UZ

Сўнгги янгиликлар

00:43Мбаппеда бир неча ойдан бери руҳий муаммолар бор (L’Equipe)  1 00:16Тайрелл Маласиа 17 ой деганда майдонга қайтмоқда. У бугун ўринбосарлар сафида футбол ўйнайди  0 23:33Шомуродов, Ашурматов ва Файзуллаев ҳам қўшилди. Ўзбекистон МТЖнинг бугунги машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  2 23:19Фрэнк Лэмпард мураббийликка қайтиши мумкин, аммо...  0 22:50Лисандро Мартинес жароҳат сабаб Аргентина терма жамоаси ўйинларида иштирок этмайди  0 22:10Родри "Олтин тўп"да кимларга овоз берган бўларди? Футболчининг ўзи жавоб берди  10 21:42Элдор Шомуродов: "Қатарга қарши ғалаба учун майдонга тушамиз, аммо гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим"  14 21:07"Ливерпуль" академияси: Сен ёлғиз эмассан  1 20:51Рустам Ашурматов: "Жамоавий ўйин бўйича Қатардан устунроқмиз"  3 20:0112 йиллик армон ёхуд "Насаф"ни чемпион қилган Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив интервью   7 19:32ПСЖ бу сафар Тибо Куртуани сотиб олишга уриниб кўрмоқчи  3 19:13Рафинья Ямалга 10 минг фунтлик тилла "iPhone" совға қилди  6 18:41Неймар: "Шу ҳафтанинг ўзида 3 та фейк хабар чиқди. Бразилия менга бундай муносабатда бўлаётганидан хафаман"  12 18:10Беларусь терма жамоаси ҳужумчиси виза билан муаммо туфайли Миллатлар Лигаси учрашувини ўтказиб юборади  0 17:46"Бавария" Ян Кристиан Дризен билан шартномани узайтирди  1

Аброр Пирриев: "Рамазон ойи муносабати билан ПФЛга ўйин пайти футболчи алмаштиришни 5-6та қилиб белгилашни таклиф қиламан" Янгиликлар

Аброр Пирриев: "Рамазон ойи муносабати билан ПФЛга ўйин пайти футболчи алмаштиришни 5-6та қилиб белгилашни таклиф қиламан"

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Локомотив" футбол клуби шифокори Аброр Пирриевдан интервью олдик.

Интервью мобайнида Аброр Пирриев рўзадор футболчиларнинг кун тартиби қандай бўлиши, улар кўпроқ нималарга эътибор қаратиши лозимлиги, шунингдек машғулот ва ўйинларни бошлаш вақти ва бошқа саволларга жавоб олдик. 

- Аброр ака, мана муқаддас Рамазон ойи ҳам кириб келди. Турли соҳаларда фаолият олиб бораётган халқимиз қатори спортчилар, хусусан футболчилар ҳам муқаддас ойда рўза тутишади. Албатта, бунда шароит ҳаммада бир хил бўлмайди. Масалан, кимдир эрталабдан кечгача салқин хонада ўтириб рўза тутиши мумкин. Кимдир кун бўйи кўчада юриб, кимдир ҳайдовчилик, кимдир ўқитувчилик қилиб фарз амални бажаришга ҳаракат қилади. Бу ўринда футболчилар ҳолатини тўғри тушунамиз. Улар ҳар кунлик машғулотларда қатнашади, ўйинларда майдонга тушадилар. Рўза тутиш фарз бўлгани учун футболчилар ҳам бир ой мобайнида шунга амал қилишга ҳаракат қиладилар. Табиийки бу ўринда спортчилар рўза тутмаса бўладими деган савол ортиқча бўлса керак?

- Аввало шуни айтиш керакки, динимизда табобатга, инсонлар саломатлигини ўйлайдиган шифокорларга катта масъулият юкланган ва шу билан бирга ҳеч бир соҳа вакилига берилмаган ҳуқуқ берилган. Масалан, табиб ўз хулосаси билан ҳатто фарз амал рўза тутишда ҳам кимгадир истисно қилиши мумкин. Лекин муқаддас Ислом динимизда рўза тутиш ҳар бир вояга етган, соғлом мусулмон учун фарз деб белгиланган. Биласиз, истисно тариқасида келтириб ўтилган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Шу ўринда айнан футболчиларнинг рўза тутиши билан боғлиқ саволлар кўп берилмоқда, ўзимга ҳам бир неча бор шу савол билан мурожаат қилишди. Масалан, "Ҳозир бизда об-ҳаво нисбатан яхши, аммо бу ўринда ўйинлар бошланадиган вақтни ҳам инобатга олмоқлик дуруст. "Пахтакор" ва "АГМК" клублари ОЧЛ сабаб араб давлатларида бўлиб туришибди ва бизга нисбатан анча иссиқ бу мамлакатларда рўза тутиш футболчиларга салбий таъсир қилмайдими, ахир улар жуда кўп сув йўқотади ва бу ҳол соғликка жиддий зарар етказиши мумкин" каби саволлар кўп бериляпти. 

Шунингдек, Рамазон ойи бошланиши билан баъзи мураббий ва мутасаддиларимиз хавотирга тушиб қолишлари ҳам бор гап. Чунки улар ҳам футболчиларнинг тўлақонли жисмоний ҳолатда майдонга тушиши ҳақида қайғуради. Сабаби маълум. Ҳатто менга "Сиз шифокор сифатида футболчиларга рўза тутмасликларини айтишингиз керак" деган ҳолатлар ҳам бўлди. Тўғри, шифокор сифатида мен учун футболчиларнинг саломатлиги биринчи ўринда.

Аммо гап динимиздаги фарз амални бажариш ҳақида борар экан, ҳар қандай ҳолат четга сурилиши турган гап. Шу зайлда ўйин куни рўза тутиш-тутмаслик ҳақидаги гаплар кўпайгач, айрим клуб шифокорлари, мутасаддилардан менга йўналган савол-у сўровлар кўпаявергач бу масалани узил-кесил очиқлаш учун диний идорага мурожаат қилишга қарор қилдим. Чунки тиб илмини эгаллаган ҳар бир табиб-шифокор учун инсонлар соғлиги ҳақида қайғуриш ҳам вожиб-фарз амалга айланади. Шу сабаб мен футболчи соғлиги нуқтаи назардан баъзи бир жиҳатларни эътибордан қолдириб, қиёматда жавоб бериб юрмай деган маънода яна бир бор илм аҳли билан маслаҳатлашиб олишга қарор қилдим.

Мавзуга жавоб топиш учун диний идорага иккита савол билан мурожаат қилдим. 1. Рўза тутиши фарз бўлмаганлар ичида оғир меҳнат қилувчи инсонлар ҳам бор деб ўқиганмиз. Ички чемпионат ёки халқаро расмий ўйинларда майдонга тушган футболчи иши меҳнатнинг оғир турига кирадими ва шу сабаб билан улар рўза тутмаслиги мумкинми? 2. Жамоа шифокори ўйин кунларида футболчилар соғлиги нуқтаи назаридан уларга рўза тутмасликни, бунинг эвазига бошқа кун қазо қилиб ушлашгани маъқуллигини айтиб тавсия бериши мумкинми?

Профессионал футболнинг ўзига хос жиҳатларини тушунтирарканман, диний ирода вакиллари бу бироз нозик масала эканлиги, буни устозлар билан маслаҳатлашиб кейинроқ жавоб беришини айтишди. Орадан уч кун ўтиб диний идора ҳар икки саволимга "йўқ" деган жавобни берди. Яъни, улар айтишди-ки, футбол ўйини учун ҳарқанча меҳнат қилинмасин, у рўза тутмаслик учун сабаб бўла олмайди. Клуб шифокори футболчиларга фақат: соғлигинга зиён етказмайдиган даражада ҳаракат қил деб тавсия бериши мумкин дейишди. Сафар ўйинларида эса рўза тутмаслик (сафар 15 кундан ошмаса) мумкин, қазосини тутиб бериш шарти билан дейишди.

Хулоса қилиндики, биз асосий қисми мусулмонлар ташкил қилувчи давлатда яшаймиз. Рўза тутмоқлик Аллоҳ Таоло буюрган фарз амал, демак, барча фаолият тури рўза тутишга шароит яратиш йўлида мосланиши керак. Шу жумладан футбол ҳам. Жамоаларда мутасаддилар бунга етарли шароит яратиб беришлари керак. Шундай экан, мен ҳам шифокор сифатида мутасаддиларимиздан Рамазон ойида рўза тутмоқликни ният қилган футболчилар соғлигини ўйлаган ҳолда уларга шароит яратиб беришларини сўраб қолган бўлардим.

- Масалан, бу шароитларни нималарда кўришни истардингиз?

- Масалан оддийгина коронавирусни деб чемпионатимиздаги ўйинларда футболчи алмаштиришни 5та қилиб ўзгартирдик. Шундай экан, нима учун динимизнинг фарз амалини адо этмоқлик учун яна шу пунктни киритишимиз – Рамазон ойидаги ўйинларда футболчи алиштиришни 5 ёки 6 та қилиб белгилашимиз мумкин эмас. Қолаеверса, айнан ушбу ойга Кубок ўйинлари тўғри келмоқда, келинг захирада ўтирган, кучга тўла ёшларга ҳам имкон берайлик.

- Бундан олдинги йилларда Рамазон ойи анча иссиқ маҳалга тўғри келган. Нега ҳозирга келиб бу масалага жиддийроқ ёндошилмоқда?

- Яхши савол. Илгари жамоаларимизда ҳозиргидек кўпчилик намоз ўқимасди. Мисол учун МТЖда фаолиятимни бошлаганимда бундан ўн йиллар илгари бирор бир футболчи намоз ўқиганини кўрмаганман. Балки 1-2 таси яшириб ўқигандир. Анча вақт ўтиб 4-5 нафар футболчи ўқирди-ю, аммо буни жамоа сезмасди ҳам.

Аммо бугунга келиб МТЖга чақирилаётган футболчиларнинг катта қисми беш маҳал намозни канда қилишмайди. Клубларда, ҳатто МТЖда кун тартиби намоз вақтларини инобатга олган ҳолда тузила бошланди. Бу албатта, қувонарли ҳол. Эсингизда бўлса, илгарилари машҳур футболчиларнинг тунги клубларда кўришгани, бемаҳал кўчада дайдиб юришгани ҳақида турли гап-сўзлар қулоққа чалинарди. Ҳозир эса уларни мажбурлаб ҳам бундай жойларга олиб бора олмайсиз. Бир-иккита кекса авлод вакиллари қолмаган бўлса (кулади).

Айтмоқчиманки, кўз ўнгимизда футболдаги авлод алмашиб улгурди ҳамда бугунги ёш авлод футболчиларимизнинг дунёқараши, маънавий тафаккури умуман ўзгача ва бу ҳолат муқаддас динимизнинг тарбиявий мезонлари асосида шаклланаётгани қувончли ҳол.

Шундай экан, Рамазон ойида футбол ўйинларини ўтказиш масаласини кўтарадиган, рўзадор футболчилар учун қулайлик яратишнинг қандайдир мезонларини ишлаб чиқадиган вақт келди. Бу борада биз шифокорларда алоҳида масъулият бор. Агар мен шифокор бўла туриб бу жуда нозик масала, аралашмаганим маъқул деб юрсам-у, эрта-индин майдонда кўнгилсиз воқеа рўй берса, барча зарба бизга келмайдими? 

Бу ўринда рўзадор футболчиларнинг тўғри оғиз ёпишлари ҳамда тўғри оғиз очишлари учун белгиланган кун тартибини юзага келтириш ва имкон қадар машғулот ва ўйинлар пайтини кечки салқинга қўйиш лозим бўлади. Ва оғиз очар маҳал шунга мослаб овқатланиш тартибини ташкил қилиш керак бўлади. 

- Демак, бу ойда сиз шифокорларда масъулият янада ортаркан-да?

- Фақат бизда эмас, масъулият шу қатори рўзадор футболчиларда ҳам ортади. Айтмоқчи бўлганим, рўза тутиш фарз, аммо футбол ҳам уларнинг касби. Яъни футболчининг майдонга чиқиб ўз ишини қойилмақом тарзда бажариши фақат ўзининг эмас, балки атрофдаги кўпчиликнинг, хусусан, бутун клуб хизматчиларининг, мусулмон ва мусулмон бўлмаган инсонларнинг оиласига олиб борувчи ризқни, Ватан шаънини, мухлислар ишончини белгилаб беради.

Шу боис ҳам Рамазон ойида футболчиларда бўлган масъулият икки ҳисса ортади. Шу боисдан рўзадор футболчи муборак ойда вақти ва кучини ҳуда-беҳуда сарфламаслиги, зарур бўлмаганда бошқа юмушларга чалғимаслиги, кечки машғулот ёки ўйинга яхшилаб куч асраши учун туш маҳали ухлаб олишни канда қилмаслиги керак. Бу ўринда тўғри овқатланиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

- Ғарб давлатларида одатда оғиз очгандан кейин орадан икки-уч соат ўтиб футбол ўйинлари ўтказилади. Масалан, ОЧЛда АГМК иштирокидаги баҳслар Саудия Арабистони вақти билан 22:00да, Тошкент вақти билан 00:00да старт олади. Лекин бизда бунинг имкони йўқ. Суперлига баҳслари бошланиш вақтига қарасак, аксар ўйинларнинг биринчи таймидан сўнг оғиз очар маҳалга тўғри келяпти. Биз ҳеч қачон 19:00дан кейин оғиз очиб, 22:00дан сўнг фтубол ўйнай олмаймиз. Бунга қандай қараган маъқул? 

- Рамазон ойидаги ўйинларни оғиз очгандан сўнг бошлаганимиз мақсадга мувофиқ, албатта. Агарда барча ўйинларни ушбу вақтда бошлашнинг имкони бўлмаса, келинг, мамлакатимизнинг нисбатан иссиқ ҳудудларида ўйинлар бошланишини оғиз очиш вақтига мўлжаллаб, салқин ҳудудларда ҳеч бўлмаса биринчи бўлим тугаши билан оғиз очмоқлик мумкин қилиб белгилансин. На униси, на буниси тўғри келмаса, у ҳолда ўйин пайти "Ифторлик тайм" қилишимиз керак. Шундоқ ҳам куннинг иссиқ кунида сув ичиб олиш учун ҳакамлар бир муддат ўйинни тўхтатишлари мумкин-ку. Шунинг ўрнига оғиз очиб олиш учун ўйин бир муддат тўхтатиб турилса кифоя, боз устига мухлислар ҳам ўйинга чалғимай, бор нарсалари билан бемалол енгил ифторлик қилиб олишади.

- Энг асосийси оғиз очиб, бироз сув ичиб олишсин демоқчисиз-да?

- Албатта. Майдонда 90 дақиқа югураётган футболчи соғлиги учун энг асосий омил сув. Организмда мудом етарли сув бўлиши муҳим омил. Қачонки организмда сув йўқолиб унинг ўрни тўлдирилмаса, бу ҳолат бирламчи зарарни келтириб чиқаради. Масалан, Саудия Арабистонида рўза кунлари фақат профессионал футболга рухсат берилиб, болаларга тегишли барча ёш тоифасидаги мусобақалар вақтинча тўхтатилади. Нима учун? Чунки болалар танасидаги сув миқдори жуда катта, 80 фоизгача. Ва бу ўринда боланинг кўп сув йўқотиши оғир ҳолатларга олиб келиши мумкин. Шу боис ҳам бежизга динимизда балоғат ёшига етганидан сўнг рўза тутсин дейилмаган. Ёши катта ҳамда яхши шаклланган организмда ҳам сув инсон танасининг кўп қисмини (65-70%) ташкил қилгани билан сув қанча кўп сарфланса ҳам унинг ўрнини кейинчалик қопласа бўлади ва қоплаш пайти келгунча организм чидаб бера олади. Иссиқлик ёки намлик жуда юқори бўлиб, сув ва туз алмашинуви бузилиб, организм чидамлилиги панд бериб, бунинг оқибатида футболчи йиқилиб ёки ҳушидан кетиб қолмасин деган хавотир ҳам шунда. 

- Футболчи оғиз очиши билан бирор нима ейиши масаласи-чи?

- Энг муҳими, оғизни очиб олиш ҳамда аввало сув ва енгил ҳазм бўладиган меваларнинг борлиги етади. Ҳеч ким тўйиб овқатланиб олайлик, кейин майдонга чиқиб югурамиз демайди. Асосий мақсад қорни тўқ ҳолда майдонга чиқиш эмас, чунки ейилган таом барибир бирданига танага сингмайди, камида тўрт соат вақт керак бўлади. Бу ўринда футболчига ифторлик ва саҳарлик пайти еган овқати куч бўлади, холос. Мақсад эса айтиб ўтганимдек сув. Одам танаси шундай яратилганки, очликка узоқ муддат чидаши мумкин, лекин сувсизликка эмас.

Cуперлига 6-тур бошланиш вақтларига эътибор берсак, Қўқондаги "Қўқон-1912" - "Металлург" баҳси 16:15да бошланар экан. Ўйин тугаганидан кейин оғиз очиш учун ҳали бир соатча вақт бўлади. Лекин футболчилар икки тайм югуришини ҳисобга олсак, организм бу пайтда фақат сув талаб қилади. Шундан келиб чиқиб мутасаддилар кейинги беллашувлар вақтини белгилашда мана шу жиҳатларга эътибор қаратишса яхши бўларди.

Рўза тутиш қачон фазилатли бўлади? Масалан, рўза тутиб кун бўйи кондиционерли хонадан чиқмаслигингиз ҳам мумкин. Рўза тутиш қачонки доим қилиб юрган ишингизни рўза тутиб ҳам бир маромда давом эттирсангиз, ана шунда фазилатли бўлади. Инсон танаси ҳар қандай шароитга мослашувчан мураккаб ва мукаммал қилиб яратилган. Ғайратли инсон қандай иш билан машғул бўлмасин, фарз амал рўзани тутиш учун ўзида ирода топа олади. Бизни ҳам шундай иродалилар сафида қилишини Яратгандан сўраб қоламиз.

Х.Холиқов суҳбатлашди. 

Рейтинг: +14   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика