"Доимий провокациялар, болалар боғчаси". Венгер Моуриньюнинг сўзларига муносабат билдирди

19 окт 2020, 00:31
"Арсенал"нинг собиқ бош мураббийи Арсен Венгер "Тоттенхэм"ни бошқараётган Жозе Моуриньюнинг сўзларига жавоб қайтарди.

Венгер яқинда ўзининг таржимаи ҳолини эълон қилди. Шундан кейин журналистлар Моуриньюдан китобда у ҳақида сўз бормаганига муносабат билдиришни сўрашди (бир пайтлар иккала мураббий бошқарувидаги жамоалар  — "Челси" ва "Арсенал" ўртасидаги рақобат футбол оламининг муҳим воқеликларидан бири бўларди). Португалиялик мутахассис эса қуйидаги фикрларни билдирди: 

"Нега у мени тилга олмаган? Чунки у мени ҳеч қачон мағлуб этолмаган. Агар 12 ёки 14 ўйиндан бирортасида ҳам ғалаба қозона олмаган бўлсангиз, бунга китобдаги бир бобни бағишлаган бўлармидингиз? Хўш, нега у буни қилиши керак? Китоб – бу сизни хурсанд қиладиган, бирон бир ютуқ билан фахрлантирадиган нарсадир. Шу сабаб бу ҳолатни яхши тушунаман".

Маълумот учун, улар ўзаро 18 марта тўқнаш келишган. Шулардан 9 тасида Жозе Моуринью, 2 тасида Арсен Венгер ғалабани тантана қилган, 7 та баҳсда дуранг қайд этилган.

"Бу унда бўлган доимий провокациялардан бири. Ўзимни болалар боғчасидагидек ҳис қиляпман, аммо бу Моуринью шахсиятининг бир бўлаги", — деди Венгер Canal+ эфири вақтида.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Canal+