UZ

Сўнгги янгиликлар

22:06Роналду Саудия Арабистони чемпионатидаги энг омадсиз ҳужумчи бўлиб турибди  1 21:49Уругвай термаси техник ҳамкорсиз қолди, жамоа брендсиз либосларда ўйнамоқда  0 21:26Суперлига. "Динамо" — "Металлург" 2:1. Highlights  0 21:07"Бухоро" ва "Хоразм" ўртасидаги марказий учрашувдан ГАЛЕРЕЯ  0 20:57Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди  0 20:56Суперлига. "Динамо" "Металлург" устидан мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди  24 20:32Дунёнинг етакчи лигалари ФИФАни судга бермоқчи  2 20:15"Локомотив" "SWM Motors" билан ҳамкорлик шартномаси имзолади  0 20:00Руслан Аҳмедов: "Биз натижа учун ўйнаяпмиз. Чиройли ўйин иккинчи даражали"  0 19:50Улуғбек Бақоев: "Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради"  11 19:33Кварацхелия "Наполи"дан кетмоқчи эмас  2 19:11"Арсенал" Йозуа Киммихга қизиқмоқда  7 18:15ПРО лига. Тошкентда ўтган "Бухоро" - "Хоразм" учрашувида дуранг қайд этилди  14 17:43Винченцо Итальяно мавсум охирида клубдан кетади  0 17:25Альфонсо Дэвис "Бавария" билан янги шартнома имзоламайди  1

Мутолаа учун. 1998 йил "сўйлоқ тиш" бир ўзи "Спартак"ни мағлуб этди. Бу биз кўрган энг зўр Роналдо эди Янгиликлар

Мутолаа учун. 1998 йил "сўйлоқ тиш" бир ўзи "Спартак"ни мағлуб этди. Бу биз кўрган энг зўр Роналдо эди

Роналдо бундан роппа-роса 22 йил аввал Москвада бўлган УЕФА Кубоги ярим финал жавоб ўйинида "Спартак"ни футбол ўйнаб бўлмайдиган шароитда ҳам фантастик ҳаракатлари билан мағлуб этган эди.

Бу ҳақида алоҳида мини-сериал ишласангиз арзийди. Хўш, "попкорн" тайёрми? Унда бошладик!

Ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган.

1-эпизод. "Феномен".

1998 йил, апрель. Миланнинг "Интер" клуби Москвага УЕФА Кубоги жавоб ўйинида "Спартак" билан беллашувга учади. Биринчи ўйинда "Сан-Сиро"да италияликлар ўйиннинг охирида ғалабани илиб  кетишган – 2:1.

"Интер"нинг таркиби чинакам терма жамоа! Саморано, Симеоне, Занетти, Кану, Рекоба, Жоркаефф, Уэст, Винтер, Пальюка, Бергоми… Ва албатта ҳужумлар етакчиси — 21 ёшли бразилиялик ҳужумчи "Феномен" лақабли Роналдо. У "Интер"даги биринчи мавсумини ўтказмоқда. Ёзда Роналдо "Барселона"дан 25 млн фунт эвазига Италияга кўчиб ўтган. Ўша вақт учун бу рекорд сумма эди. Роналдо расман дунёнинг энг яхши футболчиси бўлганига тўрт ой бўлди. 1997 йил якунларига кўра футболчи ўзининг биринчи "Олтин тўп"ини қўлга киритди ва яна бир рекордни қайд этди — ҳеч ким бу совринни бунчалик эрта қўлга киритмаган. World Soccer журнали унинг расмини қуйидаги сўзлар билан чоп этди: "Тарихда энг яхшисими?". Самолётда италияликлар "Corriere della Sera"нинг янги сонини ўқишмоқда: "Роналдо шундай формага кириб олди-ки, у исталган ўйинни бир ўзи юта олади".

"Эй, Рон! Биз учун УЕФА Кубогини ютиб берасанми?" — деб бақирди Роналдога футболчилардан бири. Феномен унга ўша машҳур бўлган кулиб боқиши билан жавоб берди. "Эй, Рон! Ёзишларича — сен суперқахрамон экансан. Муваффақиятинг сирини айтасанми? — деган овоз келди салоннинг бошқа бурчагидан. Роналдо қайрилди. Майдонда ҳам, ҳаётда ҳам у жуда қувноқ ва ҳушчақчақ эди. Футбол ва базмларни жуда яхши кўрарди. "Йигитлар, майли, агар шуни хоҳласангиз. Барчаси оддий — ўйин арафасида тунда мен..." (Ҳамма жим бўлиб қолади, ўша лаҳзада салонда пашша учса эшитиларди). "Кроватимда ҳеч нима қилмай ётаман. Шунчаки ётиш, умуман ортиқча ҳаракат қилмайсиз, кучингизни сарфламайсиз. Ахир у сизга майдонда зарур бўлиб қолиши мумкин. Асосийси ўзингизни бошқара олиш. Тушунарлими?", — деди Роналдо. Буни эшитган барча хохолаб кулиб юборади. "Рон, сен асосийси умуман пассивлашма!".

"Интер" матбуот-бўлими бошлиғи Сандро Сабатини эса 1998 йил Роналдога топширилган ўша "Олтин тўп" билан боғлиқ бошқа бир воқеани ёдга олади. Москвагача ҳали узоқ ва у барчасини йўлда ёнма-ён кетаётган шерикларига айтишни бошлади: "У Бразилиядаги дўстлари билан навбатдаги базмга шу қадар шошаётганди-ки, "Олтин тўп" кийиниш хонасида қолиб кетганди! Кейинроқ менга қўнғироқ қилди ва совринни эсдан чиқариб, ташлаб кетганини айтди. Мен "Олтин тўп"ни кийиниш хонасидаги кир кийимлар ташланадиган саватчадан топдим, стадион ходимлари уни ўша ерга қўйиб қўйишган экан".

Москва. "Спартак" билан ўйиндан бир кун аввал "Интер" тўлиқ таркиб билан шаҳарни айланмоқда. Қизил майдонда барча футболчилар, шу жумладан, Роналдо ҳам эсдалик совғаларини харид қилишди. Жамоа аъзоларига тинмай дастхат ва расм ниятидаги "овчилар ҳужум қиларди". Уларнинг орасида ҳам маҳаллий мухлисларни, ҳам италиялик сайёҳларни кўриш мумкин эди. Ҳаттоки, Диего Симеоненинг 3 ёшли ўғли Жованни ҳам отаси уни ўзи билан Москвага олиб кетишга қарор қилганди. Роналдонинг олдига келиб дастхат сўрайди.

Мухлислардан қочиб қутилиш мақсадида Роналдо Юрийм Жоркаефф ва Арона Винтер билан бирга МУМга кириб кетади. Сувенирлар бўлими сотувчиси "Интер" юлдузларини таниб қолади ва "Бир-у – ноль! Уно – зеро!" деб бақиради. Бразилиялик шунда ҳам самимий кулиб қўяди. МУМдан чиққан футболчилар клуб автобуси қолганларни олиб меҳмонхонага кетиб қолганини тушиниб етишади. Роналдо ва икки шеригининг мухлислар тўдаси билан бирга меҳмонхонагача бўлган йўлни пиёда ўтишдан бошқа иложи қолмайди.

2-эпизод. "Ботқоқлик".

Ўйиндан бир кун аввал "Интер" "Спартак" манежида машғулот олиб боради. "Спартак" ҳам, меҳмонлар ҳам об-ҳаво туфайли шундоқ ҳам "қийналган" "Динамо" стадиони чимини аяшади. Москва бўйлаб апрель учун хос бўлмаган даражада кўп қор ёғади (мутахассислар фикрига кўра, бунақаси 1903 йилдан буён бўлмаганди) ва майдонни ботқоқликка айлантиради. Ўйинни қутқариш учун махсус машиналар, ускуналар ва аскарлар бириктирилади. "Динамо" стадиони директори Олег Точелович журналистларга интервью беради.

"Одамлар учун байрам уюштирмоқчи эдик. Бу ерда эса... Дарҳол ҳарбийлар билан боғландик. Бизга майдонни ва трибуналарни тозлаш учун 500га яқин аскар беришди. Иситиш тизимини ёқдик — унинг ёрдамида чимни қуритмоқчимиз".
"Учрашув ўтказиладими ёки уни қолдиришади?"
"Бу энди УЕФА вакилига боғлиқ, охирги сўзни у айтади. Мен эса ўйинни қутқариш учун қўлимдан келганини қила оламан ҳолос".
"Чипталар билан вазият қандай?"
"Барча чипталар сотиб бўлинган. Бизга бу баҳс бўйича 500та ташкилотдан сўровнома келиб тушган, умумий ҳисобда эса "Интер"ни кўрмоқчи бўлганлар 170 мингдан зиёд мухлис!"


14 апрель. Ўйин куни 

9:45. "Интер" вакилларидан кейИн Хью Даллас бошлиқ шотландиялик ҳакамлар бригадаси, УЕФА вакили Норман Ди Майо ва УЕФА ҳакамлар назоратчиси Жорж Куртни стадионга ташриф буюради.

9:49. Барча расмий шахслар майдонга йўл олишди. Трибунага кираверишни экскаваторлар тозаламоқда, аскарлар трибуналарда, стадион ишчиси эса шлангда захира ўриндиғинга қайноқ сув сепмоқда. Ди Майо умрида ҳеч қачон қорни кўрмаганини тан олди.

9:53. УЕФА қор аралашган ботқоқликка айланган жойда депсиниб турибди. Айнан у ўйин бўлади ёки йўқ деган саволга жавоб беради. Ди Майо майса ҳолатига баҳо бериш учун Точелович ва "Динамо" ФК бош директори Николай Толстихни таклиф қилади. Таржимон ёрдамида улар ўйин ҳақида гаплашишади. Ди Майо: "Ўйингача майдон бундан ҳам "дабдала" ҳолатга келиб қолмасмикин?". Точелович: "Октябрда биз Россия — Италия ўртасидаги ўйинни ўтказдик ва чим бунга дош берди. Ўшанда ҳам қор ёққан, шунга ўхшаш об-ҳаво эди". Ди Майо: "Нимадир қилиб уни қуритиш мумкинми?". Точелович: "Ҳаракат қиляпмиз. Майсанинг иситиш тизими энг кучли режимга қўйилган. Қорни тозалаб олсак, барчаси қуриши керак". Толстих: "Майдонда муз бўлмаслигига, у музлаб қолмаслигига кафолат берамиз. Афсуски у шундай ҳолатга келиб қолди, лой ҳам йўқ демайман. Аммо буни ўзгартириш бизнинг қўлимизда эмас". Ди Майо: "Ўйинни бир кунга қолдирсак, майдонни яхшироқ ҳолатга келтира оламизми?". Толстих: "Эртага ҳам об-ҳаво бундан яхши бўлмайди — ёмғир ва қор ваъда қилишган. Шунинг учун бир сутка ҳеч нимани ўзгартирмайди". Ди Майо ўйланиб қолади ва инглиз тилида Куртнига мурожаат қилади: "Чамамда, ўйинни кўчирсак ҳеч нима ўзгармайди. Майдонда муз йўқ ва шу сабаб уни хавфли деб бўлмайди. Шунинг учун ўйнаш мумкин".

10:04. Ди Майо ва Куртни майдондан чиқиб, трибуна остига йўл олишди. Трибунадан астойдил тер тўкаётган аскарлардан бири бир белкурак қорни пасга улоқтирганди, у сал қолса Ди Майонинг бошига тушарди. Қўрқиб кетган мутахассис, ўйчан ҳолатда ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган йиғилиш ўтадиган хонага кириб кетди.

10:45. Дастлабки қарор — ўйин бўлади. УЕФА вакиллари трибуна ва стадионга кириб келиш ҳудуди ўз вақтида қордан тозаланиши борасида ҳамда хавфсизлик таъминланиши бўйича кафолат олишди. Бироқ Ди Майо якуний қарор кечки пайт, ўйин бошланишига бир ярим соат қолганда, эълон қилинишини айтди. Ўнлаб аскарлар майдонга тушиб, уни қордан тозалай бошлашди.

15:28. Майдон тўлиқлигича қордан тозаланди. 

16:30. Иссиқ кийимлар кийиб олган ишчиар майдон чизиқларини чиза бошлашди ва намликни йўқотиш учун параллель равишда уни қум сочиб кетишарди. 

17:57. "Динамо" стадионига яна УЕФА ҳакамлари ва расмийлари ташриф буюрди.

18:04. Бироз ўйланишлардан сўнг қарор қабул қилинди — ўйин бўлади! Майдонни кўздан кечириш учун келган "Интер" футболчилари, деярли ўт йўқлиги ва қум сочилган ерни кўриб, турлича муносабат билдира бошлашди. Меҳмон клуб президенти Массимо Моратти россиялик журналист танишига: "Майдон, леопард терисини ёдга солмоқда. Бу нима, қайта қуришдаги сўнгги ютуқларингизданми?". 


3-эпизод. "Даҳо".

Трибуна остидан Роналдо "Интер" футболчилари ичида охирги бўлиб чиқиб келди — ирими шунақа экан. Далласнинг ҳуштаги янгради ва ўйин бошланди. Ботқоқликдаги биринчи рейдини меҳмонларнинг тўққизинчи рақамли футболчиси 2-дақиқада амалга оширади — тезлик олган Роналдо Горлуковични ортда қолдиради, лекин Ананко рақибига нисбатан қоида бузади. Жарима зарбаси. Хлестов, Ананко, Горлукович, Евсеев — "Спартак" ҳимоячилари Роналдони ҳаракатланишига қараб қўриқлаб, қаердадир майда фоллар эвазига ўйин дебютида бразилияликни зарарсизлантира олишади. Бу орада Тихонов гол уради. 12-дақиқада унинг олис бурчакка берган аниқ зарбасидан сўнг умумий ҳисоб 2:2 бўлади, аммо Миланда урилган гол эвазига россияликлар устунликка эга бўлишади. "Спартак" учун бундай об-ҳаво ва стадиондаги аншлаг (35 минг мухлис) кўз ўнгидаги учрашув ажойиб бошланди.

"Интер" тайм охирида жавоб берди. Қанотдан тўп оширилиши, Горлуковичнинг оёғига теккан тўпга Роналдо биринчи бўлиб етиб боради ва бутсасининг учи билан ўйиндаги ҳисобни тенглаштиради. "Интер" бош мураббийи Луижжи Симони майдон четида ғолибона ҳаракатларни амалга оширарди. 1:1. Энди "Спартак" нима қилиб бўлса ҳам гол уриши зарур.

75-дақиқагача ҳисоб ўзгармайди. Кейин эса Роналдо бутун стадионни ҳайратдан оғзини очиб қўяди. "Аут"дан сўнг дарвозадан 25 метр узоқликда тўпни қабул қилган Феномен 5 нафар (!) рақибини алдаб ўтади. Аввалига тана ҳаракати эвазига Горлуковични ортда қолдиради. Кейин Саморано билан "девор" услубида ўйнаб, Хлестовни доғда қолдиради. Катта тезликда, жарима майдонида Ромащенко ва Тихоновдан ўзиб кетади ва Филимоновни алдаб кетади. Тўпни чап оёқда бўш қолган дарвозага йўллайди. "Спартак" бош мураббийи Олег Романцев ўтирган жойида қўлларини икки ёнга ёйганча: "Уни нима қилса бўлади-а?!".

84-дақиқада ўйин тақдири ҳал бўлганини тушунган меҳмонлар устози ("Спартак" ўзи гол ўтказмай, уч бор рақиб дарвозасини ишғол қилиши керак), Симони бразилияликни алмаштиради. "Спартак" мухлислари Роналдони тик туриб, олқишлар садоси остида кузатиб қўйишади. У жавобан уларга миннатдорчилик билдирган ҳолда қўлларини силкиб қўяди ва юзида табассум билан майдонни тарк этади.


Финал сатрлари

Ўйиндан кейин "Спартак" футболчи ва мураббийлари "ҳеч уялмай" Роналдо томон илиқ сўзлар айтишди: Андрей Тихонов: "Ҳар икки рақибнинг ўртасидаги ягона фарқ "Интер"да Роналдо бор. Айнан у ўйин тақдирини ҳал қилди". Дмитрий Аленичев: "Ўйлашимча, биз бугун биргина футболчига ютқаздик, у ҳам бўлса Роналдо. Фақат шу футболчини олиб ташланг ва "Интер" ўртамиёна жамоадек кўрина бошлайди". Олег Романцев: "Ғалаба учун бизга нима етишмади? Нима эмас, ким етишмади. Роналдо".




Кейинги кун "Спорт-экспресс" нашри биринчи саҳифасида: "Хафа бўлма, Россия. "Спартак" "Интер"дан ёмон ўйнамади. Шунчаки унда Роналдо йўқ эди". Газетада шундай ёзилганди: "Роналдо қаерда бўлса, ғалаба ҳам ўша ерда. Бразилиялик учун экзотик ҳолат Россия қишида ҳам у ўзини кўрсата олди. "Спартак" "Интер"ни ютди — 1:0, лекин Роналдога ютқазди — 0:2". "Интер" президенти Массимо Моратти интервьюсида ўз ҳайратини яшириб ўтирмади: "Роналдонинг иккинчи голи — бу ақлбовар қилмас ҳолат. Мен бу вазиятни керак бўлса минг марта ҳам кўришга тайёрман! Роналдо бошқа исталган футболчидан умид ҳам қилиб бўлмайдиган ҳаракатларни амалга ошира олади. Бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қила оладиган футболчилар — ноёб ҳодиса. Шундай футболчи бизнинг жамоамизда борлиги бу катта бахт".

***

"Спартак" бошқа ҳеч қачон еврокубоклар ярим финалида ўйнамайди. Москвадаги ўша ўйин "қизил-оқлар" тарихида еврокубоклардаги учинчи ва ҳозирча охирги ярим финал бўлиб қолди. "Интер" эса 1998 йили "Лацио"ни 3:0 ҳисобда мағлуб этиб, УЕФА Кубогини қўлга киритди. Роналдо "нерадзурри"нинг учинчи голини уриб, ўйинга нуқта қўйганди.

1998 йил ёзида бразилиялик энди Франция яшил майдонларида, мундиаль ўйинларида ўзини кўрсата бошлайди. У ерда ҳам форвард Бразилияни финалга қадар етаклайди ва ҳал қилувчи ўйиндан аввалги тундаги сирли воқеалар унга охирги беллашувда, французларга қарши баҳсда "концерт" қўйиб беришга тўсқинлик қилади. Кейинги мавсумда Роналдони жароҳатлар ва ўнг оёғидаги оғриқлар безовта қила бошлайди, футболчи фақатгина уколлар ёрдамида майдонга тушади. 

Феноменни 1998 йилдагидек (озғин ва соғлом) кўринишда бошқа кўрмадик...


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика