"Агар Абрамов кетишимни хоҳламаган бўлса, "йўқ" дея жавоб бериши мумкин эди. "Динамо" сўнгги паллада – "Истиқлол" барча ҳужжатларни юборганидан сўнг таклифни рад этди". Жоэль Кожо амалга ошмай қолган трансфери бўйича изоҳ берди
19 сен 16:32
Янгиликлар
"Агар Абрамов кетишимни хоҳламаган бўлса, "йўқ" дея жавоб бериши мумкин эди. "Динамо" сўнгги паллада – "Истиқлол" барча ҳужжатларни юборганидан сўнг таклифни рад этди". Жоэль Кожо амалга ошмай қолган трансфери бўйича изоҳ берди
Сайтимиз журналисти Абдулвосит Бектемиров футболчи билан боғланди ва вазиятга ойдинлик киритди.
"Мен "Динамо" билан шартномани янгилаш арафасида мураббийга бошқа клубга кетишни хоҳлаётганимни айтдим, лекин бош мураббий биз Суперлигага қайтганимиз ва мен жамоа етакчиси эканлигимни таъкидлаб, ушбу клубга кераклигим ва Суперлигага қайтишга ўз ҳиссамни қўшганимни айтган эди. Шундан сўнг мен ундан агар қачондир бошқа клубдан таклиф тушса, мени қўйиб юборишларига ишонч ҳосил қилишни сўрадим. Ўша пайтда мен ва рафиқам унинг офисида бўлдик ва у таклиф тушса, мени қўйиб юборишини айтди.
Кейинроқ шартнома имзоланганимдан сўнг у мени қўйиб юбориш учун менга қизиқиш билдирган клуб трансфер учун 100 минг АҚШ доллар тўлаш кераклигини билдирди, бу мен учун катта шок бўлди. Агентимга қўнғироқ қилдим ва у менга мураббийга ишонишимни, ортиқча ташвишланмаслигим кераклигини айтди. Шартномани Анталияда, мавсум олдидан ўтказилган йиғинда туздик. У менга агар таклиф тушса, мени қўйиб юборишига ишонтирди ва мен "Динамо" учун ҳар доим чин дилдан ўйнадим. Яқинда Қирғиз Республикаси терма жамоаси билан Эронга қарши ўйнадик ва ўйиндан сўнг "Истиқлол" клуби менга қизиқаётганини билдирди. Мен дарҳол агентим билан боғландим ва ундан "Динамо" бош мураббийи билан гаплашишини сўрадим. Мен ўша вақти терма жамоа сафида эдим. Ўзбекистонга қарши кечган ўйиндан сўнг жамоага қайтдим ва шахсан ўзим мураббий билан гаплашдим. У менга: "Кожо, сени ҳозир қўйиб юборолмайман, чунки бошқа ҳужумчи йўқ", деб айтди. Мен бош мураббийга жамоа учун ўйнашни истамаётганим учун эмас, бу таклиф менинг фаолият учун катта ўсиш бўлиши ва шунинг учун менинг ҳолатимни тушунишини илтимос қилдим. Бу мураббий учун қийин бўлса-да, кейин у рози бўлди ва мени харид қилмоқчи бўлган клуб таклифни юборса, масала ҳал бўлишини айтди.
Кеча кечки машғулотлардан сўнг "Истиқлол" трансфер таклифини юборди ва мураббий менга ҳеч қандай муаммо йўқлиги, директор билан боғланиб, ҳужжатларни имзолашим кераклигини айтди. Орадан бир соат ўтгач, директор агентим билан боғланиб, ҳеч қандай муаммо йўқлиги ва фақатгина бош мураббийнинг рухсатини кутаётганини айтди. Агар бирор нарса бўлса, биз унга қўнғироқ қилишимиз мумкинлигини таъкидлади. Шу вазиятда кечаси вазиятни ҳал этиш учун мураббийнинг офисига бордим, лекин бироз олдинроқ бош мураббийга хабар ёзиб, мени қўйиб юборишга рози эканлигини сўрадим ва у "ҳа" деб жавоб берди. Директор ҳамма нарсани мен учун имзолаши мумкин эди. Ўша кеча директорга 15 марта қўнғироқ қилдим, у менинг қўнғироқларимга жавоб бермади. Трансфер ойнаси ёпилишига 30 дақиқа қолганди. Бутун кечаси билан унга қўнғироқ қилдим, лекин у умуман жавоб бермади. Агентим ҳам бир неча бор қўнғироқ қилди, лекин жавоб ололмадик. Уйга умидсизлик билан қайтдим. Шунинг учун менинг уларга бўлган ҳурматим йўқолди.
Агар у (Вадим Абрамов – таҳр.) кетишимни хоҳламаган бўлса, "йўқ" дея жавоб бериши мумкин эди. "Динамо" сўнгги паллада – "Истиқлол" барча ҳужжатларни юборганидан сўнг таклифни рад этди", - дея сўзлаб берди Жоэль Кожо.
Фикрлар