Анвар Ҳожимирзаев: "Каннаваро ўз ишининг устаси. "Зенит" билан ўйинда ҳам мухлисларни хурсанд қилмоқчимиз"

Iskandarov Abdulaziz
4 фев 2026, 08:11
Самарқанднинг "Динамо" жамоаси Тошкентда "Машъал"га қарши назорат учрашувида майдонга тушди.

Учрашувдан сўнг жамоа етакчиларидан бири Анвар Ҳожимирзаев янги мавсумга тайёргарлик, йиғинлар ва миллий терма жамоадаги фаолияти ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.

— Йиғинларда барчага бир таймдан имконият берилмоқда. Чемпионат аввалида ҳамма жамоалар деярли бир хил ҳолатда бўлади. Ўзимизга керакли ўйин амалиётини олдик. Мавсумга тайёргарликни бошлаб юборганмиз. 6 февраль куни Дубайга иккинчи йиғин учун йўл олишимиз режалаштирилган. Ўйлайманки, Суперлига стартига тайёр бўламиз, — дейди Анвар Ҳожимирзаев.

— ЦСКА билан ўйинда камбэк амалга оширилди. Буни кутганмидинглар? Чунки икки жамоа даражасида фарқ катта...

— Ўша вақтда терма жамоа билан йиғинда эдик. Албатта, ўйинни кўриб хурсанд бўлдик. Йигитлар катта меҳнат қилишган.

— Олдинда "Зенит"га қарши ўйин кутмоқда...

— Бу ўйинга ҳам яхши тайёргарлик кўриб, мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

— Ўзбекистон миллий терма жамоасидан қайтдингиз. Хитой билан уч бўлимли ўйинда дуранг қайд этилди, "Урарту" устидан ғалабага эришилди. Аввалги йиғинлардан қанчалик фарқ кўрдингиз?

— Ўзига яраша қизиқарли йиғин бўлди. Машғулот жараёнлари ҳам жуда қизиқ ўтди. Иккита ўйин ўтказдик. Охирги учрашувда 4:2 ҳисобида ғалаба қозондик. Ҳар бир футболчига бир таймдан имконият берилди. Умид қиламизки, яна терма жамоага чақирилиб, ўз устида ишлашда давом этамиз.

— Каннаваро борасидаги хулосалар қандай?

— Ажойиб инсон. Машғулотлари қизиқ ва талабчан. Европача услуб десак ҳам бўлади. Бир сўз билан айтганда, ўз ишининг устаси.



Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia