тўғри келади.
Янги футболчиларнинг ўйин услуби
Ёзда "Насаф" учта янги футболчи билан шартнома имзолади:
1) Аденис Шала - 26 ёшли косоволик вингер, Македония чемпионатида ўйнаган;
2) Юсуф Отубано - 32 ёшли нигериялик ҳужумчи, сўнгги беш йил давомида Арманистонда ўйнаган;
3) Кингсли Сокари - нигериялик 30 ёшли марказий ярим ҳимоячи, "Насаф"га ўтишидан олдин Кувайтда ўйнаган.
Ҳар бирининг ўйинини кўриб чиқамиз. Шаладан бошлаймиз.
Шала ҳужумнинг иккала қанотида ҳам ўйнай оладиган вингер ҳисобланади. У паст бўйли (Transfermarkt маълумотларига кўра - 171 см), етарлича тез ва чаққон. Типик жиҳатдан Ойбек Бозоровга жуда ўхшайди. Унинг умумий фаоллиги ва ишчанлигини таъкидлаш лозим. Бўш нуқталарга яхши очилади ва позиция танлайди. Орқага ва ёнга кўп узатма беради, бу қанот ҳужумчиси учун унчалик яхши эмас. Тўпни яхши бошқаради, ўртача дриблинг қилади (ҳар бир ўйинда 3,4 уриниш, 65,9% муваффақиятли). Жамоавий ўйинда яхши ҳаракат қилади: бир ўйинда ўртача 1,6 та муҳим узатма, 2 та қанотдан узатма (38,8% аниқ), 2,3 та жарима майдонига узатма амалга оширади. Аксарият вазиятларни бўш ҳудудларда яратади. Агар ўйин зичроқ ва шиддатлироқ бўлса, унда муаммолар юзага келиши мумкин.
Умуман олганда, уни асосий рақобатчилари – Ойбек Бозоров ва Стефан Чоловичдан ажратиб турадиган ҳеч нарсани кўрмадим. Катта эҳтимол билан у "ротация ўйинчиси" сифатида кўрилади ва шерикларини алмаштиради. Асосий афзалликлари – тезлиги, чаққонлиги, иккала қанотда ўйнаш қобилияти ва ёши (26 ёш – энг гуллаган давр). Ўзбекистон чемпионати Македония чемпионатидан савияси баландроқ эканини инобатга олиб, бунга озгина тузатиш киритиш керак. Умумий баҳо: 10 баллдан 6,5 / 7.
Навбат Отубанога келди. 32 ёшли ҳужумчига баҳо беришда у "Насаф"га ўтгунга қадар тўп тепган Арманистон чемпионати ҳам Македония чемпионати каби шиддатли эмаслиги кўзга ташланди. Суперлигада ҳам тезлик доим юқори эмас, лекин Арманистон чемпионатида ундан ҳам пастроқ. Олий даражадаги легионерлар тўпланган араб мамлакатлари клубларига қарши Элита Чемпионлар Лигасида Отубанонинг ўйинини кузатиш қизиқ бўлади. Юсуфнинг сермаҳсуллиги чалғитмаслиги керак: ўтган мавсум Арманистон чемпионатида "Пюник" сафида урилган 14 голдан 5 таси пенальтидан урилган. Шу тариқа, паст интенсивликдаги лигада 25 ўйинда Отубано 9 та "ўйиндан" гол урди.
Отубано ўйин услуби жиҳатидан Жоэль Кожога ўхшайди. Юсуфнинг тезлиги ёмон эмас, лекин уни тезкор ҳужумчи деб бўлмайди. Эҳтимол, бу ёш билан боғлиқдир ва илгари нигериялик ҳужумчи илдамроқ бўлгандир. Тўпни яхши даражада бошқаради, яхши дриблинг қилади, лекин баъзан ўйинга берилиб кетиб, тўпни узоқ ушлаб туради. У ҳар бир ўйинда ўртача 3,9 марта алдаб ўтишга уринади, шундан 53,5% муваффақиятли чиқади. Ҳужумчи учун бу жуда яхши рақамлар ҳисобланади. Жамоавий ўйинда ўртача ҳаракат қилади: бир ўйинда 0,9 та муҳим узатма, 1,8 та жарима майдонига узатма амалга оширади.
Позиция танлаш ва очилишда яхши даражага эга. Гол уриш ҳиссиёти мавжуд, қаерда ва қачон пайдо бўлиш кераклигини билади. Бироқ голли вазиятларини амалга ошириш даражаси паст – кўринишидан умумий голли вазиятларининг тахминан 20-25 фоизини маромига етказади. Зарба беришга моил: ҳар ўйинда 38,3% аниқлик билан 2,8 та зарба. Кўпинча тайёрланмаган ҳолатлардан зарба беради – масалан, учиб келаётган тўпни қабул қилиб, ўзига қулай вазият яратиш ўрнига тўғридан-тўғри зарбани амалга оширади. Ерда тўп учун курашда яхши кўрсаткичларга эга – 19,7 та яккама-якка кураш, 41,3% ғалаба. Ҳаводаги тўп учун курашда аҳвол анча ёмон – 1,7 та яккама-якка кураш ва атиги 17,5% ғалаба. Кўрганларимизни умумлаштириб ва Арманистон чемпионати даражасини ҳисобга олиб, Юсуф Отубаньони ҳам 10 баллик тизимда 6,5 / 7 балл билан баҳолаш мумкин. Менимча, у ҳам Шала каби ротация ўйинчиси бўлади, асосий эътибор эса аввалгидек Норчаевга қаратилади.
Ҳимоячи Кингсли Сокарига келсак, WyScout’да фақат унинг 2023/2024 йилги мавсумда Мисрнинг "Фарко" жамоасидаги ўйинлари мавжуд. Охирги ўйин 2024 йил июнда бўлиб ўтган. Шу сабабли, Сокарини баҳолай олмадим, чунки бир йил олдинги ўйинлар асосида ўйинчини баҳолаш жуда қийин ва хавфли. Бу вақт ичида кўп нарса ўзгариши мумкин.
"Насаф"га ўтишидан олдин 30 ёшли нигериялик Кувайтнинг "Казма" жамоасида тўп тепган. Кўпчилик Кувайт чемпионатининг даражасини билармикан? Шахсан ўзим билмайман, лекин Суперлига ундан кучлироқ бўлса керак. Македония ва Арманистондан кучлироқ бўлгани каби.
"Насаф" Шала, Отубаньо ва Сокарини "қолдиқ тамойили" асосида жамоага қўшиб олгандек туюлади. Эҳтимол, клубда бошқа, қизиқарлироқ вариантлар бўлгандир, аммо турли сабабларга кўра улар амалга ошмаган. Буни билвосита ҳар учала трансфер сўнгги кунларда эълон қилингани ҳам тасдиқлайди. "Насаф"нинг имкониятлари ва Элита Чемпионлар Лигасида иштирок этаётганини ҳисобга олсак, клуб сифатлироқ футболчилар билан шартнома имзолаши керак эди. Эҳтимол, бундай мақсад бўлмаган ва вазифа фақат таркибни кенгайтириш, айнан ротация учун ўйинчиларни олиш бўлган бўлиши ҳам мумкин.
Рақиблар билан таққослаш
Асосий рақибларнинг кучайганига гувоҳ бўлган пайт "Насаф" трансферлари қизиқарли кўринади:
"Пахтакор" – Ҳожимат Эркинов, Азизбек Турғунбоев, Бобир Абдихолиқов, Зайд Таҳсин (Ўринбоев, Азмиддинов, Абдуллаев, Жўрақўзиев, Ҳошимов, Усмонов, Саиднуруллаев, Лукка кетди);
"Нефтчи" – Жоэль Кожо, Сильванус Нимели, Алишер Одилов (Болтабоев, Табатадзе, Ғиёсов, Гадоев кетди).
"Пахтакор" ҳам, "Нефтчи" ҳам асосий таркибга ёрдам бера оладиган ўйинчиларни олишди. Шу билан бирга, иккала клуб ҳам етарли ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчилардан халос бўлиб, маош харажатларини камайтирди. "Пахтакор" эса Ўринбоевни сотишдан фойда кўрди (бундан ташқари, Аббос Файзуллаевнинг ЦСКАдан "Истанбул Башакшеҳир"га трансферидан ҳам улуш олади). Янги ўйинчиларга келсак, Таҳсиндан ташқари барча юқорида санаб ўтилган футболчилар Суперлига ва Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари ўйинларини кузатиб борадиган мухлисларга яхши таниш.
"Динамо", "Бунёдкор", ОКМК ва "Навбаҳор"да эса бироз камтаринроқ трансферлар амалга оширилди:
"Динамо" – Улуғбек Ҳошимов, Жаҳонгир Абдусаломов, Дмитрий Плетнев, Маҳмуд Маҳамаджонов.
"Бунёдкор" – Валижон Раҳимов, Матия Кривокапич (Ҳамробеков, Качорри, Абдунабиев, Амонов кетди);
ОКМК – Ҳамидулло Абдунабиев, Иброҳим Йўлдошев, Шаҳзод Тоиров (Раҳмонов кетди);
"Навбаҳор" – Жамшид Болтабоев, Муҳаммадали Ғиёсов, Жулио Сезар (Одилов ва Карпович кетди).
"Бунёдкор" сезиларли даражада кучсизланди – "тавофут яратувчи" Ҳамробеков ва Качорри кетди. Биринчи даврада пешқадамлардан бири бўлган Алишер Одиловнинг кетиши "Навбаҳор" ўйинига катта эҳтимол билан таъсир кўрсатади. Бу ерда ўзбек футболи мухлислари учун янги номлар – Матия Кривокапич ва Жулио Сезар.
Хулоса
"Насаф" ёзги танаффусда кучаймаганини айтиш мумкин. Албатта, янги келган ўйинчиларнинг қанчалик фойдали бўлишини фақат вақт кўрсатади. Бироқ дастлабки таассуротга кўра, жамоага келган футболчилар сифат қўшиши эҳтимолдан узоқ, шунингдек, Акмал Мозговойга муносиб ўринбосар ҳам топилмади. Эҳтимол, Шала, Отубано ва Сокари ОЧЛ Элита Лигасида "Насаф"га ёрдам бера оладиган даражадаги ўйинчилар эмасдир.
Суперлигада "Насаф", албатта, чемпионликкача "етиб бориши" мумкин. Агар қаршинликлар унвонни сақлаб қолишса, бу ўтган йилги "захира"си ва бир неча йил давомида шаклланган жамоа асосида эришилган ҳисобланади.
"Насаф"нинг ёзги янги аъзоларидан бирортаси мавсум якунида жамоани тарк этса, ҳайрон бўлмайман. Сўнгги йилларда қаршиликлар трансфер бозорида бир неча бор хатога йўл қўйишди – Андрес Чавес, Темур Чогадзе, Виктор да Силва, Валентино Юэл ва Рубин Хебайни эслаш кифоя. Уларнинг барчаси ўзини кўрсата олмади ва тез орада клубни тарк этди.
Муаллиф: Николай Егоричев
P.S. Таҳририят фикри муаллиф фикрига мос келмаслиги мумкин.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар