Бразилияликлар учун Европага йўл Португалиядан бошланади. Нега?!
12 окт 2020 14:40
Янгиликлар
Бразилияликлар учун Европага йўл Португалиядан бошланади. Нега?!
Примейра худди иқтидорлар ишлаб чиқарадиган заводга ўхшайди
Португалия чемпионати анчадан буён Европа топ-клубларида ўйнашга ошиқадиган ёш иқтидорлар учун трамплин вазифасини ўташи ҳеч кимга сир эмас. Жоао Феликс, Эдер Милитао ва Фабио Сильва трансферлари сўзимизга ёрқин мисол бўла олади. Ёш иқтидорлар тобора Примейра томон интилишмоқда, сабаби улар у ерда кучли футболчилар билан ўйнаб, тажриба орттиришлари ҳамда маҳоратларини оширишлари мумкин. Ушбу лига болалигиданоқ Атлантика океанининг бошқа қирғоқларига жўнаб кетадиган бразилиялик ўйинчиларни ҳам четлаб ўтмади.
Португалия чемпионатида бразилияликлар шунчалик кўпми?
Бир қатор машҳур фактларни эътиборингизга тақдим этамиз:
- Бразилия мамлакати паспортига эга ўйинчи Португалиянинг деярли барча клубида бор:
- Примейранинг 40%дан кўпроқ футболчиси — бразилиялик
- Португалияда бошқа миллат вакилларига қараганда, бразилияликлар бир неча баробар кўп. Масалан, Transfermarkt маълумотларига кўра, "Портимоненси"да Бразилия паспортига эга нақд 17 (!) ўйинчи бор. Бу ерда ёшлар ҳам, 30дан ошганлар ҳам бирдек тўп тепади.
Нега бразиллар айнан Примейра томон йўл олади?
Истиқболли ёшларнинг болаликдаги орзуси — Европанинг топ клубида ўйнаш. Улар Ривалдо, Роналдо ва Роналдиньо каби таниқли футболчилар фаолиятига ҳавас билан қараб, айнан уларга ўхшашни исташади. Шу сабабли, биринчи имкон туғилганданоқ, трансатлантик рейсга чипта олишга ошиқадилар.
Бразилияликлар инглиз тилини яхши билишмайди. Бу эса уларнинг янги жамоага мослашишларидаги энг катта муаммоси бўлади. Мисол учун, Родриго "Реал Мадрид"га ўтганида қуйидаги сўзларни айтганди:
"Албатта, дунёнинг топ жамоаларидан бирида тўп тепиш менга катта куч бағишлайди. Тўғри, бу одамни бироз чўчитиши мумкин, аммо қўрқув бўлгани яхши. Чунки у менга янада кўпроқ мотивация беради. Клубнинг менга бўлган ишоничини оқлашим керак".
Жанубий Америка мактабларидаги шарт-шароитлар кўпчиликни қониқтирмайди. Мисол учун, бу ерда тактика иккинчи ўринга тушиб қолади. Кўплаб бразиллар фақат ўз юлдузига ишониб, жамоавий ишни унутиб қўядилар. Европа чемпионатига ўтгандан сўнг бу ҳам катта муаммолардан бирига айланади.
Мини-футболда ҳам вазият бундан яхши эмас. Бельгия қироллик футбол иттифоқи вице-президенти Карлос Беттанкурт ҳисоботига кўра, сўнгги тўрт йил ичида 400дан ортиқ футболчи Бразилияни тарк этибди. Бунга асосий сабаб, албатта, иқтисод. Мамлакатда инқироз чуқурлашиб бормоқда: Бразилия реалининг долларга нисбатан қиймати анча пасайган, бу эса футболчилар маошига салбий таъсир қилган.
Порту — Бразилия ўйинчилари учун идеал макон
"Порту" азалдан бразилларни етиштириш ва сотиш билан машҳур. 80-90-йилларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳимоячилардан Жеральдао ва Алоизио, ярим ҳимоячилардан Дорива ва Эмерсон ҳамда баъзи ҳужумчиларни эсга олмасдан иложи йўқ. Масалан, Артур ва Марио Жардель "Порту"нинг 175 баҳсида майдонга тушиб, 168 гол уришга муваффақ бўлганлар. Бразилия термаси чап қанот ҳимоячиси Бранко ҳам шу клубда икки мавсум давомида тўп тепган. Футболчи ЖЧ-94да мунтазам равишда асосий таркибдан майдонга тушган ва ўша машҳур совринни қўлга киритган.
21 асрда карнаваллар юрти вакилларидан бир қанчаси "Порту"дан қўним топди.
- Халк, айниқса, россияликларга яхшироқ таниш бўлса керак. Сабаби унинг ўта кучли зарбалари "Зенит" мухлислари ёдида абадий қолади. Агар "Порту"даги ўйинларига назар ташласак, у ҳолда Халк Примейрада такрорланмас бўлганини инкор этиб бўлмайди. Халк португал клубида 169 учрашувда майдонга тушди ва 77та гол урди ҳамда 61та голли узатма берди.
- Данило "Порту"да тўрт кучли мавсумни ўтказди, кейин эса "Реал Мадрид"га ўтди. "Қаймоқранглилар" таркибида ҳам, "Манчестер Сити"да ҳам ўйинчидан бундан ортиғини кутишганди. Данило ҳозирда "Ювентус"да тўп тепмоқда. Бразилиялик ҳам худди Криштиану Роналду каби А Серия, АПЛ ва Ла Лига ғолиби саналади.
- Эдер Милитао, Алекс Теллес, Алекс Сандро. Хўш, бу уч ўйинчини нима бирлаштириб туради? Ҳа, тўғри! "Порту" уларни Европа топ-клубларига катта фойда эвазига сота олди.
Португаллар Бразилия чемпионатида ҳам ўйнайди
Маркос Паоло — карнаваллар юртидаги ёш иқтидорли, тез суратларда ўсадиган футболчига ёрқин мисол. Эндигина 19 ёшда бўлган йигитча "Флуминенсе" асосий таркибидан муқим жой эгаллай олди ва клуб сафида 51 учрашувда майдонга тушди. 8 гол + 8 ассист — ёмон эмас-а?
Паолонинг ажойиб жиҳатларидан бири — универсаллиги. Бўйи 186 см бўлса-да, ажойиб техника соҳиби. Шунингдек, унинг арсеналида тўпсиз ҳаракатда ва жой танлашдаги ақлли ўйинни қайд этиш мумкин.
Маркос Паоло португалиялик мухлислар ичида унчалик ҳам машҳур эмас. У Португалия ёшлар термаларида муваффақиятли тўп тепади, лекин Примейра клубларида етарлича тажрибага эгамасди. Унинг ёшлар термасидаги жамоадоши Фабио Сильва бир неча баробар машҳурроқ.
Миш-мишларга қараганда, "Барселона" ва Москванинг ЦСКА клуби футболчига қизиқмоқда. 45 млн евро товон пули харидорларни қўрқитиб юбориши мумкин, лекин келишувнинг бор йўғи бир йили қолганини инобатга олиб, клуб раҳбарияти трансфер суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Бу мавсум бразилиялик футболчилардан кимлар "нур сочиши" мумкин?
Вандерсон Галено — "Брага" етакчиларидан бири. "Порту" иккинчи таркибида бир неча мавсум ўтказгач, бразилиялик "Брага" томонидан бўлган таклиф борасида узоқ ўйланиб ўтирмади. Португалиялик ҳамкасбларимиз Галенони Халк билан солиштиришмоқда.
Шу кунларда "Зенит"га ўтган Вендель — "саккизталик". У Оздоев ёки Барриос билан "ҳамкорликда" майдоннинг ҳар икки томонида ҳам фойда келтириши мумкин. Ўйин услуби бўйича футболчи ҳамюрти "Ювентус" ярим ҳимоячиси Артур Мелога ўхшаб кетади. Бир неча йил аввал Артур-Вендель жуфтлиги Бразилияда келажаги порлоқ деб қаралган, аммо ҳозир терма сафида уларнинг биргаликда ҳаракат қилишини тасаввур қилишнинг ўзи қийин.
Бруно Табата 2014 йил Бразилия Кубоги U-17 "Энг яхши футболчиси" номига лойиқ кўрилган. Агар сиз алдамчи ҳаракатлар ва муваффақиятли ўйинлардан кадрлар жамланган видеороликларни кўришни яхши кўрсангиз, "YouToube"да улар етарли. Табата ташқи кўриниши ва ўйин услуби билан "Спартак"даги ҳамюртимиз Остон Ўруновга ҳам ўхшаб кетади.
Аксар бразилиялик футболчилар Португалия фуқаролигини олишади
Ўзи бразилияликлар бошқа юрт термалари сафида ўйнашни хуш кўришади чоғи: Россиядаги Фернандес, Гильерме, Арини эслашнинг ўзи кифоя...
Пепе ва Деку — терма жамоа тарихида ўчмас из қолдирган жуфтлик. Пепе Португалия терма жамоаси сафида 13 йилдан буён майдонга тушади. У Карвалью, Алвеш, Фонте ва ёш Диаш билан жуфтликда ўйнашга улгурди. Ёшига қарамай, Пепе "Порту"нинг асосий ҳимоячиларидан ҳисобланади ва термадан таклиф олмоқда.
Деку тарихи унданда қизиқарли. 2003 йил у асл ватани Бразилияга қарши ўртоқлик учрашувида дебют ўйинини ўтказган ва жарима зарбасидан ҳал қилувчи голни урган. Ўшанда португаллар 1966 йилдан буён илк бор Бразилияни таслим этишганди.
Луиш Фигу Декунинг Португалия термасига таклиф қилинишига унчалик ҳам ҳайрихоҳ бўлмаган. 2003 йил у терма жамоа мураббийи Луис Фелипе Сколарини, 2004 йил футболчининг ўзини очиқчасига танқид қилган:
"Ўйлашимча испанияликлар мен уларнинг термасида ўйнагим келиб қолса, у қадар бахтиёр бўлишмасди, — деган Фигу. Мабодо сен Хитойда туғилдингми, унда ҳурматингни билиб, қолганларни ҳам ҳурмат қилиб, Хитой учун ўйна. Агар сен бразилиялик бўлсанг, ўзингникилар билан елкама-елка тўп теп. Деку Португалия термаси либосида майдонга тушиши термамиз ва жамоа руҳиятига салбий таъсир кўрсатади".
Гап шундаки, Деку Фигунинг асосий таркиб учун тўғридан-тўғри рақобатчиси эди ва Фигу Англияга қарши беллашувда Деку эмас, ўзи алиштирилганидан жуда қаттиқ ғазабланган. Фигу терма жамоадан 2004 йил кетди ва ЖЧ-2006 учун қайтди, мусобақадан кейин яна халқаро майдондаги фаолиятини якунлаганини маълум қилди. Деку эса Португалияда Фигусиз 4 йил ҳаракат қилди ва омадсиз ЖЧ-2010 дан кейин буткул миллий жамоадан кетган.
Бразилия ва Португалия нафақат футболда, балки сиёсатда ҳам яхши алоқаларга эга
Икки давлат муносабатлари анча олдин бошланган: 1532 йил Бразилияга илк "юришларини" қилганлар.
Бугунги кунда Бразилия ва Португалия кўплаб соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунингдек, икки мамлакат вакиллари мунтазам равишда саммитлар ташкил этадилар ва ҳамкорликни ривожлантириш, самарали лойиҳалар борасида фикр алмашадилар. Ҳар икки томон португал тилини янада кенгроқ тарқалиши тарафдори ҳисобланади.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар