UZ

Сўнгги янгиликлар

23:07ЕЧЛ. "Боруссия Д" – ПСЖ. Асосий таркиблар аниқ!  5 22:52Иброҳимҳалил Йўлдошев: "Хурсандчилик ўтиб кетди. Ҳозир финалга тайёргарлик кўряпмиз"  7 22:30U-23 Осиё кубоги. Финалга етакчиларсиз тайёргарлик бошланди  11 22:08Эрон. "Истиқлол" очко йўқотди ва биринчи поғонани хавфда қолдирди. Машарипов деярли тўлиқ ўйнади  0 21:35"МЛС – Месси учун болалар майдончаси"  2 21:15Ўзбекистон Суперлигаси. 6-турда ишлайдиган расмийлар   2 20:55Тухель ЕЧЛда ғолиб бўлган тақдирда ҳам клубдан кетиши аниқ  2 20:38"Барселона" ўйинчиси 2025 йилга қадар сафдан чиқди  2 19:25Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Венгрияга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказади  3 19:06Футбол олами. Хайр, "Насаф", ОКМК ва "Локомотив": Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи якунлари   3 18:40Карвонларга посбон бўлган сарбон билан Париж сари борамиз  5 18:25"Атлетико" Облакни сотишга тайёр  4 17:56Баҳром Вафоев номидаги стадион прожекторлари талаб даражасига етди  6 17:32"Сурхон" собиқ устози "Нефтчи"да иш бошлади  5 17:15Ўзбекистонлик назоратчи Ироқ – Индонезия баҳсида фаолият юритади  3

"Пахтакор-79" авиаҳалокатининг янги тафсилотлари Янгиликлар

"Пахтакор-79" авиаҳалокатининг янги тафсилотлари

"Пахтакор" собиқ футболчиси 1979 йил 11 августдаги самолёт ҳалокати ҳақидаги янги маълумотларни ошкор қилди.

Март ойида Ўзбекистонга келган россиялик таниқли футбол журналисти Игорь Рабинер Элдор Шомуродов ҳамда Равшан Эрматов билан уюштирган интервьюларидан кейин "Пахтакор-79" ҳақидаги навбатдаги мақоласини эълон қилди. 

Боткин номидаги Тошкент қабристони. Кириш жойида чиройли ёдгорлик бор. Ҳудуд унга ажратилган. Марказда тўпга интилаётган дарвозабон, унинг атрофидаги ҳалқада Ўзбекистон учун даҳшатли кунларнинг бирида, 1979 йил 11 августда ҳалок бўлган 17 нафар "Пахтакор" футболчисининг исми келтирилган. Юқорида "Пахтакор-79". Помним. Чтим. Гордимся" ёзуви жойлашган. 

Ҳақиқатан ҳам эслашади, ҳурмат қилишади ва фахрланишади. Ўзбек футболи вакилларидан ким билан гаплашсангиз, суҳбат 1979 йилга бориб тақалади. У 1949 йилда "Торино", 1958 йилда "Манчестер Юнайтед", 2016 йилда "Шапекоэнсе" футбол клублари билан рўй берган катта фожиалар қаторига киради. Фақат мавзуни тез-тез кўтариб туриш керак. Мудҳиш ҳодиса ҳақида тинглаб, негадир фожиали тасодиф эсга тушди: "Пахтакор" ҳам, Ярославлнинг "Локомотив" хоккей клуби ҳам Минск шаҳрига етиб бора олмаган...

Мен масканга бориб, гул қўйдим. Дарҳақиқат, бу қабристонда фақат 5 киши дафн этилган – қолган 12 киши Ўзбекитон бўйлаб ўз ҳудудида дафн қилинган. Ҳар йили 11 август куни қурбонларнинг барча қариндошлари ва Украинанинг Днепродзержинск яқинидаги Куриловка қишлоғи устида ҳавода тўқнашган икки фуқаролик самолёти фожиасини ўзидан ўтказган кўплаб оддий одамлар, мухлислар бу ерга йиғилишади.

Суҳбатлардан бирида менга маълум бўлишича, мухлислардан бири Ўзбекистондан ҳалокат содир бўлган жойга велосипедда (!) борган ва у ердан ҳаётдан кўз юмган ҳар бир футболчининг қабри учун бир ҳовучдан тупроқ олиб келган. У ерда, Куриловкада ҳам "Пахтакор-79" ҳайкали мавжуд.

Ўзбекистонга келиб,  бу мавзуда гаплашмасак бўлмасди. Суҳбатдошларим жароҳат туфайли ўша самолёт бортига чиқмаган "Пахтакор-79" тажрибали ўйинчиси Тўлаган Исоқов ва жамоа сардори, СССР терма жамоаси ярим ҳимоячиси Михаил Аннинг ўғли Дмитрий Ан бўлди.

"Жароҳат ҳаётимни сақлаб қолди". 1979 йил жароҳати туфайли ҳалокатли парвоздан четда қолган "Пахтакор" футболчиси Тўлаган Исоқов монологи

— 1979 йил 27 май менинг иккинчи туғилган кунимга айланди. Ўша куни "Пахтакор"имиз Москвада "Динамо" билан ўйнади ва рақиблар ҳимоячиси "Автоген" лақабли Александр Новиков менга жиддий жароҳат етказди. Ўйиндан келиб чиқиб шундай бўлганди, у атайин қилганди, дейишдан йироқман. Аммо Новиков мени қаттиқ ранжитган. Мен дарҳол уни жавоб ўйинида "ўлдириш", узоқ вақт эслаб қолиши учун оёғига тепиш режасини амалга оширишга тайёргарликни бошлагандим.

Буни қарангки, шу жароҳат менинг ҳаётимни сақлаб қолди. 11 августга қадар тузалишга улгурмадим ва Минскдаги ҳалокатли рейсга чиқмадим.

16 ноябрь куни "Динамо" иккинчи давра ўйини учун Тошкентга келди — аллақачон Олий лиганинг барча клублари футболчиларидан йиғилган бутунлай бошқа "Пахтакор" билан ўйнаш учун. Мен ўйнамадим — фожиадан кейин руҳий тарафлама оғир аҳволга тушиб қолдим, кейин бирорта ҳам ўйин ўтказмадим ва фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Ўйиндан кейин отамнинг илтимосига биноан Новиковнинг олдига яқинлашдим ва... уни уйимизга таклиф қилдим. "Отам сиз билан учрашмоқчи", дедим. "Динамо" эртаси куни учиб кетиши керак эди, шунинг учун бунга имконият бор эди.

Улар келишди. Отам дарров Александрга чопон кийдирди. Новиков "Бу нима?" деб ҳайрон бўлди. Мен: "Отам менинг ҳаётимни сақлаб қолганингиз учун сизга раҳмат айтди", дея жавоб бердим.

Уни палов билан меҳмон қилдик. Ҳаммаси бўлиб 28 хил палов бор, лекин отам Фарғона водийсидан бўлгани учун Фарғона ошини тайёрлаган. Бу таом ҳар доим эркаклар томонидан пиширилади. У билан Стрельцов, "Спартак"чилар ва 1975 йилги Кубок эгалари кубоги, Суперкубок соҳиби Киевнинг "Динамо"си авлодини меҳмон қилганмиз. Улар эса жавоб тарзида бизни Украина ошхонаси билан қарши олишган. Биз айнан футбол майдонида рақиб эдик, ўйиндан кейин эса ҳамма ўртоқ эди.

Ўша 79-йилнинг баҳорида, апрель ойида биз бўлажак чемпион "Спартак" билан ўйнадик. Эсимда, негадир, Москвада эмас, балки бошқа шаҳарда – Украинанинг Ворошиловград вилояти Стаханов шаҳрида тўп тепганмиз. Марҳум футболчиларимиз тириклик чоғида. Ўйин дуранг билан якунланган – 1:1. "Спартак" таркибидан Олег Романцев, ўзимиздан мен гол урганман. У билан бир-биримизга қарши ўйнаганмиз, чунки у қанот ҳимоячиси, мен эса қанот ҳужумчиси эдим. 

Бу гол футболдаги охирги голим эди. Ўша ўйинда қатнашган "Пахтакор"нинг 13 нафар футболчиси бир неча ой ўтиб Минскка уча олмади ва улардан фақат тўрт нафари тирик қолди.

Шарифим – Ўлмасович – ўзбек тили "ўлмайсан" деб таржима қилинади. Ўшанда мен тирик қолдим. Исмим эса Тўлаган – "тўлаган" деган маънони англатади. Исмимни шундай қўйишган, чунки мендан олдин тўққиз нафар фарзанд, ака ва опаларим вафот этишган. 30-йилларда – очлик ва касалликдан. Мен туғилганимда, ота-онам Тўлаган деб исм қўйган. 1979 йилнинг августида тақдир мени чинакамига қутқарди.

Жамоа сардори Михаил Ан ҳам жароҳатда эди, аммо у йигитларни қўллаб-қувватлаш учун ўша самолётга чиққан. Фалокатга қадар биз кетма-кет тўртта ўйинда – "Ростов" СКА, "Нефтчи", "Динамо" Минск ва "Заря"га қарши ўйинларда ғалаба қозонгандик. Умумий ҳисоб – 9:2. "Минск" билан жавоб ўйинида бу серияни давом эттирмоқчи эдик.

Ан ажойиб йигит эди, майдонни ўзига хос тарзда кўрарди. Фаолиятининг бошида ярим тайм ҳам ўйини чиқмаган, танаффусда бутсасини михга илишни ҳам ўйлаган: "Қандай қилиб шундай иссиқда футбол ўйнаш мумкин?" деганди, кейинчалик кўникиб кетди. Бутун совет футболида бундай моҳир ўйинчилар бармоқ билан санарли эди – Володя Гуцаев, Давид Кипиани... Ан деярли юлдузга айланди – уни бежиз СССР терма жамоасига таклиф қилишмаганди. У Владимир Фёдоров билан биргаликда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган..

Фёдоров ҳам жуда яхши ҳолатда эди, у мунтазам равишда миллий терма жамоага чақириларди, 1976 йилги Монреаль Олимпиадасида ўйнади ва бронза медали соҳибига айланди. Таркибда фақат киевликлар ва у бор эди. Шу билан бирга, у ўз республикасига жуда содиқ эди. Ўша Киев уни кўп марта таклиф қилган, лекин у буни хоҳламади! Ундан доим "Нега "Динамо Киев"га бормайсиз? Европани кўрасиз, ҳамиша еврокубокларда ўйнайсиз. "Пахтакор"да нима бор сизга?", дея сўрашарди.  У "Пахтакор" чемпион бўлмагунича бу ердан кетмайман", деб жавоб берарди.

Ва у кетмади...

Мен ҳам Ан каби жамоа билан бирга учишим мумкинмиди? Ҳа, мумкин эди. Бироқ менга яна омад кулиб боқди.

8 август куни "Пахтакор" ўз майдонида "Заря"ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Мен кийиниш хонасига кириб, йигитларни табрикладим ва 9-куни даволаниш учун Москвага машҳур жарроҳ Зоя Сергеевна Миронова ҳузурига учиб кетдим. Тошкентда операция қилингандим, у эса қараб қолди ва шундай деди: "Сизда ростдан ҳам шундай жарроҳлар борми? Шунчаки ажойиб! Сиз шу даволанишни ўша ерда ҳам ўтай оласиз. Вазиятга қаранг, хоҳласангиз шу ерда, хоҳласангиз Тошкентда муолажа олсангиз бўлаверади".

"Заря"га қарши баҳсдан кейин кийиниш хонасида улар менга: "Оқсоқол, тезроқ қайт!" дейишди. Мен жамоа фахрий ўйинчиси эдим, йигитлар менга шундай мурожаат қилишарди. Уларнинг тилагини эсладим ва хотинимга қўнғироқ қилдим, бундан кейин нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат олиш учун Республика спорт қўмитасига боришини сўрадим. Шундан сўнг у менга: "Улар қайтиб келишингизни айтишди. Эртага жамоа билан Минскка учиб, у ердан Қўрғонга профессор Илизаров олдига борар экансиз". 

Кейин эса СССР футбол федерациясида ишлаган собиқ мураббийимиз Вячеслав Соловьёвга "Мен ҳозиргина келдим, улар эса менга яна ортга учишимни айтишди", дедим. У: "Сен мавсум сўнгигача сафдан чиққансан. Олти соат учдинг. Москвада икки-уч кун дам ол, кейин учасан", деди. Унга қулоқ солдим ва қолдим. Маълум бўлишича, ўшанда нафақат Новиков, балки Соловьёв ҳам ҳаётимни сақлаб қолган экан.

11-куни айнан Соловьёвнинг рафиқаси менга қўнғироқ қилди: "Сен — иккинчи Бобровсан!" Аввалига у нимани назарда тутаётганини тушунмадим. Кейин тушунтирди. Всеволод Бобров ҳам 1950 йилда ВВС хоккей жамоаси ҳалок бўлганида самолёт ҳалокатидан мўжизавий тарзда қутулиб қолган. Кейин Спорт қўмитасига бордим, шундан сўнг Тошкентга учиб кетдим.

Бош мураббий Олег Базилевич ҳам четда қолиб, омон қолган. У Сочига учиб кетган, унга раҳбарият рухсат берган – узоқ вақт давомида кўришмагандик. У ўша ердан Минскдаги ўйинга учиб келиши керак эди. Унга жуда оғир эди, буларнинг барчасига чидай олмаган. Унинг сўзларига кўра, капитан кемани охирги бўлиб тарк этади, лекин у ўша кемада бўлмаган. У ич-ичидан ўзини айбларди. Лекин у нимада айбдор? Мавсум охиригача ишлади ва кетди.

Мен ҳам улар билан бирга бўлмаганим учун ўзимни айблардим. Биз кўп миллатли, бир бутун жамоа эдик.

---------------------------------------------------------------------------------------

Ўшанда маҳаллий тарбияланувчилардан иборат яхши жамоа шакллантирилганди. Олдимизга юқори мақсадлар қўйилганди. Рақобат зўр эди. Фалокатдан олдин биз СССР чемпионатининг Олий лигасида кетма-кет тўртта ўйинда ғалаба қозонганимиз бежиз эмас!

Биз учун ёмон бўлгани ҳар йили мураббий алмашиши эди. Мени Михаил Якушин кашф қилган. Ўйлайманки, у ва Вячеслав Соловьёв мен ўйнаган 13 йил давомида жамоа учун энг кўп иш қилди. Эҳ-ҳе, кимлар билан ишламадим дейсиз – Аркадьев, Елисеев, Красницкий, Башашки... Ва 79-йилдан олдин Александр Кочетковни Базилевич алмаштирганди. У янги ўйин услубини сингдира бошлади – тажовузкор, худди Валерий Лобановскийнинг "Динамо" Киевидаги каби.

Дарвоқе, триумфаль 75-йилда Тошкентда Соловьёв қўл остида Базилевич ва Лобановский бошчилигидаги киевликларни 5:0 ҳисобида мағлуб этганмиз. Миша Ан ва мен дубль қайд этгандик. Бу октябрь ойида бўлган эди, июнь ойида эса биз уларни Киевда 1:0 ҳисобида ютганмиз, яна мен гол ургандим!  Бу улар Кубок эгалари кубоги финалида "Ференцварош"ни 5:0 ҳисобида таслим қилганидан кейин бўлиб ўтган. Умуман олганда, 5:0 ҳисобидаги учрашув "Бавария" билан кечган Европа Суперкубоги ўйинидан 11 кун ўтиб бўлган!

Базилевич буларнинг барчасини яхши эслаб қолгани боис менга жуда ҳурмат билан муносабатда бўлган. Мавсум ўрталарида 30 ёшда футболни тарк этганимда ҳам у мени мураббийлар штабида сақлаб қолди, чунки мен барча маҳаллий йигитларни жуда яхши билардим.

Ўзбекистоннинг афсонавий футболчиларидан бири Биродар Абдураимов 1978 йилда "Пахтакор" мураббийлар штабида ишлаган. 1979 йилда Иккинчи лига жамоасини бошқаришга ўтган ва бу уни фалокатдан қутқариб қолганди. Дарвозабон Саша Яновскийга ҳам омад кулиб боқди. Ўша йили у "Пахтакор"га ўтди, мавсумни асосий таркибда бошлади, аммо кейин Сергей Покатиловга рақобатни бой берди. Натижада бир кун аввал ўринбосарлар билан учди. Бу ҳам тақдир!

Ўша пайтда қанча одам ўлганини дастлаб ҳеч ким билмас эди. Кўпчилик халок бўлган, деган қўрқув бор эди, чунки одатда ўринбосарлар асосий таркиб билан бирга учарди. Ўшанда Минскка алоҳида жўнаб кетилган. Ака-ука Эшбўтаевлар икки киши эди, улардан бири ўринбосарлар билан йўл олган.

Жамоа билан бирга учиши керак бўлган массажчи Анатолий Дворников ва журналист Олег Якубов бир кун аввал зиёфатга чиққани ва парвозга улгурмагани ҳақида маълумотлар бор. Улар маст ҳолатда бўлишгани учун бортга киритилмаган. Дворников дарҳол жамоадан ҳайдалган. Тизим қаттиқ эди – футболчилар тартибни бузганликлари учун муносиб жазо олишарди. Ва маълум бўлишича, у шу билан ўлимдан қутулган...

Кейин эса "Пахтакор" ҳалокати сири" фильми чиқди. Самолёт қандайдир ҳарбий объект устидан учиб ўтаётганда уриб туширилиган бўлиши мумкин, деган версия мавжуд эди. Ишонмайман. Улар Украина Коммунистик партияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шербицкий Ўзбекистон компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Рашидов билан адоватда бўлган, деган назарияни умумлаштирдилар. Аммо уларнинг фуқаролик самолётларини уриб туширишдан бошқа ишлари йўқми?..

---------------------------------------------------------------------------------------

Дафн маросими самолёт ҳалок бўлганидан бир ҳафта ўтгач — 18 август куни бўлиб ўтди. 17 тобутни ортган 17 та юк машинаси. Эрталаб соат 6 да аэропортда мотам митинги бўлиб ўтди, кейин бу шаҳар бўйлаб кузатилди ва ўша пайтда 200 минг киши йўллар бўйида туришди. Ҳамма йиғларди.

Агар расмий маълумот бўлмаган бўлса, дафн маросимини қандай билишган? Ўшанда одамлар орасида янгилик тез тарқаларди. Ундан олдин ҳафта давомида стадионга 50-60 минг киши йиғилиб, бир-биридан сўрашарди — қачон олиб келишади? 

Йигитлардан беш нафари Тошкентда, ёдгорлик ўрнатилган Боткин қабристонига дафн этилган. Самарқандга Бозоров, Навоийга Эшбўтаев, Бухорога Собировни дафн қилиш учун бордим. Албатта, можаролар бўлган. Тобутни очишни илтимос қилишган. Рухсат берилмаган, албатта — аскарлар қўриқлашган. Икки самолёт тўқнашиб, шундай баландликдан қулагандан кейин тобутда нимани кўрасиз?

18 ёшли Бозоров бу рейсда умуман учмаслиги керак эди, у дублда ўйнарди. Аммо туғилган кунини нишонлаётган отаси раҳбариятдан ўғли Минскка эртаси куни учиб кетишини сўраган. Рухсат берилган...

---------------------------------------------------------------------------------------

Соғайиб кетганимдан кейин ўша мавсум охирида ўйнашим мумкин эди. Амалдорлар ва Базилевич фаолиятимни давом эттиришимни сўрашди – аммо мен рад этдим. Психологик жиҳатдан буни қилиш аллақачон имконсиз эди. Қароргоҳга келсангиз, сиз билан шунча вақт бирга ўйнаган йигитлардан ҳеч бири бўлмаса, қандай бўлади?! 

Мен ухлай олмасдим, йигитлар доим тушимга кириб чиқишарди. Кейин мен бошқа ўйнашни хоҳламадим ва футболни ташладим. Ҳалигача учишдан қўрқаман, камдан кам ҳолларда самолётга чиқаман. Ҳатто БМТнинг Наврўз байрамини нишонлаш таклифини ҳам рад қилганман.

Аммо мураббий бўлиб қолдим. Чунки ишлаб, оилани боқиш лозим эди. Олти ой ўтиб, Базилевич кетгач, мени Олий мураббийлар мактабига ўқишга юборишди. 1980 йилда Москвага ўқишга кирдим ва икки йил таҳсил олдим. Бу ҳақиқий таълим эди, ҳозиргидек икки ойда тугатилмасди!

СССР футбол федерацияси “Пахтакор”га юқори лигадан қуйи лигага тушиб кетмаслиги учун 3 йиллик кафолат берди. Биринчи ва Иккинчи лигада ўйнашни бошлаши мумкин бўлган сифатли маҳаллий футболчиларимиз етарли эканлигини айтдим. Аммо раҳбарият бошқача қарор қабул қилди – бошқа клублардан тажрибали футболчиларни йиғиш. Ўшанда ҳар бир жамоадан ўйинчи бериш сўралган.

Ҳар қандай келган одам бирон бир сабабга кўра ўйнайди. Кўплари шарт қўйишган: "агар менга машина берсангиз, келаман", деб. 

Ҳеч қандай шикоят йўқ – ҳар кимнинг ўз ҳаёти бор. Аммо шундай дақиқада келсангиз, чин юракдан ўйнашингиз керак! Базага келсам, одамлар мендан "Қандайсиз?" деб сўрашарди, кўпчиликни шахсан танимасдим.

Аммо келганлардан кўпчилиги ёрдам бериш учун қўлидан келганча ҳаракат қилишди. Дениснинг амакиси Валерий Глушаков шулар қаторида. Кейинчалик мураббий Иштван Секеч билан Андрей Якубик келди. У Москванинг "Динамо"сида ўйнаб кета олмаган, аммо "Пахтакор"да жуда зўр эди. 1982 йилда у ҳатто СССР чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлди. Ва қайтиб кетганида, у ерда яна ҳеч нарса қила олмади. Бу ерда бутун жамоа унга ишониб ўйнарди.

---------------------------------------------------------------------------------------

"Пахтакор-79" хотираси Ўзбекистонда керакли даражада сақланган. Бу муқаддас! Ҳар йили август ойида хотира тадбирлари ўтказилади. Биз, албатта, халқаро – болалар, фахрийлар турнирларини ўтказамиз. СССР терма жамоаси баъзида "Пахтакор" фахрийлари билан ўйнашга келади. Мен Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси сифатида ҳамма нарса муносиб бўлиши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан.

Сиз кўрган ёдгорлик – учинчи кўриниш. Биринчисини Ўзбекистон СССР ҳукумати ўша пайтда, яъни 79-йилларда барпо қилган бўлса, яна икки марта янгиланиб, юбилейлар муносабати билан қайта ишланган. Геннадий Красницкий (ўзбек футболининг афсонаси, 1960-йилларда "Пахтакор" ва СССР терма жамоаси ҳужумчиси) қабри Боткин қабристонининг марказий хиёбонидаги кўзга кўринган жойга кўчирилган.

Авиаҳалокатда вафот этган иккинчи мураббий Идгай Тазетдиновнинг беваси Алла Тазетдиновага тасанно. Алла Сергеевна фожиадан кейин бутун ҳаётини "Пахтакор-79" хотирасини абадийлаштиришга бағишлади. У барча бевалар билан дўст эди, барча хотира тадбирларини ўтказар, фильм ва китоблар чиқарилишига ёрдамини аямасди. У ўтган йили вафот этди ва эрининг ёнига дафн этиш ҳақида васият қолдириб кетди. 41 йилдан кейин. Унинг саъй-ҳаракатлари туфайли ҳалокат жойида, Украинанинг Куриловкасида ёдгорлик ўрнатилганди.

Фожиага сабабчи бўлган авиадиспетчерлардан бири Жуковский лагерда ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. У қамалиб чиқди ва тақдир тақозоси билан ҳаётдан кўз юмди.

Энди мен сиз билан озми-кўпми хотиржам гапиряпман, чунки орадан қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтди – кўзёшлар ҳам қолмади. Тасаввур қилинг, ўша пайтда қандай аҳволда бўлганман!  Мен икки марта ўз жонимга қасд қилишга уринганман, чунки ҳар куни тушимга йигитлар кириб чиқишарди, улар билан бирга бўлишни хоҳлардим.

Ўзимни осиб қўйишимга сал қолди ва отам вазият ёмонлигимни англаб, тўрт девор ичида ўтирмаслигим учун мени уйдан ҳайдаб юборди. Мен одамлар доимо мен билан мулоқот қиладиган бошқа жойга бордим. Отам эса менинг аҳволимни кўриб: "Футболни ташла, сен аллақачон ўйнаганингни ўйнаб бўлибсан", деганди. Яна беш йил ўйнашга кўзим етса-да, бутсаларимни михга илдим.

"Ўзбекистонлик бир йигит ҳалокат рўй берган жойга велосипедда борган. У Украинадан тупроқ олиб келиб, отамнинг қабрига сепган". "Пахтакор" сардори, СССР терма жамоаси футболчиси Михаил Аннинг ўғли монологи

"Отам аслида жароҳат туфайли Минскка учмаслиги керак эди, аммо у "Пахтакор"ни кузатиб боришни истаган", – дейди футбол мураббийи Дмитрий Ан. 

Жамоа оддий режалаштирилган самолётда учган, унга маълум миқдордаги ўриндиқлар захира сифатида ажратилган ва улардан биттаси бўш бўлган. Биринчидан, бош мураббий Олег Базилевич оиласини кўриш учун эрта учиб кетган. Иккинчидан, бошқа бир футболчи ҳам уча олмаган.

У нима учун жамоа билан бирга учишга қарор қилгани ҳозиргача номаълум. Ахир, у ҳам, онам ҳам самолётда учишдан қўрқишар, ўзларини ноқулай ҳис қилишарди. Ваҳима бўлмаган, бироқ қўрқув бўлган... Эҳтимол, у фақат йигитларни қўллаб-қувватлашга қарор қилгандир, чунки сардор эди. Ўша "Пахтакор" ҳақиқий жамоа эди – бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун.

Жамоа ўзининг энг юқори чўққисида эди. Менимча, кетма-кет 3 та ўйинда ғалаба қозонган (4 та – таҳр.). У ўйнамаса-да, жамоавий руҳни сақлаб қолишни хоҳлаган. Аниқ биламанки, жамоадагилар жуда яхши муносабатларга эга, аҳил бўлган. Ҳамма оилавий борди-келди қилган. Мен дарвозабон Сергей Покатиловнинг синглиси билан ҳамон алоқадаман.

Даҳшатли хабар пайтида онам ва мен Сочида дам олаётгандик. Унинг йиғлаганини яхши эслайман. У қўлимдан ушлаб туриб, югурди... Ҳамма нарсани эслай олмайман, лекин у югуриб кетгани ва мени судраб олиб кетгани хотирамда қолган. Болада стресс бўлса, у бундай дақиқаларни эслаб қолади. Биз зудлик билан меҳмонхонани тарк этиб, учиб кетгандик.

Ҳамма отам жуда яхши инсон бўлганини айтади. Мендан ёши каттароқ дўстим бор, у ҳам спорт мактаб-интернатида футбол бўлимида ўқиган. Холаси қизиқ воқеани айтиб берганди. У Ўзбекистон ССР велосипед спорти федерациясида ишлаган. Улар қайсидир шаҳарда бўлиб турганда, тасодифан "Пахтакор" ҳам шу ерга келган. Ва шундай бўлганки, велоспорт делегациясига қайтиш рейси учун иккита чипта чиқмаган.

Шундай қилиб, ёшлар терма жамоалари орасида Европа чемпиони бўлган отам ва Владимир Фёдоров уларга чипталарини бериб, меҳмонхонага йўл олишган ва Тошкентга эртаси куни қайтишган. Ваҳоланки, улар ўша пайтда жамоа етакчилари бўлишган, уларни бутун Ўзбекистон таниган. Аммо улар керилишмаган ва олижаноблик қилишган! У ва Фёдоров бир-бирини нафақат майдонда, балки ҳаётда ҳам сўзсиз тушунган. 

Яқинда менга кореялик учувчи қўнғироқ қилиб, бир пайтлар отамдан эсдалик сифатида олган гувоҳнома ҳали ҳам борлигини айтди. Кўп йиллар ўтгач, у менга уни қайтариб берди.

Бувам Свердлов номидаги колхозда ишлаган, отамнинг болалик пайтида вафот этган. Хонадон рўзғорини бувим тебратган. Тақдирни қарангки, отам деярли отасини эслолмайди, менда ҳам худди шундай бўлди.

Отам колхоз бўлимида футбол ўйнаган, қаергадир мусобақага борган – ва уни ўша ерда пайқашган. Унинг Дмитрий исмли акаси ҳам бор эди, исмим унинг шарафига қўйилган. Амаким, афсуски, анча олдин вафот этган. У киши ҳужумда тўп тепган, боши билан яхши ўйнаган. У кўп вақт бўлмаса-да, "Пахтакор"нинг асосий ўйинчиси бўлган. Фаолиятини тугатгач, колхоз бригадаси бошлиғи, меҳмонхона директори бўлиб ишлаган.

Унинг айтишича, отам болалигида мактаб-интернатдан бир неча марта қочиб кетган. Мураббийлар уни астойдил ишлашга мажбур қилишган. Сиз хоҳлайсизми-хоҳламайсизми, катта авлодни ҳурмат қилишингиз ва бор кучингизни юз фоиз сарфлашингиз керак. Улар отамга ҳеч қачон бепарво ўйнамасликни, бор кучини бериб ҳаракатланишни уқтиришган.

У билан бирга ўйнаган катта авлод вакилларининг айтишича, танаффус вақтида ечиниш хонасида у: "Бошқа чидолмайман, кучим қолмади", деб айтган. Жисмоний жиҳатдан энг кучли ва бардошли эмасди. Аммо у иккинчи таймда "қўлимдан келмайди" деб майдонга тушиб, биринчисидан яхшироқ ўйнаган.

Амаким отам каби истеъдодга эга эмасди. Яқинда Қурбон Бердиев билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим. У кишининг айтишича, отамнинг туғма истеъдоди бўлган – тўпни қабул қилишдан олдин кейин нима қилишини аниқ билган. Шунинг учун ҳам у ярим ҳимоячига айланган.

Бердиев СССР халқларининг ёшлар Спартакиадасида отам билан учрашган. Улар бир-бирига қарши рўбарў келган, отам бир-икки ўйинчини алдаб, гол урган. Бердиев бу қандай содир бўлганини ҳам тушунмаганини таъкидлади. Иккинчи голни урганида уч кишини алдаб ўтган экан. Кейин улар бир-бирларини яқинроқдан таниб, турли турнирларда бирга қатнашишган. Қурбон Бекиевич унинг 50-60 метрга узатган узатмаларини мақтади, унинг сўзларига кўра, отам шундай траекторияни олганки, ҳимоячи реакция қилишга ҳам улгурмаган.

Ўзим отамнинг фақат битта ўйинини тўлиқ кўрганман – 1976 йилда Францияга қарши кечган ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати ғалабали финалини. Эсимда қолгани, у икки оёғи билан турли қанотлардан бурчак тўпларини амалга оширарди – ва уларнинг ҳаммаси ўзи хоҳлаган жойга учиб борарди. Ҳозир икки оёғида бир хил ўйнай оладиган футболчилар йўқ.

---------------------------------------------------------------------------------------

1975 йили Валерий Лобановский бошчилигидаги Киевнинг "Динамо"си Кубок эгалари кубоги ва Европа Суперкубогини қўлга киритганида "Пахтакор" уларни ўз майдонида – 5:0 ҳисобида мағлуб этган, отам 2 та тўп киритган. Бу ўйинни кўришни жуда хоҳлардим! Ҳамма жойни қидириб чиқдик, лекин афсуски, топилмади. Иккинчи мураббий Идгай Тазетдиновнинг беваси, "Пахтакор-79"нинг бош тарихчиси Алла Тазетдинова мавжуд бўлган барча архивларни кўтариб чиққан – афсуски, лавҳаларни ҳеч ким сақлаб қолмаган. Умуман олганда, ўша "Пахтакор"нинг бирорта ҳам ўйини сақланмаган. Бўлса ҳам фақат Москванинг бирон бир жойида бўлса керак...

Онамнинг айтишича, отам "Спартак"дан таклиф олган, лекин кетмаган. Унинг катта оиласи бор эди – онаси, акаси, укаси ва учта опаси. Уларни ташлаб кетишни истамасди, ўзининг ватани Ўзбекистонни жуда севарди. Билишимча, тарихий ватани Кореяга кетиш ҳақида ҳеч қачон ўйламаган. Отам ватанпарварлик руҳида тарбияланган. У қаерда ўсган бўлса, унинг ватани ҳам ўша ерда. Бироқ отам корейсчани тушунарди. Онам ҳам гаплашишни биларди. Афсуски, мен корейсчани билмайман.

Аммо 2015 йилда Кореяда бўлиб ўтган Осиё футбол фестивалига ўз жамоамни олиб боргандим – улар бу ким, қаердан, деб сўрашган. Болалар отам ҳақида ҳеч нарса билишмасди, бироқ маҳаллий бир отахон келиб, "Пахтакор" тарихини билишини, таржимон орқали отам – Михаил Ан ҳақида сўраганди. Бу ёқимли бўлган.

1976 йилда отам ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиққан, 1978 йилда Иттифоқнинг биринчи терма жамоасида дебют қилган – уни Никита Симонян таклиф қилган. Менимча, улар Евгений Ловчев билан ўша ерда дўстлашишган, у сардор эди. Менда уларнинг СССР ёзуви туширилган либосларда майдонда ёнма-ён турган сурати бор.

---------------------------------------------------------------------------------------

Отам вафот этганида 5 ёшда эдим. Жуда кичкина бўлганим учун кам воқеалар эсимга келади. Онам билан Тошкент аэропортида отамнинг жамоасини кутиб олганимизни эслайман. У АҚШ гастролидан келган ва отам ўша пайтдаги Давлат котиби Генри Киссинжер унга "ўйиннинг энг яхши футболчиси" сифатида тақдим этган кубокни олиб келган эди. У ҳали ҳам уйимизда сақланади.

У саёҳатлардан ўйинчоқ олиб келган бир-икки лаҳзаларини ҳам эслайман. Онам Москвада ўқирди, мен бувим билан ўсдим. Ўйинчоқ қуролим бор эди, шу ёдимда. Қолганини қариндошлар ва дўстларининг ҳикояларидан биламан. Икки амакиваччам (бири отам вафот этганида 12 ёшда, иккинчиси 11 ёшда бўлган) уни яхши эслашади. Улар отамга жуда яқин эканликларини айтишган. Отам ҳар бир болага эътибор берар, ҳеч кимни унутмасди.

Синглим отамни ҳеч қачон кўрмаган. У 79-йилнинг ноябрида туғилган, ҳалокат эса август ойида содир бўлган. Шунга қарамай, у уни жуда яхши кўради. Ўшанда онам 23 ёшда эди ва қайнсинглиси ҳатто уни аборт қилишга қўндиришга уринган. Аммо у отамни шунчалик яхши кўрар эдики, у нафақат фарзандни дунёга келтирди, балки ҳеч қачон бошқа кишига турмушга чиқмади. Синглимнинг аҳволи яхши, уч фарзанди бор. Ака сифатида бу мен учун муҳим. Онам, синглим ва менда ҳар биримизда биттадан отамнинг фотосурати бор.

"Пахтакор" ёшлар спорт мактабида "Спартак" бўлажак футболчиси Валерий Кечинов билан бир синфда ўқиганман. У билан ўша пайтлардаги ўйин сурати ҳам бор. Биз мулоқот қилиб турамиз, охирги марта бу ерда бўлганида кўришгандик. Албатта, у бошқалардан ажралиб турарди. Уни майдонда кўрган ҳар бир киши устаси фаранг ўсаётганини тушунарди. Яна бир синфдошим Николай Ширшов "Ростов"да беш йил тўп тепди. Яқинда вафот этди...

Футбол бобида маҳоратли эдим – кўпчилик айтганидек, аридан апельсин туғилмайди. Аммо иқтидорни ривожлантириш керак эди, бу содир бўлмади. Афсуски, узоқ вақт ўйнамадим. СССР чемпионатининг Иккинчи лигасида жуда юқори даражадаги турнирда бир мавсумни "Свердловец" жамоасида ўтказдим. Бу СССР парчаланишидан олдинги охирги мавсум эди.

Кейин эса икки йилни Ўзбекистон чемпионати Олий лигаси вакили "Умид" клуби шарафини ҳимоя қилдим. Аммо тиззамда доимий оғриқ ҳис қилаверганим боис юз фоиз боримни беролмадим. Ҳозирги пайтда "Пахтакор" академиясида болаларга сабоқ беряпман. Қанчалик иқтидорли бўлманг, бор кучингизни бермасангиз, натижа кузатилмайди. Узоғи ўртача ўйинчи бўласиз. Юқори савияда ўйнай олмаслигимни тезда англаб етдим ва Ўзбекистондаги биринчи мураббийлик курсларига қатнай бошладим.

Ўғлим яқинда 21 ёшга тўлади. У Титов номидаги спорт мактаб-интернатини битирди. Отам ҳам, мен ҳам ўша ернинг битирувчиларимиз. Лекин у эшкак эшувчи, байдарка бўйича Ўзбекистон чемпиони. У кириши мумкин бўлган учта университет бор эди. Димпломатияга кира олмади, аммо Молия институтига кирди. Биринчи курсдан сўнг уни Италияга жўнатишди. У ер унга жуда ёқмоқда. Унинг биринчи кўргани – у ерда байдаркада сузувчилар талай эканлиги.

---------------------------------------------------------------------------------------

Яқинда Олмаотадан учиб келдим, у ерда Қурбон Бердиев билан учрашдим. Ҳозир мен Про тоифаси учун ўқияпман, унинг олдига амалиёт ўташ учун бордим. У билан бир неча дақиқа суҳбатлашишнинг ўзи мен учун бахт деб ўйлагандим, лекин у мени кутиб олди! Олмаоталик болалар мураббийлари мени танишади, чунки у ерга шогирдларимни кўп олиб борганман. Бекиевич аввалига мени Михаил Аннинг фамилиядоши деб ўйлади, унинг ўғли эканлигимни билгач, мени қучоқлади. Рўпарасига ўтирдим – чой ичиб, тўрт ярим соат суҳбатлашдик.

У билан мулоқот қилишдан катта завқ олдим, мен учун бу вақт бир дақиқада ўтиб кетгандай туюлди. Унинг ўзи ҳам яқинда европалик катта мураббийлар олдига амалиётга боргани ажойиб сабоқ бўлди. Бундай катта тажрибага эга, супер мураббий, лекин барибир ўрганаётган, ривожланаётган одам! Мен уни ҳаяжон билан тингладим, ҳеч нарсани ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилдим, саккиз бет нарса ёзиб олдим...

Бердиев отам билан тенгдош, 1952 йилда туғилган. У менга турли хил воқеаларни айтиб берди. Маълум бўлишича, у ўша мавсум олдидан “Пахтакор”га ўтиши лозим бўлган. Лекин айтишича, Аллоҳ уни қутқарган. У кетиш ҳақида ариза ёзганига қарамасдан, уни Ашхободдан қўйиб юборишмаган. Охир-оқибат, у кетган, фақат Ростов СКАга.

Михаил Аннинг ўғли эканлигим менга ҳаётда ёрдам бердими ёки тўсқинлик қилдими? Кўпроқ ёрдам берди. Мен ҳар доим, ҳар қандай вазиятда ҳам одам бўлиб қолишга ҳаракат қилганман. Барибир улар гапиришади, солиштиришади. Чапга бир қадам ташласанг ҳам, ўнгга қадам ташласанг ҳам "Отаси бундай қилмаган бўларди", дея гапира бошлашади. Бундай из қолдириш нотўғри бўларди, чунки отамдан ҳар бир инсонда фақат яхши хотиралар қолган. Инсонлар мен билан учрашганларида отам ҳақида яхши ҳикоялар айтиб беришади. Гарчи мен унинг ўғлиман деб реклама қилишни ёқтирмайман. Ноқулай.

Ҳар йили 11 август куни албатта "Пахтакор-79"ни ёдга оламиз. Мен "Пахтакор" академияси тизимида ишлайман. Клуб ҳамиша бу санага масъулият билан ёндашади. Клубнинг ҳозирги ўйинчилари келади, раҳбарият, ходимлар – бухгалтерия бўлимигача. Дастлаб улар "Пахтакор" стадионидаги ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйишади, сўнгра Боткин қабристонига, жамоа ёдгорлиги пойига борадилар. Клуб раҳбари ким бўлишидан қатъи назар, бу кун доимо ҳурмат билан ёдга олинади.

Футболчиларнинг қабри турли қабристонларда жойлашган. Ўзбекистондаги корейс диаспораси Тошкент яқинидаги Ўртачирчиқ туманида ўз марказига эга. У ерда, Свердлов колхозида отам туғилиб, болалигини ўтказган ва ўша ерда дафн этилган. Пойтахтдан йигирма километр узоқликда жойлашган. Мен бир йилда икки марта қабрга бораман. Аммо ўлим куни эмас, бизни шунга ўргатишган. 

Ҳеч қачон иккита самолёт тўқнашган Украинанинг Куриловка қишлоғида бўлмаганман. Аммо у ердан бир одам келди, менда унинг маълумотлари бор. Улар ўша ерда "Пахтакор"га ҳайкал қўйишди, бу инсонлар ҳурматга сазовор. Айтишларича, авиаҳалокат даҳшатли бўлган, ерга улкан парчалар ёғилган.

Ўзбекистонлик мухлисларимиздан бири эса Куриловкага велосипедда йўл олган. У ердан тупроқ олиб келиб, отамнинг қабрига қуйган. У ўлган футболчиларнинг ҳар бир оила аъзосига бир ҳовучдан тупроқ тақсимлаб берган. У ерга фақат шу мақсадда борган...

Шерзод Нурматов тайёрлади

Рейтинг: +20   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика