Евгений Кочнев: “Агар яхши таклиф бўлмаса, Бангладеш чемпионатига қайтишим мумкин”

Narzulla Saydullayev
12 сен 2021, 13:25
Бухоролик ярим ҳимоячи Евгений Кочнев бу мавсумда Бангладеш чемпионатида ўтказди.

 Футболчи “Уттарад Баритха” шарафини ҳимоя қилди. Кочнев мавсум якунлари ва келгусидаги мақсадлари бўйича ўз фикрларини билдирди.

- Евгений, аслида Бангладешга йўл олишингиз қай тариқа амалга ошганди?


- Мавсум бошида Бангладешдан бир агент мен билан алоқага чиққан эди. У “Уттарад Баритха” клубидан таклиф бўлаётганини айтди. Бориб, шароитлари билан танишиб чиқдим. Шу тариқа, клуб билан шартнома имзолагандим.

- У ердаги фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?


- Албатта. Бош мураббий барча ўйинларда менга ишонч билдирди. Клубим сафида бир нечта голларни ҳам уришга муваффақ бўлдим. Умуман олганда, мавсум мен учун омадли тарзда кечди. Клубимиз янги жамоа бўлса-да, кўплаб жамоаларга яхшигина бошоғриқ бўлди.

- Келгусида ҳам фаолиятингизни Бангладешда давом эттирмоқчимисиз?


- Барчаси келиб тушадиган таклифларга боғлиқ. Агар бирорта яхшироқ таклиф тушмаса, балки яна Бангладеш чемпионатига қайтишим мумкин. Чунки у ердан ҳам бир нечта жамоалар қизиқиш билдирган.

- Охирги йилларда Бангладешда ўзбекистонлик футболчилар сони ошмоқда. Бу нима билан боғлиқ?


- Чунки бизнинг футболчилар жуда яхши ўйин кўрсатишмоқда. Маҳаллий йигитлардан бир бош устун. Шу жиҳатидан клублар имкон қадар ўзбекистонлик футболчиларни жалб қилмоқда.

- Ўзимизнинг клубларимиздан ҳам таклифлар тушмоқдами?


- Ҳар қалай таклиф бор. Бироқ мен ўзимда легионер сифатида тўп тепиш истаги юқорилиги сабабли, четга йўл олмоқдаман.

Ўхшаш янгиликлар


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›