Андижонда ёш футболчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди ФОТО
04 май 2016 14:57
Янгиликлар
Андижонда ёш футболчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди ФОТО
Гап шундаки, “Андижон” профессионал футбол клуби қошида бўлган Бўстон даҳасидаги “Вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”нинг ёш футболчилари яқинда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида ва Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ўтказилган турнирда совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади. Шу боис ушбу мусобақаларда 2-3-ўринларни эгаллаган ёш футболчиларни бугун ота-оналари ва мураббийлари иштирокида тақдирлаб, кичик медаллар ва бир қатор совғалар улашилди.
Ушбу тадбир Бўстон даҳасидаги футбол мактаб биносида ўтказилди. Маросимда “Андижон” ФК ижрочи директори Санжарбек Якуббеков ҳам иштирок этди ва сўз навбати биринчи у кишига берилди. – Ассалому алайкум хурматли ота-оналар, мураббийлар ва болажонлар. Жамоамиз қошидаги футбол мактаб тарбияланувчилари ўзлари иштирок этган мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритиб қайтгани, бизни жуда-жуда қувонтирди. Эртанги кунимиз бўлмиш ушбу болалардан умидимиз ниҳоятда катта. Мухтарам юртбошимиз томонидан миллионлар ўйинига кенг тарзда эътибор қаратилаётганини аълоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Хусусан вилоятимиз раҳбари хурматли Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам футболга катта эътибор қаратиб, унинг ривожи йўлида кенг-кўламдаги шароитларни яратиб бермоқда. “Андижон” футбол клубининг фалсафаси маҳаллий ёшларни юзага чиқариш ва мустаҳкам пойдевор қуриш. Жорий йилдан шу мақсад йўлида ишга қаттиқ киришганмиз. Клубимиз тасарруфида бўлган ушбу футбол мактабидан кўплаб таниқли футболчилар етишиб чиққани ҳеч кимга сир эмас. Сўзимга исбот тариқасида айни дамда ушбу мактаб директори сифатида фаолият юритаётган Бекзодбек Каримовни айтиш мумкин. Умид қиламизки келгусида уларнинг сони ортиб боради. Бу ерда ўз олий лигада ўйнаган бир нечта ёш мураббийлар фаолият юритмоқда. Улар “Андижон” жамоамизга муносиб ўйинчиларни тарбиялаб, етказиб беради деган умиддаман. Барчангизни турнирдаги ажойиб иштирок учун табриклайман – дейди Санжарбек Сирожиддинбекович.
Шундан сўнг сўз навбати “Вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби” директори Бекзодбек Каримовга берилди. – Авваламбор шу ерга келиб тадбиримизда иштирок этиб турганинглар учун миннатдорчилик билдираман. Қўл остимиздаги ёш футболчилар яқинда Бекобод шаҳри ва Шаҳрихон туманида ўтказилган турнирларда совринли ўринлар билан қайтди. Болаларимиз аста-секин ўзларини кўрсатиб бормоқда. Мақсадимиз нафақат “Андижон” футбол клубига балки турли ёшдаги ўсмирлар, ёшлар ва олимпия терма жамоаларига муносиб футболчиларни етказиб беришдир. Бунинг учун сиз ота-оналардан ҳам илтимос қилардимки, биз билан биргаликда ҳамкорликда болаларингизни тарбиясида ёрдам беришларинг жуда муҳим. Уларни тўғри йўлдан етаклаш бизнинг бурчимиздир. “Андижон” жамоамиз томонидан мактабимизга бўлаётган эътибор юқори даражада бўлаётганини айтиш лозим. Вице-президент Абдисоломов Маъруфжон Жамолиддинович бошчилигидаги “Андижон” футбол клуби ходимлари билан доимий аълоқадамиз ва ҳамкорликда иш олиб борилмоқда - дейди Бекзодбек Ҳамидуллаевич.
Сўнгра ёш футболчиларга кумуш медаллари ва бир қатор қимматбаҳо совғалар топширилди. Ушбу турнирда ёш болаларга мураббийлик қилган мураббийлар ҳам эътибордан четда қолмади ва уларга ҳам совринлар топиширилиб, муносиб равишда тақдирланди. Шунингдек футбол мактаби директори ушбу даргоҳда фаолият олиб бораётган мураббий ва шифокорнинг туғилган куни муносабати билан уларни ҳам совға-саломлар билан табриклади.
Тадбир сўнггида сўз ота-оналарга берилди ва улар ҳам футбол мактабида шуғулланаётган фарзандларининг мусобақада совриндор бўлиб қайтганидан мамнун эканлигини яшириб ўтирмади ва фарзандларини ҳам келгусида таниқли футболчилар Лионел Месси, Криштиану Роналду сингари етук футболчи бўлиб етишишини чин дилдан исташларини билдирди.
Шу тариқа тақдирлаш маросимига якун ясалди.
Исломбек Рустамбеков
Фикрлар