RU

Последние новости

07:34Суперлига. Бугун мавсумнинг сўнгги тур учрашувлари бўлиб ўтади  2 02:37Франция. "Ланс" сафарда "Реймс"ни мағлуб қилди, Ҳусанов тўлиқ ўйнади  14 02:02Туркия чемпионати. "Сивасспор" мағлуб бўлди, Турғунбоев захирадан майдонга тушди  1 01:11Ханс-Дитер Флик "Барселона"нинг 125 йиллик юбилейи ҳақида: "Клубдан-да юқорироқ"  2 00:33Расман: Руд ван Нистелрой - "Лестер" бош мураббийи!  1 00:07"Ланс" арманистонлик ҳимоячини трансфер қилмоқчи  4 23:51Франция. "Реймс" - "Ланс". Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда!  5 23:08Йилнинг энг яхшиларини ким аниқлайди?  3 22:47Пеп Гвардиола: "Тезда қайтамиз, кўнглим сезяпти"  8 22:22Де Брюйне ёзда "Сити"дан кетади, унга бир талай харидорлар бор  4 21:44Саудия Арабистони. "Ал Насср"дан ишончли ғалаба, Роналдудан дубль!  50 21:13Туркия. Турғунбоев "Антальяспор" - "Сивасспор" баҳсини захирада бошлайди  0 20:47Ортиқхўжаев истаган "Пахтакор" шуми?  15 20:21"Энг зўр-2024". Йилнинг энг яхши футболчиси ким бўлади?  46 20:11"Энг зўр-2024". Йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун номзодлар маълум қилинди  8

Суперлига. "Пеле"нинг "Марадона" услубидаги голи, дебютант ҳакам, каратеча зарба ҳамда интернетдаги машҳурлик — 2-тур нимаси билан ёдда қолди? Новости

Суперлига. "Пеле"нинг "Марадона" услубидаги голи, дебютант ҳакам, каратеча зарба ҳамда интернетдаги машҳурлик — 2-тур нимаси билан ёдда қолди?

Ўзбекистон Суперлигасининг 2-тури якунига етди.

"Металлург" — "Сўғдиёна" 0:0

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

Ҳисобга олинмаган гол

Ўйиннинг 44-дақиқасида "Сўғдиёна" футболчиси Олег Зотеевнинг узатмасидан сўнг Люпчо Дориев дарвозани ишғол қилди, аммо бош ҳакам ва VAR тўп меҳмонлар ҳужумчисининг қўлига текканини билдирди.

- Ёқимсиз жароҳат

Беллашув якунида "Металлург" футболчиси Ризо Яздандўст рақиб ўйинчиси билан тўқнашиб кетиб, жароҳат олди ва уни замбилда майдондан олиб чиқишди.

- Қаҳрамон Митрович

Иккинчи бўлимга қўшиқ берилган дақиқаларнинг еттинчисида мезбонлар томонидан етказиб берилган бурчак тўпидан сўнг "Металлург" ҳимоячиси Даврон Эргашев бош билан хавфли харба йўллади. "Сўғдиёна" дарвозабони Милан Митрович юқорига сакраганча қийинчилик билан тўпни қайтарди.

- Қизишманг, жаноб мураббий

Илк турда жамоа мухлисларига норозилигини билдирган "Сўғдиёна" бош мураббийи бу сафар эътироз марказини ҳакамга қаратди, аммо ўйин расмийси мутахассисни чўнтагидаги карточкаси билан жиловлади.


Учрашувнинг энг яхши футболчиси

Шоҳруҳ Абдураҳмонов ("Сўғдиёна")

Мураббийлар фикри

Веско Стешевич ("Металлург" бош мураббийи):

"Биз биринчи бўлимда ёмон ўйнадик. Майдон марказида кўп марта тўп йўқотдик. Ўйин унчалик ўхшамади. Биринчи бўлимдаги жамоамизни танимадим. Биз кўпроғига лойиқлигимизни биламан. Иккинчи таймда бироз ўйинни ўзгартирдик ва "Сўғдиёна" билан тенг ўйин кўрсатдик".

Иван Бошкович ("Сўғдиёна" бош мураббийи):

"Қизиқарли ўйин бўлди. Кўплаб вазиятлар гувоҳига айландик. Режамиз очко олиш эди. Албатта, ғалаба учун ҳаракат қилдик ва ижобий натижа кутгандик. Рақиб биз ўйлаганларимизни амалга оширишимизга йўл қўймади. Маълум вазиятларимиздан унумли фойдалана олмадик. Натижа адолатли бўлди дейиш мумкин. Муҳими, иккинчи турда ҳам гол ўтказиб юбормадик. Ҳимояни кучайтиргандик, бу чизиқ вакилларидан розиман. Умид қиламанки, бундан кейин ҳам гол ўтказмаймиз".

Қизиқарли фактлар

- "Сўғдиёна" кетма-кет тўртинчи ўйинда "Металлург"ни мағлуб эта олмади.

- "Металлург" Суперлигада кетма-кет учинчи ўйинда мағлубиятга учрамади. Жамоа охирги марта ўтган йилнинг ноябрида "Бунёдкор"га ютқазганди.

- Ўтган мавсум ҳам иккала жамоа чемпионатнинг дастлабки икки турида ғалаба қозона олмаган.

- "Металлург" Суперлигада охирги 5 та ўйинда гол ўтказиб келаётганди, ушбу серияга барҳам берилди.

"Пахтакор" — "Насаф" 0:0

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Марказий учрашувга кутилганидан кам мухлис ташриф буюрди

Нафақат турнинг, балки йилнинг марказий учрашувларидан бири сифатида эътироф этилган "Пахтакор" — "Насаф" тўқнашувига атиги 3220 киши ташриф буюрган. Хабарларга кўра, мазкур ўйинга бор йўғи 3700 дона чипта сотишга рухсат берилган ва уларнинг бари сотилган. 600 таси эса фан клубга текинга берилган. Қолаверса, муҳим беллашув муҳим кун (8 март)га белгиланганди.

- "Пахтакор"дан кутилганидан юқори ўйин ва уддабурон Черан

- Учрашувдан илгари таркиб жиҳатдан қашқадарёликлар имконияти юқорироқ баҳоланганди. Бироқ беллашув давомида мезбонлар тўп назоратида ҳам, хавфли вазиятлар яратиш борасида ҳам рақибидан илдамроқ бўлишди. Черан эса қирқинчи баҳори яқинлашаётганига қарамасдан, ҳамон формада яхши даражада эканлигини намоён этди ва вазиятлар юзага келтиришда устамонлик қилди, аммо ўйин сўнгида бироз чаққонлик етишмади.

- Н(ойер)еъматов

"Пахтакор"ни уч очкосиз қолдиришда "Насаф" дарвозабони Абдувоҳид Неъматовнинг ҳиссаси юқори бўлди. Айнан унинг ажойиб сейвлари эвазига рақиб футболчилари бир неча бор бошини чангаллашга мажбур бўлди.

- "Пеле"нинг "Марадона" услубида урган голи

Учрашувнинг 66-дақиқасида "Насаф"нинг захирадан майдонга тушган ҳужумчиси Бобир Абдухолиқов ўнг қанотда Жигаурининг узатмасини рақиб дарвозасига жойлади. Дастлаб барча буни гол деб ўйлаб, Абдихолиқовни голни нишонламаганлигига ҳайрон бўлди. Бироқ такрорий вазият "Пеле" лақабига эга меҳмонлар форвардининг "Марадона" услуби дея эътироф этиладиган қўл орқали гол ургани маълум бўлди. Буни ҳужумчининг ўзи ҳакамга айтгани таҳсинга сазовор.


Учрашувнинг энг яхши футболчиси

Абдувоҳид Неъматов ("Насаф")

Мураббийлар фикри

Максим Шацких ("Пахтакор" бош мураббийи):

"Менга бугунги учрашув ёқди. "Насаф"га қарши кечадиган учрашувлар ҳар доим қизиқарли кечади. Кўп вазиятлар яратдик, аммо рақиб ҳам кучли жамоа эди. Бугун сифатли ўйин намойиш этдик. Менимча бугун рақибдан яхшироқ ўйнадик ва устунроқ эдик. Ғалаба қозонишимиз керак эди, аммо ғалабаларимиз ҳали олдинда".

Рўзиқул Бердиев ("Насаф" бош мураббийи):

"Бугунги ўйинни эпизодларга бўлиб олсак бўлади. Умумий қилиб олганда, икки жамоа ҳам ютқазишга хоҳламади. Ҳеч ким таваккал қилиб, ҳужумга берилишни истамади. Икки жамоа ҳам вазиятлар яратди, аммо мухлислар кутган гол бўлмади. Тенг курашларга бой ўйин дейишимиз ҳам мумкин, аммо бугун "Насаф" ўйинидан кўнглим тўлмади. Бугун жамоам руҳий томондан   қандайдир босим билан ҳаракат қилгандек кўринди".

Қизиқарли фактлар

- "Пахтакор" Суперлига доирасида 3 йилдан буён "Насаф"ни мағлуб эта олмаяпти. "Шерлар" охирги маротаба 2021 йил Питер Хюистра даврида рақибидан устун келган (1:0). 

- Максим Шацких "Пахтакор" мураббийи сифатида ҳали "Насаф"дан 3 очко тортиб олишни уддасидан чиққани йўқ — 5 ўйин: 3 дуранг, 2 мағлубият. 

- "Насаф"нинг Суперлигадаги мағлубиятсиз серияси 9 ўйинга етди. Қаршиликлар охирги марта ўтган йилнинг сентябрида ўз майдонида "Бунёдкор"га ютқазиб қўйганди.

- "Пахтакор" мезбон сифатида Суперлигада кетма-кет учинчи ўйинда ғалаба қозона олмади, тошкентликлар сўнгги бор ўтган йилнинг октябрида ўз майдонида "Турон"ни мағлуб этганди.

- "Насаф" Суперлига доирасида сафардаги кетма-кет 6-ўйинда ютқазмади. Рўзиқул Бердиев шогирдлари охирги марта ўтган йилнинг августида "Турон" майдонида имкониятни бой бериб қўйганди.

"Олимпик" — "Локомотив" 0:1

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Дебютант ҳакам

Мазкур учрашувни Наврўз айёмида 24 ёшни қаршилайдиган Сардор Исматуллаев бошқариб борди. Ёш расмий вакил учун бу бош ҳакам сифатида Суперлигада дебют ўйин ҳисобланади.

- "Олимпик" тарихидаги энг ёш футболчи

"Олимпик" сафида асосий таркибда майдонга тушган Беҳруз Жуматов мезбонлар тарихидан жой олди. Ҳимоячи клуб сафида майдонга тушган энг ёш футболчи бўлди.

- Симуляция

7-дақиқада "Олимпик" ҳужумчиси Алишер Одилов рақиб посбони Суҳроб Султонов билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва уни алдаб ўтишга ҳаракат қилмоқчи бўлиб, йиқилди. Вазиятни яқин масофадан назорат қилиб турган ҳакам эса пенальти ишлашга бўлган уриниш учун мезбонлар ўйинчисини огоҳлантирди.

- Тўп ҳам думалоқ, бош ҳам..

25-дақиқада майдон марказидаги курашда "Локомотив" ярим ҳимоячиси АбубакрРизо Турдалиев рақиб ўйинчиси Фарруҳ Мухторовнинг бошини "тўп" деб тасаввур қилиб юборди. Бироқ бош ҳакам бироз аввал огоҳлантирилган меҳмонлар вакилини майдондан эрта четлатишни истамади ва оғзаки огоҳлантириш берди.

- Инобатга олинмаган гол

Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас бошидан лат еган Мухторов қасдини олди ва рақиб дарвозасини ишғол қилди, аммо у ўйиндан ташқари ҳолатда бўлгани сабабли гол инобатга олинмади.

- Пенальти

36-дақиқада "Олимпик" жарима майдонида Иззатилла Абдуллаевга нисбатан қўполлик ишлатилди. Ҳакам ВАР билан масалани ҳал қилиб, мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Дамиян Крайишник эса учрашувдаги ягона голни урди.

- Қизил карточка

57-дақиқада пенальти белгиланишига сабабчи бўлиб, огоҳлантирилган Асад Раҳимжонов рақиб футболчисини тўхтатиб қолгани учун иккинчи сариқ карточка билан жазоланиб, майдондан четлатилди. Натижада мезбонлар бир киши кам бўлиб қолди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси 

Иззатилла Абдуллаев ("Локомотив")

Мураббийлар фикри

Тимур Кападзе ("Олимпик" бош мураббийи):

"Ўйин яхши ўтди, ҳар икки жамоа ҳам ўз режаси билан тушгани кўринди. Биринчи учрашувдан кейин биз ҳам уларни ўргангандик. Ўз навбатида улар ҳам жамоамизни ўрганган бўлиши керак. Иккинчи бўлимда яхши ҳаракат қилдик, яхши имкониятларимиз бўлди. Лекин, афсуски, VAR орқали пенальти қўйилди ва гол урилди, пенальти бормиди ёки йўқ? Билмайман. Бу борада саволлар бор. Бизнинг ҳужумимизда эса пенальти берилмади, дарвозабон футболчимизга нисбатан қўполлик ишлатганди. Бу вазият ўйинни бузди деб ўйлайман. Бундай осон пеналтилар қўйилмайди". 

Александр Стоймирович ("Локомотив" катта мураббийи):

"Жорий мавсумдаги биринчи ғалаба билан табриклайман. Ўйинга тўхталадиган бўлсак, секин асталик билан ўз ўйинимизни топиб бормоқдамиз. Футболчилар ҳам ўйин услубига кўникиб боришмоқда. Жамоа сардорисиз ўйнамоқдамиз ва Турсуновсиз ўйнаш осон эмас. "Пахтакор"га қарши кечадиган кейинги учрашувда Санжар қайтади. "Олимпик" жамоасига юқори баҳо берган бўлардим".

Қизиқарли фактлар

- Иккала жамоа ҳозирга қадар уч маротаба тўқнаш келган ("Локомотив" 2 ғалаба, "Олимпик" 1 ғалаба). Қизиқ томони, иккала жамоа ҳам ўз майдонида ғалаба қозонмаган.

- "Локомотив" 2018 йилдан бери Суперлигада энг яхши стартини амалга оширди.

- "Олимпик" футболчилари Суперлигадаги кетма-кет иккинчи ўйинда майдондан четлатилмоқда. "Насаф"га қарши илк турда Акбар Абдурасулов майдонни эрта тарк этганди.

- "Локомотив" га тегишли бўлган Тимур Мамасидиқов ижара асосида "Олимпик" сафида тўп тепмоқда ва 2-турда "Локомотив"га қарши майдонга тушди.

"Навбаҳор" — ОКМК 1:1

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Чиройли голга чиройли жавоб

Учрашувдаги иккала гол ҳам чиройли тарзда урилди. Дастлаб "Навбаҳор" ҳужумчиси Тома Табатадзе 11-дақиқада рақиб жарима майдони ичида кучли зарба билан ҳисобни очган бўлса, орадан 8 дақиқа ўтгач, Сардор Раҳмонов қанотдан оширилган тўпни бош билан рақиб дарвозаси бурчагига жойлаб қўйди.

- Илёсовнинг мароҳати

Ўйин давомида ОКМК дарвозабони Жавоҳир Илёсов ўз сейвлари ва рақибнинг узоқдан йўллаган зарбаларини тўсиб қолгани билан жамоасига қимматли очко тақдим этишда ҳисса қўшди.

- Инобатга олинмаган гол

63-дақиқада мезбонларнинг бурчак зарбасини рақиб футболчилари қайтарди. Жарима майдонидан қайтган тўпни "Навбаҳор" ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков тўхтатмасдан дарвоза томон аниқ йўллади. Бироқ ВАР ишга тушди ҳамда такроран кўрган Ильгиз Танташев тўп учун курашда Жокич рақиб дарвозабонига нисбатан фол ишлатган деб ҳисоблади ва гол инобатга олинмади.   


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Сардор Раҳмонов (ОКМК)

Мураббийлар фикри

Самвел Бабаян ("Навбаҳор" бош мураббийи):

"Уйда дастлабки 20-25 дақиқани фантастик даражада ўтказдик, бу вақтда 3-4та гол уришимиз керак эди. Сўнгра ғалати гол ўтказиб юбордик, дарвозамиз томонга берилган ягона аниқ зарба дарвоза тўридан жой олди. Умуман футболда бундай адолатсиз нарсалар рўй бериб туради. Албатта, бугун икки очко йўқотдик, йигитлар ғалаба қозониш учун барча ишни қилишди, аммо тўп дарвозага киришни истамади. Футболда шундай сеҳр мавжуд, бугун бу нарса рақиб томонида бўлди. Улар бунга лойиқ бўлишди дея олмайман. Аммо, тақдир экан, "Навбаҳор" шундай ғалати ва адолатсиз тарзда икки очко йўқотди. Иккинчи таймда гол уриш учун катта хоҳишимиз бор эди ва буни амалга ҳам оширдик, аммо голни бекор қилишди. Вазиятни ҳали кўриб чиқмадим. Рақиб дарвозаси олдида кўплаб вазиятлар содир этдик. Жамоага иккинчи бўлимда фақатгина гол етишмади. Узоқ вақт муҳокама қилишимиз мумкин, аммо биз 2024 йилги мавсум чемпионат ва Кубокни ютишга лойиқ бўлган "Навбаҳор"ни кўрдик. Қаердардир омад келмади, бу биз учун янада кучайишга ва фақатгина 20-25 дақиқа эмас, балки 90+ вақт давомида яхши ўйнашга белгидир. Йигитларга раҳмат, улар ҳаракат қилишди. Албатта, мухлислар бугунги ўйиндан катта умид қилишганди, аммо биз буни бироз оқламадик".

Миржалол Қосимов (ОКМК бош мураббийи):

"Доимгидек жанговар ва қизиқарли баҳс бўлди. Балки ҳаяжондандир, аммо дастлабки ўн дақиқада ўзимизга келишимиз учун вақт талаб қилинди, аммо ўйиннинг қолган қисми курашларга жуда ҳам бой ўтди. Ҳақли тарзда дуранг бўлди. "Навбаҳор" яхши таркибга эга кучли жамоа. Уларнинг мухлислари Ўзбекистонда биринчи ўринда туришади. Шунга қарамай, ушбу натижа сабаб йигитлардан қониқиш ҳосил қилдим. Сабаби жорий йилда ёшларга эътиборимизни қаратганмиз ва бунга вақт керак".

Қизиқарли фактлар

- "Навбаҳор" ОКМКга қарши ўз майдонидаги охирги 6 ўйиннинг атиги биттасида қозонди.

- Сардор Раҳмонов Суперлигадаги охирги голини 2022 йилнинг майида "Қизилқум" дарвозасига урганди.

- ОКМКнинг Суперлигадаги мағлубиятсиз серияси 9 ўйинга етди. Олмалиқликлар охирги марта ўтган йилнинг сентябрида "Металлург"га ютқазганди.

- "Навбаҳор" Суперлигада кетма-кет учинчи мавсум дастлабки икки турда ютқазмаяпти.

- "Навбаҳор" Суперлигада ўз майдонидаги сўнгги 4 ўйинда ютқазмади.

"Андижон" — "Бунёдкор" 5:1

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Айтишга ноқулай ҳисоб

"Бунёдкор" клуб европалик мураббийлар қўл остида юқорига интилиш ўрнига пастга қараб шўнғимоқда. Илк турда "Қизилқум"га мағлуб бўлган пойтахтликлар бу сафар водийга сафар қилиб, яна бир шармандали мағлубиятни қабул қилиб олди.

- Каратечи Исмоналиев, ўхшамаган исбот ҳамда интернетдаги машҳурлик

Учрашувнинг 32-дақиқасида "Бунёдкор" стандарт вазиятдан ҳисобни тенглаштирди. Ҳакам эса голни қоидаларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ВАРга қулоқ тутди. Шу лаҳзада ҳакам қаршисида "Бунёдкор" футболчиси Усмонали Исмоналиев (кейинчалик ўзи айтганидек) ҳазил тариқасида "Андижон" ярим ҳимоячиси Муҳаммадкарим Тоировга карате услубида зарба йўллади.

Буни кўриб қолган бош ҳакам Азиз Асимов спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракати учун меҳмонлар ярим ҳимоячисига қизил карточка кўрсатди. Мезбонлар ўйинчиси Фарҳод Бекмуродов эса жабрланувчининг ҳолатини бўрттириброқ кўрсатишга уриниб, шеригини туртиб йиқитди ва камида "ўрнингдан турмасдан ёт" ишорасини билдирди. 

Мазкур видео интернет тармоқларида тарқалди. Жумладан, Твиттердаги ТроллФутбол аккаунтида ҳозиргача салкам 10.5 млн марта, Out Of Context Football аккаунтида эса 1,4 млн марта кўрилган. Қолаверса, МДҲ мамлакатларидаги спорт сайтларга ҳам ушбу видео жойланди. 

ПФЛ мазкур ҳолат юзасидан Фарҳод Бекмуродовни жазолаш масаласида ЎФА қўмитасига мурожаат қилди.

Кейинчалик Усмонали Исмоналиев ва Фарҳод Бекмуродов вазиятга ўз муносабатларини билдирди. 

- "Андижон" фан-клуби

Андижонликлар мухлисликни фан даражасига олиб чиқишмоқда. "Бунёдкор"га қарши баҳсда ҳам улар12-футболчи вазифасини қойилмақом бажарди. (ВИДЕО)

- Бошнякдиньо

Ўйиннинг 81-дақиқасида рақиб футболчисининг қўпол хатосидан сўнг мезбонлар тезкор ҳужумга ўтишди. Чап қанотда тўпни қабул қилиб олган Армин Бошняк 17 яшар рақибини устамонлик билан алдаб ўтди, бироқ якуний зарбасини "Бунёдкор" дарвозабони қайтарди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Бектемир Абдуманнонов ("Андижон")

Мураббийлар фикри

Александр Хомяков ("Андижон" бош мураббийи):

"Бугунги учрашувга жамоа мухлислари ҳам жуда катта тайёргарликни амалга оширган, буни барчангиз кўрдингиз. Бугунги ғалабада мухлисларимизнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Йигитларга ўйин борасида эътирозим йўқ, бунақанги ғалабадан кейин эътироз ҳам бўлмайди. Футболчилар барча кўрсатмаларни тўғри ва аниқ бажаришди, стандарт вазиятларда ҳам яхши ишладик".

Иван Бубало ("Бунёдкор" бош мураббийи):

"1:5 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин нима ҳам дердим. Жуда ёмон ўйин кўрсатдик. Агар 10 киши бўлиб қолмаганимизда бунчалик ёмон натижа бўлмасди. Ўз хатомиз туфайли тезкор гол ўтказиб юбордик, аммо кейин бизда Йовичнинг вазияти бўлди. Ундан кейин гол ҳам урдик. Қизил карточка берилган вазиятни кўра олмадим. Четлатишдан кейин ўйин ўзгариб кетди. Бир дақиқадан кейин стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик. "Қизилқум"га ютқазганимизда мен айбдор эдим. Бугун эса фақат мен эмас, футболчилар ҳам айбдор. Стандарт вазиятларда курашмаса футболчилар ҳам мағлубиятни ўзига олиши керак. Бугун фақат 17 ёшли Азиз Тўлқинбеков ва Амир Тўрақулов характер кўрсата олишгани менга ёқди, холос".

Қизиқарли фактлар

- "Андижон" ўз тарихида илк маротаба "Бунёдкор"ни мағлубиятга учратди.

- "Бунёдкор" 2019 йилдан бери илк бор дастлабки икки ўйинда мағлубиятга учради. Ўша йили "қалдирғочлар" мавсумни кучли учликда якунлаганди.

- "Андижон" эса 2008 йилдан буён илк бор дастлабки икки турда 4 очко жамғарди. Ўшанда "бургутлар" чемпионатни 5-ўринда якунлаганди.

- Усмонали Исмоналиев ўтган мавсум 3-турда "Андижон" майдонида рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасига ҳисса қўшганди. 2021 йил эса "Андижон" сафида 3-турда "Бунёдкор" дарвозасига тўп киритган.

- Владимир Бубанья Суперлигадаги бундан олдинги сўнгги голини (4 йилу, 8 ой ва 16 кун олдин) "Сурхон" сафида айнан "Бунёдкор" дарвозасига урган.

- Армин Бошняк ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида ҳам "Бунёдкор" дарвозасига чиройли гол урганди.

"Динамо" — "Нефтчи" 0:1

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Эрта жароҳат

"Динамо" ярим ҳимоячиси Франсис Нарх учрашув бошидаёқ жароҳатга йўлиқди ва 13-дақиқа майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўрнига Артём Сокал ўйинни давом эттирди.

- Африкалик легионердан яна самарали ҳаракат

Биринчи турда дублга эришган "Нефтчи"нинг нигериялик ҳужумчиси Нсунгуси Эффионг бу сафар Аббос Ғуломовнинг голига пас берди ва жамоасининг минимал ҳисобда ғалаба қозонишига ҳисса қўшди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Аббос Ғуломов ("Нефтчи").

Мураббийлар фикри

Вадим Абрамов ("Динамо" бош мураббийи):

"Бугун дуранг бўлиши керак эди. Биз ҳам ғалабага ҳақли эмасдик, битта позицион хато туфайли гол ўтказиб юбордик. Биринчи тайм бошида Францис Нархнинг кутилмаган жароҳати ўйинимизга таъсир қилди. Афсуски мағлуб бўлдик, рақибга ҳам тан бериш керак, битта вазиятдан фойдаланиб кетди".

Виталий Левченко ("Нефтчи" бош мураббийи):

"Бугун ўйин қийин бўлишини кутгандик. "Динамо" 1-турда "Навбаҳор"га ютқазганди, рақиб агрессив ўйнайди деб ўйлагандик. Бизнинг вазифамиз эмас бу босимга дош бериш ва қарши ҳужумда гол уриш эди. Бунга эришдик ҳам. Ҳозир биз учун ўйин сифати эмас натижа муҳим".

Қизиқарли фактлар

- "Нефтчи" Суперлига доирасида сўнгги уч ўйиндан бери "Динамо"га ютқазмаяпти, самарқандликлар охирги марта 2017 йил зафар қучган.

- "Нефтчи" Суперлига доирасида "Динамо" майдонида сўнгги 6 ўйиннинг 5 тасида мағлубиятга учрамади.

- "Нефтчи" кетма-кет иккинчи мавсумнинг дастлабки икки турни ғалаба билан бошлади.

"Қизилқум" — "Сурхон" 2:1

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Тўпурарсиз меҳмонлар

Мазкур учрашувда "Сурхон" тўпурари Сильванус Нимели қайдномага ҳам киритилмади. Бош мураббий унинг жароҳати борлигини маълум қилди.

- "Ассистент" дарвозабон

Ўйиннинг 23-дақиқасида "Сурхон" ҳимоячисининг ноқулай узатмасини жамоа дарвозабони қайтариб юборишда қўпол хатога йўл қўйди ва рақиб футболчисига пас берди. Бунинг натижасида "Қизилқум" ҳисобни очишга муваффақ бўлди.

- Пенальтилар

Беллашув давомида иккала жамоа биттадан 11 метрли жарима зарбаси амалга оширди. 42-дақиқада "Сурхон" жарима майдонида Бобур Асқаровнинг қўлига тўп тегиши натижасида навоийликлар фойдасига пенальти белгиланган бўлса, 68-дақиқада Асадбек Каримовни рақиб футболчиси тўхтатиб қолишин натижасида ҳакам жарима майдони ичидаги нуқтага ишора қилди. 


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Акаки Шулая ("Қизилқум").

Мураббийлар фикри

Жамшид Саидов ("ҚИзилқум" бош мураббийи):

"Ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Кетма-кет иккинчи ўйин иккинчи таймда яхши ҳаракат қила олмаяпмиз, аммо шунга қарамай 3 очко учун йигитларга раҳмат айтмоқчиман" Мухлислик учун келган ишқибозларга миннатдорчилик билдираман".

Февзи Давлетов ("Сурхон" бош мураббийи):

"Икки хил таймлар гувоҳига айландик. Йигитларга ишонч етишмади. Иккинчи бўлимда "Қизилқум" қарши ҳужумга таяниб ўйнади. Бу вазиятдан чиқиш керак".

Қизиқарли фактлар

- "Қизилқум" кетма-кет учинчи ўйинда "Сурхон"га ютқазмади, мезбон сифатида эса тўртинчи марта;

- Ўтган йилги ярим мавсумда рақиб дарвозасига йўл топа олмаган Гиорги Куҳианидзе дастлабки икки турда иккита гол уриб, битта ассист қайд этди.

- Акаки Шулая ўтган мавсум ҳам "Сурхон" дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишига ҳисса қўшган.

- "Қизилқум" охирги марта 2022 йилги мавсумнининг дастлабки икки турини ғалаба билан бошлаган ва кетма-кет бешта ўйинда ютқазмаган.

- "Сурхон" охирги марта 2002 йилги мавсум чемпионатни икки мағлубият билан бошлаган. Термизликлар ўшанда кетма-кет олти ўйинда ғалаба қозона олмаган.

Суперлига. Дастлабки тур қандай ўтди? Статистика ва ёдда қоларли вазиятлар


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +2   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика