UZ

Сўнгги янгиликлар

00:28Швейцария Суперлигасида ўйин олдидан қорли стадионни мухлислар тозалашди  0 00:11U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши ўйинолди машғулоти ўтказди  1 23:54АПЛда ўйнайдиган икки нафар футболчи зўравонликда гумонланиб, ҳибсга олинди  6 23:37Франция президенти Дрогба ва Азар билан бир жамоада футбол ўйнаб, пенальтидан гол урди  3 23:10Ҳожимат Эркинов: "Учрашувнинг асосий вақтида ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз"  10 22:46Ямал тепган тўп дарвозага кирганмиди? Лунин жавоб берди  21 22:32U-23 Осиё кубоги. Жанубий Корея — Индонезия 2:2 (онлайн ҳисоб)   20 22:08U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши ўйинолди машғулоти ўтказди  13 21:51U-23 Осиё кубоги. Мезбон Қатар Олимпиада йўлланмасидан маҳрум бўлди, Япония ярим финалда!  22 21:39Эрон футзал термаси бош мураббийи: "Ўзбекистонга қарши энг яхши ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз"  6 21:14Биласизми? Роналду кунига беш маҳал ухлайди  16 20:48U-16 Ривожланиш кубоги. Ўзбекистон Озарбайжонни мағлуб этди  3 20:20“Ордабаси” машғулотига номаълум шахслар ташриф буюриб, клубга ким хўжайин эканлигини кўрсатмоқчи бўлишди  13 20:01Карло Анчелотти Куртуа "Кадис"га қарши майдонга тушиши мумкинлигини тасдиқлади  2 19:39"Арсенал" кўрикка МЛСдан дарвозабонни таклиф қилди  0

Бабаян кетгани билан ҳеч нарса ўзгармаса ҳам барибир кетгани маъқул (Мулоҳаза) Янгиликлар

Бабаян кетгани билан ҳеч нарса ўзгармаса ҳам барибир кетгани маъқул (Мулоҳаза)

Кеча бўлиб ўтган Эрон - Ўзбекистон ўйинини кўриб менда бир савол пайдо бўлди: терма жамоамизнинг бор ўйини шуми ёки бўлмаса футболчилар мураббийни кетказиш учун атайин шунақа ўйнашдими?

Агар биринчиси бўлса, демак мураббий айбдор, мабодо иккинчиси бўлса, бунда ҳам мураббий айбдор. Тўғрисини айтаман, Самвел Бабаян термага бош мураббий бўлганидан бери унинг қўл остида ҳали бирор марта маънили футбол кўрмадим. Худдики йигитлар 90 дақиқа югуриб беришса бўлгани. Агар 60 дақиқа югуриш керак бўлса 60, 120 дақиқа югуриб бериш керак бўлса яна шунча чопишади, бироқ барибир мазмун ва маъно кўринмайди.

Кечаги ўйинда бир жамоа ўйнади, иккинчиси рақибнинг яхши ўйнашига қарашиб юборди, холос. Тўғри, баъзи вазиятларда биз ҳам ёмон кўринмадик, лекин ўйиннинг умумий картинасини оладиган бўлсак, "оқлар" ўйнаган, "кўклар" кузатган бўлиб чиқади. Бу ўйинда кўрдикки, терма жамоада мураббий бўлмагунча ҳеч нарса қила олмас эканмиз.

Футбол - бу спорт, бунда ютмасанг ҳам ютиш учун курашишга мажбурсан. Ё охиригача ўйнайсан ёки футболни ташлайсан. Фақат иккита йўл қолади ва бирини танлашинг шарт. Мен мағлубиятдан хафа эмасман, мени кўпроқ нима учун курашмаганимиз ташвишга соляпти. Гўёки биз боксдагидек клинч ҳолатига тушдик ва рақиб у ёқдан бу ёқдан келиб дўппослайверди.

Саудия Арабистони сафарда Австралия билан ўйнаганида гарчи ютқазган бўлса-да охиригача курашди, ўйини яхши таассурот қолдирди. Лекин кеча биз шу ишни қила олмадик. Биз ўйнамасдан таслим бўлдик. Рақибга умуман босим қилмадик, дарвозага бирортаям тўғри зарба берилмади. Албатта, ўйин учун футболчилар жавобгар, лекин ўйин чиқмаса бунинг бош айбдори мураббий бўлади.

Самвел Бабаянни яхши ташкилотчи, кучли менежер сифатида ҳурмат қиламан, аммо мураббий сифатида ҳеч нарса қила олмаслигини ўзи ҳам яхши билса керак. Агар Бабаянни биров мажбурлаб ушлаб ўтирмаган бўлса, керак бўлса бугуноқ истеъфо бергани маъқул. Чунки у ававало ўзини қийнаяпти. Футболчилар унинг қўл остида ўйнагилари келмаяпти. Лекин Бабаян буни сезмаётган бўлса, демак айб ўзида.

Кечаги ўйиндаги кўплаб эпизодлар Бабаяннинг мураббий эмаслигини кўрсатиб берди. Масалан, жароҳат олган Андреев ўрнига захирадан Даврон Ҳошимовнинг туширилиши ва Шораҳмедовнинг чап қанотга ўтказилиши унинг биринчи хатоси бўлди. Ҳошимов тушгач футбол ўйнамади, мураббий унга нима кўрсатма берган билмадиг-у, аммо у рақиб футболчиларини "чопиш" билан машғул бўлди.



Хитой клубида деярли майдонга тушмаётган Егор Кримецнинг бошланғич таркибда тушириш Бабаяннинг иккинчи хатоси бўлди. Бу вазиятда ўйин амалиётига эга Мурод Холмуҳамедов ёки Отабек Шукуров варианти яхшироқ эди. Бабаяннинг учинчи хатоси туппа-тузук ўйнаб турган Абдухолиқовни захирага олиб, фойдаси тегмаётган Сергеевни ҳужум марказига ўтказиш бўлди. Қайтанга Темурхўжага охиригача имкон бериш керак эди.

Хуллас хатолар кўп бўлди. Аммо эндиликда буларни гапиришдан на фойда. Савол туғилади: нима учун футболчиларнинг Бабаян қўл остида ўйнагиси келмаяпти? Унинг машғулоти зерикарлими ёки тактикани тушунтириб бера олмаяптими? Терма жамоада мураббийлар кўп: Виктор Жалилов, Равшан Ҳайдаров, Григорий Колосовский, Анвар Рашидов, Деян Журжевич, наҳотки шунча одам нималар бўлаётганини кўрмаётган бўлса.

Олдимизда яна иккита учрашув қолди. Дастлаб Хитой меҳмони бўламиз, кейин уйда Жанубий Кореяни қабул қиламиз. Агар шу ўйинларда ҳам ҳозирги мураббийлар штаби қоладиган бўлса, яна ҳеч нарса ўзгармайди. Футболчилар кайфиятсиз 90 дақиқа югуриб беришда давом этаверишади. Аслида-ку, футболчиларимизнинг салоҳияти кечаги ўйин даражасидан анча кучли. Фақат бошқа мураббий билангина улар зўр ўйин кўрсата олишади.

Бабаян ва унинг ёрдамчиларидан илтимос, ўзингизни ҳам, футболчиларни ҳам, халқни ҳам қийнаманг. Кўриб турибсиз-у, токи сизлар бор экан улар бундан зўр ўйнаб беришмайди. Майли "Обод"га боринг (Бабаян иккинчи даврада "Обод"ни олармиш деган гап чиқди), ёшларни тарбияланг, фақат миллий терма жамоани ўз ҳолига қўйинг, илтимос. Майли Сиз кетганингиз билан ҳеч нарса ўзгармасин, лекин барибир шу ишни қилинг. Миллионлаб мухлислар Сиздан фақат шуни кутмоқда!

 

Рейтинг: +173   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика