

Жиззахда "Сўғдиёна" рақиблик қилган учрашувда Никола Лазаревич шогирдлари пенальтилар сериясида майдон эгаларига мағлуб бўлди. Ушбу ўйин таассуротлари ва бошқа мавзулар ҳақида жамоанинг тезкор ярим ҳимоячиси Ислом Кенжабоевнинг фикрлари билан қизиқдик.
- "Қизилқум" кубокдаги иштирокини якунлади. Сизнингча чорак финал бугунги жамоа учун етарлими?
- Мақсадимиз жамоа билан финалга қадар етиб бориш эди. Афсуски, айрим сабабларга кўра мусобақадан чиқиб кетдик. Балки омадимиз келмагандир. Нима ҳам дердим, навбатдаги ўйинларга тайёргарлик кўрамиз.
- Жамоа асосий вақтда ғалабани ушлаб қолиши мумкин эди...
- Шу куни ўйинни яхши бошқараётган эдик. Гол ҳам уришга муваффақ бўлдик. Агар тезкор гол ўтказиб юбормаганимизда ўйин бизнинг фойдамизга ҳал бўлиши ҳеч гап эмасди.

- Суперлигадаги курашда асосий рақобатчи жамоа ким?
- Совриндорлар қаторига киришни мақсад қилганмиз. Жорий йилги Суперлига охирги турга қадар қизиқ ўтиши аниқ. Барча жамоалар бир-бирига рақобат туғдира оляпти.
- Ёзги трансферлар ойнасида "Навбаҳор"ни тарк этдингиз. Рақобатда ютқаздим, деб ўйлайсизми?
- Мен рақобатдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Инсон барчага бирдек муомала қилиши керак. "Навбаҳор"нинг ўйин услубига мос тушмагандирман. Мухлислар биринчи даврада нима бўлганини кўришди.

- "Қизилқум"га қайтишингиз қандай бўлди?
- Нима бўлган тақдирда ҳам иккинчи даврада "Навбаҳор"да ўйнамаслигимни билардим. Ҳар бир футболчи захирада ўтиришни эмас, ўйин амалиётига эга бўлишни истайди. Клубдан кетишим аниқ бўлгач "Қизилқум"дагилар алоқага чиқишди.



