Бугун туғилган кунини нишонлаётган инсонга бағишланади
05 авг 2018 11:29
Янгиликлар
Бугун туғилган кунини нишонлаётган инсонга бағишланади
Қуйида Абрамовнинг фаолияти ҳақида сўз борадиган мақола ўтган йил ҳам чиққанди. Бугун байрам муносабати билан яна шу мақолани баъзи жойларини ўзгартирган ҳолда беришга қарор қилдик. Зеро, Абрамов ўзбек футболида ҳурматга лойиқ шахслардан бири. Шу боис икки оғиз табриклаймиз дейишдан ташқари мақола орқали унинг ҳаёт йўлига назар ташлаб ўтамиз.
Киришиб кетувчан инсон
Аввало шуни айтиш лозим, Вадим Абрамов ҳамма билан тезда киришиб кета олади. Тўғри, ўзбек тилидаги талаффузи яхши эмас, буни тушунса бўлади. Лекин сиз русчани билсангиз-у ва кўча-кўйда Абрамовни учратиб қолсангиз, у гарчи шошиб турган бўлса-да бемалол суҳбатлашиб олишингиз мумкин. Абрамов одамлар билан мулоқот қилишни хуш кўради, теран сўз бойлигига эга ҳамда футболни чуқур тушунади.
Абрамов футбол ўйнаганми?
Кўпчилик Вадим Абрамовни мураббий сифатида билади. У ўз вақтида машҳур футболчи бўлмаган, аммо ўртамиёна ўйинчи даражасида тўп тепган. 1962 йил Бокуда туғилган Абрамовнинг илк жамоаси Эдуард Оганесов бошқарувидаги “Нефтчи-2” клуби бўлганди. Ёш Вадим 1979 йил Украинанинг “Таврия” клубига йўл олади, бироқ асосий таркибда ўйнаб кета олмайди.
1981-83 йилларда Абрамов собиқ иттифоқ армиясида ҳарбий хизматни ўташ учун Афғонистонга бориб келади. Армиядан қайтгач Абрамов тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келади ва Евгений Валицкий бошқараётган “Наримоновчи” клубида тўп тепа бошлайди. Кейинчалик бўлажак мураббий Жиззахнинг “Ёшлик”, Халқободнинг “Соҳибкор” жамоаларида тўп тепади ва футболчилик фаолиятининг охирги қисмини 1988 йил “Косонсой”да ўтказади.
Мураббийликдаги илк қадамлар
Футболчи сифатида унчалик омади келмаган, тез-тез жамоа алмаштириб юрган Абрамов 26 ёшида бутсаларини михга илади ва ўзини мураббийликда синаб кўришга қарор қилади. Албатта, бирданига мураббий бўлиб кетиш осон кечмаган. Шу боис ишни дастлаб жамоа маъмурлигидан бошлашни маъқул кўрган. 1988-1991 йилларда Абрамов аввалига “Пахтакор” клубида маъмур (администратор) бўлиб ишлайди. Бу орада собиқ иттифоқ парчаланиб, Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинади.
Абрамов шу ерда қолишни маъқул кўриб, ишлаш учун Фарғонага йўл олади. Абрамов Фарғонага боргач “Нефтчи” бош мураббийи Юрий Саркисянга ёрдам бера бошлайди ва беш йилни мана шу клубда ўтказади. “Нефтчи” мана шу вақт оралиғида тўрт марта Ўзбекистон чемпиони бўлади, бир марта Кубокни қўлга киритади. Айтганча, Абрамов 1993 йил бироз муддат Малайзия чемпионатида ҳам тўп тепган, шунингдек у ёқдан қайтгач Тошкентнинг МҲСК клуби билан шартнома имзолаб, тўққизта ўйинда майдонга тушган.
Мустақил фаолиятнинг бошланиши
Юрий Саркисян ёнида ишлаб катта тажриба тўплаган Абрамов 2000 йилдан бошлаб мустақил ишлай бошлайди. У ўша пайтлари Тошкент шаҳар иккинчи лигасида қатнашиб келаётган “НБУ-Осиё”ни қабул қилиб олади. Айтиш мумкинки, Вадим Абрамовнинг бош мураббий сифатидаги илк жамоаси айнан “НБУ-Осиё” бўлган. У биринчи мавсумидаёқ жамоани биринчи лигага олиб чиқади.
“Банкчилар” клубидаги уч йиллик фаолиятдан сўнг мураббийга “Трактор” қизиқиш билдиради. Абрамов 2003 йил “Трактор” бош мураббийлигига тайинланган бўлса, тез орада олий лиганинг ўртамиёна клуби билан муваффақиятга эришади. Жамоа олий лигада тўртинчи ўринни эгаллайди, қолаверса 2004 йил “Трактор” Ўзбекистон Кубоги финалига йўл олиб ҳал қилувчи баҳсда “Пахтакор”га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлади.
Терма жамоалардан таклиф
Абрамовнинг “Трактор”да эришаётган натижаларини диққат билан кузатиб борган ЎФФ раҳбарияти уни 2007 йил Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлайди. Жамоа олдига 2008 йил Пекин олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш вазифаси қўйилганди. Олимпиада ўйинларининг саралаш босқичида футболчилар Абрамов қўл остида иккита ўйинда ҳам Тожикистонни мағлуб этади. Терма жамоамиз иккинчи саралаш босқичида Жанубий Корея, БАА ва Яман билан бир гуруҳда жой олади.
Кореяликларга икки ўйинда мағлуб бўлган юртдошларимиз бошқа беллашувларда ғалаба қозонган ҳолда саралашнинг финал босқичига йўл олишади. Аммо охирги босқичда омад Абрамовдан юз ўгиради: бўлажак олимпиячиларимиз саралаш ўйинларида Баҳрайн, Сурия ва Жанубий Кореяни мағлуб эта олмай охирги ўринда қолиб кетишади. Натижада бош мураббий истеъфога чиқарилади. Шундан сўнг Абрамов яна клубга қайтади. У “Локомотив”ни қабул қилиб олади-ю, бироқ катта ютуқларга эриша олмайди. 2008 йил саккизинчи, 2009 йилги мавсумда эса 6-ўрин билан чекланади.
Қатардаги мўъжиза
Ҳеч иккиланмай Ўзбекистон терма жамоасининг 2011 йил Осиё чемпионатидаги иштирокини “Қатардаги мўъжиза” деб аташ мумкин. Чунки терма жамоамиз бу мусобақада ярим финалга қадар етиб бориб якунда тўртинчи ўрин билан чекланганди. Мухлислар жўшқинига сабаб бўлган воқеа айнан Вадим Абрамов мураббийлик қилган пайтда юз берган. Осиё Кубоги 2011 йилнинг январида бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Бунгача эса 2010 йилнинг апрель ойида Вадим Абрамов миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланганди. Бундан кўпчилик ҳайратга тушади: чунки Абрамов бунгача Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан мақсадга эриша олмаган, ахир қандай қилиб миллий терма жамоани топшириб қўйиш мумкин?
Аммо Абрамов енг шимариб ишга киришади. У элликдан зиёд футболчини кўрикдан ўтказади ва якунда ўзи хоҳлаган таркибни Қатарга олиб кетади. Биринчи ўйин мусобақа мезбонларига қарши эди: ҳаяжон юқори, ўйинни ТВ орқали ҳамма кўради. Лекин омад биз томонда бўлиб, вакилларимиз 2:0 ҳисобида зафар қучади. Кейинги тур Қувайт мағлуб этилади ва учинчи турда Хитой билан дуранг ўйнаган жамоамиз гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган ҳолда чорак финалга йўл олади. Чорак финалда Иордания ҳам доғда қолдирилади. Аммо ярим финалда Австралия бизни “янчиб” ташлайди - 6:0. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда эса футболчиларимиз Жанубий Кореяга ютқазиб қўйишади. Шунга қарамай, Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубогидаги иштироки ижобий баҳоланади ва мавсум якунида Вадим Абрамов “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб топилади.
Лондон олимпиадаси учун ҳаракат
2011 йил ёзида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон олимпиадаси йўлида ўз иштирокини бошлайди. Миллий терма жамоадаги муваффақияти сабаб Вадим Абрамовга олимпия терма жамоаси ҳам ишониб топширилади. Олимпиячилар ўтиш босқичида Гонконгни иккала ўйинда ҳам қийинчиликсиз мағлуб этишади. Кейинчалик гуруҳ учрашувларига қуръа ташланади ва Ўзбекистон ўз гуруҳида Австралия, БАА ва Ироқ билан жой олади.
Саралаш баҳслари биз учун ҳартугул яхши бошланади. Лекин ҳал қилувчи ўйинлар яқинлашганда яна омад юз ўгира бошлайди. Шундай бўладики, ҳаммаси ўз майдонимизда кечадиган БАА билан ўйинга боғлиқ бўлиб қолади. “Жар” стадионида бўлиб ўтган беллашувда футболчиларимиз 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, якунда 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйишади ва тўғридан-тўғри йўлланмадан қуруқ қолишади. Кейинчалик Осиё учун ўтиш ўйинида футболчиларимиз Уммон ва Сурия тўсиғидан ўта олишмайди.
ЖЧ йўлланмаси учун кураш
Олимпия терма жамоаси ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олмаганидан сўнг Абрамов истеъфога чиқарилади, лекин мураббий миллий терма жамоани бошқаришда давом этади. Олдинда янги ва янги вазифалар турар ва улар орасида энг муҳими терма жамоани 2014 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш эди. “С” гуруҳида саралаш босқичига киришган Ўзбекистон Япония, КХДР ва Тожикистонга қарши баҳс олиб боради. Албатта, бу "ўлим гуруҳи" эди, негаки японлар ва корейслар тўсиғидан ўтиш осон эмасди.
Гуруҳимизда аслида Тожикистон ўрнига Сурия бўлиши керак эди, бироқ баъзи сабабларга кўра ташкилотчилар Сурияни саралаш ўйинларидан четлатишади. Абрамов бошчилигида ҳаракат қилган юртдошларимиз саралаш ўйинларида яхши натижа кўрсатишади. Эсингизда бўлса, ўша йил биз тарихда илк марта сафарда Японияни ютиб қайтгандик. Аммо саралаш босқичининг ҳал қилувчи раундидаги ўйинлар осон кечмайди. Тошкентда Эрон билан кечган ўйинда Абрамов шогирдлари 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишади, бунинг устига япониялик ҳакам Юичи Нишимура Одил Аҳмедовнинг тоза голини ҳисобга олмайди. Натижада ўйиндан эртаси куниёқ Абрамов истеъфога чиқаради.
Клуб фаолиятига қайтиш
Халқаро ўйинлардан толиққани учунми Абрамовга бироз таътил керак эди. Шу боис мураббий бир ярим йил футболдан четда юради ва 2014 йилнинг февралига келиб “Локомотив”ни қабул қилиб олади. Ўша йили жамоа учун ҳартугул муваффақиятли кечади. “Локо” Абрамов бошчилигида Ўзбекистон Кубогини қўлга киритади ва миллий чемпионатда иккинчи ўринни эгаллайди. Кейинги мавсум ҳам “темирйўлчилар” учун Суперкубокни қўлга киритиш билан бошланади. “Бунёдкор” стадионида кечган беллашувда “Пахтакор” 4:0 ҳисобида мағлуб этилади.
Аммо “Локомотив” Осиё чемпионлар лигасида ўзини кўрсата олмайди, жамоа гарчи ўз майдонида Қатарнинг “Ал Садд” клубини 6:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, ички биринчиликда чемпионлик бўла олмайди. Жамоа сафарда “Қўқон-1912” билан 2:2 ўйнагач, Абрамов ишдан бўшайди. Шундан сўнг Вадим Карленовичнинг мураббийлик фаолиятида яна танаффус рўй беради. Кейинчалик эса "Нефтчи" таклифини қабул қилади.
Ўзбек футболида из қолдирган шахс
Албатта, Вадим Абрамов ўзбек футболида из қолдирган мураббийлардан бири. У ҳам терма жамоалар, ҳам клублар миқёсида бир қатор ютуқларга эришган. Хусусан Осиё Кубоги-2011даги ҳаяжонли ўйинларни мухлислар ҳалигача мароқ билан эслайди. Ўшанда терма жамоамиз бу мураббий қўл остида чиндан ҳам чиройли футбол намойиш этганди. Шундан бери орадан вақт ўтди, Абрамов фаолиятида ҳам бир қатор воқеалар рўй берди. У "Нефтчи"дан кетганидан бери ҳозирча ишсиз юрибди. Бу орада тушунарсиз сабабга кўра футболдан четлатилиб кейин яна қайтарилди. Дарвоқе, нима сабабдан четлатилганини Абрамовнинг ўзи ҳам ҳалигача тушунмайди.
Фикрлар