Италиянинг келажаги порлоқ. Унинг исми - Федерико Кьеза
10 окт 2018 20:00
Янгиликлар
XXI асрнинг бошларида Италия футболи, А Серияга эътибор қай даражада бўлганини яна бир бор қайтариб ўтириш шарт бўлмаса керак. Аммо сўнгги йилларда АПЛ, Ла Лига, Бундеслига футбол мухлисларини кўпроқ қизиқтираётган, аппенин ярим ороллари ҳақида эса кўпчилик фақат халқаро майдонлардаги иштироки туфайлигина хабардор бўлиб турганди. Лекин бугун шуни таъкидлаш мумкинки, катта аудиториянинг Италия футболига бўлган қизиқиши яна секин-аста қайтмоқда. Ёзда "Ювентус" Криштиану Роналдуни сотиб олди ва шунинг ўзи ҳам деярли барча жабҳада нафақат клуб, балки умуман мамлакат футболи ривожига ўз таъсири ўтказмай қолмади. Шу ўринда "Интер", "Милан" ва "Лацио" клублари ҳам анча ўзига келиб қолганлигини таъкидлаш лозим. "Наполи" мураббийи алмашган бўлсада, ғалаба қозонишдан тўхтаб қолгани йўқ.
Бироқ мамлакат бош жамоаси - миллий терма жамоачи? Италия кутилмаганда ЖЧ-2018га йўлланмасиз қолиб кетди. Гуруҳдаги иккинчи ўрин нақд қилингандан сўнг, жамоа ўтиш ўйинларидан ўтишига нафақат мухлислар, балки терма жамоага алоқадор шахслар ҳам шу қадар ишонгандики, Жижи Буффон мундиаль учун Италиянинг либосларини ҳам кенг оммага таништириб улгурганди, аммо амалда воқеалар ривожи бироз бошқача тус олди ва кўплаб юлдузлари бор Италия Жаҳон Чемпионатини уйда тв қаршисида кўришга мажбур бўлдилар.
Аммо бунинг барчаси ўтмишда ва бугун сиз билан ушбу жамоа келажаги дейилаётган футболчи ҳақида гаплашамиз.
Болакай тахминан уч ёшларда эди. У атрофдагиларга умуман эътибор бермай югуриб келди ва телекамералардан тортиниб ўтирмай, отаси Энриконинг қўлига сакраб чиқиб олди.
— "Фиорентина" Батистутанинг ўрнига кимни олади?
— Тольдо!
— Лекин Тольдо шундоқ ҳам жамоада-ку, бизга ҳужумчи керак. Ким гол уради?
— Мен!
Федерико Кьеза сўзининг устидан чиқди. Орадан 16 йил ўтиб, у "Бинафшаранглилар" асосий жамоаси таркибида дебют учрашувини ўтказди ва 2016 йил декабрида Европа Лигаси доирасида "Карабах"га қарши ўйинда биринчи голини урди. Ҳозир Кьеза 20 ёшда (икки ҳафтадан сўнг 21 га тўлади), ва "Фиорентина" сафида 12 та гол уришга улгурди. Афсонавий Батистутанинг кўрсаткичларичалик эмасдиру, аммо "Интер" ва "Наполи" раҳбарияти эътибор қаратиши, ҳамда бир неча ўн миллиондан жойида воз кечиши учун етарли натижа.
Яқинда "Фиорентина" Кьеза билан шартнома муддатини 2022 йилга қадар чўзиб қўйди ва энди футболчи бир мавсум учун 1,7 миллион евро маош олади – жамоада ундан кўп маош оладиган ўйинчи йўқ. "Ювентус" ва "Милан" каби А Серия гигантлари учун арзимаган сумма, лекин шу ўринда "Эмполи"нинг маошлар учун ажратган пулининг ўндан бир қисми. Маошининг оширилиши – агентнинг таълаби эмас, Федериконинг ундай "дўсти" йўқ. Кьезанинг "хужжатли ишлари" билан отаси шуғулланади.
Ёшлар жамоалари мураббийлари ҳеч қачон Энрикога ўғли профессионал футболда ўз ўрнини топиб, юлдуз бўла олишига ишонч билдиришмаган. Шу сабаб "План Б" ҳам ўйлаб қўйилган, ҳамда Федерико Флоренциядаги Халқаро мактаб битирувчиси - у ерда асосан чет элликлар таҳсил оларди. Ҳамда университетга ўқишга кирган.
"Дарслар инглиз тилида ўтилар ва тизим ҳам италян мактабларидан фарқ қилади. Мен нисбатан open-minded бўлдим, – дейди футболчи. – Менга маълум фанлар ёқади, сайёрамиз қандай тузилганига қизиқаман. Менимча, футболчи бўлмаганимда, физик бўлиб кетардим». Футболчидан камдан-кам бундай гаплар эшитасиз, аммо Кьеза ўз услубида.
"Мени татуировкаларим йўқ, бўлмаса ҳам керак – ҳозир деярли ҳамма фақат ташқи кўриниши, имиджи билан оввора бўлиб қолгани ёқмайди. Менга қиммат машиналар керак эмас, Porsche Cayenne рулида мени кўрмаслигингиз аниқ. Фаолиятим давомида бирор нарсага эришдимми? Алббатта йўқ. Отам айтадиларки, А Серия футболчиси номига сазовор бўлиш учун камида 300 та ўйин ўтказиш зарур…».
Расмда Энрико Кьеза Италия терма жамоаси либосида
Энрико талабни бу қадар баланд қўйишининг сабаби бор албатта. У "Сампдория", "Кремонеза", "Парма", "Фиорентина", "Лацио" ва "Сиена" сафида 380 та ўйинда майдонга тушган ва 138 та гол урган. Кьеза "Парма" билан УЕФА Кубогига эга чиққан, икки бор Италия Кубоги ("Парма" ва "Фиорентина" сафида) ва 17 бор терма жамоа либосида майдонга тушган.
Бор йўғи 17 тами (?) дейишга шошилманг: Раванелли, Дзола, Дель Пьеро, Инзаги, Виери, Тотти, Монтелла, Казираги, Баджо – 1996 йилдан 2001 йилгача, Энрико "Скуадра Адзурра" сафига таклиф қилинган даврдаги футболчилар/рақобатчилар рўйхати бу. Ўғлига осонроқ. Италия кичик инқироз кўчасига кириб қолган ва ёш Кьеза – жамоада навбатдаги авлодлар алмашинувида терманинг етакчисига айланиши ҳеч гап эмас.
Миллий жамоага уни илк бор Жампьеро Вентура чақирди, лекин бу ўқув йиғинлари эди – мураббий таркибга кириш учун номзодларни кўриб чиқаётганди. Вақтинчалик мураббий Луижжи Ди Бьяджо эса Кьезага дебют учрашуви ўтказиш имконини яратиб берди, Аргентинага қарши баҳорда ўтган ўйинда (0:2) футболчи илк бор Италия термаси сафида майдонга тушди, Миллатлар Лигаси саралашида эса Роберто Манчини Федерикога асосий таркиб футболчиси сифатида ишонч билдирди. "У – уникал футболчи", – дея Кьезани мақтаганди Манчини Польша билан ўйиндан олдин (1:1). "Фиорентина" вингери бунга муносиб жавоб берди ва мураббий дебютини қутқариб қолди, захирадан майдонга тушиб, пенальти ишлашга муваффақ бўлди.
Украинага қарши ўйинда Кьеза асосий таркибдан жой олса ажабмас – А Серия старти Федерико учун омадли келди. Саккизинчи турдан сўнг футболчи икки бор гол урди ва бир бор шеригига голли узатма етказиб берди. "Фиорентина"да зарба бериш (25) ва хавфли вазият яратиш (15) борасида етакчи, чемпионатда эса – дриблингни омадли ишлатишда (21).
Мухлисларнинг аксарияти терма жамоада авлодлар давом этишини кутишмоқда. "Отамнинг деярли барча голларини кўрганман, уларнинг кўпи "YouTube"да бор. Ўйин услубини синчковлик билан ўрганганман, аммо ўртамизда катта фарқ бор. Ишончим комил, мен А Серияда фамилиям туфайли ўйнамаяпман. Бу профессионал спорт ва бу ерда барчасига меҳнатингиз орқали эришасиз. Отангизнинг ўғли бўлганингиз учунгина майдонга тушсангиз, ишонинг, узоққа бора олмайсиз", – дейди Федерико.
"Отам менга жуда кўп маслаҳат беради. У ёки бу вазиятда ўзини қандай тутиш, рақиблар ва ҳакамни ҳурмат қилиш борасида гапиради, аммо қандай ўйнашни ўргатмайди. Бу мураббийнинг иши".
Кьеза – ҳозирги термада энг кичиги. Никола Барелла ("Кальяри") – қахрамонимиз билан тенгдош, лекин саккиз ойлик катта. Барелла бугун дебют учрашувини ўтказиши мумкин, лекин терма жамоада муқим жой топиши бироз мушкул. Сабаби майдон марказида ижрочилар етарли. Федерико эса ҳозирнинг ўзидаёқ асосий таркибдан жой банд қилиб қўйишга қодир – ЖЧ-2018 саралашидаги омадсизликдан сўнг, Италиянинг обрўсини тиклаш йўлида Манчини кескин қарорлар қабул қилишига тўғри келади, биринчи навбатда ҳужум чизиғида.
"Мен ҳамон профессионал футбол оламига кўниколмадим. Учинчи йил шу даражада тўп тепаётган бўлсамда, гол урганимдан кейин қаерга югуришни, умуман нима қилишни билмай қоламан баъзида".
Мухлислар учун барчаси анча осон. Улар учун Федерико юлдузга айланиб улгурган. Отаси Энрико эса буни тан олишдан бошқа йўли йўқ – янги авлод учун айнан Федерико Кьеза кумирга айланган. "Яқинда Федерико билан шаҳар кўчалари бўйлаб айланиб юргандик, ишқибозларнинг бир гуруҳи ёнимизга югуриб келдида, ундан дастхат. Кейин менга қарашди. Сиз унинг дадасимисиз? Сиз ҳам имзо қўйиб беринг!".
Омонжон Тўхтамирзаев таржима қилди.
Фикрлар