UZ

Сўнгги янгиликлар

02:37Франция. "Ланс" сафарда "Реймс"ни мағлуб қилди, Ҳусанов тўлиқ ўйнади  5 02:02Туркия чемпионати. "Сивасспор" мағлуб бўлди, Турғунбоев захирадан майдонга тушди  1 01:11Ханс-Дитер Флик "Барселона"нинг 125 йиллик юбилейи ҳақида: "Клубдан-да юқорироқ"  0 00:33Расман: Руд ван Нистелрой - "Лестер" бош мураббийи!  1 00:07"Ланс" арманистонлик ҳимоячини трансфер қилмоқчи  2 23:51Франция. "Реймс" - "Ланс". Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда!  5 23:08Йилнинг энг яхшиларини ким аниқлайди?  0 22:47Пеп Гвардиола: "Тезда қайтамиз, кўнглим сезяпти"  6 22:22Де Брюйне ёзда "Сити"дан кетади, унга бир талай харидорлар бор  4 21:44Саудия Арабистони. "Ал Насср"дан ишончли ғалаба, Роналдудан дубль!  45 21:13Туркия. Турғунбоев "Антальяспор" - "Сивасспор" баҳсини захирада бошлайди  0 20:47Ортиқхўжаев истаган "Пахтакор" шуми?  13 20:21"Энг зўр-2024". Йилнинг энг яхши футболчиси ким бўлади?  45 20:11"Энг зўр-2024". Йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун номзодлар маълум қилинди  8 19:57Родриго муддатидан аввал майдонга қайтади  0

Суперлига. Дастлабки тур қандай ўтди? Статистика ва ёдда қоларли вазиятлар Янгиликлар

Суперлига. Дастлабки тур қандай ўтди? Статистика ва ёдда қоларли вазиятлар

Теглар :  Суперлига-2024
Ўзбекистон Суперлигасининг янги мавсуми старт олди.

Турнир стартида қайсидир жамоалар Instagram саҳифасини авжига чиқарадиган натижа қайд этган бўлса, яна қайсидир жамоаларнинг юз қиёфаси музлатгич сингари кўриниш олди.

Дастлабки турдан сўнг қизиқарли статистикани ҳавола этамиз.


"Навбаҳор" 3:1 "Динамо"

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Меҳрибон акалардан меҳрибон укаларга мурувват

Ижтимоий тармоқларда "Навбаҳор" футболчиси Иброҳим Йўлдошевнинг совуқ об-ҳавода курткасини қаршисидаги болакай устига ёпиб қўйгани акс этган видео тарқалди. Шунингдек, Тома Табатадзе, Фарруҳ Сайфиев ва Жамшид Болтабоев ҳам шундай эзгу иш амалга оширган.

- Мавсумдаги биринчилар

Мазкур баҳс Суперлиганинг 2024 йилги мавсумидаги илк учрашув бўлди. Жумладан, илк огоҳлантириш "Навбаҳор" ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробековга кўрсатилди. Илк голни наманганликлар ярим ҳимоячиси Аброр Исмоилов урди. Илк ассист муаллифи эса Жамшид Болтабоев бўлди.

- "Динамо" фойдасига белгиланмаган пенальти

Учрашувнинг 1-бўлимига қўшиб берилган дақиқаларда “Динамо”нинг 8-рақамли футболчиси Хислат Ҳалилов мезбонлар жарима майдончаси ичида тўп учун курашиб, рақиб оёғига чалиниб йиқилган. Ушбу вазиятда бош ҳакам Наманган клуби аъзоси тўпга биринчи теккан, деб ҳисоблаб, ўйинни давом эттиришга рухсат берган. Бироқ Эксперт-ҳакамлар комиссияси бу вазиятда ҳимояланаётган футболчи эҳтиётсизлик намойиш этганини ҳисоблаб, пенальти белгиланиши тўғри қарор бўлишини қайд этишди.


Мураббийлар фикри

Самвел Бабаян ("Навбаҳор" бош мураббийи):

"Бу жамоа ўз фалсафасига кўра, совринлар қўлга киритишни, Осиё элитасида бўлишни истайди. Учрашувга келсак, ўйинни бошидан охиригача назарат қилдик. Вазиятларни якунлашдан ташқари, қолган ҳолатлардан қониқдим. Мен йигитларнинг ҳаракатларидан мамнунман. Улар "Навбаҳор"-2024 қандай эканлигини кўрсатиб қўйишга бор кучлари билан ҳаракат қилишди".

Вадим Абрамов ("Динамо" бош мураббийи):

"Ўйинни ўзингиз кўрдингиз, бунга ортиқча тўхталмоқчи эмасман. Бугунги ўйин менга ёқмади, жамоамни бугун таний олмай қолдим. Самарқанддан бизни қўллаб-қувватлаш учун келган мухлислардан узр сўрайман. Ҳар бир жамоа рақиб берган имкониятдан келиб чиқиб ўйнайди. Демак, бугун бизга рақиб ўйнашга бермади. Бу мавсумнинг биринчи ўйини, кейинги учрашувларда яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз".

Қизиқарли фактлар

- "Навбаҳор" кетма-кет бешинчи ўйинда "Динамо"ни мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқди. Бундан ташқари, ўзаро ўйиндарда самарқандликлар "Навбаҳор"ни кетма-кет саккизинчи маротаба мағлуб эта олмади. "Динамо" охирги маротаба 2015 йил "лочинлар"ни "овлашга" муваффақ бўлган.

- "Динамо" ўз тарихида ҳеч қачон Намангандан ғалаба билан қайтмаган. "Навбаҳор" ўз уйида 20-маротаба зафар қучди, яна 6 ўйинда дуранг қайд этилган.

- "Навбаҳор" кетма-кет учинчи мавсум илк турни мағлубиятсиз ўтказди. Наманган жамоаси охирги марта 2021 йил стартида Шоҳрўз Норхоновнинг голи туфайли "Сўғдиёна"га ютқазиб қўйганди.

- "Динамо" эса сўнгги маротаба 2017 йил мавсумни карнай-сурнай чалишга монанд натижа билан бошлаган. Ўшанда Даврон Каримқуловнинг автоголи ва Акмал Бозоров киритган тўп самарқандликларнинг "Металлург" майдонидаги ғалабасини таъминлаганди.

- Тома Табатадзе "Навбаҳор" таркибида Суперлигадаги илк дублини қайд этди. Грузиялик ҳужумчи ўтган мавсум чемпионатимизда икки бор дублга эришган, бироқ иккаласини ҳам "Нефтчи" таркибида ўз ҳисобида ёздириб қўйган. Наманганликлар таркибида эса Ўзбекистон кубогида "Сурхон" дарвозасини икки маротаба ишғол қилган, аммо Суперлигада бундай натижага эришмаганди.

"Насаф" — "Олимпик" 2:0

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Қорли об-ҳаво

Баҳорнинг илк куни қишнинг хайрлашидиган онларига тўғри келди. Қаршидаги беллашувда кучли қор ёғиб, футболчиларга бироз ноқулайлик туғдирди.

- Бразилиялик легионердан бразилияча ўйин

Учрашувнинг иккинчи бўлимида маййдонга тушган "Насаф"нинг бразилиялик футболчиси Виктор Да Силва чиройли хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турди. Жумладан, у жамоадоши Акмал Мозговой гол уришида заргарона узатма амалга оширди. Шунингдек, Марушичнинг голида ҳам иштирок этди.

- Мавсумдаги илк четлатиш

Айнан Да Силванинг узатмасидан сўнг Акбар Абдирасулов Марушични ўз жарима майдони атрофида тўхтатиб қолишга мажбур бўлди ва ҳакам томонидан иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлди. Бу жорий мавсумдаги илк четлатиш эди.


Мураббийлар фикри

Рўзиқул Бердиев ("Насаф" бош мураббийи):

"Ўйинни яхши бошладик. Биринчи бўлимни ўрталарига келиб ўйинимизда пасайиш бўлди. Бунга "Олимпик" жамоасининг ҳаракатлари сабаб бўлди, албатта. Чунки "Олимпи" тўп назоратига эътибор қаратди. Иккинчи бўлимда баъзи ўзгаришлар қилдик, ғалабамизга айнан шу ўзгаришлар сабаб бўлди. Бугун асосий эътиборимизни хаводан келиб чиқиб стандард вазиятларга қаратгандик. Асосийси, ғалабага эришдик".

Тимур Кападзе ("Олимпик" бош мураббийи):

""Насаф"ни ғалаба билан табриклайман. Ўйин қийин ўтди. Қорли шароит иккала жамоага ҳам ўз ўйинини кўрсатишга ҳалал берди. Жамоамиз анчадан бери ўйин ўтказмагани билиниб қолди. "Насаф" ОЧЛда иккита ўйин ўтказди ва айни пайтда формага тушиб олганлиги кўриниб турибди.

Биз сўнгги ўйинни Туркиядаги йиғинда ўтказгандик. Деярли бир ой бўлди. Келганимиздан сўнг ҳам қорли шароит тўсқинлик қилди. Қор ёғгани сабабли "Машъал"га қарши ўйинимиз 50 дақиқа бўлганди. Шу сабабли тайёргарлик жараёнида озгина қийинчиликлар бўлди. 

Бугунги об-ҳаво ҳам ўз таъсирини ўтказди деб ўйлайман. Лекин умуман олганда, яхши учрашув бўлди. Энди кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Майдондаги йигитлар бугун ҳаракат қилишди".

Қизиқарли фактлар

- "Насаф" кетма-кет учинчи маротаба "Олимпик"ни мағлубиятга учратди. Кападзе шогирдлари сўнгги бор 2022 йилнинг ноябрида устун келишганди.

- "Насаф"нинг Суперлигадаги мағлубиятсиз серияси 8 ўйинга етди. Қаршиликлар охирги марта ўтган йилнинг сентябрида ўз майдонида "Бунёдкор"га ютқазиб қўйганди.

- Акмал Мозговой "Насаф"нинг Суперлиганинг ўтган мавсумидаги сўнгги голини урганди. Жорий мавсумда эса илк голига муаллифлик қилди.

- Марушич Супрелигадаги охирги голини 2022 йил ноябрида урган. Бир йиллик танаффусдан кейин у яна Ўзбекистон чемпионатига қайтди.

"Бунёдкор" — "Қизилқум" 1:3

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Хосиятсиз хорватлар ва қойилмақом "Қизилқум"

"Бунёдкор" раҳбарияти мавсум аввалида жамоага хорватиялик мураббийлар штабини таклиф этди. Қолаверса, болқонлик бир қатор легионерлар жалб этилди. Бироқ илк турда на мураббий, на футболчилар фаворит сифатида кўрилган "Бунёдкор"га нафи тегди. Аксинча, "Қизилқум" кутилганидан юқори савияда ўйин намойиш этди.

- Навоийликларга аталган тайм

"Қизилқум" биринчи бўлимнинг ўзидаёқ рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп киритишни уддалади. Бироқ иккинчи бўлимда навоийликлар хотиржамликка берилиши оқибатида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмади.

- Вақт чўзган мураббий

Учрашувнинг 86-дақиқасида майдон ташқарисига чиққан тўпни тепиб юборган "Қизилқум" бош мураббийи Жамшид Саидов ҳакам томонидан огоҳлантирилди.


Мураббийлар фикри

Иван Бубало ("Бунёдкор" бош мураббийи):

"Биринчи навбатда, мухлислардан узр сўрамоқчиман. Биринчи бўлимда жуда ёмон ўйнадик. Дастлабки 15 дақиқада гол уролмадик, иккита зарбадан сўнг иккита гол қабул қилиб олдик. “Қизилқум”ни ютуқ билан табрикламоқчиман. Иккинчи таймда ўйинни ўзгартиришга уриндик, аммо иштиёқ у қадар сезилмади. Иккинчи таймда бир нечта вазиятларрдан унумли фойдалана олмадик".

Жамшид Саидов ("Қизилқум" бош мураббийи):

"Аввало, мавсум старти билан футбол аҳлини табриклайман. Биринчи таймда яхши ўйнадик, иккинчи таймдаги ўйинимиз эса бироз ранжитди. Ғалабадан мамнунман. Мухлисларга эса алоҳида раҳмат айтаман".

Қизиқарли фактлар

- "Қизилқум" сўнгги 5 ўйиндан буён "Бунёдкор"га ютқазмаяпти. Пойтахтликлар охирги марта 2021 йилниннг ноябрида ғалаба қозонишган.

- "Қизилқум"нинг дастлабки голига муаллифлик қилган ҳужумчи Гиорги Кухианидзе ўтган мавсум бирорта тўп кирита олмаган. Суперлигадаги сўнгги гол нишонлашини у 2021 йилнинг ноябрида "Металлург"га қарши ўйинда амалга оширган.

- Шаҳбоз Жўрабеков 1-турнинг ўзида 1+1 (гол+ассист) қайд этиб, ўтган бутун мавсумдан яхшироқ кўрсаткич (1+0)га эришди.

- Учинчи гол муаллифи Самандар Шукуриллаев охирги голини "Машъал" таркибида 2020 йилнинг августида урганди.

- Темурхўжа Абдухолиқов Ўзбекистон чемпионатида бешта турли клубда гол урди. Бунга қадар "Пахтакор", "Локомотив", "Қизилқум" ва "Навбаҳор" сафида голлар урган ҳужумчи "Бунёдкор" таркибидаги илк голини урди.

"Сўғдиёна" — "Нефтчи" 1:2

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- ТВдаги узилишлар

Ноқулай об-ҳаво шароитида "Спорт" телеканалида сигнал узатиш билан боғлиқ муаммолар юзага келгани сабабли учрашув 9-дақиқадан жонли эфирда намойиш этила бошлади.

- Африкалик истеъдод

ТВда алоқа тикланганидан 4 дақиқа ўтар-ўтмас "Нефтчи"нинг нигериялик легионери Нсунгуси Эффионг янги клуби сафидаги илк голини уришга муваффақ бўлди. 

- Югурганникимас, буюрганники

Учрашувнинг 25-дақиқасида фарғоналикларнинг яна бир легионери Кетерин Карп олисдан рақиб дарвозасини нишонга олиб кўрди. "Сўғдиёна" посбони тўпга етолмаслигини билиб, томошабин вазифасини бажараётганди. Унинг бахтига, тўп дарвоза устунига тегиб, Митровичнинг қўлларига бориб тушди.

- Шапка кийган Қувватов 

Совуқ об-ҳаво футболчиларнинг ўзини эҳтиёт қилиши кераклигини тақоо этарди. Айниқса, нисбатан кам ҳаракатланадиган дарвозабонларга қийинчилик туғдирарди. "Нефтчи" дарвозабони Санжар Қувватов эҳтиёт чораси сифатида бош кийимда ҳаракат қилди.

- Ўз мухлислари билан келишмовчиликка борган "Сўғдиёна" мураббийи

"Сўғдиёна" бош мураббийи Иван Бошкович ўйин давомида жиззахлик мухлисларнинг ҳаракатларидан норозилигини билдирди. Дориевнинг голидан кейин бу трансляция вақтида ҳам кўзга ташланди.


Мураббийлар фикри

Иван Бошкович ("Сўғдиёна" бош мураббийи): 

"Гувоҳи бўлганингиздек, қизиқарли ўйин бўлди. Албатта, ютқазиш ёқимсиз ҳолат ва биз кўпроғини кутгандик. Рақибнинг ким бўлиши фарқи йўқ, ўйинчиларимда яхшироқ ўйнаш учун куч борлигига ишончим комил.

Кўплаб вазиятлар яратдик, улардан фойдаланишда эса оқсадик. Футбол голлар учун ўйналади. 2та гол ўтказиб юбордик, уларни таҳлил қиламиз. "Нефтчи" вазиятлар яратди ва тартибли ҳаракат қилди, бизга эса омад кулиб боқмади.

Кеч гол киритдик ва рақибга яна босим ўтказиш учун вақт етмай қолди. Умуман олганда, жамоа ўйини ёмон бўлди деб айта олмайман. Индивидуал томонлама бироз заифроқ ўйнадик.

Кейинги ўйин беш кундан сўнг бўлиб ўтади. Яхши кайфиятда тайёргарликни давом эттириш керак деб ўйлайман. Бу биринчи ўйин ва атиги уч очко. Ҳозирча кимда қандай куч борлигини билиб бўлмайди".

Виталий Левченко ("Нефтчи" бош мураббийи): 

"Илк навбатда, барча мухлисларни чемпионат бошланиши билан табриклайман. Ҳаво салқин бўлса ҳам трибуналарда кўплаб мухлислар бор эди. Шундай экан, бундай ҳавода икки жамоани ҳам қўллаб-қувватлашга келганлари учун уларга катта респект! Ўйинга келсак, баҳорги баҳс бўлди, кўплаб курашлар, кўплаб тўқнашувлар, шундай экан ўйланмалар ва қандайдир комбинациялар кам бўлди. Жамоаларнинг ҳали ўйинга кириб олмаганлари тушунарли ҳолат.

Бугун биз учун асосийси уч очко олиш эди ва буни уддаладик, йигитларимни ғалаба билан табриклайман".

Қизиқарли фактлар

- "Нефтчи" сўнгги 4 ўйиндан бери "Сўғдиёна"га ютқазмаяпти. Жиззахликлар охирги марта 2022 йилнинг мартида ғалаба қозонган.

- "Сўғдиёна" "Нефтчи"га қарши ўз майдонидаги сўнгги 6 ўйинда атиги бир марта зафар қучган.

- "Сўғдиёна" Суперлиганинг охирги уч мавсумини ғалабасиз бошлаяпти, "Нефтчи" эса 2022 йилдан бери илк турда 3 очко қўлга киритмоқда.

ОКМК — "Андижон" 0:0

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Голсиз ўйин

Биринчи турдаги ягона нурсиз дуранг Олмалиқдаги учрашувда қайд этилди. Футболчиларнинг гол ура олмаслигида иккала жамоа дарвозабонларининг ҳам ҳиссаси бор.

- Бўш дарвозага киритилмаган тўп

Учрашувнинг 48-дақиқасида ОКМК ҳимоячиси Сардор Раҳмонов қўпол хатога йўл қўйиб, рақиб футболчисини жуда қулай вазиятга чиқариб юборди. Ундан тўпни олиб қўйган Абдуманнонов дарвозабонни алдади ва зарба йўллади. Аммо тўп тўсинга тегиб қайтди.


Мураббийлар фикри

Миржалол Қосимов (ОКМК бош мураббийи):

"Ўйинга келсак, курашларга бой баҳс бўлди. Албатта, ҳар бир жамоа ўз олдига ғалаба қозониш вазифасини қўйган. 

Ҳақли равишда дуранг қайд этилди деб ўйлайман. Ҳар доим бир ишни бошлаб олиш қийин кечган, кейинги ўйинларда мухлисларимизга ёқадиган чиройли ва мазмунли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Албатта, бу нарсаларга эришсак натижа ўз-ўзидан келади".

Александр Хомяков ("Андижон" бош мураббийи):

"Ўйинга тўхталадиган бўлсак, бугун ёмон ўйнамадик, аммо бироз эмоцияга берилдик. Шахсан мен ҳам айрим вазиятларда қизишиб кетдим. Стандарт вазиятларни ҳисобга олмасак рақиб дарвозаси олдида деярли вазият яратмадик. Бутун ўйин давомида гол уриш учун битта яхши имкониятга эга бўлдик. Рақибимиз эса вазиятлар ярата олди, аммо дарвозабонимиз ҳушёр эди. Ҳозир ўйин ҳақида бир нима дейиш қийин, сал вақт ўтсин ва совуқ мияга ўйинни таҳлил қилиб чиқамиз. Сафарда очко қўлга киритдик ва ишлашда давом этамиз".

Қизиқарли фактлар

- "Андижон" сўнгги бор 2011 йилги мавсумда бу рақибни мағлуб эта олган. Шундан кейин ўтган 17 та ўйиннинг ҳеч бирида "бургутлар" ОКМК устидан ғалаба қозона олишмади: 12 та мағлубият ва 5 та дуранг.

- "Андижон" ўз тарихида ҳеч қачон Олмалиқда ғалаба қозона олмаган - 4 та дуранг ва 9 та мағлубият.

- ОКМКнинг Суперлигадаги мағлубиятсиз серияси 8 ўйинга етди. Жамоа охирги марта ўтган йилнинг сентябрида "Металлург"га ютқазганди.

"Локомотив" — "Металлург" 2:2

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Тур голи урилди

Учрашувнинг 8-дақиқасида "Локомотив" ҳимоячиси Дилшод Комилов жарима зарбасини қойилмақом тарзди амалга ошириб, ҳисобни очди. Вазиятда "Металлург" дарвозабони ҳам хатоликка йўл қўйди, аммо гол барибир чиройли чиқди.

- Султонов сейвлари

"Бунёдкор"дан "Локомотив"га келиб қўшилган Суҳроб Султонов учрашув давомида бир неча бор жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди, шундай бўлса-да, ўз дарвозасидан иккита тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Бу эса унинг тур дарвозабони бўлишга тўсқинлик қилди.


Мураббийлар фикри

Александр Стоймирович ("Локомотив" мураббийи): 

"Ўйин ҳақида фикр билдириш учун бизга вақт керак. Ҳозир бир нима дейиш қийин. "Локомотив" жамоаси бугун катта лойиҳага дастлабки қадамни қўйди. Янги жамоа қуриш ва ёш футболчиларни таркибга қўшиш мақсадимиз. Бугунги учрашувга бир ой тайёрландик, аммо бор йўғи 15 дақиқа яхши ўйин намойиш этдик. Анталиядаги йиғинимизнинг сўнги ўйинларида позицион ҳужум қилишни анча яхши ўрганиб олгандик. Билмайман нега, аммо ҳисобни очганимиздан кейин ҳимояга ётиб олдик. Бунга аниқ бир сабаб йўқ, аммо шундай бўлди. Дастлабки турларда шундай қийин учрашувлар бўлади. Ўтказиб юборган голларимизнинг барчаси ўзимиз йўл қўйган индивидуал хатолар сабабли бўлди".

Веско Стешевич ("Металлург" бош мураббийи):

"Бугунги учрашув қизиқ бўлди. Афсуски, ғалабани қўлдан чиқардик. Ўйинчиларни алмаштирдик, аммо эътиборни йўқотдик ва гол ўтказиб юбордик. Ғалабани қўлдан чиқарганимиз ёқимсиз албатта, аммо чемпионатни бир очко билан бошладик. Бир очко Африкада ҳам бир очко. "Локомотив" жамоаси ҳам бугун яхши ўйин намойиш этди деб ўйлайман".

Қизиқарли фактлар

- "Металлург" охирги 4 та ўйиннинг ҳеч бирида бу жамоани мағлуб эта олмаган: 2 та дуранг, 2 та мағлубият.

- "Темирйўлчилар" ўзаро сўнгги 5 та учрашувнинг фақат биттасида ғалаба қозонган.

- Ўзаро сўнгги 8 ўйинда камида иккита гол урилмоқда.

- Мазкур баҳсда Дилшод Комилов Супрелигадаги илк голларини урди.

- "Локомотив" дарвозасини ишғол қилган Аброр Тошқўзиев чемпионатдаги бундан аввалги голини 2022 йилнинг мартида урган.

"Сурхон" — "Пахтакор" 0:3

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Қаримас Черан

Ўзбекистон чемпинатининг сўнгги йиллардаги гегемон тўпурари янги мавсумни ҳам "иштаҳа" билан бошлади. 36 ёш бўлишига қарамай, сербиялик фордард 2 гол ва 1 ассистни ўз ҳисобида ёздириб қўйди.

- Ёшарган "Пахтакор" кучсиз эмас

Гарчанд бир қанча етакчи ўйинчиларини қўйиб юбориб, таркиб ўзагини ёшартирганига қарамай, "Пахтакор" илк турда "Сурхон"га ҳеч қандай имконият қолдирмади.

- Нимелининг йиқитилиши

Учрашувнинг 42-дақиқасида рақиб посбони билан бирга-бир вазиятга чиқиб борган "Сурхон" ҳужумчиси Силванус Нимели "Пахтакор" дарвозабони Павель Павлюченко билан тўқнашиб кетди ва ҳужум тўхтади. Бироқ бош ҳакам ҳакам Абдурашид Худойберганов учрашувни давом эттиришга рухсат берди.

- Инобатга олинмаган гол

Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда "Сурхон" ҳимоячиси Суннатуллоҳ Ҳамиджонов бош билан рақиб дарвозасини ишғол қилди, аммо гол биринчи ёрдамчи ҳакам томонидан офсайд, дея қайд этилди. ВАР ҳакамлари такрорий лавҳалар орқали чизиқ тортиб, ушбу вазиятда ўйиндан ташқари ҳолат борлигини тасдиқлади.


Мураббийлар фикри

Февзи Давлетов ("Сурхон" бош мураббийи):

"Оддий вазиятларда хатоларга йўл қўйдик. Вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилаётган вақтимизда яна хато қилдик ва гол ўтказиб юбордик. Концентрацияни ушлай олмадик. Ўйиндаги дастлабки 10-15 дақиқа ҳушёр бўлишимиз керак эди. Иккинчи бўлимда ҳам худди шундай ҳолат рўй берди. Бўлим бошланишида эътиборли бўлиш жуда муҳим, биз эса яна хато қилдик ва гол ўтказиб юбордик. Концентрацияни йўқотганимиз сабаб бугун шундай натижа қайд этилди".

Максим Шацких ("Пахтакор" бош мураббийи):

"Ушбу ўйиндан аввал қилган режаларимизнинг барчаси амалга ошди. Дастлабки учрашувда ғалаба қозониш жуда ҳам муҳим эди. Бугун ишончли ғалабани қўлга киритдик. Уч кундан кейин жуда муҳим учрашувимиз бор. Кейинги баҳсга тайёргарлик кўришни бошлаймиз".

Қизиқарли фактлар

- "Сурхон" қаторисига 15-ўйинда "Пахтакор"ни мағлуби эта олмади. Термизликлар охирги марта 2003 йил ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан.

- "Сурхон" қаторасига учинчи мавсум илк ўйинда ғалаба қозона олмаяпти;

- "Пахтакор" қаторасига учинчи мавсум 1-турда камида иккита гол урмоқда.

"Нима эксанг, шуни ўрасан"

Табатадзе – энг кўп зарба берувчи, Ғиёсов – кескин вазиятлар яратувчи. Суперлига 1-турининг асосий рақамлари


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика