

Айниқса, плей-офф босқичи футбол ихлосмандларига чинакам шиддат ва бир қатор сенсацияларни тақдим қилди. Хусусан, амалдаги чемпион Аргентина-Кабо-Верде жамоалари ўртасидаги ўйин ўзининг муросасиз кураши, голлар шоуси ва метин иродаси билан бошқа баҳслардан ажралиб турди. Айниқса, бутун дунё футбол саҳнасида эртак ёзаётган Кабо-Верденинг 90 дақиқа ва яна қўшимча дақиқаларда ҳам характер кўрсатиши барчани ҳаяжонда ушлаб турди. Сайтимиз фотографи Жаҳонгир Файзуллаев мазкур беллашувда бир қатор қизиқарли суратларни тарихга мухрлади.

Афтидан ўйиндан олдин кўпчилик Аргентинанинг йирик ҳисобдаги ғалабасини тахмин қилган эди. Ўйин суратидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Скалони шогирдлари эконом режимда ўйнай бошлашди ва темпни кўтаришга шошилишмади, биринчи бўлиб ҳисобни очишди.

Возинья Жаҳон чемпионатининг кашфиёт футболчиларидан бири бўлди деб бемалол айта оламиз. Кипер 40 ёшда мундиалда барчани ўзига қарата олди. Аввал унинг инстаграмдаги обуначилари сони 10 минга ҳам етмасди. Эндиликда Возиньянинг инстаграм саҳифасида 25 миллиондан ошиқ обуначиси бор.

Лопес Кабральнинг экстра-таймларда урган голидан кейинги хурсандчилиги. 2002 йилда туғилган 23 ёшли футболчи Туркиянинг “Тробзонспор” клубида ўйнайди. Аслида Нидерландияда туғилган, фаолиятини “Твенте” клубида бошлаган.

Бу инсон Кабо-Верде бош мураббийи Бубишта. 56 ёшли мутахассис мураббийлик фаолиятида ўз мамлакатидан ташқарига чиқмаган, ички чемпионат клубларида ишлаган. Мазкур мундиалдан сўнг Бубишта номини яхши эслаб қоладиган бўлдик.

Аргентина бош мураббий Лионель Скалонининг ўйинда амалга оширган ўзгаришлари, захира алмаштиришлари эвазига 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Айнан экстра-таймларда у шогирдларини уйғота олди. 2:2 дан кейин ҳам ғалабага ундади.

Лионель Месси шу куни дарвозага қулай нуқтада жарима зарбасини амалга оширди. Ташқаридан бу ерда аргентиналик осон гол урадигандек эди. Аммо рақиб посбони Возинья бунга йўл қўймади. Месси шу куни баҳсни тўлиқ ўтказди.

ФИФА президенти Жанни Инфантино Жаҳон чемпионатида фойдаланилаётган тўп “Трионда”га қўл қўйиб томошабинга бермоқда. Унинг ортида Арсен Венгер баҳсни диққат билан кузатиб турибди.

Дерой Дуарте Кабо-Верде ҳали таслим бўлмаганини голи билан исботлади. У ҳисобни тенглаштирган вазият.

Эмилиано Мартинес охирги дақиқаларда Лопес Кабралнинг кучли ва аниқ зарбасини қийинчилик билан қайтариб қолди. Акс ҳолда Мартинес пенальтилар сериясига тайёрланишига тўғри келарди.

Лаутаро Мартинесда шу куни деярли ҳеч нарса ўхшагани йўқ. Скалони уни иккинчи бўлимда захирага олди.

Жаҳон чемпионати учрашувлари бўлиб ўтаётган стадионлар ҳар бир ўйинда мухлислар билан тўлмоқда. “Хард Рок Стэдиум”дан Аргентина навбатдаги босқич чиптасига эга чиқди.

Лионель Месси 9 та ассист билан Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши ассистентга айланиб олди. Бу мундиалда ҳам у 6 та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда.

Гарчи ўйинда Кабо-Верда мағлубиятга учраган бўлсада, уларнинг ишқибозлари ўз суюклиларини қаҳрамонлардек тан олишлари шубҳасиз.
Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”, “Ucell”, “TT LLC”, “Black Cofee”, “OfoTour”



