Мухлисларнинг стадионга келиши нималарга боғлиқ?
06 дек 2016 11:50
Янгиликлар
Мухлисларнинг стадионга келиши нималарга боғлиқ?
Бу сафар энди олий лиганинг ўзида шундай таҳлилни амалга оширамиз. Ишқибозлар ташрифи, стадионлар сиғими, уларнинг тўлиш фоизи, ҳудудлардаги футболчига қизиқиш қай даражада экани тўғрисида қарашларимизни баён этамиз.
Жорий мавсумда энг кўп ташриф бошқа ерларга нисбатан Бухоро ва Навоийда кўпроқ бўлганини кўп марта ёзиб ўтдик. Чемпионат давом этаётган паллада ҳам шундай фикрлар билдирилди. Якунда “Бухоро” ҳамда “Қизилқум” олий лиганинг қолган иштирокчиларига нисбатан анча кўп мухлислар тўплашга эришишди. Бухорода бу кўрсаткич 17531 нафарни ташкил қилган бўлса, Навоийда 9518дан иборат бўлди. Айнан шу ҳолат мисолида мухлисларнинг ташрифи нима учун ошгани хусусида фикр билдирсак. Ишқибозларнинг стадионга кўпроқ келиши одатда спорт натижалари, амалга оширилган маркетинг ва реклама ёки янги стадионларга боғлиқ бўлади. Ҳар икки жамоа мисолида фақат биринчи ҳолатни эътироф этишимиз мумкин. Маркетинг ёки стадиондаги қулайликлар борасида ушбу клубларда бирор нарсани таъкидлашимиз қийин. Демак, бизда ҳалигача натижадан қатъи назар стадиони тўладиган жамоалар шаклланмаган. “Бухоро” ёки “Қизилқум” қуйироқ поғоналарда юрган вақтда мухлислар ташрифи бунчалик бўлмагани буни исботлайди. Бу йил иккала жамоа таркибига яхши савиядаги кўплаб футболчиларни таклиф этди. Бу эса натижалар яхшиланиб, уларнинг турнир жадвали юқорисида юришига сабаб бўлди. Шунга мос равишда мухлисларнинг стадионларга ташрифи аввалги йилларга қараганда анча ўсди. Мабодо натижалар салбий кўриниш олса, жамоалар камида 55-70 фоиз атрофида мухлисларидан маҳрум бўлишлари турган гап. Буни водий клубларида кўряпмиз. Илгари “Навбаҳор” ва “Нефтчи”нинг уй ўйинларига ўртача ташриф 12 мингдан юқори миқдорни ташкил қиларди. Ҳозирга келиб улар зўр-базўр 5 минглик кўрсаткични қайд этиб туришибди. Қаршида ҳам қизиқиш илгаригидек эмас. “Насаф” юқори поғоналарда боряпти, лекин ташриф буюрувчилар сони жамоа бир пайтлар ўрта ўринларда юргандаги ҳолатдан ҳам пастроқ даражада.
Биринчи ўринда футбол савияси ҳамда ишқибозларни стадионга жалб этиш йўлида ишларнинг кўнгилдагидек эмаслиги ўртача ташриф ошмаётганига сабаб бўляпти. Бунда икки асосий муаммо мавжуд. Биринчиси, клубларнинг бюджетига чипталар сотувидан пулларнинг келиб тушмаслиги ёки унгача муҳтожликнинг йўқлиги. Аксарият стадионлар маҳаллий ҳокимият ёки бошқа ташкилотларга тегишли. Шу сабабли чипта пуллари клуб ҳисобига келиб тушмайди. Ёки клубларга бириктирилган мажбурий ҳомийлар туфайли йиллик бюджет олдида чипта пуллари арзимас нарсадек кўринади. Ҳар йили маълум маблағ тайёр бўлгандан кейин ортиқча оворагарчиликка не ҳожат? Бу клубларнинг шиори. Иккинчи сабаб эса ўз стадионига эга жамоаларнинг деярли йўқлиги. Клублар ихтиёрига берилган стадионлар ҳам аслида уларни қарамоғига анчадан бери олиб келаётган ташкилот ва компанияларга тегишли. Ўзи топган пулга стадион қурмаган клуб ундан фойдаланиш, қай тариқа пул топиш ҳақида ортиқча қайғуриб ўтирмайди. Агар “Бухоро”нинг стадиони хусусий бўлганда унда чипталар сотувидан клуб 2 миллиард 630 миллион сўмга тенг маблағ ишлаб топган бўларди (чипталар нархи 10 минг сўмдан бўлган тақдирда).
Баъзи вилоятларда абонементларнинг мажбурий сотилгани ҳақида маълумотларни билдик. Бу мухлислар сонини ошириши мумкин, чунки олдиндан анча-мунча пулни тўлаб қўйган одам футболга келади. Бироқ бу ўша клубларнинг профессионалликдан жуда ҳам узоқда эканига ишора қилади. Уларнинг номини келтириб ўтмаймиз, бироқ ўша вилоятлик ишқибозлар бундан жуда яхши хабардор эканига шубҳамиз йўқ.
Яна бир қизиқ жиҳатга тўхталиб ўтишни истардим. Илгари стадионларимиздаги шароитлар яхши эмаслиги, уларнинг ҳудудида егуликлар ва салқин ичимликлар сотуви яратилмаганидан кўпчилик шикоят қиларди. Янга стадионлар қурилди, майдон сифатини аксарият клублар яхшилашди, стадионлар ичида турли егуликлар сотиш йўлга қўйилди. Бироқ бу мухлислар ташрифи аксинча таъсир қилди. Масалан, Фарғона ёки Тошкентда олдин стадионга кўпроқ ишқибоз ташриф буюрарди. Бундай пайтда энди футбол савияси биринчи ўринга чиқиб қолмоқда. Ҳатто, “Нефтчи” кучли тўртлик учун ҳаракат қилган 2015 йилда ҳам Фарғонадаги стадион камдан-кам ҳолда тўлди.
5 минглик кўрсаткичдан ўтиш “Сўғдиёна”, “Андижон”, “Қўқон” ва “Навбаҳор” клубларига насиб этди. Ғузор жамоаси саналган “Шўртан” эса Қашқадарёнинг бош клуби бўлмиш “Насаф”дан кўпроқ мухлислар йиға олганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шундай вазиятни “Қўқон” ва “Нефтчи” мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги 6 поғонага Тошкент вилояти ва шаҳрининг 6 жамоаси бирин-кетин жойлашган. “Металлург” мавсум мобайнида жуда яхши ўйин намойиш қилди, бироқ мухлислар ташрифи шунга яраша бўлмади. Чемпион ва вице-чемпион охирги икки поғонага жойлашгани бошқа мамлакатдагилар учун ғалати туюлиши мумкин, аммо биз буни хотиржам қабул қилишга ўрганганмиз.
Стадионларнинг тўлиш борасидаги энг яхши кўрсаткич ҳам “Бухоро”га тегишли бўлиб, ўртача стадион трибуналарининг 77 фоизи ишқибозлар томонидан банд қилинган. “Қизилқум”, “Сўғдиёна” ва “Қўқон”да кўрсаткичлар 50 фоиздан ошган. “Пахтакор” ва “Бунёдкор”да бу натижа 4 ва 3 фоизга тенг. Бошқа томондан улар сиғими энг катта стадионларда ўйнашади. Ихчамроқ стадионда ўйнайдиган “Обод” ҳамда “Локомотив”нинг ўртача ташрифи юқори эмас, лекин стадион тўлиши борасида улар яхшироқ кўрсаткичга эгалар.
Вилоят ва шаҳарлар таснифи бўйича олганда Муборак, Ғузор, Қўқон ва Олмалиқнинг кўрсаткичи жуда яхши экани келиб чиқади.
“Локомотив”, “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Насаф”нинг меҳмондаги учрашувлари мухлисларда кўп қизиқиш уйғотган. Демак, бу жамоалар рақиб бўлган ҳолатда стадионга кўпроқ ишқибозлар келиши одатий ҳолга айланган.
Сафарда кимнинг ўйини эътиборни жалб этади?
Локомотив 6910
Пахтакор 6577
Бунёдкор 5955
Насаф 5520
Навбаҳор 5316
Нефтчи 5127
Андижон 4760
Металлург 4734
Бухоро 4409
Олмалиқ 4155
Машъал 3931
Қўқон-1912 3773
Обод 3738
Сўғдиёна 3329
Қизилқум 3309
Шўртан 2968
Мухлислар ташрифи бўйича умумий жадвал
Изоҳ: 1-устун жамоа, 2-устун уй ўйинларига ўртача ташриф, 3-устун стадион сиғими, 4-устун стадионнинг ўртача тўлиш фоизи, 5-устун энг кўп мухлис келган учрашув, 5-устун энг кўп мухлис кирган беллашувдаги ишқибозлар сони.
Бухоро |
17531 |
22700 |
77% |
Бухоро – Насаф |
24104 |
Қизилқум |
9518 |
14000 |
68% |
Қизилқум – Пахтакор |
19318 |
Сўғдиёна |
6091 |
11750 |
52% |
Сўғдиёна – Бунёдкор |
10684 |
Андижон |
5933 |
18360 |
32% |
Андижон – Локомотив |
16702 |
Қўқон-1912 |
5380 |
10550 |
51% |
Қўқон-Андижон |
8652 |
Навбаҳор |
5344 |
22000 |
25% |
Навбаҳор – Локомотив |
16250 |
Шўртан |
4610 |
10417 |
44% |
Шўртан – Пахтакор |
6851 |
Нефтчи |
4227 |
20000 |
21% |
Нефтчи – Навбаҳор |
18278 |
Насаф |
4117 |
16000 |
26% |
Насаф – Бунёдкор |
8621 |
Машъал |
2731 |
11000 |
25% |
Машъал – Бухоро |
6123 |
Металлург |
2166 |
12500 |
17% |
Металлург – Локомотив |
4812 |
Олмалиқ |
1538 |
12000 |
13% |
Олмалиқ – Насаф |
3801 |
Обод |
1472 |
8000 |
18% |
Обод – Бухоро |
3532 |
Пахтакор |
1465 |
35000 |
4% |
Пахтакор – Насаф |
3816 |
Локомотив |
1350 |
8000 |
17% |
Локомотив – Металлург |
4502 |
Бунёдкор |
1036 |
34000 |
3% |
Бунёдкор – Пахтакор |
3784 |
Беҳзод Назаров
Фикрлар