Махсталиевдан Кримецгача ёхуд мавсум омадсизлари ТОП-10
04 окт 2021 09:54
Янгиликлар
Махсталиевдан Кримецгача ёхуд мавсум омадсизлари ТОП-10
Бу йил одатдагидек мавсум қайсидир футболчига омадли келган бўлса, яна айримларига аксинча бўлди. Жарохати сабаб ёки бошқа муаммоларга кўра, кўп вақтини майдон ташқарисида ўтказиб юбораётган ўйинчиларнинг ТОП-10талик рўйхатини тузиб чиқдик. Қуйида шулар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Асилбек Амонов
Суперлигада шу кунгача “Бухоро”, “Навбаҳор” ва “Сурхон” каби жамоаларда ўйнаб мухлислар эътиборини ўзига тортган ушбу дарвозабон учун бу йилги мавсум жуда ҳам омадсиз ўтмоқда. Ўз вақтида 1993 йилда туғилган йигитлардан иборат Ўзбекистон терма жамоа сафида мазмунли ўйинлари билан Суперлига клубларининг эътиборига тушган Асилбек Амоновнинг кейинчалик миллий терма жамоада ҳам ўйнаб кетишини кўпчилик таҳмин қилганди. Бироқ воқеалар ривожи ундай бўлиб чиқмади. Аксига олиб Амоновнинг сўнгги йиллардаги фаолиятида кескин пасайиш юза бера бошлади. 28 ёшли голкипер бу йил хатто биринчи даврада Суперлиганинг бирор клубида кўриниш бергани йўқ. Шу боис у спорт формасини йўқотмаслик мақсадида биринчи лиганинг собиқ иштирокчисига айланган “Рубин” жамоасида қисқа вақт ўйнади. Кейинчалик давралар оралиғида “Андижон” билан шартнома имзолади. Шунга қарамай Виктор Кумиков дарвозани ҳозирча Элдор Адҳамовга ишониб топшириб келмоқда. Амонов эса аксарият учрашувларда хатто учрашув қайдномасидан ҳам ўрин олмаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Максимилиан Фомин
Фомин ҳам Амонов билан тенгдош ҳисобланади. “Пахтакор” футбол мактаби тарбияланувчиси. Ҳимоя чизиғида жангчи сифатида гавдаланади. Уни мухлислар асосан “Бухоро”даги фаолияти орқали яхши танийди. Шунингдек 1993 йилда туғилган футболчилардан иборат олимпия терма жамоасидаги ўйинлари билан ҳам Максимилиан ишқибозларга яхши таниш бўлиб улгурган. Ушбу футболчининг ҳам ишлари рисоладагидек кечмаяпти. Ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини “Бухоро”да ўтказган Фомин мавсум сўнггида жамоани тарк этгач, Суперлигада бошқа кўриниш бергани йўқ. Балки Макс бутсаларини михга илишга қарор қилгандир.
Аббос Махсталиев
2011 йилги Мексикада ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жахон чемпионати ҳақида гап борганида дарҳол кўпчиликнинг кўз ўнгида Аббос Махсталиев ва Темур Ҳакимов гавдаланади. Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қўшган салмоқли ҳиссаси, профессионал маҳорати ва ёрқин истеъдоди билан спорт соҳасида юқори натижаларга эришгани учун "Пахтакор" футбол клуби тарбияланувчиси Аббос Махсталиев, 2013 йили Ўзбекистон президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан “Ўзбекистон ифтихори” унвони билан тақдирланганди. Бир вақтлар келажаги порлоқ ўйинчи сифатида қаралган Аббос Махсталиев катта футболда ўзини кутилган даражада кўрсата олмади. Суперлигада “Андижон”, “Нефтчи”, “Навбаҳор” ва “Сурон” каби жамоаларда ўйнаб, мухлислар эътиборини ўзига тортган бўлсада унга кўпинча барқарорлик етишмади. Натижада деярли ҳар мавсум жамоасини ўзгартириб борди. Бу эса унинг хар томонлама пасайишига хизмат қилди. Махсталиев ПРО-Лига ва кейинчалик биринчи лига клубида ҳам ўйнашга мажбур бўлди. Эътиборга молик томони, Аббос бу йил дастлаб “Истиқлол”да кейинчалик Тошкентнинг “Рубин” жамоасида ўйнади. Ҳар иккала клуб ҳам кутилмаганда фаолиятини барвақт якунлади. Бунинг оқибатида Аббос ҳам бутсаларини михга илиб, шартта мураббийликка ўтиб кетди. Айтишларича Махсталиев ҳозирда “Сирдарё академияси”да ёшларга мураббийлик қилмоқда.
Жавлон Иброҳимов
Айни ўйнайдиган ёшда бўла туриб, ҳозирда ҳеч бир жамоада кўриниш бермаётган Жавлон Иброҳимовни бундан бир неча йиллар олдин чемпионатимизнинг гранд клублари ўз сафига қўшиб олишни истарди. Шу кунгача “Трактор”, “Насаф”, “Локомотив” ва “Бунёдкор” клублари сафида ўйнаб, доимо майдон марказида етакчилик қилган футболчи Жанубий Кореяда маълум муддат ўйнаб қайтгач, аввалгидек ўзини кўрсата олмади. Натижада ўтган мавсум “Навбаҳор” таркибида кўп ҳам ўйин амалиётига эга бўлмади. Жорий йил Иброҳимовни Суперлиганинг ҳеч бир жамоасида кўраётганимиз йўқ.
Дониёр Усмонов
Ушбу футболчининг ҳам келажаги порлоқ сифатида қаралганди. Айниқса Дониёрни қўқонлик мухлислар жуда яхши ёқтириб қолганди. 2014 йили “Қўқон-1912” сафида биринчи лигада тўпурар бўлишлик билан бирга жамоасини олий лигага чиқишида катта хисса қўшган Усмонов кейинги мавсумда ҳам қўқонликлар таркибида ўзини кўрсатишга эришганди. Хуқуқий жихатдан “Локомотив”га тегишли футболчи эканлиги боис, қолаверса Тошкент клубида ўйнаш орқали совринларни ютишни истган футболчи ўз олдига “термийўлчилар” таркибига қайтишни асосий мақсад қилиб белгилаб олганди. Бироқ “Локо”да Усмонов кўп ҳам ўйин амалиётига эга бўлмади. Сабаби ўша вақтларда рақобат кучли эди. Шунинг учун Дониёр кейинчалик “Қизилқум”, “Металлург” ва “Машъал” сингари жамоаларда ўйнади. Жорий мавсум эса уни ҳеч бир жамоада кўрганимиз йўқ.
Раҳимжон Давронов
“Машъал” футбол академияси тарбияланувчиси бўлган Раҳимжон Давронов эндигина Суперлига ўйинларида ишончли харакатлари билан мухлислар назарига туша бошлаганди. Дастлаб “Бухоро” ва кейинчалик яна “Машъал” таркибида жамоасининг асосий голкиперига айланган Давронов жорий мавсум аввалида “Навбаҳор”га кўчиб ўтганди. Аммо “лочинлар” сафида унга осон бўлаётгани йўқ. Сабаби Ўткир Юсупов мана бир неча йиллардан буён жамоасининг деярли барча ўйинида дарвозани ишончли тарзда қўриқлаб келмоқда. Шу боис мураббийларнинг дарвозабонлар бўйича экспримент қилишига хожат қолмаяпти. Гарчи Давронов ҳам иқтидорли дарвозабон ҳисоблансада, рақобат борасида Юсуповдан ўтиб кета олмаяпти. Ўткир ҳам ўз исмига монанд иссиқ жойини ҳозирча осонликча бериб қўйиш нияти йўқлигини ўзининг ишончли ўйинлари орқали исботлаб келмоқда. Раҳимжон ўз интервьюларида рақобатдан қўрққанида “Навбаҳор”га ўтмаган бўлишлигини ва бу жамоага ўтганидан афсусда эмаслигини айтган бўлсада, истайсизми йўқми барибир футболчи ўйин амалиётига эга бўлмаса, руҳий томондан синиб қолиши аниқ. Боз устига Давронов чемпионат ўйинларида умуман майдонга тушмасдан келмоқда. Катта эхтимол билан келаси мавсумда 25 ёшли дарвозабон жамоасини ўзгартириши мумкин.
Хушнуд Авилов
Охирги уч мавсумни “Андижон”да ўтказиб, жамоасининг чин маънода етакчисига айланиб улгурган Хушнуд Авилов ҳам ҳудди Давронов сингари ҳозирда “Навбаҳор”га ўтганидан афсус чекаётган бўлса ажаб эмас. Чунки иқтидорли ҳимоячи бу жамоага Нўъмон Ҳасановнинг таклифига биноан кўчиб ўтишга қарор қилганди. Аммо кейинчалик Виктор Жалилов бошқарувни ўз қўлига олгач, Хушнудга у қадар ҳам ишонч билдираётгани йўқ. Маълум муддат даволаниш билан кўп вақтини майдон ташқарисида ўтказиб юборган Хушнуд ҳозирча асосан захирада ўз вақти келишини кутиб ўтирибди. Ушбу футболчи ҳам катта эхтимол билан келаси мавсум фаолиятини бошқа жамоада давом эттирса ажаб эмас.
Сардор Сулаймонов
Футболимизда шундай ҳужумчилар борки, кишки йиғинлар чоғида синов-назорат учрашувларида кўплаб голларга муаллифлик қилади. Аммо расмий ўйинлар бошлангач, уларни топа олмайсиз. Шунинг учун ундай тоифадаги ҳужумчиларга ҳазил тариқасида ҳамма голингни қишда уриб қўймасдан, чемпионатга ҳам олиб қўйгин дейишади. Сардор Сулаймоновни ҳам қайси жамоа бўлмасин, қишда катта умидлар билан ўз сафига чорлаб, шартнома имзолайди. Аммо чемпионат бошлангач, футболчи ё жарохатга йўлиқади ёки рақобат туфайли захирада ўтириб қолади. Сулаймоновнинг бу йилги кўрсаткичлари ҳам яхши эмас. У “Сурхон”да атига иккита ўйинда захирадан майдонга тушган холос. Кўрамиз, шу кунгача “Бухоро”, “Андижон”, “Навбаҳор” каби клубларда ўйнашга улгурган 27 ёшли футболчи келаси мавсум қайси жамоада кўриниш бераркин.
Владимир Козак
“Пахтакор” таркибида олий лигада анча барвақт дебют қилишга муваффақ бўлган Козак учун ҳам бу йилги мавсум омадсиз кечмоқда дейиш мумкин. Аввалига уни АГМК таркибида учратдик. Аммо Миржалол Қосимов жамоасида у кўп ҳам ўйнамади. Ёзда яна қадрдон жамоаси “Пахтакор”га қайтган Владимир “шерлар” таркибида ҳам мунтазам равишда ўйнамаяпти. Бундай бўлишига жарохатлар ҳам сабаб бўлмоқда. Майдонда нафақат чап қанот ярим ҳимоячиси сифатида балки марказий ярим ҳимояда ҳам бемалол ўйнай олиши мумкинлигини намойиш эта олган 28 ёшли футболчи келаси мавсум ҳаммасини яна бошидан бошласа керак.
Егор Кримец
“Пахтакор”нинг хақиқий етакчисига айланиб улгурган Кримец учун ҳам 2021 йилги мавсум жуда ҳам омадсиз ўтмоқда дейиш мумкин. Жиддий жароҳатга йўлиқиб, кейинчалик операция столига ётишга мажбур бўлган Егор кўп вақтини даволанишга сарф этиб юбормоқда. Жамоа сардорининг сафдан чиқиши, “шерлар” учун айрим ўйинларда қимматга тушмоқда. Майдонда хақиқий жангчига айланишни одат қилиб олган 29 ёшли футболчига нафақат “Пахтакор”нинг етакчиси, балки Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳам асосий ҳимоячиларидан бири сифатида қаралади. Кримецни яшил майдонда катта эҳтимол билан келаси мавсумдан кўрамиз.
Исломбек Рустамбеков.
Фикрлар