UZ

Сўнгги янгиликлар

16:54"Лестер" - "Челси". Кимлар асосий таркибда?  0 16:39"Андижон" - "Динамо". Таркиблар билан танишинг  2 16:10МЮдагилар ёзда 42,5 млн. еврога сотиб олинган футболчига шубҳа билан қарашмоқда  0 15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  7 14:53Суперлига. "Олимпик" - "Бунёдкор" 0:1 (матнли трансляция)  1 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  14 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  24 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  6 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  7

"Facebook`даги гаплар. "Турон"дан кетиш сабаби. Ўйинларни сотмагани ва ҳакамлар". Исломбек Исмоилов барча ҳақиқатларни айтди Янгиликлар

"Facebook`даги гаплар. "Турон"дан кетиш сабаби. Ўйинларни сотмагани ва ҳакамлар". Исломбек Исмоилов барча ҳақиқатларни айтди

Жорий мавсум Суперлигада дебют қилаётган Яйпаннинг "Турон" жамоаси кўпчиликнинг эътиборига тушиб улгурди.

Гарчи ортда қолган саккизта турда "Турон" ғалаба қозонмаган бўлсада, рақибларига жиддий қаршилик кўрсатиб, чиройли ўйин намойиш қилди. Лекин футболда шундай гап бор: Ўйин эсдан чиқади, натижа сақланиб қолинади. Айнан қайд этилган натижа кўп нарсаларни ҳал қилади. Хусусан мураббийнинг жамоадаги тақдири бевосита шунга боғлиқ. Суперлиганинг саккизинчи турида ўз майдонида "Қизилқум"ни қабул қилган яйпанликлар сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол эвазига 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Мазкур баҳсдан сўнг "Турон" бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўз аризасига биноан истеъфога чиқишга қарор қилди. Биз эса барчасига аниқлик киритиш мақсадида ёш мураббийни суҳбатга чорладик. Ўзимизда ҳам Ислом Исмоиловга бериладиган саволларимиз тўпланиб қолганди. 

- "Қизилқум"га қарши учрашувдан сўнг жамоани тарк этдингиз. Бу шошилинчда қабул қилинган қарорми? Истеъфога чиқишингизга фақат муваффақиятсиз натижалар сабабми? 

- "Турон"да ажойиб уч йилни ўтказдим. Бунинг учун клуб раҳбарларига миннатдорчилик билдираман. Ёш бўлишимга қарамасдан менга ишонч билдиришди. Олимхон ва Қодирхон ака Аҳмедовларни футболнинг ҳақиқий фидойи инсонлари, дея оламан. Улар футбол учун нафақат маблағларини, балки меҳрларини ҳам беришмоқда. Уч йил давомида бизни моддий, маънавий томондан қўллаб-қувватлашди. Барча шароитларни яратиб беришди. Бунинг учун ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Энди бевосита жамоадаги фаолиятимга тўхталсам, биз мана шу давр мобайнида ёмон ишларни амалга оширмадик. Клубни кўзга кўринадиган даражага келтира олдик. "Турон" Ўзбекистонда ўз ўрнига эга бўлган жамоалар қаторига кирди. Бу йўлда катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Жорий мавсум олдимизга катта мақсадларни қўйган эдик. Лекин бу -  футбол. Унда ҳар доим яхши ўйнаган жамоа ютавермас экан. Ғалаба учун қўлдан келган ишларни амалга оширдик. Қаердадир омад етишмади, яна қаердадир бошқа сабаблар. Вазиятни кузата туриб жамоага янги қон керак, деб ўйладим. "Турон"нинг тақдирига бефарқ бўла олмайман. Вазият шундай давом этишига кўз юмиб тура олмасдим. 

Ниманидир ўзгартириш керак бўлса, фақат мураббий билан боғлиқ эди. Агар мураббий ўзгариши орқали натижа ижобий кўриниш олса, бундан фақат хурсанд бўламан. Бу борадаги фикримни раҳбариятга ҳам айтдим. Катта футболга қадам қўйишимда "Турон" мутасаддилари тамал тошини қўйиб хизмат қилишди. Улардан умримнинг охиригача миннатдорман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам елкама-елка ёнимда туришди. Кўпчилик раҳбарият нотўғри қарор қабул қилди, мураббийга яна имконият бериш керак эди, деган фикрларни айтишмоқда. Аммо улар барча имкониятларни беришди. Бу нотўғри қарор бўлмади. Футболга қаратаётган эътиборларини шахсий манфаатимдан устун қўйдим. Натижалар шу кўринишда давом этса, эртага клубга жиддий зарар етиши мумкин. Шу омилларни ҳисобга олган ҳолда истеъфога чиқдим. Балки бошқа мураббий билан жамоанинг ғалабалари онлари бошланар. "Турон"нинг имкониятлари юқори. Ҳали ғалабалар келади ва Суперлигада муносиб ўринларни эгаллайди.

- Мавсум бошида жамоани ўзингиз шакллантирдингиз. Таркибга тажрибали ижрочилар келиб қўшилди. Шу ўринда савол туғилади, ўтган йили ўзингиз таркибни сақлаб қоламиз, деб айтгансиз. Лекин таркиб 80 фоизга ўзгариб кетди. Дониёр Исмоилов, Шохруҳ Ҳолматов, Ғолиб Сарибоев, Шукурали Пўлатов, Хуршид Асқаралиев каби футболчиларга жавоб бериб юборилди. Бу ерда хато кимдан ўтди?

- Тўғри мавсум бошида жамоани ўзим шакллантирдим. Чунки таркибни кучайтирмасак бўлмасди. Бу борада айрим муаммолар юзага келди. Баъзи футболчиларда бизга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлди. Янги жамоа, қандай бўлар экан, деган фикрлар янгради. Боиси улар бундай ҳолатга кўп дуч келишган, жабр кўришган. Шунинг учун буни табиий ҳол сифатида қабул қилдик. Ўтган йилги таркибни сақлаб қоламиз дегандим. Масалан Дониёр Исмоилов "Андижон"га ўз хоҳиши билан кетди. Уни қолишини истагандик. Ғолиб Сарибоевга "Динамо"дан молиявий томондан яхшироқ таклиф тушгани учун ўз истаги билан кетди. Шукурали Пўлатов билан ҳам шундай бўлди. Мавсум якунлангач хорижда ўйнашни лозим топди. Хуршид Асқаралиев жамоада қоларди. Бироқ ўйин амалиёти етарли бўлмаслиги мумкин эди. Натижада уни "Янгиер"га қўйиб юбордик. Кўп футболчилар ўз хоҳиши билан кетган. Бу ерда ҳеч қандай хато бўлмади. Ўтган мавсум Про лигада жамоада ўйнаган футболчиларнинг аксарияти сақланиб қолинган. Аслиддин Тоштемиров, Жавоҳир Соҳибов, Акмал Ортиқов, Билолхон Тошмирзаев, Асилбек Қаюмов, Абдулазизхон Абдурашидов ва ҳоказо. 

-  Суперлигадаги энг ёш мураббий ҳисобланасиз. Элитада даража ва босим юқори бўлади. Нима деб ўйлайсиз ўзингизни Суперлигада ишлашга қай даражада тайёр деб ҳисобладингиз? Балки бош мураббийликни тажрибали мутахассисга топширган ҳолда ўзингиз ёнида тажриба тўплаб боришингиз керак эдими? Кўпчиликда бу ёш мураббийга Суперлигада ишлашга ҳали эрта экан, босимга чидай олмади деган фикрлар юзага келди...

- Суперлигада ишлашимга ҳали эрта, демаган бўлардим. Мураббийликни бошлаганимга 10 йил бўлди. Мен бунга босқичма-босқич етиб келдим. Фаолиятимни болалар футболидан бошлаган бўлсам, ундан сўнг Иккинчи лига, Биринчи лига ва Про лига, Суперлига даражасигача чиқдим. Айрим мураббийлар фаолиятини бирданига Суперлигада бошлайди. Лекин мен мураббийликнинг босқичларини босиб ўтдим. Ҳеч ким идеал инсонмас. Хатоларга йўл қўйган бўлишим мумкин. Икки йилда жамоани элитага олиб чиқдик. Ушбу машаққатли ишда битта мени эмас, клубдаги барчанинг меҳнати ётибди. Суперлигада ёмон жамоа шакллантирмадик. Кўрган бўлсангиз, ўтган саккизта тур давомида чиройли ва мухлисларбоп футбол кўрсатдик. "Насаф" билан баҳсни ҳисобга олмаганда, қолган рақибларимизга муносиб қаршилик кўрсатдик, дея оламан. Босим ҳар қандай мураббийнинг бошида бор. Ёшни сабаб сифатида кўрсатиш ноўрин. Агарда босимга чидай олмаганимда мураббийлик соҳасини танламаган бўлардим. Ҳар битта ўйинни катта босимда ўтказасиз. Бунга руҳан тайёр эдим. Ўрганадиган нарсаларим кўп. Мураббий бир жойда тўхтаб қолмаслиги лозим. Атрофимда тажрибали мураббийлар бор эди. Агарда битта ғалаба қозониб олганимизда ҳаммаси яхши кетарди. 

- Ўйиндан сўнг ҳакамларга кўп эътироз билдирдингиз. Айниқса "Сўғдиёна" билан ўйиндан кейинги интервью халқ орасида кенг тарқалди. АГМК билан баҳсдан кейин ҳам ҳакамлар борасида танқидий фикрларингиз янгради. Балки ҳаммаси эхтирос ва ҳиссиёт сабаб бўлгандир. Ҳакамлар ҳақидаги фикрларингизда ҳали ҳам қатъий турасизми?

- Энди бўладиган ишлар ортда қолди. Ҳозир яна қайтадан муҳокама қилиш, кимнидир айбдор қилиш ниятим йўқ. Агарда гапирсам омма орасида ўзини айби кўринмаяпти, қолганларга тўнкаяпти, деган фикр юзага келади. Қайсидир ҳолатларда ҳиссиётга берилдим. Ҳаммага инсоф берсин, деб қоламан. 

- Facebook ижтимоий тармоғида саҳифангиз борлигидан хабаримиз бор. Унда ўз фикрларингизни баён қилиб борасиз. АГМК билан баҳсдан сўнг бир пост эътиборимизни тортди.

 "Биз ҳам инсонмиз! Бизда ҳам сабрнинг чегараси бор. Агар воқеалар ривожи шундай давом этса, бутун умрга футболдан кетаман, лекин ўзим билан кўпчиликни олиб кетаман. Бугунми, эртагами, барчасининг жавоб бор. Аллоҳдан қўрқинглар". Мазкур постга изоҳ бериб ўтасизми? 

- Тўғри, пост қолдирдим. Буни кўпроқ ҳиссиёт билан боғласак тўғрироқ бўлади. Унда иш шундай давом этадиган бўлса, деганман. "Қизилқум" билан ўйиндаги ҳакамларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Ушбу баҳсдаги мағлубиятда айбни ўзимга оламан. Футболдан бутун умрга кетмадим. Бир кун қайтаман. Ёзда Про лицензиясига ўқишлар бошланади. Тажриба ва малакамни янада оширишим лозим. "Турон"дан бошим тик тутган ҳолда кетдим. Фаолиятимда футболни бузадиган ҳаром ишларга аралашмадим. Ўйинни сотиш ёки сотиб олмадим. Клубнинг бир сўм пулига хиёнат қилганим йўқ. Пул олдида виждонимни сотмайман.

- Таркибга легионер жалб қилишда танловда қанчалик хатога йўл қўйдингиз? Ҳар ҳолда легионерлар ўзларидан кутилган ўйинни кўрсата олаётгани йўқ...

- Легионерлардан Даян Поньевич ишончни оқламоқда. Синиша Бабичда жамоага мослашиш қийин кечар экан. Аввалги жамоаларида ҳам шундай ҳолат кузатилган. Карикари жамоага трансфер ойнасининг сўнгги кунларида келиб қўшилди. Унда ҳам мослашиш билан боғлиқ муаммолар бўляпти. Иккита турда яхши ҳаракат қилди. Кейин пасайиш кузатилди, жароҳат олди.  Футболчи ҳақида нотўғри гап айтсам, уларга нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламан. Жалб қилган ўйинчиларимизнинг хатоларини очиқ айта олмайман.

- Бўлиб ўтган воқеалардан қанчалик сабоқ чиқардингиз?

- Суперлигада ҳар бир ўйинда жанг бўлади. Про лигага нисбатан темп юқори. Қайсидир маънода тақвим ҳам биз учун ноқулай келди. Олти кун ичида учта ўйинда майдонга тушдик. Натижага гоҳида ташқи омиллар ҳам сабаб бўлади. Ҳар бир қилинган хато бу тажриба беради. Жамоа билан эришган ютуқларим, камчиликлар катта мактаб бўлди. Инсон ҳар бир хатодан тўғри хулоса чиқариши ва кейинги сафар такрорламаслиги керак.

- "Турон"ни "чуқурлик"дан олиб чиқиб кетиши мумкин бўлган нарса нима? Мураббий ўзгариши қанчалик фойда келтиради?

- Жамоа ўзининг ўйин услубига эга. Битта ғалаба барчасини ўзгартириб юборади. Клуб раҳбарлари барча шароитларни яратиб беришяпти. Футбол учун борини бераётганларни қадрлашимиз зарур. "Турон"ни сақлаб қолиш керак. Ўзбек футболининг келажаги шундай жамоаларга боғлиқ бўлади. Барибир клублар хусусийлаштирилади. Айни пайтда бундай жамоаларимиз кам. Одатда янги мураббий келиши билан жамоанинг ғалабалари бошланиб кетади. Полшалик мураббий қўл остида ижобий натижалар қўлга киритилишига умид қилиб қоламан.

- Жамоанинг ичида ўзаро ишончсизлик бормиди? Футболчилар кетишингизни қандай қабул қилди?

- Футболчиларнинг айримлари инсон сифатида ҳурматга лойиқ. Кетишимга қарши эканликларини билдирганлар ҳам бўлди. Кўп футболчиларга меҳр бергандик. Бундай пайтда ким дўст ёки душман эканлигини билиб олар экансиз. Ҳеч қайси футболчини четга чиқариб қўймадим. Иложи борича барчага ўйин амалиёти бердим. Улар тўхтамаслиглари керак. Ўзларида ирода топиб, жамоани Суперлигада сақлаб қолишларига ишонаман. Уларнинг қўлидан келади. Муҳими касбга хиёнат қилмадим. Кўп ёш футболчилар етишиб чиқди. Аслиддин Тоштемиров, Асилбек Қаюмовлар асосий таркиб ўйинчиси даражасигача чиқишди. Бу оз бўлсада ютуғимиз саналади.

Келгусида янада кучли бўлиб футболда фаолиятимни давом эттираман. Хорижда малака оширмоқчиман. Ортга чекиниш йўқ. Кўплаб мухлислар ижобий фикрларини билдиришмоқда. Кичик меҳнатимизни юқори баҳолаган мухлисларга раҳмат айтаман. "Турон" ишқибозлари мен учун энг зўри бўлиб қолади. Улар ўзларининг маданияти билан ўрнак бўла олишди.


Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди

Рейтинг: +37   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика