Айбек Нурбаев: "Рақиб ҳақида етарлича маълумот топа олмадик"

Aslanov Jasurbek
6 апр 2026
Пролига 1-туридан ўрин олган "ҚМУ Жайхун" – "Каттақўрғон" (0:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида "ҚМУ Жайхун" бош мураббийи Айбек Нурбаев иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Аввало барчани Пролига янги мавсуми билан табриклайман. Кеча шаҳримиз жамоаси "Арал" ғалаба қозонди, бу билан ҳам табриклайман. Икки кундан бери шаҳримизда футбол байрами бўляпти, бу билан мухлисларни ҳам қутлайман.

Ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик, фақат рақиб ҳақида етарлича маълумот топа олмадик. Билганимиз шуки, "Каттақўрғон" охирги марта "Динамо" билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Бошқа маълумотдан хабаримиз йўқ. Рақиб ўйинларини кўриш имкони ҳам бўлмади.

Бугун умуман ўйинимиз чиқмади. Биринчи таймда нимадир қилишга ҳаракат қилиб кўрдик, иккинчи бўлимда ўйин схемасини ўзгартирдик, барибир бу ҳам иш бермади. Футболда тажриба катта роль ўйнайди. "Каттақўрғон" ғалабасида тажриба ўз сўзини айтди.

Ўтказиб юборилган голларга келсак, ҳар иккала гол ўз хатоларимиз туфайли киритилди. Биринчи голда уч ҳимоячи орасидан рақиб ўйинчиси қандай гол уриб кетганини ўзим ҳам тушунмай қолдим. Иккинчи голда ҳам ўйинчимиз хатога йўл қўйиб тўпни олдириб қўйди ва рақиб яна гол урди. Лекин барибир ҳамма айбни мураббий сифатида ўзимга оламан. Футболчиларимиз босимни кўтара олмади ва ютқаздик деб ўйлайман.

- Захирадан тушганлар ўйинни кучайтириш ўрнига темпни тушириб юборгандек кўринди.

- Бу борада аниқ гап айтишим учун ўйинни таҳлил қилиб чиқишимизга тўғри келади. Иккинчи бўлимда сал бўлса ҳам устунликка эришдик. Захирадан ўйинчиларни майдонга туширдик. Олдинга қараб ўйнай бошладик. Биринчи таймда умуман олдинга ўйнамадик.

- Агар имконият бўлганида ўйиндаги қайси дақиқани ортга қайтарган бўлардингиз?

- Вақт ортга қайтариб бўлмайди, нима бўлса ўйинда ўтди-кетди. Буёғига энди кейинги баҳсга тайёргарлик кўришимиз керак бўлади.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia