

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Биринчи навбатда барчани Мустақиллик байрами билан табриклайман ва бугунги ғалабани бизни қўллаб турган барча мухлисларга бағишлайман. Бугун ютишимиз шарт бўлган ўйин эди, сабаби охирги иккита уй учрашувимизда "Пахтакор"га мағлуб бўлгандик. Жароҳатлар бўлишига қарамай футболчилар матонат кўрсатишди. Баъзи ўйинчиларимиз бугун оғриқ билан, шамоллаш ва иситма билан ўйнади, шунга қарамай ўзимизни кўрсата олдик. Бу футболчиларимиз матонати ва иродаси сабаб қўлга киритилган ғалаба бўлди. Стадионда бизни қўллаб турган мухлисларга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман.
- Биринчи урилган голдан кейин юзингизда яхши кайфият бор эди, кейин бирданига ўзгарди.
- Биз кўрган вазият бўйича офсайд кўринмади. Биз ҳам телевизон ракурсни кўрдик. Лекин тўлиғини ҳали кўрганим йўқ. Бу бўйича балки тушунтириш берилар. Биз кўрган вазиятда офсайд йўқ эди.
- Иброҳимхалил Йўлдошевни ўртада ўйнатиш "Пахтакор" учун сюрпризмиди?
- Бу тактик ҳаракатимиз билан боғлиқ. "Пахтакор"нинг ўнг қаноти катта хавф туғдиришини билиб, чап томонни кучайтиришга қарор қилдик. Шу боис Сайфиев билан Йўлдошевни бир пайтда майдонга туширдик. Иброҳимхалил баҳсни яхши ўтказди, афсуски биринчи тайм охирларида жароҳат олди. Бу позицияда ўйнаш осон эмас, шу боис футболчимизга раҳмат айтиб қоламан.
- Кейинги ўйинларда иккинчи таркибни тушириб Элит ОЧЛ олдидан кучли таркибга дам бериш режангиз борми?
- Бизда иккинчи таркиб йўқ, ҳамма футболчиларга биринчи таркиб ўйинчиси деб қараймиз. Бугун етти нафар футболчимиз ўйнамади, августда кўп учрашувлар ўтказдик. Жароҳатлар кузатилди. Йовович, Хуршид Ғиёсов, Нурмуҳаммад Абдуғаниев кетма-кет ўйинларда майдонга тушишяпти.
- "Нефтчи" ютқазганда фақат сизни гапиришяпти. Бу босим эмасми?
- Ҳар бир ғалаба ортида катта меҳнат туради. Бу фақат мураббий, футболчилар ёки ҳомий ҳаракати эмас. Бу жамоавий меҳнат маҳсули. Ҳаммаси бирлашибгина натижа келади. Шу боис ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Бизнинг ишимиз фақат меҳнат қилиш ва турли гап-сўзларга кўз юмиш. "Нефтчи"да ҳар бир фактор ўз вазифасини аъло бажаряпти. Бундан хурсандмиз.
- "Нефтчи"ни бир нечта хорижлик мураббийлар тарк этди. Бу ҳолат сизнинг ишингизга таъсир қилмаяптими?
- Бу борада матбуотда турли гаплар айтилди. Кимдир жамоа ичкаридан бошқарилади деди, кимдир мураббий уларни сиғдирмади деди. Аввало четдан яхши мураббийни жалб қилиш осон эмас. Улар яхши мураббийлар эди, фақат шартномада қачондир бошқа клублардан таклиф тушса жамоадан кетиш банди бор эди. Уларга четдан таклиф тушгани учун бизни тарк этишди. Фақат Юрген Геде оилавий сабаб туфайли хайрлашди. Албатта, атрофингизда мураббийлар бўлгани яхши, лекин барибир асосий ғоя бош мураббийники бўлади. Уларнинг ўрнига ким келса ҳам, ўйинимизга таъсир қилмайди. Жамоа шахсларга боғланиб қолиши керак эмас. Жамоанинг ўз фалсафаси ва ғояси бўлиши керак. Бу - футбол, кимдир келади, кимдир кетади.
- Сиз келгандан буён жамоа кўп ўйинларда прессинг қиляпти, футболчилар тўп йўқотганда ҳам охиригача кураш олиб боришяпти. Балки жароҳатлар олдини олиш мақсадида бундан бироз чекиниб турган маъқулдир?
- Мақсадимиз - ҳар куни ўйин сифатини оширириш. Нима қилсак, жамоа ўйини янаям тезлашади ва кўп гол урамиз. Доим шу хаёл билан юраман. Албатта, интенсив футбол ўйнаш осон эмас. Бу катта кучни талаб қилади. 7-8 ойдан бери "Нефтчи"да ишлаётган бўлсам, ўйин услубимиз борасида тушунтирадиган жиҳатлар ҳали кўп. Ҳар куни футболчилар билан ярим соат, 40 дақиқа теория ўтамиз. Уларга тушунтирамиз, ўз ғояларимни сингдиришга ҳаракат қиламан. Мен футболчиларни ҳимоявий ўйинга мажбурлай олмайман. Футболчиларимиз шаклланиб бормоқда ва бундан хурсандмиз. Ҳар бир машғулотимиз прессинг ва тезлик ҳисобига қурилган ва бу услубдан воз кечмаймиз. XG 5дан ўтиб кетди, бу жуда яхши натижа. Биз ҳужум қилаётган пайтимизда ҳам ҳимояланишни билишимиз керак. Бу ҳам осон жараён эмас, лекин ОЧЛ Элитгача ҳаммасини янада яхши ўрганиб оламиз деб умид қиламан.
- Кетма-кет жароҳатлар тиббий штабнинг иши билан боғлиқми ё бошқа сабаблар борми?
- Тезлик ҳақида гапирдик. Ўйинни секинлаштирсак, жароҳатлар камаяди, лекин бу йўлдан бормоқчи эмасмиз. Европа футболи нима учун тез? Чунки уларни ёшлигидан ўргатиб боради. Бизда аксар футболчилар бундай тезликка тўлиқ тайёр эмас. Футболчи мускули 6-7 ойда тайёр бўла олмайди, бунга йиллар керак. Ким шунга чидаса, бизда ўйнашда давом этади.



