UZ

Сўнгги янгиликлар

02:00Ғиштдан дарвоза қуриб ўйнаган, "Атлетико" майдонида энг яхши футболчи деб топилган ҳамда Роналдудан жарима зарбаси тепишни ўрганган "Пахтакор"нинг янги легионери билан яқиндан танишамиз  0 01:46Эшли Янг АПЛдан тушиб кетган жамоа учун тиббий кўрикдан ўтди  0 01:11Расман: Роберто Фирмино - "Ал Садд" футболчиси!  3 00:51"Милан" футболчиси "Бешиктош"га ўтиши мумкин  0 00:35"Ювентус" футболчисини "Вердер"га сотди  1 00:20Отабек Шукуров Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ўйинига ташриф буюрди  0 23:5617 йиллик фаолиятдан кейин Сауль "Атлетико"дан кетди  1 23:39Расман: Уго Экитике "Ливерпуль"га ўтди  2 23:14Рэшфорд: "Барселона"ни уйимдек, бу ердагиларни оиламдагидек кўряпман"  3 22:59"Атлетико" "Ал Насср"га ўтиши керак бўлган футболчини 34 миллионга сотиб олади  0 22:34Месси ва Альба бир ўйинга четлатилиши мумкин  0 22:17Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ЦСКАни кичик ҳисобда мағлуб қилди  6 21:58Ниҳоят, расман: Рэшфорд - "Барселона" футболчиси!  10 21:47Массимилиано Аллегри: "Милан" Европанинг энг яхши жамоасига қарши тенгма-тенг ўйнади"  2 21:11Аббосбек Файзуллаев тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди  14

Мен ўйинини Кристиан Пануччига ўхшатган Бахтиёр Ашурматов 45 ёшда Янгиликлар

Мен ўйинини Кристиан Пануччига ўхшатган Бахтиёр Ашурматов 45 ёшда

"Қўқон-1912" бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов 25 март куни 45 ёшни қарши олди.

Бахтиёр Ашурматовнинг туғилган кунини "Қўқон-1912" телеграм каналидан ўқиб билдим. Энди-энди ўзбек футболига қизиққан пайтларим Ашурматов футболчи эди. Уни биринчи бор миллий терма жамоа либосида кўрганман. Ўшанда 2002 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида ҳаракат қилган жамоамиз ҳимоя чизиғини Бахтиёр Ашурматовсиз тасаввур қилиб бўлмасди.

Агар ўзим ўйинини кўрган футболчилардан Ўзбекистон термаси рамзий таркибини тузадиган бўлсам, бунда албатта Бахтиёр Ашурматовга жой топилади: ё ўнг қанот ҳимоясида ёки марказий ҳимояда, бу энди рамзийга яна кимлар киришига боғлиқ.

 2000-йиллар бошида "Рома" клуби Италияда бироз муддат гегемонлик ўрнатганини кўпчилик яхши эсласа керак. Тотти, Батистута, Эмерсон, Кассано - бу футболчиларнинг ўйини кўпчиликка манзур бўлганди. Ўша йиллари "Рома"да кучли ҳимоячилардан бири Кристиан Пануччи ҳам ўйнаган. Балки ҳозирги ёшлар бу футболчини танимас, лекин орамизда унинг ўйинини кўрганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Негадир мен ўшанда Бахтиёр Ашурматовнинг ўйинларини Пануччига ўхшатганман. Балки бўйи деярли тенг бўлгани учунми, ҳар иккаласи 2-рақамда ҳаракат қилгани боисми ёки соч турмаги ўхшаш бўлганиданми, хуллас "Рома"даги Пануччини кўрсам Ашурматов, Ашурматовни кўрсам Пануччи ёдга тушарди. Бундан ташқари, ҳар икки футболчи ҳам жамоа сардори бўлган. 

Ҳозир кўпчилик ёшлар Бахтиёр Ашурматовни мураббий сифатида билади. Энди икки оғиз унинг футболчилик даврини ёдга олсам, Ашурматов яккакурашлардан чекинмайдиган, тўпни олиб қўйиш учун жонини беришга тайёр ҳимоячилардан эди. У ўзини ҳам, рақибларини ҳам аямасди. Уни қўпол футболчи деб бўлмасди, лекин жуда кескин ўйнарди. Масалан, у билан "Пахтакор"да тўп тепган Гочгули Гочгулиев кўпроқ классик ҳимоячилар қаторига киради, Ашурматов эса жангчи эди. 

Катта футболдаги фаолиятини 1994 йил МҲСК сафида бошлаган Ашурматов кейинчалик 1997 йил "Пахтакор"га кўчиб ўтади ва икки мавсум шу жамоа шарафини ҳимоя қилади. 2000 йил "Дўстлик" таркибида ўйнаб Ўзбекистон чемпиони бўлган Бахтиёр Ашурматов сўнгра яна "Пахтакор"га қайтади. 2003 йилга келиб 26 ёшли ҳимоячи ўз кучини синаб кўриш мақсадида Россия Премьер-лигасига йўл олади ва "Спартак-Алания" билан шартнома имзолайди. Ўша йил иккинчи даврани "Торпедо-Металлург"да ўтказган моҳир ҳимоячининг Россияда унчалик иши юришмай яна "Пахтакор"га қайтиб келади ва 2004-2005 йилларни тошкентликлар таркибида ўтказади. 

2005 йилнинг ярмида яна Россияга кетган Ашурматов бу сафар "Крилья Советов" билан шартнома тузади. Афсуски, унинг рус диёрига иккинчи қайтиши ҳам муваффақият келтирмайди. "Томь" билан кечган ўйиннинг 77-дақиқасида захирадан тушган Ашурматов орадан кўп ўтмай жиддий жароҳат олиши натижасида уч ойга сафдан чиқади. Германияда даволаниб қайтган ҳимоячи икки йил деярли футбол ўйнамайди. Фақат 2007 йилга келиб яшил майдонга қайтган Ашурматов Россиядаги фаолиятига якун ясайди ва Ўзбекистонга қайтиб, ўша йиллари довруғи дунёга достон бўлган "Бунёдкор" футболчисига айланади. 

"Бунёдкор" сафида уч ажойиб мавсумни ўтказган футболчи кутилмаганда узоқ "Хоразм" таклифини қабул қилади ва 2010 йилни шу жамоа либосида ўтказади. Ўша йил "Локомотив" олий лигадан биринчи лигага тушиб кетганди. 2011 йил "темирйўлчилар" сафига ўтган Ашурматов жамоанинг бир мавсумнинг ўзидаёқ олий лигага қайтишига муносиб ҳисса қўшади. У 2012 йилни ҳам "Локо" таркибида бошлаб, биринчи давра ярмида футболчилик фаолиятига якун ясайди ва мураббийлик касбини бошлайди. 

Бахтиёр Ашурматовнинг мураббий сифатида бошқарган илк клуби "Гулистон" бўлган. 2013 йил олий лигада ўйнаган "Гулистон" бир нечта ўйинлари билан ёдда қолганди. Ашурматов сирдарёликлар бошқарувидан кетгач, бироз муддат "Бунёдкор" мураббийлар штабида фоалият олиб борди, кейинроқ эса "Навбаҳор" ва "Андижон" клубларини бошқарди. Бахтиёр Ашурматовнинг мураббий сифатидаги энг катта ютуғи ҳозирча 2018 йил АГМК билан Ўзбекистон Кубогида зафар қучгани бўлиб турибди. Эсингизда бўлса, ўша йил кўпчилик "Пахтакор" ғолиб чиқишини тахмин қилган, бироқ олмалиқликлар якунда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. 

Ашурматов ёш мураббийлардан бири. У жамоасини муҳим ўйинларга қандай тайёрлашни билади. Футболчиларга мотивация бериши ҳам жойида. Умуман олганда, юртимизда Бахтиёр Ашурматовга ўхшаган футболчилар ва мураббийлар кўпайгани маъқул. У футболчи пайти курашувчан эди, мураббийликда ҳам шогирдларини курашга ундайдиган шахс сифатида таассурот қолдирмоқда. 

Шу ўринда сайтимиз ходимлари ва мухлислари номидан Бахтиёр Аъзамовични қутлуғ 45 ёши билан табриклаб қоламиз. 

Х.Холиқов. 



МАЪЛУМОТ УЧУН

Бахтиёр Аъзамович Ашурматов

1976 йил 25 март куни Қўқон шаҳрида таваллуд топган. 

Бўйи - 187 см. Амплуаси - ҳимоячи. 


Футболчилик фаолияти:

1994 - 1997. МҲСК

1997 - 1999. "Пахтакор"

2000. "Дўстлик"

2001 - 2002. "Пахтакор"

2003. "Спартак-Алания"

2003. "Торпедо-Металлург"

2004 - 2005. "Пахтакор"

2005 - 2006. "Крилья Советов"

2007 - 2009. "Бунёдкор"

2010. "Хоразм"

2011 - 2012. "Локомотив"


Мураббийлик фаолияти: 

2012 - 2013. "Гулистон"

2014 - 2015. "Навбаҳор"

2016. "Андижон"

2017 - 2018. "Бухоро" (техник директор)

2018. АГМК

2019. "Сурхон" (қисқа муддат)

2019дан ҳозиргача "Қўқон-1912" бош мураббийи. 

Ашурматов шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоасини ҳам бошқарган. 


Футболчи сифатида эришган ютуқлари: 

Ўзбекистон чемпиони - 1998, 2000, 2002, 2004, 2007, 2008, 2009. 

Ўзбекистон вице-чемпиони - 1995. 

Ўзбекистон Кубоги соҳиби - 2000, 2001, 2002, 2004, 2008. 

ОЧЛ ярим финалчиси - 2008. 

Мураббий сифатида 2018 йил АГМК билан Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган.

P.S. Бахтиёр Ашурматовнинг суратлари мақола муаллифига тегишли

Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика