UZ

Сўнгги янгиликлар

20:00Футзал. Ўзбекистон - Вьетнам 0:1 (матнли трансляция)  25 19:30Тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида Марказий Осиёдан 2 та терма жамоа иштирок этади  8 18:57Футзал. Таиланд чорак финалда Ироқни таслим қилди. Ярим финалдаги рақиб - Тожикистон  3 18:33Мбаппе ПСЖдан кетиши оқибатида 130 млн евродан воз кечиши мумкин  1 17:35"Спартак" собиқ устози "Милан"ни бош мураббийлигига асосий номзод   1 17:10«Сити»нинг икки асосий футболчиси «Брайтон»га қарши майдонга тушмаслиги мумкин  3 16:45«Атлетик»да 15 йил ўйнаган футболчи клубдан кетмоқда  3 16:21U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Саудия Арабистони учрашувида бизга таниш ҳакам ишлайди  21 16:04"Дон-дон-зики", хушчақчақ Кападзе — Ўзбекистон - Вьетнам учрашувидан 93 та расм  1 15:53Футзал. Эрон кетма-кет 9 марта Жаҳон чемпионатига йўлланма олди!  6 15:26АПЛда «Олтин қўлқоп» учун асосий даъвогар маълум бўлди  3 15:05"Фейеноорд" бош мураббийи топ-клублардан бирида иш бошлаши мумкин  4 14:45"Ўзбекистон ҳеч кимдан қўрқмаслигини намойиш этди". Сайтимизнинг россиялик ходими Вьетнам устидан қозонилган ғалаба ҳақида қандай фикрда?  12 14:25Футзал. Тожикистон ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига чиқди!  16 14:20Обит яна футбол ўйнай оладими?  0

Драган Черан: "Ўзбекистонга келмасимдан олдин фақат Ривалдо ва Сколари ҳақида эшитгандим" Янгиликлар

Драган Черан: "Ўзбекистонга келмасимдан олдин фақат Ривалдо ва Сколари ҳақида эшитгандим"

"Пахтакор" етакчиларидан бири Драган Черан ОФК сайтига интервью берди.

2016 йил Ўзбекистонда фаолиятини бошлаган Черан бу вақт оралиғида 80тадан кўпроқ гол уришга муваффақ бўлди. Ўтган мавсум у ПФЛ талқинига кўра, "Йилнинг энг яхши футболчиси" деб топилди, мавсумда 37та гол урди ва "Пахтакор"нинг чемпион бўлиши ҳамда Ўзбекистон Кубоги билан Лига Кубогини қўлга киритишида муносиб ҳисса қўшди.

Сербиялик футболчи ҳам яққол ҳужумчи, ҳам ҳужум ортида бир хил ўйнай олади. Уни бемалол сўнги йиллардаги энг яхши легионерлардан бири дейиш мумкин. "Пахтакор"нинг ўтган 12 ой мобайнида жуда кам мағлуб бўлгани жамоа анча кучайганидан дарак беради. Жамоа кучайишида эса Черан ҳам муносиб роль ўйнаб келмоқда.

"Пахтакор" ўтган йил Осиё чемпионлар лигасида бирмунча яхши иштирок этди. Гарчи жамоа гуруҳдан чиқа олмаган бўлса-да, таслим бўлмади ва охиригача курашди. Жамоанинг кейинги босқичга ўтишида қандайдир кичик хатолар халақит бериб қолди. Лекин ички чемпионат, Ўзбекистон Кубоги ва биринчи бор ўтказилган Лига Кубогида "Пахтакор"га тенг келадигани топилмади.

Аввалги мавсумларда бешинчи, учинчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритган "Пахтакор" 2019 йил энг яқин таъқибчиси "Локомотив"ни 20 очко ортда қолдирган ҳолда фақат битта мағлубият билан чемпионликни нишонлади. Черан эса 24 ўйинда 23 бор гол уришнинг уддасидан чиқди.

"2018 йилги жамоа билан ҳозирги таркиб орасида фарқ бор, - дейди Драган Черан. - Бизда бир нечта футболчилар алмашди, кимлардир кетди, янгилар келди. Муҳими жамоамиз аҳил ва ҳамма бир-бири билан яхши муносабатда. Жамоадаги барча бир мақсад йўлида, яъни совринларни ютиш учун жамланган".

Черан фаолиятидаги энг яхши ютуққа 32 ёшида эришди. Бунгача Исроил, Озарбайжон, Македония ва Саудия Арабистонида тўп тепган сербиялик футболчи Ўзбекистонга келиб ўз ўрнини топди дея оламиз. 2016 йил "Насаф" билан шартнома имзолаган сербиялик "аждарлар" сафида ҳам ўзини кўрсата олди. Моҳир футболчи ўз интервьюсида Ўзбекистондаги илк кунларини ёдга олди:

"Аввалига бу мамлакат ҳақида деярли ҳеч нарсани билмасдим. Мен фақат "Бунёдкор" деган жамоа ҳақида эшитгандим ва Ривалдо келиб ўйнаб кетгани, Луис Фелипе Сколари ишлагани ҳақида билардим. Лекин ўтган тўрт йил мобайнида кўп нарса ўргандим. Янги дўстлар орттирдим. Ҳозир шуни бемалол айтишим мумкин, Ўзбекистон футболининг Осиёда тутган ўрни баланд".

Драган Черан "Насаф" таркибида ҳам ўз ўйини кўрсата олди. 48 бор миллий чемпионат ўйинларида майдонга тушган футболчи 34та гол уришга муваффақ бўлди. 2018 йилнинг давралар оралиғида "Пахтакор"дан таклиф унинг учун янги чақириқ бўлди ва сербиялик тўпурар буёғига совринлар ютиш ва янада юксалиш мақсадида пойтахт клубига кўчиб ўтди.

Черан "Пахтакор"да собиқ грузиялик юлдуз Шота Арвеладзе қўл остида шуғулланиб келяпти. Дарвоқе Арвеладзе "Аякс"да ўйнаб юрган кезлари 1997/98 йилги мавсумда 37та гол урганди. Ўшанда у Микаэль Лаудруп, ака-ука де Бурлар, Дэнни Блинд ва бошқа футболчилар билан бир қаторда тилга олинарди.

- "Мен футболчи Шота Арвеладзенинг фаолиятини кўп ҳам эслай олмайман, - дейди Черан. - Лекин унинг кўплаб голлар ургани ва футболдаги муваффақиятлари ҳақида эшитганман. 300тадан кўп гол уриш бу жуда ажойиб кўрсаткич. "Пахтакор"га келганимдан бери мураббий менга кўп ёрдам беряпти. Вазиятларда қандай ҳаракат қилишим лозимлигини ўргатади, қайси пайт зарба бериш маъқул эканини айтади. Бир сўз билан айтганда, Шота Арвеладзе ажойиб инсон ва яхши мураббий".

"Пахтакор" учун жорий мавсум ҳам муваффақиятли бошланди. Жамоа Суперлигада қаторасига учта ўйинда зафар қучди. Черан эса "Бухоро" билан кечган баҳсда хет-трик муаллифи бўлди. Шунингдек у Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида "Шабаб Ал Аҳли Дубай" билан "Шаҳр Ходро"жамоаларининг мағлуб этилишида муносиб ҳисса қўшди. Лекин ҳаммаси чиройли кетаётган бир пайтда коронавирус туфайли Ўзбекистонда ҳам футбол ўйинлари вақтинча тўхтатиб қўйилди. 

"Мамлакатда каратин эълон қилингач, мен Тошкентда қолишни маъқул кўрдим, - дейди сербиялик легионер. - Дастлаб тез орада карантин тугайди деб ўйлагандим, лекин бундай бўлиб чиқмади. Натижада мураббийларимиз билан видео алоқага чиқиб уйда махсус дастур бўйича шуғулланишни бошладим. Уйдаги машғулотлар жисмоний формани бир текис ушлаб туришда ёрдам берди. Майдонга чиқиб тўп билан ишлай бошлаганимизда уйдаги машқлар қўл келди. Йўқса оғир бўларди".

 - "Буёғига чемпионат ўйинлари мухлисларсиз давом этади. Албатта, бўш трибуналар қаршисида тўп тепиш оғир, лекин на илож. Мен томошабинларсиз Бундеслигани кузатиб боряпман ва кўзимга ғалати кўриняпти. Жуда катта стадионлар бўм-бўш. Барибир футболда ишқибозлар кўз ўнгида ҳаракат қилиш бошқача туйғу беради. Ўйлайманки, тез орада яна мухлислар ўйингоҳларни тўлдириб ўтиришади".

Драган Черан ўз интервьюсида шунингдек ўзбекистонлик футболчилар ҳақида ҳам фикр юритди: 

- "Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар кўп. Улар кўп меҳнат қилишади. Ўзимнинг жамоам мисолида айтадиган бўлсам, "Пахтакор"да 9-10 нафар яхши савиядаги футболчилар бор. Шулардан бири Жалолиддин Машарипов. Биз учун бу йилги мавсум яхши бошланди. Осиё чемпионлар лигасида уйдаги иккита ўйинни ғалаба билан якунладик. Насиб қилса бу йил албатта гуруҳдан чиқиб узоққа борамиз. Ҳозир эса эътиборимиз биринчи навбатда "Сўғдиёна" билан кечадиган ўйинга қаратилган. Ундан кейин "Бунёдкор"ни мағлуб этишга уриниб кўрамиз".

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика