Месут Озил Германия терма жамоасидан кетди. Футболчининг баёноти (тўлиқ)
23 июл 2018 15:08
Янгиликлар
Месут Озил Германия терма жамоасидан кетди. Футболчининг баёноти (тўлиқ)
Футболчи бу ҳақида "Инстаграм"даги саҳифасида эълон қилди.
Сиз немис футболидаги йил можаросидан хабардор бўлсангиз керак. Ушбу можаро Месут Озил ва Илкай Гюндоганнинг Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан тушган суратидан сўнг (сурат остига Гюндоган қуйидаги сўзларни қўшган: "Менинг ҳурматли президентим билан") пайдо бўлди. Кўплаб немислар буни сотқинлик деб ҳисоблади. Ҳа, футболчиларнинг ота-онаси турклар, аммо икки ўйинчи Гельзенкирхенда туғилган ва болалигидан Германия шарафини ҳимоя қилишган.
Гюндоган бу ҳақида бир неча маротаба чиқишлар қилди, аммо Озил ўз баёнотини кеча эълон қилди.
Озил баёнотини тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Эрдўғон билан учрашув ҳақида
Охирги бир неча ҳафтада сўнгги ойларда содир бўлган воқеалар ҳақида ўйлашга вақт бўлди. Фикрларим ва туйғуларим билан бўлишмоқчиман.
Кўпчилик каби менинг келиб чиқишим бир мамлакатга боғлиқ эмас. Германияда катта бўлдим, аммо оилам "томири" турклар. Болалигимда онам мени ҳаммани ҳурмат қилишга ва қаердан эканлигимни унутмасликка ўргатган. Бу нарсаларни ҳозиргача эслайман.
Май ойида Лондон шаҳрида хайрия тадбири пайтида президент Эрдўғон билан учрашдим.
Биз 2010 йилда танишганмиз, ўшанда у ва Ангела Меркель Берлинда Германия - Туркия учрашувини томоша қилишган. Шундан сўнг йўлларимиз турли мамлакатларда кўп туташди. Бизнинг суратимиз немис медиасида катта норозиликларга сабаб бўлганини биламан. Баъзилар мени ёлғончиликда айбламоқда, аммо бу сурат сиёсий аҳамиятга эга эмасди. Онам менга келиб чиқишимни ва оилавий анъаналарни унутишган имкон бермаган. Эрдўғон билан сурат мен учун - бу сиёсат ёки сайловлар эмас. Шу йўсинда оилам мамлакатига ҳурмат бажо келтирдим. Менинг ишим - футболчилик, сиёсат эмас, учрашувимиз кимнингдир сиёсатини қўллаб-қувватлаш мақсадида бўлмаган. Биз ҳар доимгидек футбол ҳақида суҳбатлашдик. Эрдўғон ҳам ёшлигида футболчи бўлган.
Немис медиаси буни бошқа рангда кўрсатди, аммо ҳақиқат шундаки, президент билан учрашмаслик ҳозир мен билан фахрланиши мумкин бўлган оилам "томири"га ҳурматсизликни англатарди. Мен учун ким президентлиги эмас, у президент бўлиши муҳим эди. Туркия президентими ёки Германия - ўзимни бир хил тутган бўлардим.
Ҳа, буни тушуниш қийин бўлиши мумкин. Туркияда президент сифатида кимни танлашмасин, барибир суратга тушган бўлардим.
Медиа ва ҳомийлар ҳақида
Мен дунёнинг энг кучли 3та лигасида ўйнаган футболчиман. Омадим келган, чунки Бундеслига, ЛаЛига ва Премьер-лигадаги дўстларим мени қўллаб-қувватлашади. Фаолиятим давомида медиа билан мулоқот қилишни ўргандим.
Кўпчилик ўйиним ҳақида гапиришади - кимдир мақтайди, кимдир танқид қилади. Агар газета ва мутахассис хато топса, бунга қўшиламан - идеал эмасман, кўпинча бундай нарсалар мени илҳомлантиради. Аммо немис медиаси келиб чиқишим ва суратим жаҳон чемпионатида муваффақиятсизлик келтирди дейишига қўшилмайман.
Нега менинг суратим Россиядаги муваффақиятсизликка сабаб бўлиши мумкин? Улар менинг ёки миллий жамоанинг ўйинини қоралашмади, улар менинг келиб чиқишимни, ўз тарбиямга бўлган ҳурматимни танқид қилишди. Улар ўтиш мумкин бўлмаган чегарадан чиқишди. Газеталар бутун Германияни менга қарши қўйишга ҳаракат қилмоқда.
Яна мени медиадаги икки хил стандартлар жаҳлимни чиқаради. Лотар Маттеус бир неча кун олдин жаҳоннинг бошқа етакчиси билан учрашди, аммо деярли ҳеч ким уни танқид қилмади.
У Германия терма жамоасининг фахрий сардори, бироқ ундан тушунтириш сўрашмади, эътирозлар йўқ. Агар газеталарнинг фикрича, мени ЖЧга олиб кетмаслик керак бўлганида, унда Маттеусни фахрий сардорликдан четлатиш керак. Наҳотки менинг келиб чиқишим улар учун мос нишон?
"Ҳамкорлик" сўзи - яхши ва ёмон кунларда қўллаб-қувватлашни англатади деб ўйлардим. Яқинда мен ва икки дўстим хайрия лойиҳаси доирасида Гельзенкирхендаги "Бергер Фельд" мактабига боришни режалаштираётган эдик. Мигрантлар фарзандлари, камбағал оиладаги болалар ва бошқалар бирга футбол ўйнаши ва жамиятда ҳаёт қоидаларини ўрганиши учун бир йил давомида лойиҳани молиялаштирдим. Бироқ мундиалга кетишдан бир неча кун олдин, ҳамкорларим бу пайтда мен билан ишлашни истамади. Бундан ташқари, мактаб вакиллари менежерларимга мени бу вақтда кўришни истамаётгани ҳақида айтишди. Эрдўғон билан суратим туфайли улар газетадан қўрқиб қолишди.
Тўғрисини айтсам, оғир ботди. Мен у ерда ўқиганман, энди эса мени кераксиз сифатида ҳис қилишга мажбурлашди.
Мендан юз ўгирган яна бир ҳамкор бор (Mercedes). Улар немис футбол иттифоқи билан ҳам ишлагани туфайли, жаҳон чемпионатидан олдин мендан промо-роликда суратга тушишни сўрашди. Аммо Эрдўғон билан суратимдан сўнг мени барча роликлардан олиб ташлашди. Улар мен билан бошқа ишлашни хоҳлашмади ва бу вазиятни "инқироз-менежмент" деб номлашди. Кулгили, чунки уларнинг маҳсулоти ноқонуний программага эга эканлиги эълон қилинган эди (Mercedes зарарли газлар миқдорини камайтириб кўрсатувчи программадан фойдаланишда айбланмоқда). Юз минлаб машиналар қайтариб олинмоқда. Терма жамоада мени танқид қилишди ва ҳаракатларим борасида тушунтириш сўрашди. Терма жамоа ҳомийидан ҳеч қандай расмий баёнот сўралмади. Нега? Бу оилам президенти билан суратга тушишдан ёмонроқ бўлса керак?
Яна бир бор қайтараман: "Ҳамкорлар" сени ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаши керак. Adidas, Beats ва BigShoe фантастик содиқлик кўрсатишди, бу вақтда улар билан ишлаш роҳат бағишлайди. Улар немис медиаси тарқатган ёлғондан юқорироқда эди. Жаҳон чемпионати пайтида BigShoe билан ишладим ва Россиядаги 23 болакайнинг операциясига ёрдам бердим. Худди шундай ишни Бразилия ва Африкада ҳам қилганман. Бу футболчи сифатида қила оладиган асосий ишим, аммо газеталарда буни ёзиш учун жой йўқ.
Терма жамоадан кетиш ҳақида
Сўнгги ойларда Немис футбол иттифоқи ва ушбу ташкилот президенти Райнхард Гринделнинг ҳаракатлари мени асабийлаштирди. Эрдўғон билан суратдан сўнг, Йоахим Лёв таътилни тўхтатиб, Берлинда бирга баёнот бериб, мавзуни ёпишни сўради. Гринделга ҳаммасини тушунтирмоқчи бўлганимда, унга ўзининг сиёсий қарашлари муҳимлиги билиниб қолди. Бор эътиборни футбол ва жаҳон чемпионатига қаратишга қарор қилдик. Журналистлар менга ташланиб қолмаслиги учун Немис футбол иттифоқи уюштирган матбуот-анжуманларида иштирок этмадим.
Бу вақтда Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмейр билан учрашдим. Гринделдан фарқли равишда, президент ўзини профессионалдек тутди. Унга оилам, келиб чиқишим ва қарорларим ҳақидаги гапларим қизиқ эди. Учрашувда мен, Илкай ва Штайнмайер бор эди, бу ўз сиёсий қарашларини олға сурган Гриделнинг жаҳлини чиқарди. Биз президент билан юзага келган вазият борасида расмий баёнот беришга қарор қилдик. Аммо биринчи баёнот Гриндель томондан эмас, Штайнмйер офисидан бўлиши немис футбол иттифоқи президенти жаҳлини чиқарди.
Жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг, турнирдан олдин қабул қилган қарор туфайли Гринделга босим ўтказишмоқда. Бу адолатдан. Олдинроқ, у менга яна тушунтириш беришим кераклигини айтди ва жаҳон чемпионатидаги омадсизликда мени айблашга уринди. Гриндель сифатли ишлай олмагани туфайли энди айбдор бўлишни истамайман. Сурат туфайли у мени терма жамоадан четлатмоқчи эди. Аммо Йоахим Лёв ва Оливер Бирхофф ёнимни олишди.
Гриндель ва унинг иттифоқдошлари кўзи билан қарасак, ғалаба қозонсам немисман, мағлуб бўлсак мигрантга айланаман. Германияда солиқ тўлайман, немис мактабларига хайрия қиламан, Германия билан жаҳон чемпиони бўлдим, аммо жамият ҳали ҳам мени қабул қилмаяпти. Мени "бошқа" деб ҳисоблашмоқда. 2015 йилда "Немис футболи элчиси"га айландим. Энди эса немис эмасманми? Мен тўғри келмайдиган талаблар борми? Дўстларим Лукас Подольски ва Мирослав Клозеларни польшалик немислар дейишмайди, нега энди мен туркиялик немисман? Гап бу Туркия эканлигидами ёки мусулмонлигимда? Мен Германияда туғилиб, шу ерда таълим олдим. Нега одамлар немис эканлигимни тан олишмайди?
Гриндель каби фикрлайдиганлар кўп. Немис театри раҳбари Вернер Штеер Анатолияга, турклар яшайдиган шаҳарга кетишимни талаб қилди. Қайтариб айтаман, оиламнинг келиб чиқишини танқид қилиш - чегарадан чиқишдир.
Райнхард Гриндель, хафсалам пир бўлди, аммо ҳаракатларингиздан ҳайрон бўлганим йўқ. 2004 йилда мультимаданият - афсона ва ёлғон эканлигини айтган эдингиз. Сиз икки фуқароликка ва пора учун жазога қарши чиққан эдингиз.
Кўпчилик билан худди шундай муомалада бўлди ва Германия терма жамоаси футболкасини кийиш ниятим йўққа чиқди. Ўзимни кераксиздек ҳис қиляпман. Одамлар 2009 йилдан бери нималарга эришганини унутишган кўринади. Ирқчиликка алоқадор инсонлар терма жамоани бошқарадиган дунёнинг энг йирик футбол федерациясида ишламаслиги керак.
Ирқчилик ва ҳурматсизликни ҳис қилар эканман Германия терма жамоасида бошқа ўйнамайман. Терма жамоа футболкасини ғурур билан кийганман, аммо бу ортда қолди. Жуда қийин қарор, чунки жамоадошларим, мураббийлар ва Германия фуқарорали учун бор кучимни ишга солганман. Бироқ Немис футбол иттифоқининг муҳим мансабдорлари менга шундай муносабатда бўлишда давом этар экан, етар, бас. Мен бу учун футбол ўйнаётганим йўқ. Қўлимни қовуштириб ўтирмайман. Ирқчиликка чидаб бўлмайди.
Месут Озил
Фикрлар