40 ёшигача майдонда жавлон урган Абдумажид Тоиров 45 ёшга тўлди
05 авг 2019 19:48
Янгиликлар
40 ёшигача майдонда жавлон урган Абдумажид Тоиров 45 ёшга тўлди
Абдумажид ака бугун 45 ёшга тўлдилар. Метин ҳимоячи сифатида танилган Тоиров 1996 йили Термизнинг АСК клубида профессионал футболчилик фаолиятини бошлаган. Беш йил давомида “Сурхон” клуби шарафини ҳимоя қилган футболчи 2000 йили Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси сафига бориб қўшилади. Айнан водий жамоаси таркибида у фаолиятидаги юлдузли онларини ўтказган, десак янглишмаймиз.
Олти йил мобайнида “Нефтчи” сафида ўйнаган Абдумажид Тоиров кейинчалик “Тўпаланг”, “Қурувчи”, “Олмалиқ”, “Хоразм”, “Андижон”, “Навбаҳор” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. “Нефтчи” таркибида мамлакат чемпиони бўлди. Тўрт марта Ўзбекистон кубогининг финалида ўйнади, лекин бу совринни ютиш насиб қилмади.
Беш йилдирки, Абдумажид ака мураббийлик фаолиятини олиб боряпти. Биз бугун оиласи даврасида таваллуд айёмини нишонлаётган Абдумажид Тоировдан фаолияти хусусида қисқача интервью олдик.
- Абдумажид ака, бугунги кунда мураббийлик фаолиятини олиб боряпсиз. Бу фаолият қандай бошланган?
- Албатта, футбол ўйнаб юрган кезларимдаёқ, бир кун келиб мураббий бўламан, деб ўз олдимга мақсад қўйгандим. Фаолиятимнинг сўнгги йилларида ўзимни шунга тайёрлаб бордим. Кўз тегмасин, ҳозирча ҳаммаси кўнгилдагидек кетяпти.
- Мураббийлик сиз ўйлагандек қийин эканми? Чунки, футболчилик даврида бу сизга билинмаган бўлиши мумкин. Мана энди мураббийларга осон эмаслигини тушуниб етяпсизми?
- Ҳа, бошида озгина ноқулай эди. Сабаби, мен ҳамиша мураббий қаршисида туришга ўрганиб қолгандим. Энди эса аксинча, футболчиларга юзма-юз турибман. Уларга футбол ўйнашни ўргатишим керак. Вақт ўтиши билан ўзим учун янги оламга кўникиб боряпман. Биласизми, агар қилаётган ишингиз сизга маъқул келса ва ундан қайсидир маънода қониқиш хосил қилсангиз, ўша сиз айтган қийинчиликлар билинмайди. Тўғри, мураббийлик иши осон эмас. Лекин машғулот чоғида шунчалик жараёнга киришиб кетасизки, баъзи муаммоларни тамомила унутасиз. Худдики, сиз билан футболчилардан ташқари ҳеч нарса йўқдек атрофда.
- Футболчилик фаолиятингиздан кўнглингиз тўлганми? Ҳар ҳолда 40 ёшингизгача тўп тепдингиз. Бўлди, фаолиятингни тугат энди, деганлар бўлганми?
- Албатта бўлган. Бобур ака Ҳайдаров шундай деб кўп ҳазиллашардилар. Фаолиятимдан кўнглим тўлган. Фақат Ўзбекистон кубогини қўлга кирита олмаганимдан кўп ҳолатларда афсусланаман. Озгина аламли ҳам бўлган. Чунки тўрт маротаба кубокнинг финалида ўйнаганман.
Келинг, шу ўринда ният қилайлик, Абдумажид Тоиров футболчилик даврида эриша олмаган ютуқларига мураббий сифатида эришсин! Бугунги таваллуд айём эса яна бир бор муборак бўлсин!
Фикрлар