Ботир Қодирқулов: “Хиндистонда операция кўнгилдагидек ўтди”

Narzulla Saydullayev
24 фев 2015, 12:53
“Шўртан” ўйинчиси Ботир Қодирқуловнинг Хиндистонга жўнаб кетгани ҳақида хабар бергандик. Яқинда 31 ёшли футболчи юртимизга қайтиб келди. Шу муносабат билан Қодирқуловни суҳбатга чорладик.
- Ботир ака, Хиндистондан қачон келдингиз?
- 10 февраль куни юртимизга қайтиб келдим. Деҳлида 8 кун бўлдим.

- Хиндистон варианти қандай пайдо бўлди?
- Дўстим Жасур Бобоев ҳам илгари Хиндистонга бориб оёғини операция қилдириб келганди. Айнан унинг маслаҳатига кўра, мен ҳам оёғимни Деҳлида операция қилдиришни лозим топдим.

- Бу жарохатни қачон олгандингиз?
- Оёғимдаги эски жарохат қийнаб келаётганди. Ўзимизда операция қилдирганимда шифокорлар ўз ишини пухта бажармаган экан. Асорати билиниб турди. Шунинг учун хорижда яна бошқатдан операция қилдириб келишга қарор қилдим.

- Хўш, бу сафар операция жараёни қандай ўтди?
- Ҳаммаси кўнгилдагидек. Ҳеч қандай ҳавотир йўқ.

- Шифокорлар қачон майдонга қайтишингиз борасида тайинли гап айтдими?
- Ҳозирча ҳассада юрибман. Таҳминан 2 ойдан сўнг тренажёр залида енгил машғулотларни ўтказиб бораман. Аста-секин майдонга чиқиб, югуриш ва умумий гуруҳ билан шуғулланишни бошлайман.

- Бу йил сизни яна расмий ўйинларда кўришимиз мумкинми?
- Ҳа, албатта. Ўзим ҳам шунга умид қиляпман. Иккинчи даврага қадар оптимал формага кириб боришга уринаман. Ҳар холда шунга харакат қиламан.

- Хиндистонга бориб келишингизда “Шўртан” клубининг моддий томондан амалий ёрдамини сездингизми?
- Ҳа, клуб раҳбарияти бу борада қўллаб-қувватлади. Уларга миннатдорчилик билдириб қоламан. Қолаверса жамоадошлар ва мураббийлар ҳам руҳан кўнглимни кўтармоқда.


Исломбек Рустамбеков

Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›