Испания чемпионати, 27-тур. "Реал" "Леванте"ни мағлуб этди
16 мар 2015 01:47
Янгиликлар
Испания чемпионати, 27-тур. "Реал" "Леванте"ни мағлуб этди
Испания чемпионатининг 27-туридан ўрин олган "Реал" - "Леванте" учрашуви матнли онлайн трансляциясини ушбу саҳифа орқали кузатиб боришингиз мумкин.
Испания чемпионати, 27-тур.
Реал – Леванте 2:0
«Сантьяго Бернабеу»
Голлар: Бэйл (18, 40)
Реал – Навас, Рамос, Карвахаль, Пепе, Марсело, Иско (Хесе, 69), Лукас Силва, Бэйл, Модрич (Ильярраменди, 78), Бензема (Эрнандес, 82), Роналду.
Леванте – Мариньо, Тоньо, Наварро, Рамис, Лопес, Шуметра (Эль-Жар, 59), Симао, Камараса, Моралес (Гарсия, 59), Барраль, Уче (Касадесус, 75).
Огоҳлантиришлар: Модрич (30), Рамос (85).
МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ
ЯНГИЛАШ
- "Реал" - "Леванте" учрашувидан олиб борган репортажимизни якунлаймиз. Доимо соғ ва саломат бўлинг, азиз футбол мухлислари! Кейинги ўйинларда сайтимиз орқали ғойибона кўришгунча. Эътиборингиз учун ташаккур!
- УЧРАШУВ ЯКУНЛАНДИ!
90` Учрашувнинг асосий вақтига 3 дақиқа қўшиб берилди.
90` Криштиану Роналдууууу! Навбатдаги имконият ва ноаниқ зарба!
90` "Леванте" ҳам ўйин сўнггида гол киритиши мумкин эди. Бироқ футболчи мўлжалда адашди.
89` Марселонинг жарима зарбасидан ошириб берган тўпини Чичарито боши билан дарвозага ноаниқ йўллади. Қулай имконият кўкка совурилди.
87` "Реал" тўп назоратини бир муддат "Леванте"га топширди.
85` Касадесус Навас қўриқлаётган дарвозага зарба берди. Ноаниқ.
84` Криштиану Роналду!!! Ниҳоят футболчи зарба бериш учун имконият топди. Лекин унинг зарбаси тўғри Маринонинг қўлига бориб тушди.
82` "Реал"да сўнгги ўзгариш. Бензема ўрнига Чичарито майдонга туширилди.
81` "Реал" ҳар доимгидек позицион ҳужумда ҳаракат қилмоқда.
79` Ўйин темпи жуда паст.
78` "Реал"да навбатдаги ўзгариш. Лука Модрич ўрнига Ильярраменди тушди.
76` "Реал" ғалаба қозонмоқда. Лекин Роналдунинг кайфияти жуда ҳам яхши эмас. Криштиану анча асабий кўринмоқда.
75` "Леванте"да ўзгариш. Уче ўз ўрнини Касадесусга бўшатиб берди.
72` "Леванте" ҳужумга ўтганди. Бироқ уларнинг бу галги уринишлари ҳам самара келтирмади. Марсело бу вазиятда яхши ўйнади.
71` Ҳисоб йирик кўринишга келиши мумкин эди. Карим Бензема ва Бэйл қулай имкониятни кўкка совуришди. Кейинги вазиятда эса Хесе тўпга зарба беришда бироз кеч қолди.
69` "Реал"да ўзгариш руй берди. Иско ўрнига Хесе майдонга тушди.
67` "Реал"нинг ҳужуми ўнг қанотдан ривож олди. Карвахаль томонидан жарима майдончасига ошириб берилган тўпни Роналду ўзига қулай тарзда бўйсундира олмади.
64` КАРИМ БЕНЗЕМА! Шедевр гол кўришимизга дарвоза тўсини тўсқинлик қилди... Карим Бензема ўзининг "Лион"даги ўйинларини ёдга олди ва тўпни оёғини товони билан дарвозага йўллади. Эҳҳҳ, дарвоза тўсини... Қайтган тўпни эса "Реал"даги Бензема ўз услубида тепага тепиб юборди.
63` Пепе ҳозир тўпни ўз жарима майдончасидан узоқлаштирди. "Леванте" ҳужум қилишга интилмоқда.
61` "Леванте" бош мураббийи олдинги чизиқдаги футболчиларни янгилади ва тўғри қилди. Моралес ва Хуметра рақиб дарвозаси олдида ҳеч қандай вазият ярата олишмади.
60` "Леванте"да иккита ўзгариш. Моралес ўрнига Рубен Гарсия, Хуметра ўрнига Набил Эл Зьар туширилди.
58` Ниҳоят Кейлор Навас ишга киришди. "Леванте"нинг тезкор ҳужуми пайтида Навас тўпга биринчи бўлиб чиқиб келди ва хавфни баратаф этди.
55` "Реал" футболчилари дарвозада Кейлор Навас турганини ёдга олишди ва унга ҳам тўп билан муомалада бўлиш имконини беришди. Ўйин шу темпда давом этмоқда. Айтарли вазиятлар бўлаётгани йўқ. "Реал" доимий ҳужумда ҳаракат қилмоқда. "Леванте" ўз жарима майдончаси ичига зич жойлашиб олган ҳолда рақиб ҳужумини бартараф этиш билан банд.
52` Марселонинг тўп оширишидан сўнг Карим Бензема тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллади. Ноаниқ.
50` "Сантьяго Бернабеу"да бўш ўриндиқлар кўзга ташланмоқда...
48` Жамоалар шошилмасдан футбол ўйнашмоқда.
47` "Леванте" танаффусдан сўнг фаол ҳаракатланаётгандек туюлмоқда. Лекин уларнинг ҳужуми якунига етмай қолди.
- Иккинчи бўлим бошланди!
- Ҳозиргина биринчи голдаги такрорий лавҳани кўрдим. Роналду "чалқанча" услубидаги зарбаси голга айланмагани ва кейинчалик Бэйл тўпни дарвозага жойлаганидан сўнг бутун "Реал" футболчилари хурсандчиликка берилди. Лекин Роналду бу вазиятда шунчаки қўлини силтади ва ўзи гол уролмаганидан ранжиди. Футбол - жамоавий ўйин. Роналду эса Бэйл ва жамоаси учун хурсандчиликка шериг бўлса мақсадга мувофиқ бўлармиди...
"Трио" биринчи таймдаги голларда қатнашишди, лекин голларни барчасини уэльслик футболчи ўз номига ёздириб қўйди...
Биринчи бўлим қаҳрамони - Гарет Бэйл
45` Биринчи бўлим тугади. ТАНАФФУС!
44` Ким айтди сизга "Леванте" ҳужум қилмайди деб? Мана кетма-кет бурчак тўплари. Лекин бирортасидан ҳам наф чиқмади.
43` Учрашувдаги янгиликлардан бири: "Леванте" ҳужум қилишга қарор қилди.
42` Криштиану Роналду яна бир имкониятга эга бўлганди. Лекин Роналду яна дарвозани ишғол эта олмади.
40` ГООООООООООООООООООООООООЛ! РОНАЛДУ? БЭЙЛ? "Реал"нинг ўнг қанот бўйлаб уюштирган чиройли комбинацион ҳужуми гол билан якунланди. Карвахаль бу вазиятда тўпни Роналду жуда қулай тарзида узатди ва португалиялик футболчи кучли зарба йўллади. Тўп эса йўл-йўлакай Гарет Бэйлнинг оёғига тегиб дарвозадан ўрин олди. Бу голни Роналду меники дейиши мумкин, лекин гол Бэйлга ёзилди.
38` "Реал" ҳужум қилишдан ҳам чарчади шекилли. "Леванте"га ўйнаш учун имконият яратиб бермоқда.
36` "Леванте" тўп билан муомалада бўлмоқда. Ниҳоят илк ҳужум! Аниқроғирақиб дарвозаси томон илк юриш. Лекин иш зарбагача етиб бормади.
34` Карло Анчелотти бугунги ўйинда Икер Касильясни дарвозага қўйса ҳам бўларкан. "Леванте" айтарли ҳужум ҳам қилмаяпти. Кейлор Навас нега майдонга тушганини ўзи ҳам тушунмаётган бўлса ажаб эмас. Захира ўриндиғида ҳар тугул жамоадошлари билан "гурунг" қилиб турармиди...
32` Ўйин сурати бироз пасайди. Яъни, аниқроғи "Реал" ҳужумлари тезлиги пасайган. "Леванте"нинг бугунги ўйинда ҳужум қилиш режасига киритилганми-йўқми? Мана шу савол очиқлигича қолмоқда.
30` Лука Модрич ҳакам томонидан огоҳлантирилди.
28` "Леванте" футболчилари бурчак тўпидан сўнг хавфни бартараф этишди.
27` "Реал" "Леванте"ни жарима майдончаси ичида "буғиб" қўймоқда! Кетма-кет ҳужумлар, хавфли вазиятлар, бир қанча имкониятлар. Баъзида Марино яхши ҳаракат қилаётган бўлса, баъзан Роналду меҳмонлар фойдасига ишламоқда. Ҳозир эса тиниб-тинчимас Гарет Бэйл тўпни жарима майдончасига оширди. Тўп эса йўл-йўлакай рақиб ҳимоячисининг бошига ва дарвоза тўсинига тегиб майдонни тарк этди.
25` Криштиану Роналдууууууууу! Тушунмадим, "Реал" либосида ҳаракат қилаётган 7-рақамдаги футболчи ростан ҳам Роналдуми? Ўша 7-рақамда ўйнаётган футболчи бугунги ўйинда кетма-кет учинчи бор жарима майдончаси ичидан, камига 3-4 метр масофадан шундоқ ўзига келаётган тўпларни дарвозага жойлай олмаяпти... Қизиқ!
23` "Реал" бурчак зарбасини амалга оширди. Серхио Рамос стандарт вазиятларида жарима майдончаси ичида мисоли "қирол" ҳисобланиши сезган Марино тезда тўпга чиқди ва хавфни ўз вақтида бартараф этди. Акс ҳолда Рамос ҳисобни иккию-нолга етказиши муқаррар эди...
21` Киритилган голдан сўнг ҳам мезбонлар ҳужум қилишни канда қилишмаяпти. "Леванте"нинг ҳужум чизиғи эса ҳозирча ҳеч қандай юриш ҳам қилгани йўқ.
19` Жуда узоқ ва қизиқ кечган ҳужумни аввалига Роналду ўзининг "чалқанча" зарбаси билан самарали якунлаши мумкин эди. Бироқ сўнгги паллада "Леванте" ҳимоячиси Рамис тўпни дарвоза чизиғи устидан бартараф этди ва жуда чиройли голни бекор қилди. Қайтарилган тўпни эса Гарет Бэйл деярли бўш қолган дарвозага йўллади ва ҳисобни очди, 1:0!
18` ГОООООООООООООООООООООООООЛ! ҲА, Ҳа! ГОЛЛЛЛЛЛЛЛ! ГАРЕТ БЭЙЛ!
17` Дастлабки голни кўп кутиб қолдик шекилли. "Реал"нинг ҳужумлари хавфли чиқмоқда. Лекин ҳозирча гол киритиш уларга насиб этмаяпти. Бу сафар Гарет Бэйл тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллади. Лекин Марино маҳорат кўрсатди!
16` Карим Бензема гол киритди. Бироқ бу гол инобатга олинмади. Сабабики, гол урилган вазиятда Карим Бензема ва Роналду ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетишган эди.
15` Карим Бензема жарима майдончаси ичида турган Роналду томон тўпни оширди. Бироқ португалиялик футболчи керакли нуқтада пайдо бўлмади.
14` Роналдунинг жарима зарбасидан тепган тўпи "жонли-девор"га тегиб қайтди. Криштиану Роналду сўнгги бор қачон жарима зарбасидан гол киритганини эслолмадим... Анча бўлганига ҳам анча бўпти шекилли...
13` Роналду жарима майдончаси олдида йиқилди ва жарима зарбаси белгиланди. Жабрланувчининг ўзи бу стандарт вазиятини амалга оширса керак.
12` "Реал"нинг ўнг қанотдан амалга оширган ҳужуми якунига етмай қолди. Карвахаль Бэйлга тўп узатишда хатога йўл қўйди.
10` Пепе ҳужумда кўриниш берди. Лекин унинг уриниши бесамар кетди. Кейлор Навас дарвозаси олдида вазиятлар кузатилмаяпти.
8` "Реал"нинг кетма-кет уюштирган ҳужумлари ҳозирча самара келтирмади. "Леванте" ҳимоясини жуда ишончли ўйнамоқда дея олмайман. Аммо ҳозирча жиддий хатоларга йўл қўйилмаяпти.
6` "Реал"нинг асосий рақиби "Барселона" кеча "Эйбар" устидан ғалаба қозонди, Роналдунинг рақобатчиси Месси эса иккита тўп киритди ва тўпурарлар пойгасида пешқадамга айланиб олди. "Реал" эса табиийки "Эль класико" олдидан орадаги фарқни биттага қисқартирмоқчи, Роналду эса Мессини голеадорлар пойгасида қувиб етмоқчи.
4` Хавфли вазият! Криштиану Роналду! Карим Бензема жарима майдончаси ичида Роналдуни тўп билан таминлади. Роналдунинг яқин масофадан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб майдонни тарк этди. Ҳа, ҳисоб ўзгармай қолди...
3` Кутилганидек "Леванте" ўз жарима майдончаси олдида жойлашиб олди ва рақибни ҳужумини бартараф этиш билан бандлар. Майдон эгалари эса ҳужумда ҳаракат қилишмоқда.
2` Гарет Бэйл!!! Ажойиб ҳаракатлар, чиройли ижро! Фақатгина зарбага бироз аниқлик етишмади. Тезкор гол кўришимиз мумкин эди. Бэйл жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олди ва чиройли ҳаракатлари билан рақибни алдаб ўтди ва заргарона зарба йўллади. Ноаниқ.
1` "Реал" футболчилари ўйинни шошилмасдан бошлаб олишди. Жамоа позицион ҳужумга ўтмоқда.
- УЧРАШУВ БОШЛАНДИ!
- Демак жамоалар майдонга чиқиб келишди ва ўйин бошланишига саноқли сониялар қолмоқда.
- Карло Анчелотти бугунги ўйинда дарвозага Икер Касильясни эмас, балки Кейлор Навасни қўйишни афзал билди. "Шальке" билан бўлган беллашувда Икерни ҳаракатлари Карло тоғани қониқтирмаган кўринади.
- Ушбу жамоалар шу вақтгача Испания чемпионати доирасида 11 маротаба дуч келишган ва шуларнинг саккизтасида мадридликлар ғалаба қозонишган бўлса, иккита баҳсда "Леванте" жамоасининг қўли баланд келган. Атига битта ўйинда ғолиб номи аниқланмай қолган.
- Ассалому алайкум қадрли футбол ишқибозлари! "Реал" ҳамда "Леванте" ўртасидаги беллашувдан олиб бориладиган матнли онлайн трансляциямизни бошлаймиз. Хизматингизда Шаҳбоз Беғамов бўлади.
Учрашувни сайтимиз ҳамкори aleziya.com сайти орқали жонли эфирда томоша (Видео TAS-IX ҳудудида) қилишингиз мумкин.
- Учрашув соат 01:00да бошланади.
Фикрлар