Испания чемпионати ўйинларида мухлислар стадионларга қайтишлари мумкин
23 июн 2020 11:33
Янгиликлар
Испания чемпионати ўйинларида мухлислар стадионларга қайтишлари мумкин
Лойиҳанинг бош мақсади қисман мухлисларни стадионга қайтаришдан иборат. Бунинг учун улар ўйинларга тушиш учун мажбурий рўйхатдан ўтишлари керак. Мухлислар ўйинларга кичик гуруҳ бўлиб киришлари мумкин бўлади, албатта бундан олдин уларнинг тана ҳароратлари ўлчанади. Агар бирор одамнинг ҳарорати 37,5дан ошгани маълум бўлса, у ўйинга қўйилмайди. Мухлислар стадионга ниқоб тақиб боришлари керак, ўйин бошланишидан олдин стюардлар уларга икки шишадан сув беришади.
Ла Лига президенти Хавьер Тебас анчадан буён мухлисларнинг жорий мавсум сўнггига қадар ўйинга тушишларига умид қилаётганди. Якуний қарор эса ҳукумат томонидан қабул қилинади.
"10 ёки 15 кун ичида биз мухлисларни стадионларга қайтариш тўғрисида ҳукумат билан келишувга эришамиз. Албатта, ўйингоҳлар тўлмайди, аммо 10-15 фоизини тўлдира олсак, биз бундан жуда хурсанд бўлардик", - дейди Тебас.
Испания коронавирус авж олган мамлакатлардан бири эди, аммо сўнгги ҳафталарда вазият яхши тарафга ўзгариб, янги чалинганлар сони кескин камаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ла Лигада чемпионлик учун кураш авжида. "Барса" ва "Реал" 30 турдан сўнг 65 очкодан эгаллаган ҳолда жадвални бошқаришмоқда.
→ Виртуал фанатлар ва интершум. Кеча Ла Лига ўйини Бундеслигадан кўра анча жонлироқ кўринди
Фикрлар