Катта футбол карантиндан чиқмоқда — Бундеслига превьюси
16 май 2020 09:27
Янгиликлар
Катта футбол карантиндан чиқмоқда — Бундеслига превьюси
Бундеслига рестартига бағишланган превьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Айни дамда жамоалар карантин давридаги танаффусдан кейин 26-тур ўйинларини ўтказиш арафасида турибди. Турнир жадвалига қарайдиган бўлсак, "Бавария" 55 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Дортмунднинг "Боруссия" жамоасида 51 очко ва улар пешқадамдан 4 очко ортда. Шунингдек, чемпионлик пойгасидан ҳали чиқиб кетмаган "Лейпциг"да 50 очко мавжуд. Кучли бешликдан 49 очко билан Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" жамоаси ва 47 очко тўплаган Леверкузеннинг "Байер" клуби ўрин олган.
Турнир жадвалининг пастки қисми, яъни элитада жон сақлаш учун "Падерборн", "Вердер" ва "Фортуна" қизғин курашмоқда. Энг қийин шароитдаги "Падерборн"га вазиятни ўнглаш осон бўлмайди. Чунки плей-офф орқали элитада қолиш имкониятини берувчи 16-ўриндаги "Фортуна" билан оралиқ 6 очкога тенг.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, жон сақлаш учун курашаётган яхшигина тарихга эга "Вердер" клуби айни дам жадвалда 17-ўринда жойлашган ва қолган рақибларига нисбатан битта кам ўйин ўтказган. "Вердер" - "Айнтрахт" ўртасидаги 24-турда бўлиб ўтиши керак бўлган баҳс Франкфуртликларнинг Европа лигаси доирасидаги "Зальсбург"га қарши қолдирилган учрашуви туфайли кечиктирилганди. Демак, карантин даврида турнир жадвалидаги қийинчиликлар етмаганидек молиявий инқирозга яқин келган ва барчадан кейин машғулотларни тиклаган Флориан Кофельдт бошқарувидаги жамоага осон бўлмайди. Лекин уларнинг захирасида Бременда ўтадиган "Айнтрахт"га қарши беллашув турибди.
Чемпионлик учун курашда гарчи назарий тарафлама Мёнхенгладбахнинг "Боруссия"сида имконият бўлсада, асосан "Лейпциг" ва Дортмунднинг "Боруссия" коллективи қаршилик қилишга яқинроқ. "Байер" ва "Боруссия" Мёнхенгладбахнинг асосий вазифаси "тўртталик"ка кириб, ЕЧЛ йўлланмасига эга чиқиш бўлади.
Европа лигаси йўлланмаси йўлида эса турнир жадвалининг қоқ марказидаги "Кёльн"дан тортиб "Хоффенхайм", "Фрайбург", "Вольфсбург" ва "Шальке" ўртасида даҳанаки "жанг" бўлишига шубҳа йўқ.
Тўпурарлар пойгасида Левандовски якка пешқадам, Вернер эса Робертни қувиш билан банд...
Карантин режимидаги Бундеслигада стандартга айланадиган ностандарт ўзгаришлар ҳақида:
— Жамоалар ҳакамлар билан биргаликда саф тортиб чиқишлари тақиқланади.
— Ўйин олдидан жамоавий суратга тушиш тақиқланади.
— Майдондаги 22 футболчи ва 3 ҳакамдан бошқа барчада (бош мураббий ва захира ҳаками ҳам) тиббий ниқоб бўлиши шарт.
— Захира ўриндиқлари масофани сақлаш мақсадида узайтирилади ёки захирадаги баъзи футболчи ва персоналлар трибунага чиқишади.
— Бундеслига рестартига 1 ҳафта қолгач жамоалар барча футболчи ва персоналларгача меҳмонхонада карантинга киришади.
— Ҳакамлар Бундеслига рестартидан 1 ҳафта аввал тест топширишади ва ўйиндан 1 кун олдин ҳам қайта текширилади.
— VAR тизимидаги хонада видеоассистентлар масофа сақлаши учун пластик тўсиқлар ясалади.
— Мабодо қайсидир жамоа футболчиси ва ходимида коронавирус аниқланса, унда имкон қадар бутун жамоа карантинга олинмайди. Доимий тиббий назорат ва тестлар қилиниши натижасида бошқалар иккинчи даражадаги рискдаги инсонлар ҳисобланишади ва якуний қарорни Соғлиқни сақлаш вазирлиги қабул қилади. Маълум футболчилар карантинга олинса ҳам, регламентга кўра, жамоалар қайдномага 13 нафар футболчини киритиши ўйинни ўтказиш учун етарли. Агарда 13 нафар ўйнайдиган футболчи топилмаса, унда регламентга бироз истисно тариқасида техник мағлубият ўрнига учрашувни кечиктиришга рухсат берилади.
— Бундеслига рестарти расман эълон қилиниши биланоқ жамоалар ғазнаси телетрансляциялардан тушадиган даромадларнинг бир қисми билан бойиди. Фақатгина Eurosport ҳозирча 10 миллион еврони ўтказгани йўқ. Шунингдек, Бундеслига рестартидаги 26-тур ўйинларини "Sky Deutschland" конференция форматида бепул кўрсатади.
— Ўйинларда футболчи алмаштириш лимити 5тага оширилди ва буни ўйин пайтида 3 марталик уринишда амалга ошириш лозим бўлади.
— "Sky" телеканали Бундеслига ўйинлари трансляцияси пайтида мухлислар қўллаб-қувватлови, стадиондаги муҳит ва ўйиндаги вазиятларга ишқибозлар реакцияси жамланган овозларни томошабинларга таклиф қилмоқда. Шунингдек, мухлислар томонидан ижро этилган ўз жамоаларининг қўшиқлари қўйилади. Трансляция пайтида мазкур функцияни қўшимча созламали йўлакдаги тугма орқали қўшиш мумкин бўлади.
"Шальке" мухлислари учун карантинда ўз суюклиларининг ўйинини томоша қилиш учун идеал жой
Бундеслига ўйинларида жами 322 нафар киши стадионда бўлишига рухсат берилади
98 — майдон ва унинг атрофида бўладиганлар: жамоа футболчилари, мураббийлар ва штаб персоналлари, болбойлар, фотографлар, ТВ операторлар ва гигиеник вазиятни кузатувчи жавобгарлар.
115 — трибунада ўтирадиганлар: стюардлар, ёнғин хавфсизлиги ходимлари, полиция, журналистлар, таҳлилчилар, допинг назоратчилари.
109 — стадионнинг очиқ ҳудудида бўладиган шахслар: стюартлар, ТВ операторлар ва журналистлар.
Германиянинг ғамхўр клублари
Германия Футбол Лигаси инқирозга юз тутаётган клубларни асраб қолиш учун ташкилот қошида фонд очганди. Мазкур фондга исталган клуб ёки ташкилотлар пул ўтказишлари мумкин. "Бавария", "Лейпциг", "Боруссия" Дортмунд ва "Байер" Германия клубларини қўллаб-қувватлаш учун 20 миллион евродан пул ўтказишди.
Биласиз, Германияда ҳар қандай принципиаллик ва рақиб туйғуси майдонда ва футболга оид жиҳатларда акс этади. Қолган пайтларда эса бир-бирига душман даражасидаги жамоалар ҳам ўзаро ҳурмат тариқасида ёрдам қўлини чўзишга доим тайёр. Оддий мисол, 2003 йили "Бавария" Дортмунднинг "Боруссия" клубини молиявий ёрдам орқали инқироздан қутқарган.
ГФЛ ҳудудий футбол лигалари ҳамда ҳудудий ассоциацияларига пандемия даврида ихтиёрий равишда 1,5 миллион евродан компенсация тўлайди. Гап шундаки, ГФИ ва ГФЛ ўртасидаги шартномага кўра, ҳудудий лига ва ассоциациялар Бундеслига ва Бундеслига 2 жамоаларининг ўйинларидаги чипталар савдосидан тушадиган маълум фоиз миқдорда пул олишарди. Мавсум якунига қадар чемпионат ўйинлари мухлисларсиз ўтказилиши ва бунинг оқибатида ҳудидий лига ва ассоциациялар даромадсиз қолишини олдини олиш мақсадида ГФЛ ўз ихтиёри билан ҳудудий лига ва ассоциацияларга 1,5 миллиондан компенсация пулини тўлайди.
Европада футболни қайта уйғотаётган Германия футболи, хусусан Бундеслигада карантин даврида шунақа гаплар руй берди.
Тур ўйинлари ҳақида
Демак, 26-турни очиб берадиган марказий тўқнашув, нафақат Германияда, балки жаҳон футболида ўз ўрнига эга - "Рур дербиси": "Боруссия" Дортмунд - "Шальке" учрашуви рестартни чинакамига безаб беради. Жаҳон футболидаги энг принципиал ва қизиқарли дербилардан бири бўлган "Рур дербиси" доирасида "Боруссия" ҳамда "Шальке" жамоалари барча мусобақаларда жами 59 маротаба дуч келишган. Ўзаро ўйинлардаги устунлик "Шальке"га тегишли - 20 ғалаба. "Боруссия" Дортмунд эса 15 бор рақибини мағлуб этган. Қолган 24 учрашувда кучлар тенг келган.
Биринчи даврадаги Гельзенкирхенда ўтган баҳсда томонлар муроса кўчасини танлашганди. Бу гал жамоалар муросага келадиган шароитда эмас ва ҳар иккаласига очко сув ва ҳаводек зарур. Карантиндаги мажбурий таътил кимни издан чиқаргани ва қайси жамоа футболчилари нисбатан ўз формаларини ушлаб ёки тиклаб олишга улгурганликларига гувоҳ бўламиз.
Шунингдек, "Боруссия" Дортмунд ва "Шальке" ўртасидаги ўйин билан бир вақтда яна тўрт беллашув старт олади. Кеча тиш пастасини харид қиламан деб меҳмонхонадан магазинга чиққан "Аугсбург"нинг янги мураббийи Херрлихни тартибли немис халқи касса олдида таниб қолиб, кейинчалик бу ҳақида тегишли жойга хабар қилгани Хайко Херрлих учун тиш пастасидан ҳам минг карра қимматга тушди. Натижада Хайко Херрлих ўзининг янги жамоасидаги дебютини карантинда, меҳмонхона телевизори қаршисида томоша қилишига тўғри келади. Бундай дебютни Хайко орзу қилмагани аниқ. Шу тариқа "Аугсбург"нинг "Вольфсбург" билан бўладиган тўқнашуви олдидан шундай кутилмаган қизиқ воқеа руй берди. Бу ҳам қайсидир маънода мазкур ўйин атрофидаги эътиборни ошириб юборди.
Яна бир эътиборга молик ўйин Дюссельдорфда элитада қолиш учун курашаётган турнир жадвалидаги "қўшнилар" ўртасида кечади. "Фортуна" ва "Падерборн" беллашувида кўп жиҳатдан қайси жамоа Бундеслигада жон сақлаш учун ўз имкониятларини кескин ошириб олиши ёки аксинча, вазиятни жиддийлаштириб қўйиш каби масала ҳал этилади.
Чемпионлик курашаётган "Лейпциг" еврокубокка илиниш пайида турган, нафис футбол ижро этаётган Кристиан Штрайхнинг "Фрайбург" коллективини қабул қилади. Бу баҳсда немис футболидаги асосий ҳужумчилар тўқнашуви руй бериши мумкин. Лука Вальдшмидт ҳамда Тимо Вернер ўртасидаги баҳсни кузатиш Йоахим Лёв учун аҳамиятли бўлади. Бир хил тактик схема (3-4-2-1) орқали турли хил услубдан фойдаланмоқчи, лекин фалсафа очиқ ва ҳужумкор футболни тадбиқ этувчи ёш Нагельсман ва тажрибали Штрайхнинг ўзаро тортишувида ўтган гал Штрайх ғалабани тантана қилганди. Қизиғи, ўшанда Нагельсманн томонидан айнан рақибга қараб ўзгартирилган тактик схема (4-4-2) ва 3 марказий ҳимоячи билан ўйнашдан бош тортгани қимматга тушганди. Бу сафар воқеалар ривожи қандай бўлишини кузатамиз.
"Хоффенхайм" ва "Герта" ўртасидаги ўйинда турнир жадвалидаги ҳолатдан келиб чиқилса, ғалаба "Хоффенхайм"га зарур. "Герта" эса еврокубоклар учун курашдан чиқиб кетишга улгурган. Пойтахтликлар биринчи даврада ўз майдонларида учралган мағлубият аламини олиш учун курашиб кўришади. Мазкур қарама-қаршиликдаги қизиқ жиҳат шуки, ушбу жамоалар иштирокидаги ўйинлар очиқ футболни намойиш этади. Бу тарафлама мухлисни зериктириб қўймаслиги ҳақиқатга яқинроқ.
Куннинг охирги ўйини сал кечроқ, соат 21:30да бошланади. Мазкур ўйинда "Айнтрахт" Франкфуртда "Боруссия" Мёнхенгладбахни қабул қилади. Биринчи даврадаги ўйинда Марко Роуз рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмаганди. Меҳмонда ҳам бу ишни такрорлаш қийин бўлади. Лекин Роуз қўл остида мафтункор футбол намойиш этаётган "Боруссия" Мёнхенгладбах ва таркибдаги қатор иқтидорлар, масалан, Маркус Тьюрам, Плеа ва Флориан Нойхауснинг ўйинларини томоша қилиш орқали мухлислар ўзлари учун янги кашфиёт қилишлари ва эҳтимол янги ёқимтой футболчиларига эга бўлишлари мумкин.
Қолган 3 учрашувнинг иккита эртага ва охирги баҳс индинга ўтказилади. Унда "Кёльн" "Майнц"ни қабул қилса, "Унион" ўз уйида "Бавария"ни меҳмон қилади. Якшанба куни эса ҳар тарафлама инқироз кўчасидаги "Вердер" "Байер" билан ҳисоб-китоб қилишга киришади. Мазкур ўйинлар ҳақида эртага батафсил тўхталамиз.
Бундеслига, 26-тур ўйинлари жадвали:
16 май, шанба.
«Боруссия» Д — «Шальке» (18:30) "Матч ТВ", "Спорт"
«Лейпциг» — «Фрайбург» (18:30) "Футбол3"
«Хоффенхайм» — «Герта» (18:30) "Футбол1"
«Фортуна» — «Падерборн» (18:30)
«Аугсбург» — «Вольфсбург» (18:30) "Футбол1"
«Айнтрахт» — «Боруссия» М (21:30) "Матч ТВ", "Спорт"
17 май, якшанба.
«Кьёлн» — «Майнц» (18:30) "Футбол3", "Спорт"
«Унион» Берлин — «Бавария» (21:00) "Матч ТВ", "Спорт"
18 май, душанба.
«Вердер» — «Байер» (23:30) "Матч ТВ", "Спорт"
* Бундеслига ўйинларини Матч ТВ ва унинг тармоғидаги барча футбол каналлари ва Спорт телеканали жонли кўрсатади.
Футбол оламида карантин давридаги энг муҳим воқелик ҳақида сўз — "Championat.asia" ижодий жамоасига
Бутун дунё кутаётган ажойиб ўйинни ким шарҳлаши маълум
Бундеслигани қайси каналда томоша қилиш борасида Шаҳбоз Беғамов тавсияси
Бундеслига ўйинларини кузатиб боринг ва мазкур чемпионат ҳақида тўлиқ маълумотларни сайтимизда мутолаа қилинг!
Фикрлар