UZ

Сўнгги янгиликлар

11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  9 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3

ИНТЕРВЬЮ. Икром Алибоев: "Купер бизга шошмасликни ва сабрли бўлишни ўргатди" Янгиликлар

ИНТЕРВЬЮ. Икром Алибоев: "Купер бизга шошмасликни ва сабрли бўлишни ўргатди"

Жанубий Кореянинг “Сеул” клубида фаолиятини давом эттираётган Икром Алибоев билан суҳбатимиз давом этади.

Суҳбатнинг иккинчи қисмида футболчининг Кореядаги ҳаёти, “Локомотив” клуби, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда бошқа мавзулар ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.


- Кореяда ўртача бир кунингиз қандай ўтади? 

-  Агар машғулотлар икки маҳал бўлса, эрталаб 8:30да тураман. Нонушта қилиб олгач, базага йўл оламан. Машғулот пайти бир соат олдин ҳамма базада бўлиши шарт. Бизда машғулот вақти кўпроқ, икки соатга яқин шуғулланамиз. Эрталабки машғулотдан бўшаб кўпинча жамоадошлар билан кафега борамиз. 

Корейсча овқат емайман ва ўрнига Европа таомларига буюртма бераман. Кечки машғулот соат 16:00да бошланса, овқатланиб яна базага қайтамиз ва иккинчи машғулотга ҳозирлик кўрамиз. Кейин уйга бориб дам оламан. Агар машғулот бир маҳал бўлса, эрталаб шуғуллангандан сўнг кун бўйи бекор бўламан. Баъзан шаҳар айланаман, дўконларга бораман. Мен учун бир йил жуда тез ўтиб кетди.

 

- Ҳозирча ёнимда танишим йўқ, бир ўзим истиқомат қиляпман дедингиз. Зерикарли эмасми? 

- Энди ўрганиб кетдим. Профессионал футболчининг ҳаёти шу, зерикарли бўлса ҳам кўникишга мажбурсиз. Қолаверса машғулот ва ўйин билан бўлиб вақт ўтганини сезмай қоласиз.

 

- Кореяликларда жамоавий йиғилиб гаплашиб ўтириш одати борми? 

- Бор. Баъзан ёши катталар алоҳида, ёшлар алоҳида йиғилиб турамиз. Баъзан эса асосий таркиб ва ўринбосарлар бирга йиғилиб  овқатланамиз. Албатта, ўйин-кулгу бўлмайди, фақат овқатланиб у ёқ бу ёқдан суҳбатлашиб ўтирамиз.

 

- Корейс тилини қанчалик ўргандингиз? 

- Ўзим учун керакли сўзларни биламан. Жамоадошларим ва мураббийлар гапини тушуниб боряпман. Кўчага чиққанда ҳам муаммо бўлмаяпти. Нархларни сўраш ва у-бу керак бўлиб қолса нима деб айтишни биламан. Корейсча унчалик мураккаб эмас. У ерда жуда кўп ўзбеклар маҳаллий тилни ўзлаштириб олган.

 

- Кореяликлар бизнинг футболга қизиқадими? Ўзбек футболи ҳақида нималарни сўрашади? 

- Ҳа, бизнинг футболга жуда қизиқишади. Шунингдек, ниҳоятда ҳурмат қилишади. Ўзбекистон - Жанубий Корея ўртасидаги ҳар қандай баҳс принципал тарзда кечади. Шу боис уларнинг бизга эътибори катта. Ёшлар жамоасидан тортиб миллий терма жамоагача қизиқиб сўрашади. 

Яна шуни айтишим мумкин, улар доим биздан ҳайиқиб туради. U-23 Осиё чемпионатидаги Ўзбекистон - Жанубий Корея баҳсидан олдин мендан жамоамиз ҳақида сўрашди. Жасур Яхшибоев зўр футболчи экан деб мақтаб қўйишди.


- Лекин негадир ўзаро ўйинларда доим улар ютиб кетади. Бу ниманинг эвазига деб ўйлайсиз? 

- Тўғриси, нима учун улар ғалаба қозонишини билмайман. Агар билганимизда биз ҳам уларни енгиб жаҳон чемпионатига чиққан бўлардик. Фақат шуни айтишим мумкин, кореяликлар ўзбек футболини ҳурмат қилади ва сизлар яхши ўйин кўрсатасизлар дейди. 

Ҳозирги пайтда Жанубий Кореяда фоалият олиб бораётган футболчиларимиз бештага етди. Бу ҳам бежиз эмас деб ўйлайман. Кореяликлар учун осиёлик легионер лимитини тўлдиришда бизнинг футболчилардан фойдаланиш қулай бўлиб қолди. Улар осиёлик футболчи деганда бизни ва австралияликларни тушунади. Японлар келмайди, уларнинг ўз чемпионати кучли. Хитойда катта пуллар бериляпти. Араблар келмаслиги шундоқ ҳам маълум. Шундай бўлганидан кейин биз билан Австралия қоляпти.

 

- “Сеул”да назарий машғулотлар узоқ давом этадими? 

- Назарий машғулот ҳар куни бўлавермайди. Кўпинча майдонга чиқиб шуғулланамиз. Лекин футбол назарияси бўлиб туради. Одатда ўйиндан икки кун олдин назарий машғулот бўлади. Бунда кўпинча бўлажак рақибни ўрганиш билан машғул бўламиз. 


- Маҳаллий аҳолининг яшаш тарзи қанақа?

- Кўчада бекорчиларни кўрмайсиз. Қачон қарама ҳамма иш билан банд бўлади. Одамларнинг бир-бирига ҳурмати ва муомаласи юқори даражада. Одатлари ҳақида айтадиган бўлсам, мен яшайдиган жойга яқинроқда парк бор ва ҳафтанинг шанба-якшанба куни одамлар оиласи билан келиб дам олиб кетади. 


- Кўчада сизни таниб қолишаётган бўлса керак? 

- Мен истиқомат қиладиган жойда кўпчилик билади. Биринчи борганимда ҳам футболчи эканлигимни билишган. Одамлар танийди қачонки пиёда сайр қилсам, машина минган пайтим бунинг иложи йўқ. Биласизми, уларда биринчи рақамли спорт тури гольф ҳисобланади. Гольф ҳақида кўрсатувлар кўп, ҳатто алоҳида каналлар ҳам бор. Ундан кейин бейсбол туради ва учинчи ўринда футбол.

 

- Кореяда футбол қанчалик ёритилади? Матбуот эътибори кучлими?

- Жуда юқори. Футболга оид учта телеканал бўлиб, ҳаммаси ўйинларни бўлиб олган. Мавсум бошланишидан олдин каналлар Кей лига билан шартнома имзолаб ўйинларни бўлиб олишади. Учрашувларга жуда кўп журналистлар, фотосуратчилар ташриф буюради. Марказий ўйинларда матбуот анжумани хоналари тўлади.

   

- “Сеул”нинг ашаддий рақиби “Сувон” мухлислари сизни таниб қолди дейлик...

- Шунақа бўлди ҳам. “Сувон”га қарши биринчи ўйинни мухлислар қаторида кузатдим. Кўп мухлислар таниб қолди ва менга илиқ муносабатда бўлишди. Бирга суратга тушдик. 


- Ўзбек футболини қанчалик кузатиб боряпсиз? 

- Ўзимизнинг футболга оид ҳар бир янгиликни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Ҳозир интернет даврида ҳамма нарсанинг иложи бор. “Спорт” каналига ҳам раҳмат, ўйинлар Youtube орқали намойиш қилинмоқда. Бу эса мамлакатдан четда яшаётганларга қулайлик туғдиряпти. 


- “Локомотив”нинг ўтган йилги иштирокини қандай баҳолайсиз? 

- Мавсум яхши бошланди. Жамоа Суперкубокни қўлга киритди. Лекин Осиё чемпионлар лигасида “Локо” гуруҳдан чиқа олмади. Натижада ёзда мураббий алмашди. Янги мураббий ўз фалсафаси билан келди. Шунга қарамай иккинчи ўринни олгани яхши натижа деб ўйлайман. 


- “Пахтакор” ўтган йил учала совринни қўлга киритди. “Локомотив” билан таққослаганда “Пахтакор” анча кучайди деб ҳисоблайсизми? 

- “Пахтакор” ҳам кўп ижобий ишларни амалга оширяпти. Лекин бу жамоани жуда кучайиб кетди демаган бўлардим. Улар билан бемалол ўйнаса бўлади.

 

- “Сеул” билан “Локомотив”ни солиштира оласизми? Айтайлик, ўзаро учта ўйин ўтказилса нима бўлади? 

- Бу саволга жавоб бериш қийин. Агар ҳар учала баҳс дуранг билан якун топса бу мени қониқтиради.


- “Сеул” клуби раҳбарияти жамоа аъзолари билан учрашиб турадими?

- У ерда футболчиларни йиғиб мажлис ўтказиш деган нарса йўқ. Клуб раҳбарияти учрашса асосан жамоага омад тилайди. Ҳар ўйинга раҳбарлар ташриф буюради ва ўйиндан кейин жамоани кийим алмаштириш хонаси олдида кутиб олади. 

Ўтган йил бошида клубимиз раҳбарияти, ҳомийлар бир жойга йиғилиб мавсум олдидан қизиқарли тадбир ташкил этганди. Мухлислар учун турли викториналар ўтказилиб, ютуқ сифатида футболчилар формаси қўйилганди. Лекин бу йил коронавирус туфайли шу тадбир бекор қилинди. 


- Келинг, энди бироз Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида суҳбатлашсак. Жаҳон чемпионати саралашида кейинги босқичга чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз? 

- Ҳаммаси ўз қўлимизда. Ҳеч кимга қараб қолган жойимиз йўқ. Кейинги учта ўйинни ютсак, гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқамиз. Кейинги босқичга чиқиш борасида шахсан менда шубҳа йўқ. Фақат ҳамма гап ҳал қилувчи босқични қандай ўтказишимизда. Ўйлайманки, ҳаракат қилсак жаҳон чемпионатига албатта борамиз.

 

- Бу босқичда энг оғир ўйин Саудия Арабистонида бўлади. 

- Унгача эса иккита учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилишимиз керак. Агар навбатдаги икки беллашувда ғолиб бўлсак, сафарга хотиржам кайфиятда йўл оламиз. Тошкентда ҳам саудияликлар билан яхши ўйнадик, фақат қандайдир беш дақиқа ичида иккита гол ўтказиб юбордик. Лекин ўйин томонлама мағлуб бўлмадик. Менимча, Саудия Арабистони даҳшатли рақиб эмас ва улар билан ўйнаса бўлади.


- Кейинги босқичга чиқдик ҳам дейлик. Жунубий Корея билан бир гуруҳга тушишни хоҳлармидингиз? 

- Менимча, қизиқ бўларди. Кореяда ҳам шу саволни беришди. Кореялик журналистлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея битта гуруҳдан жой олса, ўзаро баҳслар қандай кўриниш олади деб сўрашди. Мен эса қизиқарли тарзда жавоб қайтаришга ҳаракат қилдим. 

Яъни, агар шундай бўлса мен ҳар икки баҳсни уйда ўтказгандек бўламан дедим. Негаки Тошкент шундоқ ҳам уйимиз, Жанубий Корея терма жамоаси Сеулдаги баҳсни “Seoul World Cup” стадионида ўтказади. Бу эса жамоамизнинг уй стадиони ҳисобланади. Менимча, бу жавоб журналистларни қониқтирди.

 

- Эктор Купер билан ишлаш қандай таассурот қолдирди? 

- Эктор Купер тажрибали мураббий ва бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Фақат унинг услуби бизга тўғри келмади деб ўйлайман. Маълумки, ўзбек футболи азалдан ҳужумкорликка йўналтирилган. Купер келиб ҳимоявий ўйинни ўргата бошлади, лекин бу услуб бизга мос келмади.

 

- Купердан ўзингиз учун нималарни олдингиз? 

- Кўп нарса ўргандим. Купер бизга биринчи навбатда тартибли бўлишни уқтирди. Шунингдек, ўйин пайтида шошмасликни ва сабр қилишни ўргатди.

 

- Ўтган бир йил ичида ўз ўйинингизда қандай ўзгаришларни сездингиз? 

- Корейс футболига уч-тўрт ой ичида тўлиқ кўникиб кетдим. Қандай ўзгаришларни сезганим ҳақида гапирадиган бўлсам, аввало ўзимга бўлган ишонч ортди. Қолаверса уёқда кўпроқ югуришга мажбур бўляпман. Чунки Кореяда тўпсиз югуришни жуда қадрлашади. 


- Клуб билан шартномангиз қанча муддатга тузилган? 

- 2021 йил охиригача “Сеул” билан шартномам бор. Насиб қилса шартномани тўлиқ якунлаб қўйишни истайман. Мабодо клуб бошқа жамоага сотмоқчи бўлса бу ҳақда менга маълум қилишади.

 

- У ерда ашаддий рақиблар бир-биридан футболчи оладими? 

- Бундай ҳолатлар кузатилган. Ўзим билганим “Сеул”нинг черногориялик легионери Деян Дамьянович клубни тарк этиб ашаддий рақибимиз “Сувон”га ўтиб кетганди. У ўн йилдан бери Кореяда ўйнаб келяпти. Дамьянович дастлабки беш йилни “Сеул”да ўтказиб, сўнгра “Сувон”га йўл олган. Бундан эса жамоамиз мухлислари жуда норози бўлиб ҳозир ҳам бу ҳужумчини ёқтиришмайди. Ҳатто унинг суратлари устига икс чизиб ташлашган. Ҳозирда Дамьянович “Тэгу” шарафини ҳимоя қилмоқда.

 

- Фараз қилинг, “Сеул” сизни катта пул эвазига “Сувон”га сотмоқчи. Қандай йўл тутасиз? 

- Бу жуда қийин савол. Фақат шуни айтишим мумкин, бир йил ўйнаганимга қарамай “Сеул” юрагимдан жой олди ва яна кўп мавсум шу жамоада тўп тепишни хоҳлайман. Менимча, “Сеул”ни тарк этиб “Сувон”га ўтмаган бўлардим. Ва бу ўринда пулга ҳам унчалик эътибор бермайман.

 

- Кей лига коронавирус туфайли мартда ҳам бошланмади дейлик. Ўйин амалиётисиз юриш қанчалик таъсир қилади? 

- Бу ҳолат ҳар бир футболчига салбий таъсир ўтказади. Икки ҳафта тўп тепманг, ўйин ритмидан чиқиб қоласиз. Бу ўринда нафақат мен, балки Кореяда ўйнаётган Жамшид Искандеров, Хуршид Ғиёсов, Достон Турсунов, Рустам Ашурматов каби терма жамоа аъзолари ҳам амалиётсиз қолиб кетамиз. Хоҳлардимки, коронавирус буткул бартараф этилиб яна ҳаммаси изига тушса, бундан ҳаммамизга фақат фойда бўларди.

 

- Жанубий Кореяда ўйнамоқчи бўлган футболчиларга қандай маслаҳат берасиз? 

- Аввало бунинг учун кўп ишлаш керак. Қолаверса мияни ишлатган ҳолда кўп югуришга тўғри келади. Биздаги футболчиларнинг кореяликлардан кам жойи йўқ ва у ерга бориб бемалол ўйнаб кетса бўлади.

  

- Суҳбатимиз охирида “Локомотив” мухлисларига тилакларингиз. Ҳар ҳолда шу жамоада ўйнаб халққа танилдингиз. 

- “Локомотив”да ўйнаб ажойиб етти йилни ўтказдим ва бунинг учун клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчи дўстларим ва албатта мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бундан ташқари стадион ишчилари ва базамиз ходимларига ҳам катта раҳмат. 

Шу даражага етишишимда “Локомотив”да ишлаган ёки ишлаб келаётган ҳар бир инсоннинг ҳиссаси бор. Собиқ жамоамга бу йилги мавсумда омад тилайман. Ўйлайманки, “Локо” бу йил учала совринни ҳам қўлга киритади. Жамоа ишқибозларига эса соғлик-саломатлик ва ҳамиша хурсандчилик тилайман.

  

- Икром, ажойиб суҳбат учун раҳмат. Фаолиятингиз янада порлоқ кечишини тилаб қоламиз. 


Х.Холиқов суҳбатлашди.

Интервьюнинг 1-қисми> Икром Алибоев: “Жанубий Кореяда осон ўйинлар йўқ” 

Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика