Фарҳод Бекмуротов: “Тезкор гол устунликни бизга тақдим этди”
21 авг 2016 09:00
Янгиликлар
Фарҳод Бекмуротов: “Тезкор гол устунликни бизга тақдим этди”
Айнан унинг киритган тўпидан сўнг “бургутлар”нинг ишлари юришиб кетди дейиш мумкин. Қолаверса Фарҳод майдонда фаол харакатлари билан бошқалардан ажралиб турди. Ўйиндан сўнг Бекмуротовларнинг каттаси билан суҳбатлашдик. Дарвоқе, Фарҳоднинг укаси бўлган Фарруҳ Бекмуротов айни дамда ёшлар жамоасида харакат қилаётганини айтиб ўтиш лозим. Ажаб эмас яқин орада ака-ука Бекмуротовларнинг бир вақтнинг ўзида майдонда кўрсак.
- Фарҳод, “Қўқон-1912”га қарши баҳсдан сўнг навбатдаги дербига руҳий жиҳатдан тайёргарлик қандан бўлганди?
- Ўзингиз ҳам кўрдингиз, қўқонликларга қарши баҳсда ўйинимиз сира қовушмади. Бизнинг кунимиз эмасди. Ўйиндан кейин мураббийларимиз ўша мағлубиятни ҳудди қўрқинчли тушга ўхшатиб, тезроқ унутишимиз кераклигини айтди. Чунки навбатдаги ўйин ҳам муҳим эди. Машғулотларда астойдил шуғулландик. Худога шукур ҳаммаси биз учун яхши бўлди.
- “Нефтчи”дан қандай ўйин кутгандинглар?
- Фарғоналиклар бунгача ўз уйида “Бунёдкор”ни мағлуб этиб, “Локомотив” билан дуранг қайд этганди. Бизга қарши баҳсда ҳам улардан ҳужумкор ўйин кутгандим. Лекин омадимиз келиб, тезкор гол киритдик ва устунлик биз томонга ўтди.
- Жамоа мана иккинчи йилдирки Фарғонадан ғалаба билан қайтди. Бу сафар нимани ҳисобига уч очко қўлга киритилди деб ўйлайсиз?
- Биринчи навбатда бизга омад кулиб боқди. Қолаверса мураббийларнинг тўғри кўрсатмалари ҳам ғалабамиз омили бўлди.
- Учрашувдаги биринчи голга муаллифлик қилдингиз. Зарба беришдан олдин гол бўлишига қанчалик ишонгандингиз?
- Тўғриси, гол уришимдан олдин Азамат Исроилов дарвозага зарба бергач гол бўлади деб ўйлагандим. Чунки бир кун олдин ўзаро гаплашиб ўтирганимизда, эртага насиб қилса дербида гол ураман, кўнглим сезмоқда деб айтганди. Ўша вазиятда шу гапи ёдимга тушиб кетди. Зарба берганидан кейин гол бўлса биринчи бўлиб табрикламоқчи бўлиб, ортидан югурдим. Аммо дарвозабон тўпни қайтарди. Қарасам посбон жойини ташлаб чиқди. Кейин тўхтатмасдан дарвоза томон зарба йўлладим ва гол.
- Шундан сўнг ичингдан қандай ҳиссиётларни ўтказдингиз? Дербида гол уриш барибир бошқача бўлса керак?
- Албатта. Гол урганимдан сўнг хурсандчилигим чексиз эди. Уни содиқ мухлисларимиз ўтирган сектор томон бориб, нишонладик. Бу гол жорий мавсумдаги биринчи голим эди. Қандайдир адреналин бўлди.
- Энди кейинги рақиб – “Бухоро”...
- Ҳа, шундай. Чемпионатимиздаги энг кучли жамоалардан биридир. “Нефтчи” билан ўйин тарихда қолди. Энди асосий эътиборни бўлажак баҳсга қаратамиз. Олдинга интилишимиз талаб этилади. Сўзим якунида фурсатдан фойдаланиб, мухлисларимизга жамоамиз номидан раҳмат айтаман. Қийин вазиятда улар бизни сафар учрашувига бориб, қизғин тарзда қўллаб-қувватлаб туришди.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Фикрлар