Бугун "Ливерпуль" - "Челси". 23-тур превьюси
31 янв 2017 18:45
Янгиликлар
Бугун "Ливерпуль" - "Челси". 23-тур превьюси
"Арсенал" - "Уотфорд"
"Арсенал" декабрдаги икки кетма-кет мағлубиятдан сўнг бошқа хатога йўл қўймаяпти, улар АПЛнинг сўнгги 5 учрашувида 13 очко ишлаб олишди ва рақибларнинг хатосидан фойдаланиб 47 очко билан турнир жадвалининг 2-ўрнига чиқиб олди. "Тўпчилар"да жароҳатланганлар деярли йўқ, демак, Венгер жамоаси навбатдаги учрашувларда очко йўқотмайди ва камида ўз поғонасини сақлаб қолади.
"Уотфорд"нинг ишлари юришмаяпти, жамоа 10 декабрдан бери чемпионатда ғалаба қозона олмаяпти ва турдан-турга турнир жадвалида пастга тушиб бормоқда. "Арилар" вазиятни ўнглаш учун трансфер ойнасида фаол ишлашмоқда. Улар Италиядан Мауро Сарате, Мбайе Ньянг ва Том Клеверлини харид қилишди.
"Арсенал" "Уотфорд"га қарши 8 та баҳснинг 7 тасида ғалабага эришган ва айни дамда яхши формада ҳамда ўз уйида ўйнайди.
"Бёрнли" - "Лестер Сити"
"Бёрнли" мавсумни яхши ўтказмоқда, улар 22 та учрашувда 26 очко ишлашди ва бу очколарнинг 25 таси уй учрашувларида қўлга киритилган. Шон Дайч жамоаси уйда агрессив ўйин кўрсатиб, рақиб майдонидаги ҳар бир сантиметр учун кураш олиб бормоқда. Бу баҳсдан олдинги 4 та уй учрашувида "Бёрнли" 12 очко ишлаган, тўплар нисбати эса 9:3.
"Лестер" ўтган мавсумдаги фантастик ўйинидан сўнг бу чемпионатда умидларни пучга чиқармоқда. "Тулкилар"га ёзги кўп миллионли трансферлар ҳам ёрдам бермади. Жамоа қишки трансфер ойнасида 17,6 млн. евро эвазига Вилфрид Ндидини харид қилди. "Лестер" чемпионатнинг сўнгги уч учрашувида ғалаба қозонмади ва ҳозир АПЛ турнир жадвалининг 15-поғонасини банд этиб турибди. Меҳмондаги учрашувлар статистикаси жуда ёмон, 11 та учрашувда 3 та дуранг, 8 та мағлубият.
"Лестер" 2010 йилдан бери "Бёрнли"га мағлуб бўлмаяпти, аммо ушбу баҳсда серияга нуқта қўйилиши керак. Мезбонлар уйда жуда яхши ўйнашмоқда, "тулкилар" эса меҳмонда нима қилишни билмаяпти.
"Борнмут" - "Кристал Пэлас"
"Борнмут" ҳам жорий мавсумда уй жамоасига айланиб қолган. 2017 йилда "олчалар" 4 та учрашув ўтказиб, уларнинг бирортасида ғалабага эришишгани йўқ. Бу баҳсларда 11 та гол ўтказиб юборилди. Аммо "Борнмут" уйда очко ишлашдан тўхтамаяпти.
"Кристал Пэлас" ҳозир яхши ҳолатда эмас. Сўнгги 8 учрашувда бирорта ҳам ғалаба йўқ. Бунга сабаб: Ҳимоядаги сут ўйин, меҳмондаги ишончсиз ҳаракатлар, жароҳатлар. Бунинг устига, мураббий ўзгариши ҳам "бургутлар"га ёрдам бермаяпти. "Кристал Пэлас" "Борнмут" меҳмони бўлишдан олдин Премьер-лигада кетма-кет 4 та мағлубиятга учради.
Жамоалар тарихда бор-йўғи 3 марта учрашишган ва "Борнмут" ҳозиргача бу ўйинларда мағлуб бўлмаган. Меҳмонларнинг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олсак, "олчалар" очко ишлаб олишади, баҳс эса голларга бой бўлади.
"Мидлсбро" - "Вест Бромвич"
"Мидлсбро" Чемпионшипга қайтмоқчи эмас ва қишки трансферларда ҳужум чизиғини кучайтириш учун 20 млн. фунт ишлатишга улгурди. Ҳозирча сарфланган маблағлар фойда келтирмаяпти. Улар чемпионатнинг сўнгги 5 учрашувида ғалаба қозона олишмади. Айни дамда "Мидлсбро" турнир жадвалида 16-ўринни эгаллаб турибди.
"Вест Бромвич" жорий мавсумда Англиянинг энг барқарор жамоаси. Улар топ-клублардан ташқари, бошқа жамоалар билан тенг ўйин кўрсатиб, очко тўплашдан чарчашмаяпти. Клуб январдаги трансфер ойнасида бир йилдан кўпроқ вақт давомида майдонга тушмаётган Саидо Бераинони 13,5 млн. фунт эвазига "Сток Сити"га сотди. "Халл Сити"дан эса 11,5 млн. фунт эвазига ярим ҳимоячи Жейк Ливермор хард қилинди.
"Мидлсбро" 2017 йилда бироз сустлашгандек, аммо Каранка жамоаси бу мавсум уйда ёмон ўйнаётгани йўқ. "Вест Бромвич" эса меҳмонда барқарор ўйин кўрсатмаяпти, шу сабабли камида мезбонлар бу баҳсда мағлуб бўлмайди.
"Сандерленд" - "Тоттенхэм"
"Сандерленд" жорий мавсумда омадсизликлар гирдобига тушиб қолган. Аввалига жамоа деярли барча рақибларига мағлуб бўлди. Мойес 10-турга келиб "қора мушуклар"нинг ўйинини ўнглай олди, бироқ ҳозир мезбонларда жароҳатланганлар сони жуда кўп ва улар кетма-кет 5 та учрашувда очко йўқотиб, ушбу баҳсларда бор-йўғи 1 очко ишлаб топишди.
"Тоттенхэм"да эса ишлар жуда яхши. "Шпорлар" гол уришдан тўхташмаяпти, ҳимояда яхши ҳаракат қилишмоқда ва 23-тур олдидан АПЛ турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди. Почеттино шогирдларига фарқи йўқ, улар уй ва меҳмондаги учрашувларда мунтазам очко олишмоқда. Улар меҳмонда ўтган сўнгги уч учрашувда 10 та гол уришга муваффақ бўлишди.
"Тоттенхэм" доимо "Сандерленд"дан кучлироқ бўлган. Ҳозир жамоаларни солиштиришга ҳам ҳожат йўқ, меҳмонлар қийинчиликсиз "қора мушуклар"ни таслим этади.
"Суонси" - "Саутгемптон"
"Суонси" ўтган турда "Ливерпуль"ни маҳмонда мағлуб этиб, мавсумдаги энг яхши учрашувини ўтказди. Бу ғалаба уэльсликларга хавфли ҳудудни тарк этишга имкон берди. Чемпионат етакчиларидан бирини таслим этган "Суонси"да муаммолар камайгани йўқ, ҳимоядаги ўйин жуда суст.
"Саутгемптон" чемпионатда барқарорлик билан ажралиб тургани йўқ, ўтган турда "Лестер"ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган "авлиёлар" 4 учрашувдан иборат мағлубиятли серияга чек қўйишди. Пюэль шогирдлари 27 очко билан турнир жадвалининг маказида боришмоқда.
"Суонси" кетма-кет иккинчи ўйин ҳужумда муваффақиятли ўйнаши қийин, "оққушлар"нинг ҳимояда хато қилишига эса шубҳа йўқ. Бу баҳсда омад меҳмонларга кулиб боқиши мумкин.
"Ливерпуль" - "Челси"
2017 йил келиши билан "Ливерпуль"ни алмаштириб қўйишгандек. Клопп шогирдлари саккизта учрашувда бор-йўғи 1 та ғалабага эришишди. Чемпионат учрашувларида эса кетма-кет 3 та мағлубият. Майдондаги енгиллик, тезкор ҳужумлар йўқолиб қолиб ўрнига ҳимоядаги хатолар пайдо бўлди. "Ливерпуль" барча мағлубиятларни ўз майдонида қабул қилиб олди.
"Челси" йил бошида "Тоттенхэм"дан мағлуб бўлмагандек очко тўплашда давом этяпти ва ҳар бир ўйинда чемпионлик учун сўнгги баҳсдек ўйнашмоқда. "Аристократлар"нинг ишончли ҳимоячи, ҳужумдаги унумдорлик "Челси"га етакчилик қилишда ёрдам беряпти.
"Ливерпуль" 2014 йилдан бери "Челси"га қарши баҳсларда мағлуб бўлмаяпти. Ушбу ўйин мезбонлар учун чемпионлик пойгасига қайтиш учун сўнгги имконият.
Фикрлар