UZ

Сўнгги янгиликлар

23:31Абдусаломов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0

Барча фотосуратчилар ўқиб чиқишини тавсия қиламиз: "Мен - фотожурналист". Устоз фотограф Анвар Ильясов билан дилдан суҳбат Янгиликлар

Барча фотосуратчилар ўқиб чиқишини тавсия қиламиз: "Мен - фотожурналист". Устоз фотограф Анвар Ильясов билан дилдан суҳбат

Ўзбек спорти оламида таниқли фотожурналистлардан бири Анвар ака Ильясов сайтимиз меҳмони бўлдилар.




Интервью дастлаб видео шаклида берилганидан хабарингиз бўлса керак. Лекин бир ярим соат давом этган суҳбатни кимдир кўрган, кимдир умуман кўрмаган бўлиши мумкин. Буни жуда яхши тушунамиз. Шу боис видеоли интервьюларни сал ўтиб матнли тарзда ҳам бериб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Анвар Ильясов билан суҳбат чоғида бир нечта мавзуларга тўхталдик, хусусан ҳозирги ўзбек спортида фотосуратчиларнинг ўрни, ютуқ ва камчиликлар, фотограф иш пайтида нималарга эътибор бериши ҳамда интервью охирида нима учун спорт фотожурналистлари алоҳида тақдирланмаслиги ҳақида.

Ўйлаймизки, бу суҳбат айниқса фотоаппарат билан ишлашга қизиқадиганлар учун ҳам маънавий озуқа, ҳам дарслик вазифасини ўтайди. Ундай бўлса, бошладик... 


- Анвар ака, неча ёшдан фотоаппарат ишлатасиз?

- 15 ёшимдан бери фотоаппарат тутаман. 1979 йил биринчи «Зенит» русумли фотоаппарат ишлатганман. Ўшанда бу аппарат 100 рубль бўлиб, жуда қиммат ҳисобланарди. Уйда битта хонани фотостудияга ўхшатиб, кечаси билан ухламай қоронғи хонада плёнка ювиб расм чиқарардим.

 

- Ҳозир урф бўлган иккита атама бор: фотосуратчи ва фотожурналист. Ўзингизни қайси соҳага яқин деб биласиз? 

- Мен - фотожурналистман. Чунки 35 йилдан ошиқ вақт мобайнида матбуотда фаолият юритиб келяпман. Ҳозир давр ўзгариб, турли фотошоп ва монтаж дастурлари чиқиб кетди. Биз пайтимизда бундай нарсалар йўқ эди, биз фақат плёнкани ювиб расм чиқарардик, ҳозиргидек технологиялар йўқ эди. Аслида мен фотожурналист ва фотосуратчи ўртасида катта фарқ бор деб ўйламайман. Негаки фотография сўзи "нур билан ёзаман" маъносини бериб, фото билан боғлиқ барча соҳаларга ишлатса бўлади. Ҳозир турли терминлар кўпайиб кетгани бор гап: фотожурналист, фото блогер, реклама фотосуратчиси ва ҳоказо. Аслида ҳаммамизнинг вазифамиз битта ёки бўлмаса бир-бирига жуда яқин ҳисобланади.


- Айтиб ўтганингиздек, охирги йилларда интернет ривожланиб блогер, фото блогер каби соҳа эгалари кўпайиб кетди. Улар қаердадир ўқитиладими? Шундай курслар борми? 

- Журналистика университетида фотосуратчилик курси ва Камолиддин Беҳзод номидаги Санъатшунослик институтида операторлик билан боғлиқ курслар борлигини биламан. Шунингдек, Тошкент Бадиий академияси қошида фотосуратчилар уйи ҳам бор. Кўпчилик пуллик курсларга қатнаб таҳсил олади. Лекин фотосуратчининг ўзида бўлмаса, ҳар хил курсларга қатнамасин ёки энг зўр фотоаппаратни кўтариб юрмасин, барибир олган расмлари яхши чиқмайди. Кўп курсларда бўлажак фотосуратчилар учун фотографиянинг алифбоси ўқитилади. Қолгани эса ҳамманинг ўзига боғлиқ. 


- 35 йилдан зиёд вақт давомида спорт фотожурналисти сифатида фаолият юритиб келяпсиз. Биламизки, фотографиянинг бир нечта турлари бор, кимдир студияда портрет билан ишлайди, кимдир табиат қўйнига чиқиб пейзаж суратга олади. Сиз ҳам ўзингизни бошқа йўналишларда синаб кўрганмисиз? 

- Тўғрисини айтсам, кўп соҳаларда ўзимни синаб кўрганман. Реклама фотосуратчиси сифатида ишлаб кўрдим, тоққа чиқиб манзара суратга олишга ҳам ҳаракат қилганман. Лекин ҳамманинг қараши ҳар хил. Айтайлик, тўртта фотосуратчидан учтаси ниманидир ўтказиб юбориши мумкин, лекин тўртинчиси ўша нарсани пайқайди ва суратга олади, қарабсизки унинг расми чиройли чиқади. Русчасига айтганда бундай суратларни шедевр деймиз. 

Тўғриси, пейзажларни расмга олиш менга эмас. Ваҳоланки, пейзаж олиш учун алоҳида ускуна ҳам шарт эмас. Мен табиатга боқиб алоҳида нимадир кўрмайман. Ёки бўлмаса реклама билан ишлашни олайлик, кимдир студияда ўтириб фақат реклама суратга олади, кимдир ташқарида автомобилларни расмга туширади. Мен бу босқичлардан ҳам ўтганман, аммо кўрдимки булар мен учун эмас. Менга кўпроқ жонли мулоқот ёқади. Одамлар билан суҳбатлашишни ёқтираман. Спорт соҳаси эса айнан шундай имкониятни беради. 


- Фаолиятингиз давомида кўплаб халқаро мусобақаларда ишлагансиз, тўғрими? 

- Ҳа, шундай. Ҳозиргача йирик турнирлардан бешта Олимпия ўйинлари ва битта жаҳон чемпионатида ишлашга муваффақ бўлдим. Олимпиадага биринчи марта 2000 йил Сиднейга боргандим. 2018 йил Россияда ўтказилган мундиал эса мен учун дастлабкиси бўлди. 


- Сиз энг кўп завқ билан ишлаган Олимпия ўйинлари? 

- 2004 йил Пекинда ўтган мусобақа. Бунда ОАВ ходимлари ва фотожурналистлар учун барча шароитлар тўла тўкис эди. Деярли муаммо кузатилмаган. Лекин спортчиларимиз чиқишидан роҳатланиб ишлаганим бу - 2016 йилги Рио Олимпиадаси. Менинг ўйлашимча, Олимпия мусобақаси доим бой давлатларда ўтказилиши керак. Нега деганда бой давлатларда меҳмонларга кўрсатиладиган хизмат юқори бўлади. Рио Олимпиадасида камчиликлар кўп кузатилди. Шунга қарамай роҳатланиб ишлаганман, чунки Ўзбекистон делегацияси 13та медал билан қайтганди.


- Фотомухбир ўйин пайтида эҳтиросга берилмасдан ўзини тутиб тура билиши керак. Айтинг-чи, халқаро мусобақаларда ва айниқса бизнинг спортчилар ғолиб чиққанда эҳтиросларни жиловлаш қийин бўлмайдими? Бу ўринда мухлисга айланиб қолишдан қўрқмайсизми? 

- Аслида энг қийини ҳам шу. Мен доим ўйинга объектив орқали қарашга ҳаракат қиламан. Лекин мухлислик қилишга тушиб кетсам, ҳеч қачон ишим яхши чиқмайди. Эмоцияга берилиш ҳар бир спортчида бўлади, кимдир сакрайди, кимдир кимнидир қучоқлаб олади, кимдир мухлислар томон ўзини отади - уларнинг ўша пайтдаги ҳаракати бошқа такрорланмайди. Уларга мана шу ракурсда туриб бер деганинг билан расм ўзинг хоҳлагандек чиқмайди. 

Чунки спортда энг муҳими - ғалабали онларни суратга олиш ва бу ўринда фотосуратчининг мухлисга айланиб қолмаслиги. Завқли лаҳзалар қандайдир сония ичида ўтиб кетади, биздан талаб қилинадигани эса ўша лаҳзаларни кадрга муҳрлай олиш. Тўғриси, мен ўйин пайти футболчи ёки спортчимиз иштирокидаги жанг қандай кетаётганини кўрмайман. Хаёлим фақат чиройли сурат олишда бўлади.


- Футболда қандай ишлаш ўйиннинг боришига боғлиқми?

- Боғлиқ. Бир хил пайт зерикарли ўйинлар кўп бўлади ва фотосуратчи ҳам яхши ишлай олмайди. Эски фотоаппарат ишлатган пайтимда тез-тез плёнка тугаб қоларди. Кейин ноилож ўтириб фақат футбол томоша қилардим. Ҳозир эса имкониятлар кенгайди, бемалол ўйин пайти бир ярим - икки мингта кадр олаверасиз. Футболчилар югуради, тўпни тепади, пас беради, лекин нимагадир расмлар яхши чиқмайди. Ва кураш кўпинча майдон марказида бўлади. Бу эса баҳс зерикарли кечганидан дарак беради.


- Интервьюларингиздан бирида "Қайси спорт турида маза қилиб ишлайсиз?" деган саволга "Дзюдо" деб жавоб бергансиз. Савол туғилади: нима учун футбол эмас? 

- Ҳа, тўғри шундай деганман. Шу ўринда айтиб кетай, энг қийин расм олиш боксда бўлади. Бокс бўйича катта мусобақаларга борсам, ҳалигача яхши расм чиқармикан деган ҳаяжон бўлади. Энди нима учун дзюдо деганимга келсак, дзюдода нима кўп, кураш кўп. Кейин ҳаяжон ҳам юқори бўлади. Менга эса кураш ва спортчиларнинг юз ифодасини суратга олиш ёқади. Кимдир ютиб, кимдир ютқазиб йиғлаб юборади, кураш тугаганидан кейин спортчилар бир-бири билан қучоқлашади ва мана шу пайт зўр кадрлар чиқади. 

Энди футболга келсак, шундай ўйинлар бор, одам зерикиб кетади. Қўпол қилиб айтганда, ухлаб қоласан. "Пахтакор", "Локомотив", "Бунёдкор", "Насаф" каби клубларимиз халқаро ўйинларда майдонга чиқса, ҳақиқий кураш кечади, мухлислик ҳам жойида бўлади ва маза қилиб ишлайсан. Мана шу клубларнинг ўзаро баҳси ҳам яхши бўлади. Аммо шундай ўйинлар борки, ухлаб томоша қиласан. 


- Сиз учун майдоннинг энг қулай қисми? 

- Унчалик фарқи йўқ. Лекин кўпинча фотосуратчилар бурчак тўпи тепиладиган байроқча олдида тизилиб олишади. Бу ҳам яхши ракурс ва зўр кадрлар чиқади. ФИФА, ОФК таснифидаги мусобақаларда фотосуратчиларнинг байроқча яқинида ўтиришига рухсат берилмайди, чунки футболчига ёки қанот ҳакамига халақит бериб қолишлари мумкин. Шу боис кўпинча реклама тўсиқлари ортида - дарвозага яқин ердан жой эгаллаймиз. 

Шу ўринда ёшларга маслаҳат бериб кетсам: фотосуратчи ўйинга борганда битта жойни танлаб худди балиқчи сувга қармоқ ташлагандек қулай момент ушлашни кутиб туриши керак. Лекин биз кўрамизки, ўйин пайти кўп фотографлар у ёқ-бу ёққа юради. Аслида юриш мумкин эмас. Масалан, теннисда битта жойга ўтирғизиб қўяди ва ўрнингдан қўзғалиш тугул, ёнингдаги билан гаплаша олмайсан ҳам. Агар ҳангомалашиб ўтирсанг, кортдан чиқариб юборади. 

Футболда ҳам шундай: битта жойни танлаб охиригача ўтириш керак. Қолаверса, спорт фотографи учун энг кераклиси бу - сабр. Баъзан 10та ҳам кадр ололмайсан. Сендан сал нарироқда ўтирган фотосуратчи зўр кадр ушлаши мумкин. Энди бу омадга ҳам боғлиқ. Кўп йиллардан бери гапираверганимиздан сўнг "Пахтакор" суратчилар учун кичик стулчалар қўядиган бўлди. Бу нарса "Локомотив" билан "Бунёдкор"да ҳам бор. Лекин бошқалар бунга эътибор бермайди. 

Кейинги керакли нарса - интернет. Ҳозир интернетсиз матбуотни тасаввур қилиб бўлмайди. Интернет қиммат бўлиши мумкин, лекин икки соатга ёқиб қўйса бўлади-ку, тўғрими? Стадионда интернет борлиги фақат клубга фойда. Жамоаси ўйнаб турганда ўйиндан суратлар тез тарқалади, одамлар эътибори ошади. Кўпчилик ўйинни кўрмаслиги мумкин, лекин суратларга қарашни ёқтиради.


- Кўпинча "Локомотив" стадионидаги ўйинларда кузатганман, футболчилар гол ургач сиз томонга югуради. Буни ўзингиз ҳам сезасизми?

- Ҳа, сезаман. Бу ҳам қизиқ ҳолат. Айниқса Марат Бикмаевга кўп айтганман, гол урсанг мен томонга югур деб. Лекин ўйин пайти ҳар хил ҳолатлар бўлади, футболчилар гол уриб мухлислар томон югуриши ҳам мумкин. Гол ургандан кейин энг ҳиссиётга берилувчан Александр Гейнрих эди. Уни суратга олсам маза қилардим. Голни ҳам зўр нишонларди. Шундай футболчилардан яна бири - Жасур Ҳасанов. У ҳам эҳтиросга берилиб голни нишонлайди. 


- Анвар ака, шу пайтгача нечта фотоаппарат тутгансиз?

- Жуда кўп. Профессионал даражада ўнтадан кўп фотоаппарат ишлатганман. 1987 йил ота-онам янги "Nikon" олиб берганди. Ўшанда минг рубль турарди. Бу пулга озгина қўшсангиз, машина ё квартира берарди. 30 йилдан ошдики, фақат "Nikon" ишлатиб келаман. Кимгадир "Canon", кимгадир "Nikon" ёқади, буларнинг ҳар иккиси зўр фотоаппарат. Лекин шуни унутманг, фотоаппарат бу шунчаки қўлдаги техника. 

Фотожурналистика асосчиларидан бири Анри Картье-Бриссоннинг шундай гапи бор: менга фотоаппарат эмас, оддий темир банка берсангиз ҳам расм олиб бераман. Албатта, бу бўрттирилган гап. Шу одамдан нега расмларингиз зўр чиқади деб сўрашганида, суратга олаётганимда кўзим, ақлим, юрагим бир нуқтага қадалган бўлади дея жавоб берган экан. Дурадгор рандани яхши ишлатса тахта текис кесилади. Фотосуратчи ҳам шундай: расм олишни билмаган одамга энг зўр аппаратни бериб қўйинг, барибир ҳеч нима ўзгармайди.


- Ҳозирги пайтда қайси русумдаги фотоаппаратдан фойдаланяпсиз?

- "Nikon D5". "Nikon" ва "Canon" ҳар тўрт йилда профессионал янги фотоаппарат чиқариб келади. Нима учун ҳар тўрт йилда? Чунки 4 йилда бир марта дунёнинг энг йирик спорт мусобақаси Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Шу боис иккита фирма Олимпиада стартига 6 ой қолганда янги фотоаппаратни тақдим этади. Агар сиз Олимпиадани суратга олиш учун рўйхатдан ўтиб аккредитация олсангиз, бемалол мусобақа пайти "Nikon" ёки "Canon" фотоаппарати ва объективларидан бепул фойдаланишингиз мумкин. Шу орқали улар ўз маҳсулотини реклама қилиб олади. "Nikon D5" 2016 йил чиққанди, ундан кейин "D6" ҳам чиқди. Тўғриси, бошқа фотоаппаратларга унча қизиқмайман. 


- Мана шу "Nikon D5" қанча туради? 

- Қиммат. Фақат объективсиз аппаратнинг ўзи 6 минг доллар атрофида. Объективлар тури ва моделига кўра алоҳида баҳоланади. Янги чиққан пайти 7 минг доллар эди, вақт ўтиб нархи пасайиб боради, бунинг устига янги русуми чиққач, нарх анча ташлайди. Тўғриси, спортга ихтисослашган фотоаппаратлар қиммат, шу боис "Nikon" билан "Canon" профессионалга яқин бирмунча чўнтакбоп "укалари"ни чиқариб келади. 

Бундан кам бюджетли агентликлар ёки ОАВлар фойдаланиши мумкин. Буларнинг нархи икки ярим - уч ярим минг доллар атрофида. Яна бир гап, шу иккита фирма ўз мижозларини  анча эркатой қилиб қўйган, янги фотоаппаратлар сониясига 12-14та кадр олади. 80-йилларда "Зенит" ишлатган пайтим кадр кам бўларди ва плёнкани ўта эҳтиёткорлик билан ишлатардим. Ҳозир замон ўзгариб рақамли технология чиқиб кетди. Кнопкани босиб ўйин пайти икки мингтача расм олаверасиз. Кейин эса энг яхшисини танлайсиз.


- Кўпинча телевизор орқали ёки бўлмаса чет жамоалари билан ўйинларда кўрамиз, хорижлик фотосуратчилар қўлида қиммат техникалар бўлади. Бизнинг футболда бирмунча арзон фотоаппаратлардан фойдаланилади. Нима деб ўйлайсиз, ўзбек ОАВда охирги русумдаги фотоаппарат ва объективларни олиш учун пул йўқми?

- Пул бор, лекин кам деб ўйлайман. Йилдан йилга бизда ҳам вазият яхшиланяпти. Олдинлари ўйин пайти бир-иккита фотограф ишласа, Ҳозир 10 нафарча чиқяпти. Менимча, газеталарнинг даври ўтди ва интернет асри келди. Шу боис газеталар ўз ходимларига қиммат аппаратни олиб бера олмайди. Чет элда фотосуратчилар қайси тартибда ишлайди? Кўпинча улар эркин ижодкор сифатида фаолият юритади ва бирор бир мусобақа ёки ўйин пайти икки-учта ОАВ билан келишиб олади. 

Улар ўз ҳисобидан йўлкира сарфлаб ўйинга боради ва олган расмини пуллаш орқали хажатларини чиқариб олади. Уларнинг тирикчилиги шундан. Суратлар қимматга сотилса бемалол харажатини чиқариб, фойда олса бўлади. Кўп жойда ишлаш тартиби шундай. Бизда эса тизим бир-бирига боғланиб қолган. Кўп нашриётларда пул йўқ, лекин бунинг учун уларни айбламайман. Аммо қачондир биз ҳам шундай кунларни кўрамиз ва фотосуратчилар ҳам яхши пул топадиган бўлади.


- Бизда ва чет элда расм нархи қанча? Яхши суратни неча пулга сотиш мумкин? 

- Бизда жуда паст. Халқаро агентликлар учун битта расм ўртача 50 долларга баҳоланади. Суратнинг даражасига қараб 20, 30, 40, 50 доллар беришади. Битта зўр расмга 100 доллар берадиган ташкилотлар ҳам бор. Кўриб турибсиз, сўмга чаққанда ўртача нарх 400-500 минг сўм чиқяпти. Баъзи агентликлар фотосуратчи билан келишиб уларга кунбай ҳақ тўлайди. Нечта расм беришидан қатъий назар кунлик ҳақ олади. 

Айтайлик, бокс бўйича мусобақалар ярим кечасига чўзилиб кетиши мумкин. Шунда 150-200 долларга келишиб ишласа бўлади. Ўзимизда фотосуратчилар билан гаплашиб, битта расм учун қанча оласан десам, 10 минг сўм деган жавобни эшитганман. Уч йил олдин бу пул икки доллар эди. Ҳозир ҳам нарх шу атрофда бўлса керак. Битта расмга 10 минг олса, у қанча харажат қилиб стадионга боради, нима овқат ейди - буни ҳатто солиштириш қийин. 


- Нархни кўтариш имкони борми ё қийин масалами?

- Бир нарсани тушунинг, Оммавий ахборот воситалари бу - бизнес эмас. Бу бозор ҳам, фойда келтирадиган бошқа нарса ҳам эмас. Масалан, жаҳонга машҳур "Рейтер" агентлиги чиқарадиган хабарлари орқали эмас, балки банкларни реклама қилиш орқали катта пул топади. Ва шу пуллардан ўз харажатларини қоплайди. Бизда ҳам секин-аста шу йўлга ўтиляпти. Ўқувчиси кўп ОАВ асосан рекламадан пул топяпти. Қачонки реклама кўп тушум келтириб турса, шундан сўнг журналистлар ва фотосуратчиларнинг ойлигини кўтариш мумкин. 

Журналистика бу -  идеология, даромад келтирувчи соҳа эмас. Баъзилар студияда ишлаб ёки тўйга чиқиб ҳам яхши пул топиши мумкин. Фақат уларнинг йўналиши бошқа. Суҳбатимиз бошида айтганимдек, фотографиянинг турлари кўп, лекин менга кун бўйи студияда ўтириб ишлаш ёқмайди. Мен кўпроқ одамлар орасига киргим, улар билан мулоқот қилгим келади. Таҳририятда ҳам эрталабдан кечгача бир жойда ўтира олмайман. 


- Яна қандай муаммоларни айта оласиз? 

- Шу ўринда айбни фақат стадион ходимлари ёки бошқаларга тўнкамаган бўлардим. Биз - фотосуратчиларда ҳам айб кўп. Айниқса ёшларга айтадиган гапим: ўйинга борганда у ёқдан бу ёққа юравермасдан битта жойда ўтириб ишлашга ўрганинглар. Негаки ўйин пайти фотосуратчилар юрса бўладиган жой бор, юрса бўлмайдиган жой бор. Биз эса кўпинча берухсат ўзимиз хоҳлаган жойга ўтириб оламиз. Лекин бу яхши эмас. 


- Биздаги стадионларда ёруғлик даражаси ишлаш учун етарлими?

- Бу энг оғриқли саволлардан бири. Интернет бўлмаса телефондан вай-фай тарқатиб бўлсаям расмни юборса бўлади, лекин ўйин пайти ёруғлик даражаси паст бўлса фотосуратчилар ишлашга жуда қийналади. Тошкентда "Пахтакор", "Бунёдкор" ва "Локомотив" стадионларида прожектор анча яхши. Вилоятлардан "Насаф"да ҳам ёруғлик яхши. 

Бошқа ўйингоҳлар ҳақида бундай дея олмайман. Айниқса иккинчи таймда қоронғи тушиб қолганидан кейин ишлашга жуда қийналасиз. Расм ҳам зўр чиқмайди. Мен тушунаман, ўйин пайти ёруғлик қанча зўр бўлса, пул кўп кетади. Бу ўринда клубларни тўғри тушунса бўлади, лекин ҳозирги пайтда турли хил LED прожекторлар чиқиб кетган ва кам ток ейди. Қоронғи бўлса яхши кадр чиқмайди.


- Бугунги кунда спорт соҳасида фаолият юритиб келаётган қайси фотографларнинг ишини кузатиб турасиз? 

- Ёшлар орасида иши менга ёқадиганлари бор, йўқ эмас. Масалан, "Kun.uz"даги Маъруф Асқаров яхши ишлайди. Лекин негадир охирги пайт ўйинларга келмай қўйди. "Championat.asia"да Толибжон Қосимов билан Жаҳонгир Файзуллаев бор. ЎФА фотосуратчиси Ҳасан Пирмуҳамедов ҳам кучли фотограф. Ўзимизга ўхшаган оқсоқоллардан Алимурод Мамадаминов ва у кишининг ўғли Тимур - уларнинг ҳам ишини кузатиш завқли. 

2000 йилларда ўзбек футболи фотографиясида бўшлиқ юзага келганди. Ўйинларга мен билан фақат Алимурод ака келарди. Аммо қувонарлиси, охирги пайт сафимиз анча кенгайиб қолди. Япония, Жанубий Корея терма жамоалари келса майдонда фотосуратчилар кўпайиб кетади, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ишлаш учун келмайди. Кимдир учун ўйин пайти майдонда бўлишнинг ўзи бир бахт. Ички муҳитда юрсам бўлди дейди. 

Яхши фотосуратчилардан Нодирхўжа Юлдашев ҳам бор эди, аммо анчадан бери расм олмай қўйди. Мен унга ҳазиллашиб учтаси бирда дердим: ҳам турнир ўтказади, ҳам расм олади, ҳам ўзи ёзади. Хуллас, мен учун ёшларнинг ишини кузатиш ёқимли. Шу ўринда ёш фотожурналистларга маслаҳатим: ҳеч қачон ўқиш ва ўрганишдан чекинманг, энг муҳими инглиз ва рус тилини пухта ўрганинг, бу айниқса халқаро мусобақаларда жуда керак бўлади. 

Эътибор бериб қарасак, фотографияга оид китоблар ёки атамалар фақат рус ёки бошқа тилларда ёзилган. Мен шу пайтгача бир неча марта қизиқиб кўрдим, ўзбек тилида фотографияга оид ҳатто луғат нашр этилмаган экан. Биз ўқиган дарсликлар ҳам асосан рус тилида бўлган. Назарияни ўрганиш керак. Кўп ёшлардан "выдержка", "диафрагма", "глубина резкость", "програмная съёмка", "автоматическая съёмка" нима деб сўранг билмайди, чунки улар фотография назариясини ўқимаган. Қўлига фотоаппаратни олиб ишлаб кетаверган. 

Аммо бунинг учун фотосуратчиларни айблай олмайман, чунки ўзбек тилида дарслик чоп этилмаганидан кейин қаердан ўқисин. Менга 40 йил устозлик қилган Содиқ ака Маҳкамов ёш пайтим таҳририятга борганимда бир нечта саволлар берарди. Мен эса уларнинг жавобини билмасдим ва шунда эринмай ўргатардилар. 

Фотосуратчи учун яна бир муҳим нарса: ўзини ўзини танқид қила олиш. Расмлари ўхшамаяптими, айбни аввало ўзидан қидирсин, нима камчилик бор, нега яхши чиқмаяпти - шу каби саволларга жавоб ахтариб кўргани маъқул. Бундан ташқари доим ўқиб изланиш даркор. Кўпроқ хориж сайтларига кириб чет эллик суратчилар ишини кузатиш ҳам катта ёрдам беради. 


- Ёшларнинг ишини кузатганда юрак шув этадиган кадрлар кўзга ташланадими?

- Бор шундай кадрлар. Асосан марказий ўйинлар бўлиб ўтганидан сўнг сайтларга кириб фотогалереяни бирма-бир кўриб чиқаман. Агар кимнингдир иши ёқса, шу расмни худди ўзим олгандек хурсанд бўлиб кетаман. Нимадир камчилик кўрсам, кейинчалик ўзи билан кўришганимда албатта айтиб қўяман. Керак пайтда елкасига қоқиб мақтайман ҳам. 


- Жаҳон спортини кузатганда йирик тадбирларда фотосуратчилар ҳам алоҳида тақдирланганини кўрамиз. Қандайдир гран-прилар соҳиби деган гапларни эшитамиз. Ўзбекистонда ҳам шундай тадбирлар ўтказиладми?

- Айнан спорт бўйича фотографларни алоҳида тақдирлаш йўқ. "Олтин қалам" маросимида бошқалар тақдирланарди-ю, лекин фотосуратчиларни ҳеч ким эсламасди. Фақат икки-уч йил гап-сўз бўлганидан кейин "Энг яхши фотосуратчи" номинациясини қўшадиган бўлишди. Тўғриси, бизда фотографларга эътибор анча паст. Масалан, энг яхши журналистни аниқлаганда 1, 2, 3-ўринларга бўлиб чиқишади, лекин негадир энг яхши суратчи битта бўлади. Шуни иккинчи, учинчи ўрин қилиб бошқаларни ҳам тақдирласа бўлади-ку. 

Бизда ҳам яхши фотосуратчилар бор, фақат эътибор кам. Олимпия қўмитаси ОАВ билан анча йиллардан бери яхши ишлаб келяпти. Лекин шундай федерациялар борки, иложи борича журналистлардан четроқ юрсам дейди. Тадбирлар бўлганда кўп спорт федерацияларининг ўзи таклиф билан чиқади, келинглар ёритиб беринглар деб. Бошқалари эса жим туради. Мусобақа ўтказдими, биров билиб биров билмай қолади. 

Мен хоҳлардимки, энг яхши фотожурналист ёки фотосуратчи эмас, балки энг яхши фотосурат аниқланса. Чунки яхши суратчиларимиз кўп, муҳими уларни тақдирлаш эмас, балки уларнинг ишини эътирофга лойиқ кўриш лозим. Бунда спортга оид суратларни стол устига ёйиб конкурс орқали энг яхшисини танлаб олса бўлади. Кейин шу сурат муаллифи сифатида фотограф тақдирланади. 

Агар биз ишига эмас, фотосуратчининг ўзига эътибор қаратсак, унда таниш-билишчилик бўлиб кетиши мумкин. Шу боис энг яхши суратни аниқлаётганда профессионал ҳакамлардан ташқари мураббийлар, спортчилар, қалам аҳли вакиллари ва албатта мухлислар фикри ҳам инобатга олинса айни муддао бўлади.


- Анвар ака, вақт ажратиб интервью берганингиз учун Сизга катта раҳмат. Фаолиятингизга доим омад тилаб қоламиз.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика