Илкай Гюндоган: «Ман Сити»нинг ўйин услубига мос келаман»
30 окт 2016 08:53
Янгиликлар
Илкай Гюндоган: «Ман Сити»нинг ўйин услубига мос келаман»
Яқинда Гюндоган деярли бир йиллик танаффусдан сўнг яна Германия терма жамоасига чақирилди. Йоахим Лёв «Илкайни «Сити»даги ҳаёти ва Гвардиола билан қандай ишлаётганини билиш учун терма жамоага чақирдим», деб ҳазиллашди. Ўзининг айтишича, Англияда барчасини нолдан бошламоқчи.
- Ҳаммасини нолдан бошлаш нима дегани? Дортмунднинг «Боруссия»сида беш йил ўйнадим. У ердаги ҳолатим ўзимга аён эди: агар формада бўлсам, майдонга тушишим аниқ. Чунки етакчилардан бири бўлганман.
Тўғри, сардор эмасдим. Аммо жамоани етаклайдиган футболчилар қаторига кирардим. Бир сўз билан айтганда, «Боруссия»да ўз ўрнимга эга эдим. Шу ҳолатимдан чиқиб, янги клуб, янги чемпионат, янги мамлакат ва янги мураббий қўл остига ўтишим керак эди. Бунинг осон бўлмаслигини билганман. Ҳамма премьер-лиганинг қийин чемпионатлигини айтган. Лекин ўзимни шу ерда синашга қарор қилдим. Ахир йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ эди.
Бунинг устига ўзгаришларнинг айни вақти эди. 25 ёшимда Германияда эришиш мумкин бўлган ҳаммасига эришдим. Олдинги жамоам билан мамлакат чемпионлиги ва кубогини қўлга киритдим. Демак,жамоадан кетиб, фаолиятимнинг янги саҳифасини очиш вақти келганди.Пеп Гвардиола ва «Ман Сити»нинг ўйин услубига мос келаман. Шундай экан, бир қарорга келишим қийин кечмади. Дортмундда барчаси ёқарди. Бунинг учун улардан миннатдорман ва клубнинг мен учун қилган ишларини бир умр унутмайман. Бироқ ўз кучимни бошқа жойда синаб кўришга қарор қилдим. Айнан шуни ҳаммасини нолдан бошлаш деб ҳисоблайман.
Гюндоган учун ўйин услуби жуда муҳим. «Манчестер Сити»да уни таништиришганида «Бу ерга совринларни ютиш ва яхши ўйин намойиш қилиш учун келдим», деганди. Агар бу сўзларини эслатсангиз, шунчаки кулиб қўяди.
- Бизнинг бир мақсадимиз, бир фалсафамиз бор. Яъни Гвардиола фалсафаси. Биринчи ўринда бунга мураббий ва футболчилар ишонишлари керак. Танлаган йўлимиз ғалабаларга олиб келишига ишонамиз.
Агар мағлуб бўлсагу ўз ўйинимизни намойиш этсак, буни қабул қилишимиз мумкин. Акс ҳолда, мағлубиятда ўзимиз айбдорлигимизни яхши тушунамиз. Ишончим комил, ҳамиша ўзингизга ёққандек ўйнашингиз керак. Мағлубиятлар футболнинг бир қисми. Ундан қочиб қутулиб бўлмайди. Борди-ю, ғалаба қозонаверсанг, бу яхши. Аммо айни ҳолат менга тўғри келмайди. Ёмон ўйнаб ғалаба қозонгандан, яхши ўйнаб мағлуб бўлишни маъқул кўраман. Шундай экан, мағлубиятлар ҳам унчалик ёмон эмас. Албатта, муваффақиятсизликдан кейин ухлай олмаймиз, хатоларимизни таҳлил қиламиз. Бироқ улардан сабоқ олишни ўрганиш керак.
Интервью учун яна бир сабаб бор эди. Гюндоган клубдан миннатдорлигини оммага маълум қилишни истаганди. Илкай унга ишонч билдиргани учун «Сити» ва Гвардиоладан мамнун.
- Клубга жароҳат билан келгандим. Бундан олдин Пеп билан гаплашгандим. У «Сити»га ўтишим учун жароҳат халақит бермаслигини айтганди. Бу эса унинг менга ишонч билдираётганини англатиб турарди.
Умуман олганда, жароҳат Гюндоган «Сити»га мослашиб олишида ёрдам берди.
- Янги жойга борсак, янги вазиятга ўрганишга ҳаракат қиламиз. Ўнг ва чапга қараб, янгиликларни ўрганишга уринамиз. Мен эса ўйнашдан олдин бу ерга кўникиб олдим.
Яна бир эътиборли жиҳати, Гвардиола «Ман Сити»ни қабул қилиб олганидан сўнг биринчи бўлиб айнан Гюндоган билан шартнома имзолаганди.
- У билан муносабатларимиз ажойиб. Пепдан янгиликларни ўрганишга ҳаракат қиламан. У эса янада яхшироқ бўлиш учун ўсиш кераклигини уқтиради. Ўйлайманки, бу ҳамкорлик иккимизга ҳам маъқул келяпти.
Гвардиола «Барселона» ва «Бавария»ни бошқарганда ҳам унинг ўйин услубини билардим. Чунки бу жамоаларга қарши майдонга тушганман. Шу боис ҳам бу усулга тезда мослашиб кетишимга ишонгандим. Унинг қўл остида ўйнаш менга роҳат бағишлайди. Лекин бу - қийин иш.
Чемпионлар Лигаси финалида яна қатнашиш мароқли. Бу мавсум финалга чиқишимиз ёки чиқа олмаслигимизни билмайман. Бироқ ҳал қилувчи ўйинда қатнашиш учун имкониятларимиз етарли. «Сити» билан тўрт йиллик шартнома имзолаганман. Шундай экан, бу ерда кўп нарса ютишимга ишонаман.
Ҳа, ташқаридан босим катта бўлиши турган гап. Чунки Пеп Гвардиола «Сити»ни қабул қилиб олди. Бундан ташқари, янги футболчилар учун катта пуллар сарфланди. Шу боис ҳам жамоадан кўп нарса кутишлари тайин.
Гюндоган айни пайт Манчестер шаҳрига кўникиб улгурди. Ваҳоланки, у бу шаҳарда олдинроқ пайдо бўлиши мумкин эди. Илкайга «МЮ» қизиқиш билдирганди.
- Ҳа, шундай бўлган. Лекин икки- уч йил олдин жамоани алмаштириш вақти эмасди. Дортмундликлар билан шартномам борлиги учун музокараларга киришмаганман.
Нима ҳам дердик, «Юнайтед» йўқотганини «Сити» топиб олди.
Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади
Фикрлар