UZ

Сўнгги янгиликлар

01:57АПЛ. Лондон дербисида "Арсенал" "Челси"га "тарсаки туширди"  20 01:30Иброҳимхалил Йўлдошев: “Биз рақиб танламаймиз”  6 01:26Русланбек Жиянов: “Йўлимиздан чиққан жамоани мағлуб этишимиз керак”   0 01:15ОЧЛ. Юлдузларни ўзида жамлаган "Ал Ҳилол" турнирни тарк этди, "Ал Айн" финалда!  9 00:44"Бунёдкор" собиқ футболчиси "Барселона"га янги мураббий тавсия қилди  6 00:27ПСЖ ёзда Ямал учун улкан миқдордаги сумма таклиф қилмоқчи  4 23:50Колумбияда ўйин пайти футболчига пичоқ улоқтирилди  0 23:34Тимур Кападзе: "Рақибимиз Саудия бўладими ёки бошқа бир жамоа, биз ўз мақсадимизга эришишимиз керак"  12 23:01U-23 Осиё кубоги. Кувайт Малайзияни мағлуб этиб, "D" гуруҳида учинчи ўринни эгаллади  0 22:31Осиё кубоги. Вьетнам йирик ҳисобда мағлуб этилди. Кейинги рақиб - Саудия Арабистони  151 22:11Қирғиз Республикасида Марказий Осиёдаги энг йирик стадион қурилиши бошланди  30 21:55"Барселона" президенти "Реал"га қарши ўйинни такрор ўтказишни талаб қилмоқчи  19 21:38Усэйн Болт: "Мен пойгада Мбаппедан тез югураман"  4 21:11Моуринью янги жамоасида дарвозабонсиз ўйнайдиган тактика қўлламоқчи  12 20:24"Ньюкасл" ҳужумчиси "Барселона"га ўтиши мумкин  5

Эркин ижод. Самвел Бабаян - ўз олдига максимал мақсадларни қўядиган инсон Янгиликлар

Эркин ижод. Самвел Бабаян - ўз олдига максимал мақсадларни қўядиган инсон

Анчадан бери Самвел Бабаян ҳақида эркин ижод тарзида мақола ёзиш ниятида эдим. Бабаян мавзусига тўхталиш бугунга насиб қилган экан.

Қуйида сўз борадиган мақолани футболда 15 йилдан бери қалам тебратаётган журналистнинг Бабаян борасидаги ички кечинмалари деб қабул қиласиз. Бу мақола кимгадир ёқиши, кимгадир ёқмаслиги мумкин, аммо шуни айтиш керак, Самвел Вячеславовични бир неча йилдан бери озми-кўпми билганим учун у киши ҳақида ўз билганларимни ёзишга қарор қилдим. 

5 сентябрь, 2017 йил 

Бу кунни унутиш осон бўлмайди. Салкам икки йил олдин айнан шу куни жаҳон чемпионатига чиқишимизга бир баҳя қолганди. Ўз майдонимизда Жанубий Кореяни 1:0га ютсак ҳам марра бизники эди. 2017 йилнинг 5 сентябрь санасида “Бунёдкор” стадиони мухлислар билан лиқ тўлди. Барчанинг кўзида мундиал умид учқунлари порларди. Мухлислар ўз севимли терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқишини кўраман деб ҳашаматли стадионга келган, трибуналарда бўш ўриндиқлар йўқ эди. 

ЖЧ-2018 саралаш босқичидан ўрин олган Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйини бошланди. Бизга фақат ғалаба зарур эди. Рақибни эса дуранг ҳам қониқтирарди. Биз билан параллел равишда Теҳронда Эрон - Сурия баҳси старт олган, деярли барча Эроннинг ғалабасига шубҳа қилмасди. Биз шу куни зўр ўйин кўрсатдик дея олмайман. Рақиб Жанубий Корея бўлгани учунми, йигитлар бироз ҳайиқиб ҳаракат қилишди. Охирги сонияларга қадар 0:0 ҳисоби сақланиб турди, ҳозир жамоамиздан кимдир гол уриб ўзбек халқининг азалий орзусини рўёбга чиқаришини кутдик. Аммо ундай бўлмади. Ўйин 0:0 ҳисобида якун топди. 

Энди ўз омадимизни плей-оффда синаб кўрамиз деб турган бир пайтда Теҳрондаги баҳс 2:2 тугади. Омар Ал Сома қандайдир охирги дақиқада Эрон дарвозасига тўп киритиб жамоасини плей-офф сари етаклади. “Озоди” стадиони шу пайт қандай ҳолатга тушганини билмадиг-у, лекин “Бунёдкор” стадиони учун бу ҳақиқий шок эди. Ахир қанақасига Эрон ўз майдонида Сурияни енга олмаслиги мумкин? 

Эрон ўз уйида Сурия билан 10 марта ўйнаса шундан тўққизтасида ғалаба қозонади, лекин афсуски ўша бир дуранг 2017 йилнинг 5 сентябрига тўғри келди. Ўйлаб қарасак, охирги иккита жаҳон чемпионати саралашида айнан Эрон бизни борт ортида қолдириб кетибди. Аввалги саралашда Эрон сафарда Жанубий Кореяни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, биздаги яримта имкониятни йўққа чиқарганди. Охиргисида эса Сурияни енга олмай яна бизни четга суриб қўйди. 

Хуллас ўйин 0:0 тугади. Ҳамма карахт ҳолда. Жаҳон чемпионати тугул плей-оффдан ҳам умид узилди. Бизга биттагина ғалаба етмай қолди. Медиа трибунадан матбуот анжумани хонасига тушар эканмиз, ўз навбатида секторларни тарк этаётган мухлисларга эътиборимни қаратдим. Ҳамма жим кетарди. Ҳеч ким терма жамоани ҳақорат қилмас, олдинлари бўлганидек “позор” сўзи эшитилмас, гўёки ҳамма ўзи учун жуда қадрли нарсани кутилмаганда йўқотиб қўйгандек жим бўлиб қолганди. 

Пастга тушиб матбуот анжумани хонасига кирдик. Кайфият йўқ. Дастлаб Жанубий Корея бош мураббийи кириб бир нарсалар деб кетди. Кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Самвел Бабаян кириб келди. Қандай имконият қўлдан бой берилгани Бабаяннинг қиёфасидан ҳам маълум эди. У ўйин ҳақида икки оғиз гапириб, ҳозир саволларга жавоб берадиган аҳволда эмасман, мени тўғри тушунинглар, терма жамоада ишлаган пайтим кўп гаплар бўлди, вақти келса ҳаммасини айтиб бераман деди-ю, бошқа гапирмай чиқиб кетди. Йиғилиб қолган саволлар иссиғида берилмай қолди. Залдаги журналистлар саросимага тушди: наҳотки бош мураббий саволларга жавоб бермаса. Наилож бу Бабаяннинг танлови эди. 

Бабаянни нега кўпчилик ёмон кўради? 

Ростини айтиш керак, Самвел Бабаян деб гап бошласангиз одамларнинг жаҳли чиқадиган бўп қолган. Баъзилар ўша одам ҳақида умуман гапирма, отини эшитишни ҳам хоҳламайман дейди. Буларнинг ҳаммасига битта нарса сабаб: жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиз. Лекин масалага бошқа томондан ёшдашадиган бўлсак, аввалги мураббийлар ҳам жаҳон чемпионатига чиқа олмаган. Хорижликларни қўя турайлик, ўзимиздан Вадим Абрамов, Равшан Ҳайдаров, Рауф Инилеев, Миржалол Қосимов - булар ҳам уриниб кўришди. 

Яъни терма жамоа шунча пайт жаҳон чемпионатида ўйнаб фақат Бабаян даврида мундиалдан қуруқ қолгани йўқ. Лекин мени бир савол ўйлантиради: одамлар нима учун фақат Бабаянни ёмонлайди? Ахир терма жамоада ундан олдин ишлаганлар билан ҳам шу ҳолат бўлган-ку?!

Тўғриси, бу саволга жавоб бериш осон эмас ва саволнинг жавобини ҳамма ўзича излайди. Кимдир Бабаян терма жамоада фақат ўзининг футболчиларини ўйнатди дейди. Кимдир терма жамоани бошқарган йиллари ОАВ билан кам мулоқот қилди дейди. Ҳар иккиси фикрда жон бор. 

Албатта, ҳар қандай мураббийда футболчилар борасида ўз танлови бўлади, чунки натижага мураббий жавобгар. У кимни хоҳласа шуни қўл остига чақиради. Бу борада яхшиси баҳслашмаган маъқул. Аммо ОАВ билан мулоқот қилиш бошқа масала. Чиндан ҳам Бабаян терма жамоани бошқарган йили журналистлар билан кам гаплашди. Жуда кўп машғулотлари ёпиқ тарзда ўтди, лекин ҳозир Эктор Купер ҳам шу йўлдан боряпти.

Бабаян матбуот анжуманларидан бирида қўл остидаги таркиб Ўзбекистон футболи тарихидаги энг кучлиси деганди. Биз жуда яхши биламиз, бу тарихдаги энг кучлиси эмасди. Агар жаҳон чемпионатига чиққанимизда унда бошқа гап эди. Тарихдаги энг кучлиси дейиш аввал ўйнаб кетганларга нисбатан бирмунча ҳурматсизлик бўлиши мумкин, бироқ Бабаян бу ўринда футболчиларни руҳлантирмоқчи бўлган ва футболчилар шу орқали ўз кучларига янада кўпроқ ишонишларини тасаввур қилган.

Ўйлашимча, Бабаян терма жамоани бошқарган пайт ОАВда кам кўриниш бергани, асосан матбуот анжуманларида саволларга жавоб бериш билан чеклангани ҳамда алоҳида интервью деярли бермагани журналистларнинг норозилигига сабаб бўлди ва шу сабаб уни ҳимоя қилувчилар қолмади. Масалан, Абрамов, Қосимов, Инилеев каби мутахассислар билан бундай ҳол кузатилмаганди, шу боис матбуот ҳозир ҳам уларни жиддий танқид қилмайди. Демак, бу ўринда кўп нарса ОАВ билан ҳамкорликка боғлиқ.

Энди терма жамоага қайси футболчини чақириш бу ҳеч ким аралашмайдиган масала. Ҳар бир мураббийнинг ўз ёқтирган футболчиси бўлади. Куперда йўқ дейсимзми? Куперда ҳам бор ва бу футболчилар кимлигини номма-ном айтиш шарт эмас. Зукко мухлислар Купернинг ёқимтойларини аллақачон билиб олган. Мураббийнинг ўйин услуби ва машғулотларда жамоани қандай шуғуллантиришини истаганча муҳокама қилиш мумкин, амма таркибга кимларни жалб этишини ўзига қўйиб берган маъқул. 

Мухлислар Бабаян терма жамоага ўйини қовушмаса ҳам нуқул Сергеевни чақираверди, ортиқча вазни бўлса ҳам дарвозага Лобановни қўяверди дейди. Энди нима ҳам дердик, бу мураббийнинг танлови. Қолаверса Сергеев Ўзбекистондаги энг яхши ҳужумчилардан бири, фақат ўша пайт у “чуқур”га тушиб қолганди ва бундай пайтда мураббий унга дам берса фойдадан холи бўлмасди. Бабаян эса ўйини қовушмаётган Сергеевни тинмай ўйнатаверди. Лобановга келсак, у бир нечта ўйинда терма жамоамизни муқаррар голлардан қутқариб қолди. Нестеров кучли эди, бироқ мураббийнинг танлови Лобанов бўлди. Ҳозир Эктор Купер ҳам энг кучли дарвозабон қолиб бошқасига ишонч билдириши мумкин. Чунки унинг наздида бошқа дарвозабон кучли кўринади.

Терма жамоадаги муваффақият 

Охирги ўйиндаги дуранг ва жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимизни айтмасак, Самвел Бабаян терма жамоада муваффақиятли иш олиб борди дейиш мумкин. Эсингизда бўлса, Бабаян терма жамоа КХДРга 2:4 ҳисобида мағлубиятга учраганидан сўнг бош жамоани қабул қилиб олганди. Унинг дебюти 2015 йилнинг 3 сентябрида Яман билан ўйинга тўғри келди. Бу ўйинни Гейнрих томонидан урилган ягона гол эвазига 1:0 ҳисобида ўз фойдамизга ҳал этганмиз. 

Шундан сўнг кетма-кет ғалабалар бошланди. Терма жамоамиз ЖЧ-2018 иккинчи саралаш босқичини кетма-кет 7та ғалаба билан тугатди. Рақиблар дарвозасига 18та тўп киритиб, ўз дарвозамиздан атиги 3та гол ўтказиб юбордик. Терма жамоамиз Яман, Филиппин, Баҳрайн, КХДР ва Ливанга қарши баҳс олиб борганди. Айниқса сафарда Баҳрайнни 4:0 ва Филиппинни 5:1 ҳисобида мағлуб этганимизни унутиш қийин. 

Кейин саралашнинг ҳал қилувчи босқичи бошланди. Энди бирмунча кучли жамоаларга қарши майдонга тушишимизга тўғри келганди. 2016 йилнинг 1 сентябрь (Мустақиллик байрами) куни ўз майдонимизда Сурияни 1:0 ҳисобида мағлуб этиш билан ҳал қилувчи босқични бошлаб олдик. Ундан кейин сафарда Қатар ҳам шу ҳисобда мағлуб этилди. Шу тариқа Самвел Бабаяннинг терма жамоадаги кетма-кет ғалабалари 9тага етиб, бу борада мутлақ рекорд ўрнатди. Чунки ҳеч қайси мураббий Ўзбекистон терма жамоаси билан қаторасига тўққизта беллашувда зафар қучмаганди. 

Аммо 10-баҳсга келиб омад юз ўгирди. Тошкентда Эрон терма жамоасига 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Ўшанда тенг курашлар остида кечган, фақат биргина стандарт вазиятдан рақиб ютиб кетган ўйин бўлганди. Ҳартугул кейинги турда яна ғалаба биз томонда бўлди. Марат Бикмаев ва Отабек Шукуровнинг голлари туфайли уйда Хитойни 2:0 ҳисобида таслим этдик. Лекин шундан сўнг кетма-кет иккита мағлубият оғир ботди. Сеулда Жанубий Кореяга 1:2 (Марат Бикмаев майдон марказидан гол урган) ва Малайзиянинг қайсидир шаҳрида ютишимиз керак бўлган ўйинни Сурияга 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйдик. 

Тошкентда Қатарни енганимиздан сўнг яна кетма-кет иккита мағлубият кузатилди. Теҳронда Эрон терма жамоасига 0:2 ва Хитойда мезбонларга 0:1 ҳисобида имкониятни бой бердик. Ва охирги турга келиб Жанубий Корея билан 0:0 ўйнадик. Афсуски, охирги учта беллашувда тўп кирита олмадик, қолаверса Хитойдан камида дуранг билан қайтишимиз керак эди. Лекин бу - футбол, баъзан ҳарқанча ҳаракат қилганинг билан ўйлаганинг амалга ошмайди. 

Дисквалификация ва қайтиш 

Шундай қилиб жаҳон чемпионатига чиқиш умиди пучга чиқди. Биз яна борт ортида қолдик. Вазифа бажарилмагач ҳамма бош айбдор сифатида Бабаянни кўрсата кетди. Одамлар ким айбдор деган саволга ҳеч иккиланмай Бабаян дея бошлашди. Тўғри, ундан ҳам айб ўтди, лекин айбдор фақат мураббий эмасди, вазифа бажрилмадими футболда ҳамма айбдор бўлади: федерациядан тортиб футболчилар, мураббийлар штаби ва ҳатто журналистларгача. Бу ўринда беайб фақат мухлислар. Чунки улар жамоани охиригача қўллаб туришди. 

Ўша йили федерацияда катта ўзгариш бўлди. Умид Аҳмаджонов раҳбар сифатида катта футболга кириб келди. ЎФФ номи ЎФАга ўзгарди. Аҳмаджонов бир қатор ишларни амалга оширди ва шулардан бири Самвел Бабаянни ҳеч қандай асоссиз футболдан четлатиш бўлди. Сабаби терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмагани деб кўрсатилди. Ваҳоланки бунгача бошқалар ҳам бу вазифани уддалай олмаганди. 

Натижа кўрсатмаганликда айблаб футболдан четлатиш ғирт абсурд. Бўлиб ҳам биз яшаётган жамиятда бу гап умуман қолипга тўғри келмайди. Кейин маълум бўлишича, Бабаян “Бунёдкор” футбол клуби кафиллиги остида кечирилган экан, бироқ ЎФА бу ҳақда умуман ошкор маълумот бермаган. Мураббийни четлатиб матбуотда бонг урган ташкилот негадир унинг кечирилгани ҳақида лом-мим демади, бунисиям қизиқ. 

Самвел Бабаян кечирилганидан сўнг бироз муддат Латвияда ишлаб келди. Ва шу йилнинг 26 февраль санасида “Локомотив” футбол клуби раҳбарияти таклифига кўра, клуб президенти маслаҳатчиси лавозимида иш бошлади. Бабаян ишни болалар футболига эътибор қаратишдан бошлади. Аввало “Локомотив” болалар ва ўсмирлар футбол мактаби пойдеворини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Мактаб мураббийларининг ҳар бири билан алоҳида дастур бўйича ишлади. 

Бу орада “Локомотив” Осиё чемпионлар лигасида ўйнаб қаторасига учинчи йил гуруҳдан чиқа олмади. Суперлигада натижалар ортга кета бошлади. Жамоа Самарқандда “Динамо”га имкониятни бой бергач, клуб раҳбарияти Андрей Фёдоровни истеъфога чиқариб, ўрнига Самвел Бабаянни бош мураббий этиб тайинлади. 

Бабаян ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Унинг терма жамоа ва “Пахтакор”даги ишини истаганча муҳокама қилса бўлади. Лекин факт шуки, айнан Бабаяннинг зукко менежерлиги туфайли “Пахтакор” клубда пул йўқ кезлари ҳам оёққа тура олди ва доим юқори мақсадлар учун курашди. Бу ўринда Бабаяннинг тутган роли катта. Шу боис ҳам Самвел Вчеславович номи “Пахтакор” билан чамбарчас боғлиқ дея оламиз. 

Ким билади дейсиз, балки Бабаян бўлмаганида “Пахтакор” оғир кунларни бошдан кечирган йиллари пулсизликдан қийналиб пастга тушиб кетиши ҳам мумкин эди. Бу томондан олиб қарасак, Самвел Бабаянни ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз олдига максимал мақсадларни қўядиган инсон деса бўлади. Эндиликда Ўзбекистоннинг икки карра "Энг яхши мураббийи" (2014-2015 й.) "Локомотив" билан ҳам юқори марраларни забт этишни мақсад қилган. 

Х.Холиқов.

Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: -462   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика